Четверг, 16.08.2018, 04:15
Hush kelibsiz Mehmon | RSS

Xotinlar (hikoya). Abdulla Qahhor - Giyos/FORUM

[ Yangi izohlar · Qatnashchilar · Forum qoidasi · Izlash · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Giyos/FORUM » ERKIN MAVZU » MUTOLAA (Mashxur va qiziqarlilari) » Xotinlar (hikoya). Abdulla Qahhor
Xotinlar (hikoya). Abdulla Qahhor
GiyosДата: Среда, 09.10.2013, 10:41 | Сообщение # 1
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2491
Репутация: 45
Статус: Offline
Абдулла Қаҳҳор. Хотинлар (ҳикоя)


Асқар ота инқилоб учун қурол кўтарган ўзбек аёллари-дан Маърифатхон воқеасини эшитганидан бери унинг қабрини зиёрат қилиш ниятида юрган эди. Қиш кунларининг бирида қулай пайт келди: бир неча овчи ўша томонга — дарё бўйига овга чиқадиган бўлиб қодди. Асқар ота шуларга қўшилди.
Милтиқлар тахт, отлар тайёр, лекин кимнингдир қуш олиб келишини кутишар эди. Асқар ота кўзига ювошроқ кўринган бир отни синамоқчи бўлиб минган эди, от анҳорга интилди. Шу онда майин бир товуш:
— Отажон, суғорманг! — деди.
Асқар ота отнинг бошини тортиб, орқага қаради. Пахталик нимча, қўпол ағдарма этик кийган ёшгина бир жувон турар эди.
— Йўқ, қизим, суғормоқчи эмасман. Бу отларнинг ичида ювошроғи қайси?
— Ювошроғими? Менинг отимни мина қолинг.
— Ўзинг-чи?
— Менга барибир.
Бу гап Асқар отага, умрида бир марта от миниб, ўзини зўр чавандоз ҳисоблаган ёш боланинг қўрслигидай туюлди.
Қушга кетган киши қушни олиб келди. Овчилар отланишди. Асқар ота жувоннинг отини минтани иккиланиб турган эди, ўзи жиловидан ушлаб:
— Мининг, ота! — деди.
Асқар ота ноилож минди. Жувон саройга кириб кўк той миниб чиқди. Той унинг остида гижинглар, ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлар эди. Буни кўриб Асқар отанинг кайфи учиб кетди.
— Қизим, бўлак от йўқ эканми?
— Нима эди?
— Бу отинг... овга ярамайди.
— Мен овга бормайман, отажон, иккинчи МТС га кетяпман. Жувон тойни бемалол енгиб кетаётган бўлса ҳам қишлоқдан чиққунча Асқар ота жуда толиқиб кетди, чунки той ҳар ўйноклаганда энтикиб нафаси ичига тушиб кетар эди. Жувон буни пайқаб бораётган экан:
— Хавотир бўлманг, ота, йикилсам ер кўтаради, - деб кудди.
— Хавотир бўлмайман, қизим, лекин бу отинг гаплашиб кетгани қўймаяпти-да. Алиштириб олсанг гаплашиб, чақчақлашиб кетар эдик.
Овчилар хийла илгарилаб кетди. Жувон тизгинни сал бўшатган эди, шунга маҳтал бўлиб турган той бирданига кўтариб кетди. Асқар ота аввал қўрқди, кейин жувоннинг от чопишини кўриб шунчалик завқи келдики, отига устма-уст қамчи босганини ўзи ҳам билмай қолди. Жувон саман от миниб уни кутиб турар эди.
— Отга жуда эпчил экансан-ку, қизим! Баракалла-е... Колхозда нима иш қиласан?
— МТС да тракторчиман.
Асқар ота уни бошдан-оёқ кузатиб чиқди. Жўнашди. Иккала от бир қиёмда, баравар қадам ташлаб борар эди.
— Отга ҳам ишинг тушиб турадими?
— Ҳозир унча ишим тушмайди.
— Илгари ишинг тушармиди? Куёвинг нима иш қилади?
— У киши ҳам тракторчи эдилар. Ҳозир фронтда.
— Қачон кетган?
— Уруш бошланган кунлари.
— Фарзанд борми?
— Бор. Ўғлим бор. Отни ўрганишимга шу бола сабаб бўлган.
— Бола сабаб бўлган?
— Ҳа. Мен сизга айтсам, отажон, урушдан илгари биздан хомлик ўтган экан: уй қилибмиз, рўзғор қилибмиз; ўртоғим катта-катта топиб келганига, мен яхши-яхши тикканимга, пиширганимга хурсанд бўлиб юра берибмиз. Мен етти йиллик мактабни битирганимдан кейин ўртоғим «бас, камлик қилса кейин ўқийсан» дедилар. Ишламадим ҳам. Шу билан «уй қизи» бўлиб қолавердим. Бунинг оқибати шу бўлдики, уруш бошлангандан кейин тенгқурлари^м жой-жойини топиб олганда мен шошиб қолдим; уларнинг эрлари кўнгилла-ри ўсиб жўнаганда, менинг эрим ўксиб жўнади... Ўртоғим жўнаган куни эртасига кечқурун ҳовлига Комила холам келдилар. Ўзингиз биласиз, у киши фронтга кетган йигитларнинг ҳаммасини ҳам ўз фарзандларидай кўрадилар; ҳол-аҳвол сўрадилар, кейин: «Қани энди, қизим, юртдан қарзингни уз, қўлингдан нима иш келади?» дедилар. Аламимга чидолмай турган эдим. «Уй қизи бўлиб ўтиришдан бошқа ҳамма иш келади!» деб жавоб бердим. Ўғлим олти ярим ойлик эди. «Ундоқ бўлса, — дедилар, — боланг тўғрисида ташвиш тортма, мен бола боқишни сендан яхши биламан». Орадан бир ҳафта ўтгандан кейин мени МТС га бошлаб бордилар. Шу кишининг укалари бригада механиги эканлар. Шу кишининг қўлларида икки ой жуда қатгиқ ишладим. Ўн беш кунлик синовдан кейин тракторчи номини олдим. Тенгқурларим ичида юзим ёруғ бўдди. Болага буткул Комила холам қарадилар. Мен кунига бир марта пешинда рўпара келган отни миниб, эмизгани келар эдим. Отни шунда ўрганганман...
