Четверг, 12.12.2024, 01:07
Hush kelibsiz Mehmon | RSS

Bashorat (hikoya). Abdulla Qahhor - Giyos/FORUM

[ Yangi izohlar · Qatnashchilar · Forum qoidasi · Izlash · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Bashorat (hikoya). Abdulla Qahhor
GiyosДата: Среда, 09.10.2013, 10:30 | Сообщение # 1
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
Абдулла Қаҳҳор. Башорат (ҳикоя)


Ола қарға қағ этади,
Ўз вақтини чоғ этади.
Мақол

Николай замонида майиз қиммат, кўкнор арзон эди, ҳозирги замонда майиз арзон, кўкнор қаҳат. Эсизгина ўша вақтда чала сиқиб ташланган кўкнорлар!
Мулла Саид Жалолхон шуни кўнглидан ўтказиб деворга суянди ва кўзларини юмди; бурнига қўнган пашшани қўлидаги рўмолча билан қўриш малол келди шекилли, остки лабини чўзиб "пуф!" деди. Пашша кўтарилди, аммо шу овдаёқ унинг лабига қўнди. Саид Жалолхон секин лабини қимтиб пашшани оёғидан қисиб олди. Тузоққа тушган бу дилозорни ушлаб, икки бармоқ орасида айлантириб ташлаш қасдида кўтарилган қўл то лабига келгунча, лаънати пашша оёғини суғуриб қочди. Саид Жалолхоннинг аччиғи келди: йўқ ердан кўкнор топиб, кайф қилиб ўтирганда бу нимаси!
Инсоф юзасидан айтганда, пашша ярамас махлуқ: қуйиб қўйилган чойга тушиб тарвайиб ётади, майиз талашади, покиза қилиб сузиб қўйилган кўкнордан қаноти чиқади. Қанотини кўкнорга ташлаб ўзи қаёққа кетади денг!
Хаёл кайфни ўғирлаган пашшани қидириб кетди.
Уйда ғиж-ғиж бўлиб ётган бу пашшаларнинг қайси бири ўша? Саид Жалолхон дарҳол эшикни ёпиб, узун супургини қўлига олди. У, супургини кўтариши билан ҳамма пашша ғинғиллашиб, бир ерга тўпланди ва бир кирпи ҳолига келди. Кирпи қанот чиқарди, катта бир пашшага айланди-да, олдинги оёқлари узра туриб Саид Жалолхонга қаради ва ғинғиллади:
— Шошма, сенинг орқангда қанча мўмин намоз ўқийди, худонинг махлуқига озор бергани нечук ҳаддинг сиғади?
— Қандоқ махлуқсан ўзинг?- деди Саид Жалолхон супургини елкасига қўйиб.
— Пашшаларнинг шоҳи бўламан.
— Шоҳ бўлсанг, сабаб ўғирлик қилган фуқароларингни тергамайсан?
— Сенинг соқолингга теккан бир қатра шира менинг барча фуқароларимга бир кунлик овқат бўлади, қандоқ қилиб сен шуни ўғирлик дейсан? Нимангни ўғирлади?
— Кайфимни ўғирлади! Не машаққатлар билан кўкнор топиб кайф қилиб ўтирганимда бурнимга ва лабимга қўнди. Шунинг учун сендан қасос оламан: қанотингни юлиб ташлайман.
Пашшалар шоҳи ялинди, ёлворди. Саид Жалолхон кўнмади. Охири иккови муросага келди: шоҳ унга қанот берадиган, у учиб юриб, гуноҳкор пашшани ўзи топадиган бўлди. Шоҳ кейинги оёклари билан қанотининг устини силади, олдинги оёқларини бир-бирига ишқади, кейин ғинғиллади. Саид Жалолхон худди баланд ердан ўзини ташлагандай, юраги "шув" этиб, қанотчиқарди ва учди; шу учганича неча замонлар қидириб, гуноҳкор пашшани қир этагида ўтлаб юрган бир эшакнинг яғиридан топди. Пашша жароҳат атрофида оқсоқланиб юрар эди. Саид Жалолхон бир қўл уриб уни ҳовучига қамаб олди, сўнгра дарров ўлдириб қўймаслик учун, эҳтиёт қилиб бир қанотидан ушлади. Пашша ғинғиллади:
— Лабинг билан қисиб бир оёғимни узганинг етмасмиди, яна нима дейсан?
