Среда, 04.12.2024, 13:13
Hush kelibsiz Mehmon | RSS

Anor (hikoya). Abdulla Qahhor - Giyos/FORUM

[ Yangi izohlar · Qatnashchilar · Forum qoidasi · Izlash · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Anor (hikoya). Abdulla Qahhor
GiyosДата: Среда, 09.10.2013, 10:32 | Сообщение # 1
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
Абдулла Қаҳҳор. Анор (ҳикоя)


Уйлар тўла нон, оч-наҳорим болам,
Ариқлар тўла сув, ташнаи зорим болам.
Ўтмишдан
Туробжон эшикдан ҳовлиқиб кирар экан, қалами яктагининг енги зулфинга илиниб тирсаккача йиртилди. Унинг шашти қайтди. Жўхори туяётган хотини унинг қўлидаги тугунчани кўриб, келисопни келининг устига қўя чопди. Кели лапанглаб ағанади, чала туйилган жўхори ерга тўкилди.

Туробжон тугунчани орқасига бекитиб, тегишди:
— Акажон, дегин!
— Акажон! Жо-он ака!..
— Нима берасан?
— Умримнинг ярмини бераман!..
Туробжон тугунчани берди. Хотини шу ернинг ўзида, эшик олдида ўтириб тугунчани очди-да, бирдан бўшашиб кетди ва секин бошини кўтариб эрига қаради. Ўз қилмишига гердайиб турган Туробжон унинг кўзини жиққа ёш кўриб:
— Нима эканини билдингми?—деди.— Асаларининг уяси! Турган-битгани асал! Мана, мана, сиқсанг асал оқади. Буниси оқ мум, ҳаром эмас — шимса ҳам бўлади, чайнаса ҳам бўлади.
Хотин енгини тишлаб бир нуқтага қараганича қолди.
— Ё, қудратингдан, ишонмайди-я!—деди Туробжон
келтирган матоини титкилаб. — Мана, чайнаб кўр! Кўргин, бўлмаса иннайкейин дегин...
Туробжон қизарди. У бир замон бетоб ўртоғини йўқлаб элтган тарвузини, бемаза чиққан бўлса керак, сигирнинг охурида кўриб шундай хижолат бўлган эди.
Ҳовли юзида айланиб юрган оқсоқ мушук тўкилган жўхорини искаб кўрди, маъқул бўлмади шекилли, Туробжонга қараб шикоягомуз «мяу» деди.
— Тур, жўхорингга қара! Уни кўр, мушук тегди.
Хотин тураётиб баралла йиғлаб юборди.
— Бу ер юткур қандай бало экан!.. Одамлардай
гулутага, тузга, кесакка бошқоронғи бўлсам-чи!
Туробжон дўпписини бошидан олди ва қоқмоқчи бўлганида кўзи йиртиқ енгига тушди, юраги ачиди: энди уч-тўрт сув ювилган янгигина яктак эди!
— Ахир, бошқоронғи бўл, эвида бўл-да!—деди дўпписини қоқмасдан бошига кийиб. — Анор, анор... Бир қадоқ анор фалон пул бўлса! Саҳаримардондан сув ташиб, ўтин ёриб, ўт ёқиб бир ойда оладиганим ўн саккиз танга пул. Акам бўлмаса, укам бўлмаса...
Eр-хотин тек қолишди. Хотин жўхорини туйиб бўлди, уни келидан тогорачага солаётиб тўнғиллади:
— Ҳавасга анор ейди дейсиз, шекилли...
— Биламан... Ахир, нима қилай? Хўжайинимни ўлдириб пулини олайми, ўзимни ҳиндига гаров қўяйми? Ғалатимисан ўзинг?
Хотин овқатга уннади, эрининг «бошқоронғи бўл, эвида бўл-да», дегани унга жуда алам қилди, хўрлиги келди, ўпкаси тўлди.
Овқат пишди. Қозоннинг занги чиқиб қорайган гўжага қатиқ ҳам ранг киргизолмади. Туробжон икки коса ичди, хотини эса ҳануз бир косани яримлатолмас эди. Унинг имиллашини кўриб Туробжоннинг кўзига негадир оқсоқ мушук кўринди. Мушук йиртилган енгини эсига туширди, авзойи бузилди. Унинг авзойидан «есиз жўхори, қатиқ, ўтин» деган маънони англаб хотин, кўнгли тортмаслигига қарамасдан, косани бўшатди, аммо дарҳол том орқасига ўтиб кўзлари қизарган, чакка томирлари чиққан ҳолда қайтди.
