Giyos | Дата: Среда, 09.10.2013, 10:24 | Сообщение # 1 |
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Статус: Offline
| Абдулла Қаҳҳор. Майиз емаган хотин (ҳикоя)
— Аёл киши эркакка қўл бериб сўрашдими — бас!.. Рўза тутган киши оғзини чайқаса, сув томоғига кетмаса ҳамки, рўзаси очилади — шу оғиз чайқашдан баҳра олади-да! Абдулҳакимнинг қизига уста Мавлоннинг ўғли бир ҳовуч майиз берганини ўз қўзим билан кўрганман. Ҳаё борми шуларда? Шариат йўли — хўп йўл. Ўн бир яшарида паранжи ёпинмаган қиздан қўлни ювиб қўлтиққа ура беринг. Паранжи ҳаёнинг пардаси-да! Мулла Норқўзи ҳар куни бозордан қайтиб самоварга чиқади ва кўнгли тортган одамларни атрофига тўплаб, ярим кечагача шариатдан юз ўгирган хотинлар тўғрисида шундай вайсаб ўтиради; баъзан панжасини ёзиб, ўзи билган оилаларни санаб чиқади: — Сотиболдининг хотини дорихонада ишлайди, ҳар куни мингта одам билан жавоб-муомила қилади: ахир, биттаси бўлмаса биттаси кўз қисади-да! Мелиқўзининг хотини автобусда кондуктор, баъзан ярим кечада келади; иши эрта тугаган куни ҳам ярим кечагача юрса, айшини қилса эри билиб ўтириптими? Иззатилланинг синглиси бўлса артист — халойиққа қараб муқом қилади. Норбўтанинг қизи докторликка ўқийди, минтта ошнаси бор десанг-чи! Эркакларнинг ичида юргандан кейин нима бўлар эди! Бўйга етиб қолган қизларини мактабга юборган оталарга ҳайронман... Шулар хотинининг ёки қизининг ўйнашлик қилиб тургани устига кирса-чи, қуръон урсин агар, «бенават» деб чиқиб кетади... Пухта гап шу! Очиқ хотин-қизларнинг ҳар бир ҳаракатидан мулла Норқўзи бузуқликка далолат киладиган талай белгилар топади. «Етги қават парда ичида» ўтирадиган ўз хотини эса булар қаршисида кўзига фаришта бўлиб кўринади: намоз ўқийди, тўпиғидан юқорисини оврат ҳисоблаб, жиякли иштон кияди... Бир куни кечқурун мулла Норқўзи ҳовлида чўт уриб ўтирар, хотини эса намозшомгулларга сув қуяр эди. Шу онда ҳовлининг устидан пастлаб учган самолёт ўтиб қолди. Хотин чарс беданадай патиллаб, қочмоқчи бўлганида юзини карнайгулнинг поясига уриб олди. Юзи бутоққа ёмон тегди. Кўнгли озди. — Ахир, мунча!— деди мулла Норқўзи,— самолёт паст кўрингани билан ундаги кишига сен жуда кўринганингда чумолича кўринасан. — Чумолича кўринсам ҳам кўринар эканман-ку ишқилиб! — деди хотин йиғламсираб. Мулла Норқўзи ҳазил билан унинг аламини босмоқчи бўлди: — E, ҳали мен сени очаман деб юрибман-ку! Хотин унинг юзига хўмрайиб қаради-да, кейин зарда қилиб уйга кириб кетди ва қоронғи уйнинг аллақайси бурчагидан унинг товуши эшитилди: — Ҳар кимнинг гўри бошқа... Зериккан бўлсангиз, у дунё-бу дунё юзимни қора қилмасдан, жавобимни бера қолинг... У бир ҳафта бўйи қовоғини очмади, уч кеча ўрнини бошқа солиб ётди. Мулла Норқўзи ўша гапни ҳазиллашиб айтганини арз қилиш учун олдидан келса тишлар, кетидан келса тепар эди; бир кечаси гапни хотинининг диёнатли, покдомонлигидан бошлаган эди, хотин анча юмшади. — Ҳазилингиз қурсин!