— Сен ўғрисан! Одам бўлганингда шаръан қўлингни кесиш лозим бўлар эди. Қанотингни юлиб ташлайман!
Пашша ялинди-ёлворди — бўлмади. Охири иккови келишди.
Пашша Саид Жалолхонни эргаштириб бир биёбонга олиб чиқди. Биёбон сомон, қум ва тошбақадан иборат эди. Пашшанинг амри билан Саид Жалолхон бир тошбақа ва бир дона тошбақанинг тухумидан олди. Биёбоннинг аллақаеридан бир қозон топилди. Саид Жалолхон пашшанинг амри билан тухумни ерга қўйиб, устига қозонни тўнтарди ва тошбақани қўйиб юборди. Пашша бир сомон парчани ушлаб қозоннинг қоқтепасига қўниб турди. Тошбақа қозон атрофида айлана берди, айлана берди. Охири қозон ёрилиб чилпарчин бўлди, аммо ҳеч қандай товуш чиқмади. Тошбақа билан тухум кўздан ғойиб бўлди. Қозон ёрилган вақтда аллақаёққа бориб тушган пашша, ушлаб турган сомон парчасини келтириб Саид Жалолхонга берди ва ғинғиллади:
— Мана шуни теринг орасига тиқсанг, кўздан ғойиб бўласан. Сен ҳаммани кўрасан, сени ҳеч ким кўрмайди.
Қишлоқда кимда қанча кўкнор бўлса ҳаммаси сеники бўлади.
Саид Жалолхон дарҳол бир чўп билан билагини тирмалаб, сомон парчани териси орасига жойлади ва қандай кўздан ғойиб бўлаётганини кўриб турди: бошлаб кавшининг учи, сўнгра бирданига тиззасигача оёғи кўринмай қолди...
Тамом кўздан ғойиб бўлганидан сўнг Саид Жалолхон тикка ўзининг улфати мулла Шамсиддиннинг уйига борди. У эшик олдидаги супада, олдида бир ғалвир майиз, чўпини териб ўтирган эди. Саид Жалолхон товуш чиқармай унинг ёнига бориб ўтирди. Мулла Шамсиддин уни кўрмади; ғалвирга қўл солиб бир чангал майиз оли — пайқамади.
Саид Жалолхонга унинг бир қадоққа яқин кўкнориси борлиги маълум эди, шу кўкнорини излаб уйга кирди. Ҳужрада бир қадоқ эмас, бир лингча кўкнор бор экан. Саид Жалолхон кўкнорининг ҳаммасини қўтариб жўнади; уни ҳужрасига қўйиб яна кўп жойларга борди, ҳатто юк автомобилининг капоти устига айри миниб шаҳарга ҳам тушиб чиқди. Ҳеч қаерда бундай улгуржи ғанимат учрамади. Саид Жалолхон йиққан кўкнорини уйнинг ўртасига тўкиб, қанча вақтгача етишини мўлжаллаб кўрди — олти ойга етар экан. Бу атрофда кўкнор қолмади-ку, олти ойдан кейин нима бўлади? Саид Жалолхонни ваҳима босди.
Бирдан унинг эсига бир нарса тушди: модомики, уни ҳеч ким кўрмас экан, колхоз раисининг олдига бориб "бу йил пахта атрофига кўкнор эктириб берасан" деса нима қилади? Саид Жалолхонга бу фикр шунча ёқдики, ақли кўпайиб боши каттароқ бўлганини сезди.
Саид Жалолхон тикка колхоз идорасига борди. Раис ўзи якка қатиқ ичиб ўтирган экан. Саид Жалолхон ҳар ҳолда аввал ўзини бир синаб кўрмоқчи бўлди: қани, раис кўрадими, йўқми?
— Ассалому алайкум!— деди раисга рўпара бўлиб.
Раис товуш қаёқдан келганини билмай аланглади, сўнгра қўрқиб, ранги ўчди-да, мўйловида қолган қатиқ юқини енги билан артиб, секин ўрнидан турди.