— Ҳали туғилмаган болани ер юткур дединг-а, — деди Туробжон борган сайин тутақиб.
Хотин индамай дастурхонни йиғиштириб олди, қозонга сув қуяётиб, эшитилар-ешитилмас деди:
— Ўша асалнинг пулига анор ҳам берар эди.
— Берар эди! — деди Туробжон заҳарханда қилиб. — Анор олмай асал олдим!
— Албатта берар эди! Албатта анор олмай, асал олгансиз!
Мана шундай вақтларда тил қотиб оғизда айланмай қолади, мабодо айланса, муштнинг хизматини қилади.
— Ажаб қилдим, — деди Туробжон титраб, — жигарларинг эзилиб кетсин!
Бу сўз унга қандай таъсир қилганини фақат бошқоронғи хотингина билади. Туробжон бу гапни айтди-ю, хотинининг аҳволини кўриб аччиғидан тушди, агар иззат-нафс қўйса ҳозир бориб унинг бошини силар ва: «Қўй, хафа бўлма, жаҳл устида айтдим», дер эди.
— Кишининг юрагини қон қилиб юборасан, — деди анчадан кейин. — Наинки мен асал олсам! Асал отлиққа йўқ, ҳали биз пиёда-ку! Хўжайинга бир ошнаси совға қилиб келган экан, билдирмасдан... ўзидан сўраб оз-роғини олдим... Ўзи берди. Тансиқ нарса, хурсанд бўлармикансан дебман. Ё тансиқ эмасми? Умрингда неча марта асал егансан? Ўзим умримда бир марта еганман: Шокирхўжа қандолатчи асал қиём қилдираётганда қозонига аммамнинг жўжаси тушиб кетганди, шу жўжани ялаганман...
Туробжоннинг бу сўзлари хотинининг қулоғига нотайин бир ғулдираш бўлиб кирар эди. Унинг Туробжон билан уй қилганига уч йил бўлиб келаётир, назарида, бу одам шу уч йилдан бери ғулдираб келган, ҳозиргиси шунинг давомидай эди. Иттифоқо, бу кун, нима бўлди-ю, уч сўзни равшанроқ айтди: «Жигарларинг эзилиб кетсин», деди. Оламда унинг суянгани эри, бирдан бир орзуси — анор эди, бирданига ҳар иккиси ҳам йўққа чиқди.
Хотин уйга кириб кетди. Анчадан кейин дарчадан хира шуъла тушди. Туробжон ҳам кирди. Хотин дарча ёнида, бир тиззасига бошини қўйган, қорамтир — кул-ранг осмонга қараб ўтирар эди. Туробжон тикка туриб қолди. Токчадаги бешинчи чироқ пихиллаб ёнар, унинг атрофида катта бир парвона айланар эди. Туробжон ҳам дарча ёнига ўтирди. Шифтнинг қаеридир «қирс» этди, қаердадир калтакесак чирқиллади, Туробжоннинг қулоғи жинғиллади. У ҳам осмонга — хира юлдузларга қаради. Масжиддаги кекса бақатерак орқасидан кўтарилган қизғиш ўт кўкка оловли из қолдириб жуда юқорилади ва гўё осмонга урилгандай чилпарчин бўлиб, «пўп» этди.
— Мушак, — деди Туробжон, — Муллажон қозининг боғида. Муллажон қози бешик тўйи қилган.
Хотин индамади.
— Шаҳардан тўралар ҳам чиққан, — деди Туробжон яна.
Хотин яна индамади. У Муллажон қозининг боғини кўрган эмас, аммо таърифини эшитган. Бу боғни кўз олдига келтириб кўрди: боғ эмас, анорзор... Анор дарахтларида анор шиғил, чойнакдай-чойнакдай бўлиб бўлиб осилиб ётипти.