— деди чироқни пастлатаётиб,— кишининг имонини қочиради. Очилиш у ёқда турсин, очиқ хотинларнинг юзини ҳам кўрмайман, деб онт ичганман. Бир куни беш-олтита очиқ хотин орасига кириб қолиб, не вақтгача кўнглим ғаш, таъбим кир бўлиб юрдим. Тушимда раҳматлик дадамни кўрдим, мен билан гаплашмадилар. Гапни кўринг-а, айтгани кишининг юзи чидамайди: бегона эркакнинг қўли оқ сочни қорайтирар эмиш. Тавба қилдим... — У нима дегани экан? — Оббо, мунча суюлдингиз? Шундақа гапларга сизнинг ҳам суягингиз йўқ. Нари ётинг! Бегона эркак, кишининг қизлигини эсига солади дейди-да! — Шундақа гапларни очиқ гапиришадими-а? — Бо, худо, паранжини ташлаб кўчада юришга юзи чидагандан кейин уяти борми! Қуриб кетгурлар, бирам шармандаки... Тавба қилдим. Баданингда наминг борида беш-олтита эркакни кўрмасанг, умр бўладими, бу умр дейди-я! Тағин ҳам зилзила бўлиб ҳаммани ер ютмас экан-да! Тавба қилдим-ей... Мулла Норқўзи эртасига самоварга чиққанида яна панжасини ёзиб ўзи билган очиқ аёлларни санаб чиқди ва хотини айтган айбларни буларнинг ҳар қайсисига тақди, жиндай ўзидан ҳам қўшди. — Ахир, биттаси оппоқ сочи билан менга тегишди-да! Сочинг оқарса ҳам тиниб ўлмас экансан-да, десам, сочим оқ бўлса ҳам кўнглим қора, дейди. Шунда ўтирганлардан бири, интиҳосиз гапдан зериқди шекилли, қатгиқ эснаб, деди: — Мен сизга айтсам, мулла Норқўзи, гап паранжида эмас. Николай замонида исловотдаги хотинлар бош яланг эмас эди-ку! Энди сиз ҳар нарса дейсизу, бунчалик эмас, кўзингизга шундай кўринади. Мана, мен сизга айтиб берай: умримда хотин-халажга суюқлик қилган одам эмас эдим, баҳорда қишлоққа кетаётиб йўлда бир хотинга ҳамроҳ бўлдим. Ит олиб кетаётган экан. Ҳали сиздай, менинг ҳам кўзимга бу хотин жуда тайёрга ўхшаб кўринди. Ҳазиллашдим, суюқлик қилдим. Индамаганидан кейин бир шама қилиб кўрай-чи, дедим. Итнинг оғзига чарм тўр тутиб қўйган экан, «жонидан, нега итингизнинг оғзини боғлаб қўйибсиз, кўчадан ўзи топиб егани яхши эмасми?» десам, «бунинг ҳам оғзи сизнинг оғзингиздай шалақ, эҳтиёт яхши-да» дейди. Терлаб кетдим. Орқамга қарамай бир қочдим... Шариат хотинни қаттиқ тутиш керак дейди-ю, аммо хотинни қанча қаттиқ тутсангиз, шунча ғафлатда қолишингизни пойлайди. Мулла Норқўзи бу одамнинг оддий ҳақиқатни англамаслигидан койиди: — Беҳуда гап! Мана менинг хотиним нима эканини ўзим биламан. Паранжисини ташлаб икки кун кўчада юрсин-чи! У одамнинг зардаси қайнаб кетди: — Нега кўчада юради? Кўчада паранжилик юрса ҳам айнийди-да! Тўғрисини айтайми? Паранжилик хотин ҳаром ишга яқинроқ бўлади. Сабаб денг! Агар сиз юзига кулиб қарамасангиз, деворға шоти қўйиб кўчага мўралайди: кўйлаклик олиб бермасангиз, том орқасидан кўйлаклик узатадиган чиқиб қолади. Очилган хотин-чи, кўйлак олиб бермасангиз ўзи ишлаб, ўзи олади. Eҳтимол, шундайдир, аммо мулла Норқўзининг хотини покдомон. Агар мулла Норқўзи ўн йил юзига кулиб қарама-са, қопдан кўйлак, бўйрадан лозим кийишга мажбур қилса ҳам, пинагини