— Куёвинг, «камлик қилса, кейин ўқирсан» деб сени қийнаб қўйибди-да!
— Мендан кўра ўзи кўп қийнадди. Уйда ўтиришимга ўрганиб қолган эмасми, кўчага чиқишим соғ тишини суғуриб олгандай бўлди. Шундай бўлишини билар эдим. Бир хатида
бундай дебди: «Катта походдан кейин ҳозир дам олиб ўтирибмиз. Жуда чарчаганман. Биласизми, киши чарчаган вақтида кўнгилни ғаш қиладиган хаёлларга боради. Ҳозир соат
тўққиздан йигирма минут ўтди. Мен сизга хат ёзиб ўтирибман.
Шу минутда сиз нима қилиб ўтирган экансиз?..» Мен бу гапга унча оғринмадим, эркак киши баъзан шунақа юраги торлик қилади, деб қўя қолдим. Орадан уч кун ўтмай яна хат келди. «Янги йилга оз қолди, — дебди, — янги йилни қаерда қарши оласиз? Ўртоқларингизни уйга чақирасизми, ўзингиз бирон ерга борасизми? Уйга чақирсангиз Қримдан номингизни ёздириб келган пиёламда ўзингиз чой ичинг!» Мен бунга кисқача жавоб ёзиб, «Янги йил сиз эсон-омон келган куни киради» дедим. Бу хатим бориб етмасдан тағин хат келди:
«Янги йил кечаси тушимга кирдингиз: кимнингдир айвонида биров билан гаплашиб турибсиз. Тонг ёришганда уйга қайтиб келдингиз, бетингизни ювмасдан, ухлаб ётган боланинг юзидан ўшшнгиз...» Бу гап жон-жонимдан ўтиб кетди.
Жувон энгашиб отнинг ёлини силади. Унинг ҳаракати, ўпкаси тўлиб, гапдан тўхташ учун баҳона излаётганини кўрсатар эди. Асқар ота буни фаҳмлаб, ўзини билмасликка солди. Жувон анчадан кейин қоматини ростлади ва қор босиб ётган узоқ адирнинг этагида қорайиб турган қишлоқни кўрсатди.
— Иккинчи МТС ҳу ўша ерда. Мен ана у сўқмоқдан юрсам ҳам бўлади. Лекин сизни нарироққача кузатиб, катта йўлдан кета қолай. Айтгандай, овга милтиқсиз боряпсиз-ку, отажон?
Жувон бошда МСТга бораман деганда Асқар ота МТС ни негадир дарё бўйига яқинроқ ерда деб ўйлаган экан, ҳозир ҳайрон бўлиб қолди. У ўзининг ниятини айтиб, агар жувон овга борадиган бўлса, МТС га бирга боришини айтди. Жувон Маърифатхонга жуда ихлосманд экан, бу таклифни дарров қабул қилди. Булар, овчиларга «кетаверинглар» ишорасини қилиб, сўқмоққа бурилишди. Овчилар кўчма қумлар орасига кириб, кўздан йўқолди.
Қишлоқнинг кираверишида талай болалар муз тийған-моқда эди. Булар иккита отлиқни кўриб, йўл бўйига тизилишди. Отлиқлар яқинроқ келганда етти-саккиз ёшлардаги қиз бола бир қўли билан тўннинг устидан иштонини маҳкам ушлаб, уларга қарши югурди.
— Собирахон опа!
Жувон отнинг бошини тортди.
— Опанг ўргилсин! Бери кел, қўлингни бер! - жувон қизни отга миндириб олди. — Вой, музлаб кетибсан-ку! Кимнинг қизисан?
— Бозорвой аканинг... Тоғамнинг байроқларини қачон қайтиб берасиз? Олиб кетгансиз-ку...
— Вой, Нормат аканинг жияни бўласанми? ~ деди жу-вон ва Асқар отага тушунтирди. - Кузги шудгорда кўчма қизил байроқни биз олган эдик, шуни айтаётибди... Тоғанг уйдамилар?
— Тоғам раёнга кетганлар. Укачамга бешик олиб келадилар.
Каттакон бужун остидаги қизил дарвозадан темир бочка
юмалатиб чиққан бир мўйсафид қоматини ростлаб буларга бир қаради-да , югурганича кириб кетди. Булар етиб боргунча дарвозадан уч киши чиқди. Булар, кичиги йигирма, каттаси ўттиз ёшлардаги ниҳоятда келишган йигитлар эди. Бу-ларнинг жувонга қилаётган муомаласини кўриб Асқар ота йўл бўйи уни сансираб келганидан қаттиқ хижолат тортди. Йигитлар, кейинчалик келган ҳалиги мўйсафид ҳам, уни шунчалик иззат қилишар эдики, Асқар ота бу жувоннинг оддий тракторчигина эканига шубҳаланиб қолди. Бироқорада ўтган бутун гап ремонт, эҳтиёт қисмлар, бригада, ёнилғи тўғрисида борди ва ҳатто ҳазил, ўрни келиб, қилинган бир-икки аския ҳам шу мавзудан четга чиқмади. Асқар ота эр-каклар қошида кўп муҳтарам хотинларни кўрган, лекин буларнинг кўпчилиги раис, мудир, директор дегандай раҳбарлик ўриндаги хотинлар эди. Бу оддий тракторчи жувонга бўлган эҳтиром уни айрим ўринга қўяр эди. Асқар ота ичида «Eринг ҳалигидай хатлар ёзган бўлса, сени яхши билмас экан; сен ўз қадрингни биласан, ўз қадрини билган хотинга эркак киши ёмон кўз билан қарагани ботинолмайди» деб қўйди; бу гапни ҳозир ўзига айтгиси ва эрининг ўша хатига нима деб жавоб ёзганлигини сўрагиси келар эди.
