Среда, 04.12.2024, 13:17
Hush kelibsiz Mehmon | RSS

O'jar (hikoya). Abdulla Qahhor - Giyos/FORUM

[ Yangi izohlar · Qatnashchilar · Forum qoidasi · Izlash · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
O'jar (hikoya). Abdulla Qahhor
GiyosДата: Среда, 09.10.2013, 10:35 | Сообщение # 1
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
Абдулла Қаҳҳор. Ўжар (ҳикоя)


Ул тута от қуйруғиндан, «бўл узун соч» деб қўя,
«Тек нега бошда тугул?» Танқидга муҳтож деб қўя.
А. Тўқай

Қутбиддиновга овчи ошнаси иккита тустовуқ инъом қилди. Тустовуқлар тозаланиб, тузланаётганда Қутбиддиновнинг феъли айниди, яъни биронта шинаванда улфат билан бирпас дилкашлик қилғуси келди. Унинт қўшниси Заргаров яқин бир ой бўлади, чоракам бир литр хушбўй винони думба-жигар билан ичгани асраб юрар эди, семиз тустовуқнинг дарагини эшитиб: «Хайр, қўй сўйсак, яна вино топилар», деди.
Бу икки улфат аҳёнда мана шундай дилкашлик қилган-ларида суҳбат бошдан-оёқ икки мавзудан четга чиқмас эди: бири — шу кетишда шаҳаримиз яна эллик йилдан кейин қандай бўлар экан; иккинчиси—сўнгги вақтларда фан ки-шиларни ёшартириш тўғрисида нега индамай қўйди?
Қутбиддиновнинг ўғли Суяр овқатдан кейин пионерлар саройига кетган эди, соат олтидан ўтиб бораётир — дараги бўлмади. Шу важдан Қутбиддинов суҳбатнинг бошланишида жиндай ташвишманд бўлганиданми, бу сафар мавзу шаҳарнинг келажаги, фаннинг жимиб кетгани эмас, бола тарбияси бўлиб қолди. Заргаровнинг ҳам ўғли бор. Икки ота ҳозирги тарбияни хўп мақташди. Заргаров узун сўздан хулоса чи-қариб, «мен ёшлигимда шундай тарбия кўрган бўлсам, ҳозир ерда туриб ойда чорвачилик қилар эдим», деди.
— Мен ҳам, — деди Қутбиддинов,— мен ҳам кўп ҳикматлар кўрсатар эдим. Лекин биродар... Қани, ичайлик! Ауф... Лекин, биродар, ҳар ёмоннинг бир «аммо»си бўлиши керак, ҳар яхшининт бир «лекин»и. Ҳозирги тарбия яхши. Ҳеч шубҳасиз яхши! Лекин камчилиги йўқми? Бор, албатта, бор! Масалан, болаларга шахмат ўйнатишни олайлик. Боланинг мияси шундай мияки, чунончи... бизнинг молия тили билан айтганда, алоҳида параграф!
— Оҳ-оҳ-оҳ! Отангизга раҳмат! Камол топинг, дўстим! Мен ҳам худди мана шуни айтаман, деб турган эдим. Шундоқ, дўстим, бола деганингизнинг мияси... Ие, сиз нега оқичмадингиз?
Фикрлар бир жойдан чиқиб, икки танқидчи кўп мамнун бўлишди. Суҳбат яна ҳам жонланиб кетди. Ҳозирги тарбияни олиб шахматга урилди, шахматни олиб тарбияга; икковининг ҳам дабдаласи чиқарилди. Қутбиддинов рюмкаларни яна тўлдирди, вилка билан иягини қашлаб давом этди:
— Шахматнинг яна бир зарари шуки, агар ғирром одам билан ўйнасангиз, асабингиз бузилади. Ўттиз тўртинчи йилда Бобожонов билан ўйнаган эдим, ғирромлик қилиб шоҳимни олиб қўйди. Шоҳимни бер, мен сенга бўлак нарса берай, десам кўнмади, чўнтагига солиб қўйди. Жаҳлим чиқиб қолган экан, шоҳсиз ўйнай бердим, барибир қолдирдим. Шундан бери ўйнамайдиган бўлиб кетдим. Нима кераги бор? Хўш, ана қолдирдим, нима бўпти?