— Битта мушак уч мири,— деди Туробжон, — юзта мушак отилса... биттангадан юз танга. Бир миридан кам — етмиш беш танга бўлади.
Eр-хотин узоқ жим қолишди. Туробжон оғзини катта очиб ҳам эснади, ҳам уф тортди.
— Ма, буни тик,— деди у яктагини ечиб, — ма!
Хотин яктакни олиб ёнига қўйди, афтидан, ҳозир тикмоқчи эмас эди.
— Бўл,— деди Туробжон, бирпасдан кейин, — ол... Сенга айтяпман!..
— Ҳа, мунча!.. Туртмасдап гапира беринг... Тикиб қўярман, мунча қистов...
Туробжоннинг тепа сочи тикка бўлди.
— Ҳай, сенинг димоғ-фироғинг кимга! Хўш, нима дейсан?
— Мен сизга бир нарса деяпманми? Тикиб қўярман.
— Ҳар нарсага рўзғор аччиқ бўла берса... қийинроқ бўлар,— деди Туробжон яктагини кияётиб, — камбағалчилик...
— Камбағалчилик ўлсин!
Хотин бу гапни шикоят тарзида айтди, аммо Туробжоп буни таъна деб тушунди.
— Нима, мен сени олганимда камбағаллигимни яширганмидим? Эркабойга ўхшаб чимилдиққа бировнинг тўни, кавуш-маҳсисини кийиб кирганмидим? Бундай армонинг бўлса ҳали ҳам серпулроқ одамга тег.
— Иккита анор учун хотиниигизни серпул одамга оширгани уялинг!
Бу гап Туробжоннинг ҳамиятига тегди. «Жигарларинг эзилиб кетсин» дегани хотинига қанча алам қилган бўлса, бу гап Туробжонга шунча алам қилди.
— Э, ҳой, анор олиб бермадимми? — деди Туробжон майин товуш билан, аммо бу майин товушдан қўрққулик эди, — сира анор олиб келмадимми?
— Йўқ! — деди хотини бирдан бошини буриб.
Туробжоннипг боши ғовлаб, кўзи тинди.
— Ўтган бозор куни еган анорингни ўйнашинг олиб келганмиди?!
— Ўйнашим олиб келган эди!
Туробжон билолмай қолди: хотинининг елкасига тепиб, сўнгра ўрнидан турдими, ё туриб кейин тепдими; ўзини обрезнинг олдида кўрди. Хотин, ранги оппоқ, кўзларини катта-катта очиб унга ваҳимали назар билан қарар ва бошини чайқаб пичирлар эди:
— Қўйинг... Қўйинг...
Туробжон уйдан чиқиб кетди. Бирпасдан кейин кўча эшиги очилиб-ёпилди.
Хотин узоқ йиғлади, эрига қаттиқ гапирганига пушаймон бўлди, ўзини қарғади, ўлим тилади; йиғидан толиб ташқарига чиқди. Қоронғи, узоқ-яқинда итлар ҳурар эди.
Кўча эшигини очиб у ёқ-бу ёққа қаради — жимжит. Гузар томонда фақат битта чироқ милтиллар эди. Самоварлар ётган. Қайтиб уйга кирди.
Том орқасида хўроз қанот қоқиб қичқирди. Кўча эшиги очилди. Хотин то бурилиб қарагунча Туробжон катта бир тугунни орқалаб кириб келди. У тугунни уйнинг ўртасига ташлади. Бир чойшаб анор ҳар томонга юмалаб кетди, бир нечаси обрезга тушди. Туробжон хотинига қаради. Унинг рангини кўриб хотин қўрқиб кетди — бу қадар оқарган! Туробжон ўтириб пешонасини ушлади. Хотини югуриб олдига келди ва елкасига қўлини қўйди.
— Қаёққа бордингиз? — деди энтикиб. — Нима қилдингиз?
Туробжон жавоб бермади. Унинг вужуди титрар эди.

1936
 
bek88Дата: Воскресенье, 21.12.2014, 07:32 | Сообщение # 2
Рядовой
Группа: Talaba
Сообщений: 15
Репутация: 0
Статус: Offline
davomi bormi???

Biz bilan birga bo'ling. Hali yoshsan. Hayot oldinda.
 
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:
Flag Counter