Бироқ ҳаш-паш дегунча етти-саккиз чокди хотин-халаж тўпланиб бу гапларнинг мавриди бўлмай қолди. Булар Собирахоннинг ёру дўстлари, ўртоқлари эди. Асқар ота бу ҳурматли жувон бошқа хотинлардан рафтори билан ажралиб турар деган бир ўйда эди, бироқ Собирахон ёру дўстлари орасида шуларнинг бири бўлиб қолганини кўриб, ажабланди. Булар кимнингдир уйига киришганда, Собирахон ҳатто тўрга ўтгани ҳам унамади. Бошқалар унча қисташмади ҳам. Тўрга Асқар ота билан ўрта ёшлардаги икки хотинни ўтқазишди. Асқар ота шунча хотиннинг ичида якка ўзи бўлганлигидан нечукдир ўнғайсизланар ва ҳар қайсига алоҳида-алоҳида «яхшимисиз» дер ва дуо қилар эди.
Дераза ёнида турган кимдир:
— Оқсоқол келяпти, — деди.
«Оқсоқол» деганда Асқар отанинг кўз олдига ўз тенгқури бирон мўйсафид келиб, анча енгил тортган эди, эшикдан қирқ ёшлардаги бир хотин кирди. Ҳамма ўрнидан турди. Асқар ота ҳам турмоқчи бўлган эди, оқсоқол етиб келиб елкасидан босди.
— Қимирламанг, отахон! Сиз келганда биз турсак ярашади, биз келганда сиз турсангиз хунук кўринади.
Оқсоқол қишлоқ Кенгашининг раиси эди. У, Собирахон билан қучоқлашиб кўришди, юз-кўзидан ўгош; шу пайт об-рез бўйида пиёз тўғраётган бир қизга кўзи тушиб:
— Баҳри! Ҳу, афтинг қурсин! — деди.
Баҳри, ранги бўзариб, қўлидан пичоқ тушиб кетди.
— Нима қиддим, опажон?
— Дард!
Баҳри кўзи жавдираб ҳаммага бир-бир қаради ва бирдан қизариб, кўзига ёш келди.
— Нима гуноҳқилдим!..
— Нега эрингга хат ёзмайсан?
— Вой бундан бўлак ҳам туҳмат борми? Нега хат ёзмас эканман? Мана, сўранг!
— Хат ёзмаслигингни булар биладими, эринг биладими? Ма, ўқи-чи, хат ёзар экансанми, йўқми?
Хатни Собирахон олиб, кўк қалам билан остига чизил-ган ерини ўқиди:
«... Баҳрихон бир қўй билан бир кўйлаклик атлас муко-фот олган экан. Шуни нима учун олганлигини сўраб икки мартаба хат ёздим, айтмади. Мумкин бўлса, ўртоқ Иброҳимова, шу тўғрида менга ўзингиз маълумот берсангиз...»
— Хўш? - деди оқсоқол.
Баҳри енги билан кўз ёшини артар экан, кулимсиради.
— Хат ёзмайди демабдилар-ку! Шошманг, опажон, мен сизга тушунтириб берай. У киши ўтган йили «Қизил юлдуз» ордени олганларида «орденни нима учун олдингиз?» деб уч марта хат қилдим, учала хатимга ҳам «сени мудофаа қилишда айрим иш кўрсатганим учун олдим» деб жавоб қайтардилар, аниғини ҳеч айтмадилар. Мен ҳам мукофотни нима учун олганлигимни айтмадим, хатларига «сизни эсимдан чиқармаганлигим учун олдим» деб жавоб бердим.
Жиддий гап кулги билан тугаб, оқсоқол уни ноҳақ уришгани учун ўсал бўлди. Асқар ота, Баҳри ҳеч бўлмаса ўзича дўнғиллаб қўяр деб ўйлаган эди, ундоқ қилмади. У, боягидай очилиб, ишини қилаверди. Шундан кейин Асқар ота унга алоҳида эътибор билан разм солган эди, кўзига жуда ёш кўринди.
— Нечага кирдинг, қизим?
Баҳри Асқар отага ер остидан бир қараб, сўнг жавоб берди:
— Ўн саккизга кирсаммикин, кирмасаммикин, деб ўйланиб юрибман.
Оқсоқол, Асқар ота бу саволни нима учун берганини фаҳмлаб, тушунтирди:
— Eринг диймизу, лекин у йигитга ҳали теккан эмас, сўз берган, холос... Урушга кетаётганда нима дегансан, Баҳри?
«Агар сиздан бўлакни десам, душмандан ортган ўқларингиздан бирига кўксим нишона бўлсин». Шундоқдеганмисан?