— Қўрқма, қўрқма! — деди Саид Жалолхон дадилланиб,— сенга ҳам арз, ҳам фармон қилгали келдим: бу йил пахта атрофига кўкнор эктирасан.
Раис ҳуши йўқ, жавоб берди:
— Мажлис қилиб ўртага солиш керак...
— Мажлис қиласанми, маърака қиласанми, эртага иш бошламасанг, кечаси уйингга кафанлик кираман. Мен арвоҳ бўламан!..
Раис рози бўлди. Саид Жалолхон раиснинг олдидаги қатиқни қўшқулоғи билан олиб чиқиб ариққа ташлади.
Шунда унинг бошига яна бир фикр келди ва бу фикрдан бошини яна ҳам каттароқ бўлган ҳис қилди: "Модомики, пахта атрофига эктириш қўлимдан келар экан, нима учун ҳамма ерга кўкнор эктирмайман?"
Саид Жалолхон қайтиб кирди, бор товуши билан бақирди:
— Ҳамма ерларингга кўкнор эктирасан!
Раис кўнди. Саид Жалолхон кетди. Йўлда унинг бошига яна бир фикр келди: "Раисга қилган дўқимни ҳукуматга қилсам, ўзимни хон кўтара олмайманми?"
Бу фикрдан унинг калласи яна ҳам каттароқ бўлиб, жуда оғирлашиб кетди. "Ақл каллани бундай катта қилса ва бундай оғир бўлса, - дер эди у ичида,— Афлотуннинг ўз ажали билан ўлганига ишонмайман, уни албатта калласи босиб ўлдирган".
У ҳужрага кириши билан бирваракайига гўё қиёмат қўпди. Кўчада югур-югур, шовқин, итлар вангиллаган, товуқлар қийқиллаб қочган; гурсиллаб деворлар йиқилади, шарақлаб дарахтлар қулайди... Қандайдир бир хотин қичқирди:
— Ким экан у, бизга кўкнор эктирадиган!..
Бу товуш ҳаммаёқни ларзага келтирди. Ҳужранинг деворларидан чанг ёғди, токчадаги мис лаган жангиллаб кетди.
Саид Жалолхон тездан мулла Шамсиддиннинг олдига борди ва ўз териси орасидаги сомон парчасини синдириб ярмини унга берди. Иккови даштга чиқиб бараварига наъра тортди. Кўз очиб юмгунча неча минг пиёда ва сувори кишилар пайдо бўдди. Буларнинг ҳаммаси кулоҳ кийган ва туғ кўтарган эди. Минг-минг тошбақа минг-минг қозон атрофида айланиб, кўзга кўринмайдиган неча юз минг лашкар бўлди. Бу ернинг ўзида унга "Саид Жалолхони соҳибқирон" деб ном берилди ва хон кўтарибди. Мулла Шамсиддин унга вазир бўлди.
Мусулмонобод йўлида ғазотни бошлаш учун ҳамма нарса тайёр, фақат яроғ-аслаҳа йўқ эди. Афғонистонга ўтиб кетган кўр Шерматга Саид Жалолхони соҳибқирон номидан дарҳол нома ёзилди. Номага жавоб ҳам келди. Жавобда кўр Шермат "неча минг сипоҳи билан йўлга чиқдим, Сизга ўз белимдаги шамширимни юбордим", дебди.
Шундай қилиб, иш борган сари катта бўлар ва иш кагта бўлган сайин Саид Жалолхоннинг калласи оғирлашар эди.
Худо аллақайси тоғнинг ғорида "Қирарман"ва "Йиғарман" номли икки махлуқни Саид Жалолхоннинг хон бўлишига атаб боқиб юрган экан; ярим одам, ярим маймун киёфасидаги бу икки жонивор келиб хонга салом берди ва ҳар қайсиси ўз ҳунарини айтди. Кирарман - рўпара келган кишининг калласини узиб ташлар, Йиғарман — калласиз таналарни саржинга ўхшатиб тахлар екан. Саид Жалолхон кўп хурсанд бўлди. У, қўзғалган қишлоқни қиличдан кечиргани бу жониворларнинг ёнига неча минг сўфилардан қўшиб берди. Улар, даштни чангитиб кетар экан, орқаларидан Саид Жалолхон қичқириб қолди:
— Қирингиз! Қуритингиз! Экиндан кўкнор, жон эгасидан тошбақа билан пашша қолса, бас!