бузмайди. Ҳар қандай хотин билан ҳам иноқ бўлавермаганининг ўзи ўта диёнатли, покдомон эканининг нишонасидир. Унинг биттаю битта ўртоғи бор. Бу хотин тўғрисида мулла Норқўзи шундай фикрда: агар фаришта илгари ўттан бўлса — шунинг онаси, энди туғилса — шунинг боласи бўлади, агар ҳозир ер юзида бўлса — шу хотиннинг ўзи. Шунча келади, ҳафталаб, ўн кунлаб туриб қолади, наинки шу чоққача мулла Норқўзига товушини эшиттирмаса! Шариатни маҳкам ушлаган хотин шаҳарда иккита бўлса, бири — мулла Норқўзининг хотини, иккинчиси - шу! Намоз ўқийди, одатдаги рўзадан ташқари ашир ойида рўза тутади, заводдан чиққан нонни, ҳозирги кушхоналарда сўйилган молнинг гўштини емайди. У келиб турганда мулла Норкўзи ташқарида —меҳмонхонада ётиб юради ва уйини аллақандай нурдан мунаввар бўлгандек сезади. Шунинг учун бошқа меҳмонлардай сира унинг «иззати уч кун» бўлмайди, неча кун турса ҳам, товуқ гўштини қуймоққа ўраб, қаймоққа ботириб ейди. Узоқ туриб қолган вақгларида хотини: — Қуриб кетсин, кета қолмайди ҳам. Лабларим қуруқшаб кетди. Садқаи эркаклик кетинг, хилватга тортиб ўпишни ҳам билмайсиз! - деб чиқса, мулла Норқўзи уришиб беради: — Ўзингга муносиб гапни гапир! Енгил бўлма! Меҳмон - атойи худо. Мулла Норқўзи сафарга кетадиган бўлиб қолди; кетишидан бир кун илгари хотинига айтиб, ўша фариштани олдирди ва ўрта эшик олдига бориб қиёматлик синглисидан илтимос қилди: — Синглим, мен ўн кунда қайтиб келаман, келгунимча ўртоғингиз билан бирга бўлинг. Мана, ўзингиз кўрган жой, бемалол айшларингни қилинглар. Хўпми, синглим? — Хўп, деяптилар, — деди мулла Норқўзининг хотини, - бу кишининг ҳам, менга ўхшаб, бошқа гапиришадиган ўртоқлари йўқ. Хотини кечқурун меҳмонхонага овқат олиб чиққанида мулла Норқўзидан ўпкалади: — Уятга ҳам ўлдирасиз кишини! — деди йиғламсираб, — ўртоғим ҳар келганида менга бир нарса олиб келади. Мана бу сафар бир жўра шоҳи олиб келибди. Шу чоққача битта дастрўмол ҳам беролганим йўқ. Мен-ку йилда беш газ чит кўрмайман, келишингизда шу бечорага бир нарса олиб келсангиз-чи сиз ҳам одам бўлиб! — E, девона, ўзи нарсага муҳтож бўлса, сенга нарса олиб келармиди! Ҳарна бўлса худонинг бергани, олиб қўя бер, яхши гапингни аяма! — Ҳеч бўлмаса битта паранжи олиб келинг, савоб бўлади. Хотин кишига паранжи олиб бериш мачит солишдан ҳам савоб эмиш. Паранжиси эски, ҳар келганида бировникини ёпиниб келади. — Хайр, майли. Аммо мен келгунча сени ёлғиз ташлаб кетмасин. Кўни-қўшнилар билан кирди-чиқди қилманглар. Хотинининг чеҳраси очилиб кетди-да, бурилиб кетар экан, қизларга хос шўхлик билан айланиб, деди: — Бир нарсангизни бузиб қўйдим, айтсам уришмайсизми? Олиб келган суратингиздаги одамлар худди кишининг афтига қараб турганга ўхшайди, игна билан ҳаммасининг кўзини ўйиб қўйдим. Мулла Норқўзининг аччиғи келди, чунки бу «Маккаи мукаррамани» бир сартарош ўртоғидан минг илтимос билан олган эди. — Ахир, ундаги одамлар ҳаммаси ҳожи-ку! — Ҳа, ўла қолсин, ҳожи одам