Баҳри қизариб, жавоб бермади. Асқар отанинг назарида, Баҳрининг бу сўзи гул кўтариб, ашула айтиб оҳ чекиб, зўр келганда ҳатто пича кўз ёши тўкиб арз қилинадиган, лекин анчайин қаршиликка учраса чок-чокидан сўкилиб кетадиган муҳаббатнинг эмас, гулсиз, кўз ёшисиз арз қилинадиган ва қаршиликка учраган сайин камол топадиган муҳаббатнинг ифодаси эди. Биринчи хил муҳаббат тилда, иккинчи хил муҳаббат дилда бўлади. Биринчи хил муҳаббатдан гул билан кўз ёши олиб ташланса, чунончи, парранда муҳаббатидан фарқ қилмайди. Парранда билан инсон орасида қанча фарқ бўлса, биринчи хил муҳаббат билан иккинчи хил муҳаббат орасида ҳам шунча фарқ бор. Асқар ота шу сўзларни кўнглидан ўтказди-ю, Баҳрига нисбатан кўнглида мавж урган меҳрини ифодалайдиган бирон калима ҳам сўз тополмай, фақат:
— Умринг узоқ бўлсин, қизим! — деди.
Уй эгаси дастурхон ёзар экан:
— Умридан шунча узоқ бўлгандан кейин, худо хоҳласа умри узоқ бўлади, - деб сўз ўйини қилди.
Кимдир «пиқ» этиб кулиб юборди. Нима гап эканини англай олмаган Асқар ота ўзидан-ўзи қаттиқ хижолат тортди. Оқсоқол буни фаҳмлаб, тезроқ уни хижолатдан чиқаришга шошилди.
— Қишлоғимизда Умри, Умринисо деган бир хотин бор эди, шуни айтаётибди, — деди.
Асқар ота бу жавобга қаноат қилмай:
— Ким ўзи у, қанақа хотин? — деди.
Унинг саволига оқсоқол ҳам ва бошқа ҳеч ким ҳам жавоб бермади. Оғир жимлик чўкди. Шундай жимлик чўкдики, бу хилдаги жимлик айтгани тил бормайдиган, эслашни кўнгил кўтармайдиган бирон даҳшатли фожиага учраб ҳалок бўлган кишининг номи бехосдан тилга олинган вақтда бўлади. Жимлик узоқ давом этди. Бунинг сирини англай олмаган Асқар ота яна сўз қотгани истиҳола қилди.
Собирахон қўйнидан бир даста қоғоз чиқариб оқсоқолга берди ва секин:
- Бўтабой ака раёнга кетган эканлар, шуни бериб қўясиз, — деди. — Биз отам билан дарё бўйига бормоқчимиз.
Бу киши Маърифатхон опанинг қабрини зиёрат қилмоқчи эканлар, бирга бориб келайлик, дедилар. Қайтишда тушолмасмиз...
Маърифатхон номи айтилиши билан суҳбатга яна жон кирди. Аёллардан икки киши булар билан бирга борадиган бўлди. Булардан бири қишлоқ мактабининг қоровули ва фарроши — Қумринисо деган нимжонгина бир хотин, иккин-чиси - фронтча ишлайдиган ёшлар бригадасига яқинда бригадир бўлган йигирма беш ёшлардаги Рисолат деган норғул бир жувон эди. Рисолатнинг эри аскарликка 1942 йилнинг баҳорида кетган ва ўшандан бери гоҳ Ленинободдан, гоҳ Олмаотадан хат ёзар экан.
Жўнагани отланаётган оқсоқол:
— Собирахон, Баҳрини ҳам олиб боринглар, ўйнаб келсин, - деди.
Баҳри боргиси келса ҳам, ниманингдир андишасини қилиб турган экан шекилли, бу гапни эшитиб гўё қанот чиқарди. У, ҳаммадан бурун отланиб, йўлга чиқиб турди.
Жўнашди.
Баҳри хийла олдинда Рисолат билан бирга борар ва отнинг қадам ташлаши мақомига ашула айтар эди.
Асқар ота Собирахон билан Қумринисодан ҳам кейинда, отни ўз майлига қўйиб, хаёл суриб борар эди.
Одамлар шундайки, бор нарса аста-секин йўқолса ҳам пайқайди, лекин йўқ нарса аста-секин пайдо бўлса пайқамайди. Асқар ота ўйлаб қараса, хотинлар суҳбатида сира бўлмаган экан ва бугунги суҳбат кўзини очиб юборибди: кўзини очиб қараса, ўз қишлоғида, бўлак жойларда кўргани, билгани хотинларнинг нимадан иборат эканликларига яхши разм солмаган ва уларнинг камолотини пайқамаган экан. Эндиликда «мунглуғ», «муштипар» сингари сўзлар қовушмай қол-ган, бу хотинлардан ҳеч бири қилаётган ишига, касби-корига сабаби тирикчилик деб қарамайди. Буларда қандайдир бир ички дард бор. Шундай ички дард, кундалик тирикчилик-дан юксакроқ бир сабаб бўлмаса ҳеч қандай қонун, ҳеч қандай шахсий манфаат буларни бу хилда ишлашга мажбур қилолмайди.
Собирахон отининг бошини тортиб:
— Ота, жуда хаёл суриб қолдингиз? — деди.
Асқар ота унга етиб олди.
— Йўқ, қизим, хаёл сураётганим йўқ... ҳали гапимиз чала қолди. Эрингизнинг ўша хатига жавоб қайтардингизми, йўқми?
Собирахон мийиғида кулиб:
— Шунақа, — деди, — «бетингизни ювмасдан ухлаб ётган боланинг бетидан ўпдингиз» дебдилар. Бу гап жон-жонимдан ўтиб кетди. Йиғладим. Ўтириб хат ёздим. Бу билан ҳам аламдан чиқмай, хатни кўтариб Комила холамнинг олдиларига арзга бордим. Ҳамма гапни айтдим, ёзган жавобимни ўқиб бердим. У киши ўртоғимнинг хатини эшитиб кулдилар, менинг жавобимни эшитиб койидилар, «Иссиқ-иссиқ хатлар ёзиб юриб, бирдан совуқ хат ёзсанг кўнгли шамоллаб қолмайдими!» дедилар, хатимни йиртиб ташладилар. Жаҳлимдан тушганимдан кейин бундай танамга ўйлаб қарасам, бечора ўртоғимдан унчалик қаттиқ гина қилишнинг ҳожати йўқ экан... «Уруш деганда бизнинг қулоғимизга гумбурлаган товушлар эшитиладию, кўзимизга қон кўринади; бирон қўрқоқ милтиғини ташлаб қочди деган хабарни эшитсак, «хоин» деймиз қўямиз, лекин у хоинни жанг майдонида ярадор бўлиб ётган ёки олға интилиб, шу пайтда шеригининг ёрдамига муҳтож бўлган жангчининг кўзи билан кўролмаймиз.