Булар кетгандан кейин Саид Жалолхон гайратига чидолмай шамшир суғурди ва ҳавода ўйнатиб, аскарга фармон берди:
— От қўйингиз! Ғазот! Қишлоққа от қўйингиз!
Олдинда хон, кўринмас аскар қуюндай борар эди. Баногоҳ Саид Жалолхоннинг кўзи қаршидан от қўйиб келаётган мулла Шамсиддинга тушди. Мулла Шамсиддин келиб отдан тушди, хоннинг оёғини ўпди.
— Қишлокда аскарлар бор. Яқинига боришнинг сира иложи йўқ,- деди.
Қишлоқ томонда яна чанг кўринди. Йиғарман келар эди. У ҳам келиб отдан тушди ва хоннинг оёғини ўпиб, зўр мусибатдан дарак берди:
— Қирарман шаҳид! — деди.
Саид Жалолхон ишонган тоғи хусусидаги бу хабарни эшитиб оҳ тортди ва отдан йиқилди; боши билан тушди, кимдир унинг бошини жуда ҳам катта ва ҳаддан ташқари оғир латта билан боғлади, шундан сўнг ҳушидан кетди.
Хон талай вақтдан кейин ҳушига келиб кўзини очди ва ўзини ўз ҳужрасида кўрди. Ёнида вазири мулла Шамсиддин чўкка тушиб ўтирар эди.
— Нима бўлди? Қани шамшир, қани от?— деди хон бошини кўтариб, аммо боши шундай оғрир эдики: яна ёстиққа қўйди.
Мулла Шамсиддин рўмолчаси билан уни елпиб, йиғлам-сираб деди:
— Ахир, мулла Саид Жалолхон, нега кишини қўрқитасиз? Нима? Шамшир нимаси? Қанақа от?
Саид Жалолхон мулла Шамсиддиннинг йиғламсирашидан қишлоққа кетган бошқаларни ҳам шаҳид бўлтан гумон қилди.
— Ҳаммасими? Ҳеч ким қолмадими? Ҳозир хабар олдиринг! Афғонистон йўлига киши чиқаринг!
Саид Жалолхон ўрнидан турган эди, гандираклаб йиқилди. Мулла Шамсиддин куйиб-пишиб ҳеч қандай ғазот, ҳеч қандай аскар йўқлигини, унинг эрталабдан бери шу ерда ётганини уқтира бошлади.
— Аҳмоқ,— деди хон аччиғи келиб,— ахир, мен отдан йиқилдим... Бошимнинг оғриғи ҳали босилгани йўқ-ку! Нима учун мен сени кўриб турибман! Пошимнинг катта бўлганига нима дейсан?
— Бошингиз катта бўлгани йўқ, ахир,— деди мулла Шамсиддин жеркиб,— мен келсам мана бу сабил мўридан шамол тошкўмир тутунини қайтариб, бутун уй тутунга тўлган экан. Худо кўнглимга солиб келмасам, ҳалок бўлар эдингиз!
Саид Жалолхон ҳамон ишонмас эди. У, деворларни ушлаб, ташқари чикди; икки кадам босиши билан яна йиқилди. Мулла Шамсиддин хизмат қилиб, бир неча соатдан кейин аранг уни ўзига келтирди. Саид Жалолхон бутун бошдан кечир-ганларини инқиллай-инқиллай ҳикоя қилиб берди.
— Мен сизнинг кўкнорингизни олиб келган эдим,— деди яна айниб.
— Қанақа кўкнор?
Саид Жалолхон яна ўзига келиб уҳ тортди.
— Бу бир башорат,- деди мулла Шамсиддин анчадан кейин.
Эртасига икки ўртоқ мусулмонобод қилиш учун тошбақа излаб чўлга чиқиб кетишди.

1936
 
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:
Flag Counter