эмасми! Хотин кириб кетди. Мулла Норқўзи овқатини еб, чойга умидвор бўлиб ўтирганида, кўча эшигидан ёшгина бир хотин кириб келди; чиммати кўлида, важоҳатидан уйига ўғри кирган, ёрдамга киши чақиргани келган одамга ўхшар эди. Мулла Норқўзига бир қаради-да, тўғри ичкарига йўналди. Эркакни кўра туриб юзини беркитмаганига мулла Норқўзининг ғаши келди ва шундай беибо хотиннинг ичкарига — фаришталар олдига киришини хоҳламади. — Ҳай, ҳай! Хўш кимда ишингиз бор? Хотин ўрта эшикдан кириб кетди. Мулла Норқўзи дарғазаб бўлиб ўрнидан турди ва эшик олдига бориб бор товуши билан бақирди. — Ҳай хотин, дейман, қандоқ беҳаёсан! Жинними ўзи бу... Шу онда ичкаридан ўз хотинининг товуши эшитилди: — E, қандақа хотин бу, бировнинг уйига бостириб киради!.. Нимадир гурсиллаб ерга тушди, нимадир синди. Уйнинг эшиги шарақлаб очилди. Бир лаҳза жимлиқдан сўнг ҳалиги бегона хотиннинг бақирган товуши эшитилди: — Худо кўтарсин сен мегажинни! Иккита болам бор! Бўйдоқ йигит қуриб кетганмиди!! Яна нимадир синди. — Ҳай, нима гап?!— деди мулла Норқўзи бўсағада туриб, — синглим, сиз ўзингизни бир четга олинг! Нима дейди бу манжалақи!! Бегона хотин айвонга чиқиб дод устига дод солди. Бирпасда том, девор устлари, ички-ташқи ҳовлининг юзи одамга тўлди. Мулла Норқўзи айвоннинг пастидан келиб у хотиннинг этагидан тортган эди, хотин жон-жаҳди билан бир тепиб оғзи-бурнини қоп-қора қон қилди; бунга ҳам қаноат қилмай, унинг устига ўзини ташлади. — Войдод, халойиқ, бу қандай эркакки, хотинини бировга қўшиб қўйиб, ўзи эшик пойлаб ётади! Войдод хотинингга қўшгани бўйдоқ йигит қуриб кетганмиди! Иккита болам бор... Одамлар ажратмаганда бу хотин мулла Норқўзини ғажиб ташлар эди. Мулла Норқўзи оғзини ушлаганича четланди. Хотини эшик ёнида деворга суянганича турар, ранги мурданикидай, ўзи қалтирар эди. Бегона хотин ҳушидан кетиб йиқилди. Икки киши — аёллар кириб, у фариштани уйдан олиб чиқишди. У атлас кўйлак, лозим кийган, бош яланг, оёқ яланг, ёшгина чиройли бир йигит эди. Ҳамма жим қолди. Бу сукунатни етмиш ёшлардаги бир чол бузди. У, мулла Норқўзига қўлини пахса қилиб деди: — Садқаи одам кетинг-е, айб эмасми?! Хотин қилиш қўлингиздан келмаса талоқ қилинг! Қўйинг-е, кўчиб кетинг маҳалладан, ё биз кўчиб кетамиз!.. Девор устида турган ўн икки ёшлардаги бир қиз девордан кесак кўчириб олиб мулла Норқўзига ўқталди. — Ҳу ўл, турқинг қурсин! Бошингга солайми шу билан! Маҳаллада сасиб, ўқувчи қизларга кун бермайсану, ўзинг нотўғри иш қиласан... Ҳамманинг диққати хотинча кийинган ва эшик ёнида ерга қараб турган йигитга жалб бўлди. Яна жимлик ҳукм сурди. Бу сукунат оғир тегирмон тоши бўлиб мулла Норқўзини янчиб юборди. У девор устидаги қизга қараб, бўғиқ товуш билан ўшқирди: — Сен гапирма! Сенга ким қўйибди гапиришни! Уста Мавлоннинг ўғлидан бир ҳовуч майиз олганингни ўз кўзим билан кўрганман!.. Ҳамма кулиб юборди. Томдан кимдир қичқирди: — Ҳа, бу кишининг хотини майиз емаган!
1935
|
|
| |