Худди шунга ўхшаган «қишлоқ» деган вақтда ўртоғим урушга кетмасидан бурунги қишлоқни кўз олдига келтиради; эрга хиёнат қилишни «кўнгил хушлиги» деб, бузуқликка қадам қўйиш деб билади, лекин жанг майдонида минг бир ажалга чап бериб олға бораётган эрининг юзига оёқ қўйиб «кўнгил хушлиги» қиладиган макиённи бизнинг кўзимиз билан, юрт қайғусида ҳамма нарсани унутган, азоб чекаётган оғир ва жуда оғир меҳнатда тасалли топаётган кишиларнинг кўзи билан кўра олмайди. Кўра олмайди!»
Собирахон «кўра олмайди» деган сўзни писанда қилиб эмас, афсусланиб айтди.
— Сизга ҳали Умри тўғрисида гапиришди, — деди Собирахон сўзида давом этиб, - йўқ, унинг тўғрисида ҳеч ким гапирмади, гапиргиси келмади. Ўрни келмаганда мен ҳам гапирмас эдим. Мен ҳам бу хотиннинг номини яна бир киши эшитишини хоҳламас эдим. Эрим бунақа хотинларни бизнинг кўзимиз билан, ҳеч бўлмаса ана у Баҳрининг кўзи билан кўра олганда, менга бу хилда хатлар ёзмас эди.
Асқар отанинг кутганига қарши Собирахон сўзида давом этмади, афтидан, у хотин ҳақида энди гапирмоқчи эмас эди. У нима тўғридадир ўйлар, ихтиёрсиз бўлса керак, аллақандай ҳазин куйни бурни билан куйлаб борар эди. Асқар ота ўнг томонда бораётган Қумринисога қаради. Қумринисо бу қарашга ўзича маъно бериб қизаргандай бўлди ва жилмайиб:
— Иши йўқ ит суғоради, отажон, — деди.
Унинг хижолат тортгандай бўлишидан Асқар ота Умрининг бу хотинга бирон яқинлиги бор гумон қилиб:
— Умри сизнинг нимангиз бўлади? — деб сўради.
Кумринисо ялт этиб Асқар отага қаради, бир нима демоқчи бўлиб икки-уч оғиз ростлаганидан кейин:
— Менинг ҳеч нимам бўлмайди, Рисолатдан сўранг, — деди.
Булар гап билан бўлиб, хийла орқада қолиб кетишди.
Рисолат билан Баҳри эса аллақачон юлғунзордан ўтиб, йўл бўйидаги кўчма қумтепада теварак-атрофни томоша қилиб, кутиб туришар эди. Юлғунзордан ўтилгандан сўнг Собирахон от қўйганича қумтепага чиқиб кетди. Бунинг кетидан Асқар ота билан Қумринисо ҳам чиқди. Бу ердан узоқ адир этагида ярқираб турган дарё кўринар, қаердандир ўрдакларнинг ғағиллаши эшитилар эди. Ҳамма жим, теварак-атрофдаги манзаранинг гашти билан маст эди.
Булар қумтепадан тушиб, талай йўл юргунча ҳам жим боришди. Ниҳоят, Асқар ота ҳеч ким гапирмагани, ўзи ҳам бошқа гап тополмагани учун:
— Қизим, Рисолатхон, Умри сизга нима бўлади? – деб сўради.
Рисолат аввал Қумринисога, кейин Собирахонга қара-ди, икковининг ҳам юзида табассум кўриб:
— Менга-ку ҳеч нарса бўлмайди, бир ўзи ҳам Собирахонга, ҳам Қумринисо опамга кундош бўлмоқчи деб эшитганман, — деди.
Аския кетди. Бу аския шундоқ эдики, булар гўё йўлда тушиб ётган бир парча жирканч латтани чўпга илиб, «ма, рўмолчанг» деб бир-бирига отаётир.
Кула-кула ҳамманинг дармони қуригач, Рисолат кулги ёшларини артиб деди:
— Тоза ҳайрон бўларсиз-а, отахон! Бизнинг қишлоқда Ғаффоржон деган, қўй оғзидан чўп олмаган, бунинг устига ҳеч кими йўқ бир йигит бор эди. Уни ҳамма, ҳаммадан кўра ҳам мен яхшироқ билар эдим. Ҳамма билганики, Ғаффоржон бир йилдан ортиқроқ селпога мудир бўлиб турди; мен яхшироқ билганимки, биз ҳаммаҳалла эдик. Шу йигит бирдан уйланиш тараддудига тушдию. бир ҳафтанинг ичида тўй ҳам бўла қолди. Келин «муқоваси» тузуккина, лекин хийла ўзига бино қўйган довруқлик Умри деган бир қиз экан. Булар тўққиз ойга яқин бирга туришган бўлса, шу давр ичида Ғаффоржонни кўрган эркак кишининг ғаши, хотин кишининг раҳми келар эди: хотини ҳар бир оғиз сўзи, ҳар бир босган қадами билан «сенга текканимга шукр қил» деб тургандай бўлар эди. Буни Ғаффоржоннинг ўзи ё пайқамас, ё пайқаса ҳам «нозаниннинг нози» деб билар эди. Шу хилда олти ойча умр қилишгандан кейин нима бўлдию, Ғаффоржон селпонинг мудирлигидан бекор бўлди. Шундан кейин орада ўтган яқин уч ой мобайнида булар икки-уч мартаба қўйди-чиқди бўлишди. Қиз ҳар сафар ўзининг қишлоғи Довруққа кетиб қолар, яна пайдо бўлар эди. Ғаффоржоннинг феъли маълум бўлгани учун кўп киши айбни Умрига қўйиб юрар эди, лекин Ғаффоржон аскарликка кетаётганда Умри шундай дод солдики, «айб Умрида» деганлар тилини тишлаб қолди. Агар муҳаббат шундай кезларда тўкиладиган кўз ёши билан ўлчанса, юзта Ширину юзта Лайлининг муҳаббати буникига урпоқ ҳам бўлмас эди. «Жудолик» деган сўз бино бўлгандан бери бунақа кўз ёшини кўрмагандир... Ана йиғию мана йиғи!
— Ўзини паровоз тагига ташламоқчи ҳам бўлган, — деди орқада келаётган Баҳри.
— Ҳа, ўзини ўлдирмоқчи ҳам бўлди. Хайр, орадан уч-тўрт ой ўтди. Бир куни мен уйда сал тобим қочиб ётган эдимб бехосдан Умри кириб келди. Эри бор пайтда салом берсангиз, «бекор айтибсан» деганга ўхшаб Алик оладиган одам, жуда ширин сўз бўлиб ҳол-аҳвол сўради, ҳовлимни супуриб берди, ҳатто бошимни уқалаб қўйди. Ичимда «ёлғизлик кор қилибди-да» деб қуя қолдим. Анча гаплашиб ўтирдик. Шундан кейин тез-тез кирадиган бўлди. Мен ҳам ундан хабар олиб турадиган бўлдим. Кисқаси, хийла иноқ бўлиб қолдик. Умри қишлоғимизга келганидан бери биронта ўртоқ орттира олмаганига ҳайрон бўлиб юрар эдим. Иноқ бўлганимиздан кейин бунинг сирини билдим. Унинг учун оламда ўзига тенг одам йўқ, у билган одамлар ё ўзидан паст, ё ўзидан юқори; ўзидан паст одамни оёғи билан кўрсатар, ўзидан юқори одамнинг эса оёғига йиқилар экан. Бирон одамнинг ўзидан паст ё баландлигини эса унинг уйида нечта гилами борлиги ёки неча кишига сўзи ўтиши билан ўлчар экан... Баҳорда дала ишлари жуда қизиб кетдию, мен бир ҳафта уйга келолмадим. Бир ҳафтадан кейин келсам, Умри йўқ — Довруққа кетибди; шу кетганича яқин бир ойдан кейин келди. Қарасам, тўқими ўзгарган: қошларида ўсма кўзларида сурма, икки чаккада гажак, лабида кўк хол… бўйнини дока билан боғлаб олибди. «Нима қилди, томоғинг оғридими?» десам, «ешик қисиб олди» деб хир-хир кулади. Қўлида Ғаффоржондан келган хат бор экан, нима дейишимни билмай, хатни қўлидан олдим. У ҳам индамади, ўқидим. Ўқисам... бечора Ғаффоржон! Шундай хат ёзибди, шундай гапларни ёзибдики, кўзларимга ёш келди... Рисолатнинг кўзига ҳозир ҳам ёш келди.
- Бир жойда нима дебди денг: «Куним битган бўлса-ю, ўқ тегса «Онажон!» деб йиқилармикинман, «Умрихон!» деб йиқилармикинман?»
Асқар ота беихтиёр отига қамчи берди, яна бошини торт^ Унинг кўз ўнгидан бутун олам йўқолиб, фақат икки наг. қолди: қонсираб оқаришган ва ғойибона сўнгги бўса олии чоғланган дудоқ, дока билан боғланган томоқ...
Рисолат давом этди.
- Шундан кейин мен унга рўйхуш бермай юрдим. Шундай бўлса ҳам, ҳали уни баҳона қилиб, ҳали буни баҳона қилиб кириб юрди. Бу хариш отдай мунча менга сурканаверади деб юрсам, бунинг тагида гап бор экан. Унинг зар билан тикилган жуда чиройли бир тўпписи бор эди. Довруққа бир борганимда шу тўппини амакиваччам Аминжоннинг бошида кўриб қолдим. Зимдан суриштирсам, бола бечора ургимчак уяга тушиб қолибди: Умри «мен сени қизлигимда яхши куриб қолганман, қарамаганингдан кейин сенга ўчакишиб эрга теккан эдим, ҳозир эримдан чиққанман», дебди. Аминжон, ўзи ёш бўлса ҳам, жуда пишиқ, оғир, ғайратли бўдганлиги учун колхозга раис қилинган, унинг колхози Довруқда биринчи эди. Мен унга Умри тўғрисида билганларимни зйтдим, сўзимнинг охирида «ўз эрига вафо қилмаган хотиндан вафо кутма» дедим. Шундан кейин у анча вақг Умри билан кўришолмади, чунки йиғим-теримни олганидан кейин Фарҳодга кетиб, қиши билан ўша ерда қолиб кетди. Орада ўтган бу гапни Умрига билдирмай юрдиму, бир куни қийшанглаб кирганида жўрттага «Умрихон, тўй қачон?» деб сўрадим. Умри бир оқарди, бир қизардию мени қучоқлаб йиғлади. «Хўп, ишондим, Аминжонни яхши кўрар экансан, эрингга нима жавоб қиласан?» десам, «бир ярим ойдан бери хат келмайди, барибир яхши кўрмас эдим» деди. «Eрингдан бир ярим ойдан бери хат келмаса ҳам, ҳар қалай, ўлганлиги маълум эмас, эл-юртга нима дейсан?» дедим. Умри менинг бу гапларимни ўзаро маслаҳат деб тушунди, шекилли, югуриб уйидан бир қоғоз олиб чиқди. Бу қоғоз бировнинг номига ёзилган қорахат экан. «Ҳа?» десам, «Шуни ўчириб ўзимнинг номимни ёзсаммикин?» деди.
Асқар ота тўсатдан отнинг бошини тортди, тизгинини ташлаб, иккала қўлини кўтарди.
- Илоҳи омин! - деди. Ҳамма тўхтаб унга қаради. Унинг кўзларидан оппоқ соқолига қатра-қатра ёш томар эди. - Илоҳи омин! Шу аёлнинг кўзи оқиб тушсину, Ғаффоржон соғ-саломат келиб, уни кўча-кўйда етаклаб юрсин. Худоё худовандо, шу ёшга кириб даргоҳингдан ҳеч нарса сураган эмас эдим...
Гапиргани ҳеч кимда мажол йўқ эди. Отлар уз-узидан аста-секин юриб кетди.
- Хўш, ундан кейин нима бўлди? - деди Асқар ота тизгинни қўлига олиб.
Рисолат «гапирайми, йўқми» дегандай ҳаммага бир-бир назар ташлади, ҳеч кимдан садо чиқмагандан сўнг давом этди.
- Менинг, албатта, Аминжон Умрини олигллигига сира кўзим етмас эди. Шундай бўлса ҳам бўйдоқнинг ақли икки кўзида бўлади, деб Умрининг чин башарасини унга кўрсатмоқчи бўлдим. Бу ёш йигит, дунёда муҳаббатни ҳар қандай қулфга тушадиган калитга айлантириб олган хотинлар ҳам борлигини билиб қўйсин, дедим. «Қорахат тўғрисида ўзи билан маслаҳат қилгин, эринг борлигини яширганинг билан Аминжон билар экан», дедим. Умри унинг Фарҳоддан келишини сабрсизлик билан кутиб юрди, келганини эшитган куниёқ, ўзига оро бериб, йўлга тушди-ю икки кундан кейин лунжини боғлаб келди; гап сўрасам, тишим оғриб қолди, у-бу деб мужмал жавоб берди. Гапнинг мужмаллигидан «ора очиқ бўлибди-да» деб қўя қолдим. Орада нима гап ўтганлигини Аминжон ҳам айтмади. Буни бир неча кундан кейин унинг қалин ўртоғидан эшитдим. Унинг айтишига қараганда, Умри ҳалиги қорахатни кўрсатиб, менга айтган гапини гапирган экан, Аминжон: «Хўп, эрингни ўлдига чиқарасан, унинг ёру дўстлари йиғилади, гап-сўз бўлади, шунда бир чеккада ёлғондан йиғлаб ўтириш қўлингдан келадими?» деб сўрабди. Умри ҳеч пинагини бузмай «Келади!» дебди. Аминжон бу гапни ўртоғига жуда куйиб-пишиб, сўкиниб гапирибди, лекин Умрига нима деганини айтмабди. Лунжига туширган бўлса керак. Ҳар қалай, шундан кейин Умри мени кўрганида кўчанинг у юзига ўтиб кетадиган бўлиб қолди. Шунақа қилиб орадан олти ойча ўтгандан кейин қишлоғимизнинг бошига мусибат тушди. Бир куни кўчада кетаётсам, Умри бир бош узум кўтариб келяпти; мени узоқдан кўриб чақирди, «Мана буни қаранг, мана буни кўринг!» деб бир қоғозни кўрсатди. Қарасам, Ғаффоржон нобуд бўлганлиги тўғрисида унинг номига келган қорахат. Бунга ишонишимни ҳам билмай, ишонмаслигимни ҳам билмай: «Қалбаки эмасми, ўзинг қилганинг йўқми?» деб сўрадим. Қалбаки эмаслигига ишонганимдан кейин: «Хайр, ниятингга етибсан, эрингга ўқ тегиб, ўзи айтгандай «Умрихон» деб йиқилганда сен қаерда, нима қилиб ўтирган эдинг?» дедим.
Умри афтимга қараб безрайиб турибди. «Eринг кетаёт-ганда стантсияда тўккан кўз ёшларингдан пичасини олиб қўймаган экансан-да», дедиму хатни кўтариб колхоз правлениесига бордим. Ўша куни кечқурун катта-кичик йиғлади, йиғи-сиғи бўлди, Умри йўқ, ҳеч ким, бирон киши «Умри қани?» деб сўрамади. Унинг кирдикорини мен биламан, ундан мен жирканаман деб юрсам, бутун қишлоқ билар экан, бутун қишлоқ жирканар экан. Шундан кейин одамларнинг ичидагиси юзига чиқиб, Умри яккамохов бўлиб қолди, орадан кўп ўтмай Довруққа кўчиб кетди; Довруқда ҳам туролмабди, онасидан қолган уйни буздириб, ёғочини сотмоқчи бўлган экан, ҳеч ким олмабди. Бу ёғочлар ҳали-ҳали чириб ётибди. Шу билан Умри беном-нишон йўқолди. Қумринисо сўз қотди:
— Аламон қувган ўғри аламонга қўшилиб, «ушла, ушла!» деб қочгандай, Умри қишлоғимизнинг кўрки бўлган хотин-қизлар тўғрисида ҳар хил бўҳтонлар тарқатар эди.
— Ҳа, одамлар унга қўлини бигиз қилишини билади-да, шунинг учун «бир мен эмас, ана у ҳам, бу ҳам шунақа» дегиси келар эди.
— Олтин ўтда билинади, - деди Собирахон, - уруш тамом ҳам бўлар, ўйин-кулги учун тўпланганимизда бу кунлар эртакдай бўлиб ҳам қолар... Сув кетар тош қолар, ўсма кетар қош қолар.
Қумринисо Собирахонга кўз қисиб:
— Ўйин-кулгимизнинг боши Баҳрихоннинг тўйи бўлади, - деди.
Баҳри лабидаги табассумни яшириш учун бош бармоғи билан бурнини қашлади; сўнгра, гапни чалғитмоқчи бўлиб, ирғайлар, ёввойи жийдалар орасидан оқаришиб кўринаётган дарёни кўрсатиб:
— Ота, дарёни худо яратишга яратиб қўйиб, ўзи ҳам қўрқиб кетгандир-а? — деди.
Асқар ота завқ қилиб кулди.
— Сен ҳали денгизни кўрганинг йўқ, қизим! Худо хоҳласа, куёвинг билан бирга кўрасан.
— Сиз кўрганмисиз, ота?
— Йўқ, кўрганлардан эшитганман. Уруш бўлмаганда кўрар эдим. Сен ҳам кўрар эдинг. Кўп нарсани кўрар эдик. Энди кейинроқ кўрамиз.
Булар юлғун, қамиш, ёввойи жийда, чангал, ирғай ва бошқалардан иборат бўлган тўқайдан чиқиб, каттакон сойликка тушаётганда Собирахон сойликнинг нариги юзидаги тўқайни кўрсатиб:
— Ана, Маърифатхон опам шу ердалар, — деди.
Сойлик дарёнинг баҳорги тошқин вақтидаги изи бўлиб, «Кичик дарё» номини олган, кичик дарё пайдо бўлганда ҳалиги тўқай оролга айланар экан. Қирғоққа яқин ерда тўрт қозиқ устида каттакон бир қайиқ турар эди. Тўқайга яқинлашганда Асқар ота ва ундан кейин бошқалар ҳам отдан тушди, Асқар отанинг назарида бундаги ҳар бир дарахт, ҳар бир бута мотамсаро, баҳорда япроқ чиқарганда ҳам қора япроқ чиқарадиган ва ҳозир «енди келдингизми, Асқар ота» деб тургандай кўринар эди. Булар, отларини пастда қолдириб, катта-кичик харсангларни оралаб ўтган сўқмоқтсан кичикроқ бир майдонга чиқишди. Майдоннинг бир чеккасидаги кекса мажнунтол остида бир-бирига суяб қўйилган иккита қора тоштахта сағана шаклини олиб турар эди. Асқар ота бориб сағананинг бош томонига чўкка тушди ва баланд овоз билан Қуръон ўқиди. Хотинлар оёқ учида бориб майдонча атрофига махсус қўйилган харсангларга ўтиришди. Асқар ота фотиҳа ўқиб бўлгандан сўнг, ўрнидан туриб тошни тавоф қилди. Ўнг томондаги тошга араб алифбесининг қадимги имлосида йирик қилиб «Маърифатхон жаннатмакон» деб ёзилган ва ҳижрий билан «1335» деб таърих қўйилган эди. Ҳар иккала тошда бундан бошқа ҳам араб, лотин ва ҳозирги алиф-беда ёзилган ёзувлар кўп, буларни зиёратчилар пичоқ, тош ва бошқа нарсалар билан кўп машаққат тортиб ёзганликлари кўриниб турар эди. Нўноққина бир рассом ўша вақтда аскарлар кийган қалпоқнинг суратини ҳам солибди:
— Бу ерни ким обод қилган? Бу оғир тошларни ким олиб келган? — деди Асқар ота ва ўзига-ўзи жавоб берди. — Қим олиб келарди? Бу ерга мени ким олиб келди? Шундай одамлар ҳам бўладики, туғилганда ҳеч ким севинмаган бўлса ҳам, ўлганда бутун юрт аза тутади. Қизим, Баҳри, шундақами? Шундоқми, Собирахон?
Оролни Рисолат яхшироқ билар экан, ҳаммани олиб юриб томоша қилдирди. Орол тўрт-тўрт ярим танобча келар эди. Маърифатхон отиб ўлдирган Сангин қўрбошининг гўрини кўришди. Гўр оролнинг шимол томонида, дарё бурилиб оқадиган ердаги жар ёқасида бўлиб, одамнинг белидан келадиган бир чуқурликдан иборат эди.
Зиёратчилар тўқайдан чиққанда, куни бўйи осмонни қоплаб ётган кул ранг булут кунботиш томонидан ёрилиб, ботиб бораётган қуёшнинг шуласи дарёни қип-қизартиб юборди. Рисолат оловдек ёниб турган уфққа қараб:
— Эртага ҳаво очиқ бўлади, — деди.
Зиёратчилар отланиб жўнашди. Кўчма қумлар орасида буларга овчилар етиб олди. Овчилар жуда хурсанд, ҳар қайсиси бир нечадан қуён, ўрдак олиб бормоқда эди.
Чорраҳада Рисолат, Баҳри ва Қумринисо улар билан хайр-лашди. Асқар ота ҳар қайсисининг пешонасидан ўпиб дуо қилди.
Қишлоққа қоронғи тушганда етиб келишди. Собирахон овчилар инъом қилган икки қуён ва уч ўрдақдан бир қуён ва икки ўрдакни Асқар отага берди. Асқар ота Собирахон ва овчиларга миннатдорлик билдириб жўнади.

1944
 
Giyos/FORUM » ERKIN MAVZU » MUTOLAA (Mashxur va qiziqarlilari) » Xotinlar (hikoya). Abdulla Qahhor
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:
Flag Counter