— Шуни айтинг, поезддан қолиптими?
Соат саккизда ўтганда Суяр келди. У, эшикдан жуда ҳовлиқиб кирган эди, буларни кўриб шашти қайтди; секин ичкариги уйга кириб кетаётганида Заргаров кўриб қолди.
— E, э, йигитча! Қани, бу ёққа келинг-чи! Ҳў, баракалла, мулла Суяр! Отасини суярми, онасини суярми, а? Ё иккалаларини ҳам суярми?
Қутбиддиновнинг оталик меҳри жўш уриб кетди. Суярнинг бошидан, юзидан ўпди, қучоқлади.
— Албатта, отасини суяр-да, а, ўглим? Бизнинг ўғил кўп яхши-да: биров билан уришмайди, папирос чекмайди, онасидан отасини яхши кўради, шахмат ўйнамайди...
Суяр ўзининг қувончини тантана билан эълон қилди:
— Бугун инструкторимизни қолдирдим, дада!
— E, ана энди! Кўп бемаъни иш қилибсиз-да, ўғлим! Шахмат ўйнамагин, демабмидим? Қара, бурнингдан сув оқяпти, миянг суюлибди!
Суяр бўшашиб кетди.
— Шахмат ўйнагандан эмас,— деди бурнини артиб, — кеча ўзингиз ариқдан кўзойнағингизни излатдингиз...
Қутбиддинов лабини бурди.
— Кўзойнак изласа бурундан сув оқар эмишми? Минг лаънат! Бор, уйга кир, дарсингга қара!
Суяр таъби хира бўлиб, кириб кетди. Қутбиддинов ўғлининг ноқобиллигидан, андишасизлигидан қаттиқхафа бўлди; наҳот отаси шахмат ўйнамагин деган бўлса-ю, ўйнаса; ўйнаганини яна, айниқса меҳмоннинг олдида, бу қадар тантана билан эълон қилса. Заргаров кўп болалар шунақа эканлиги ва Суяр эслик бола бўлгани учун бу хилдаги қусурларини йўқотиш қийин эмаслигини айтиб, ранжиган отанинг кўнглини кўтарган бўлди.
— Менинг ўғлим-чи, бундан ҳам баттар. Мен унга тоғ инженери бўлгин десам, «йўқ, дада, билмайсиз, мен учувчи бўламан» дейди. Ха-ха-ха... вой, итвачча-ей, мен билмас эмишман!
Икки танқидчи болаларнинг оталарга гап қайтаришла-рини, отачарнинг сўзларини баъзан ерда қолдиришларини ҳозирги тарбияда бўлган энг катта камчиликнинг натижаси ҳисоблашди ва буни ҳар куни, ҳар соатда кўриб турганлари ҳолда бунга қарши жамоат фикрини қўзғагудай бир иш қилолмаганлари учун ўзларини ҳам айблашди.
— Мен шу тўғрида газетага бир мақола ёзсамми деб ҳам ўйлаган эдим,— деди Заргаров, — лекин келиштиролмасман деб қунт қилмадим. Чала-чулпа ёзиб бировнинг олдига «шу тўғрими?» деб боргани номус қиламан. Ростини айтсам, эллик олтига кириб ҳам бировдан ақл ўрганишни ўзимга эп кўрмайман. Энди, мен сизга айтсам, биз бировга ақл ўргатсак тузук. Нима дедингиз?
— Албатта. Лекин мен ҳам мақола ёзишга йўқман, биродар. Энди биз-ку, ўтдик, болаларимиз ҳам биздай бўлмасин денг. Бунинг учун болаларга ҳар хил адабиётлардан ўқитиш керак. Бу тўғрида ҳам ҳозирги тарбия ўчоқларимизнинг бепарволиги бор. Чунончи, мен у куни ўглингизни имтиҳон қилиб кўрдим. Мазаси йўқ! Ҳатто Салтиков билан Шчедрин, деган машҳур ёзувчиларни бир-биридан фарқ қилолмайди, иккови битта одам дейди. Кула-кула ўлибман. Сизга айтаман деб эсимдан чиқибди.
Заргаров «ўғлим аълочи» деб ҳеч кимга сўз бермас эди, Қутбиддиновнинг бу кулгиси уни тамом ўлдирди.
— Рости билан шундай дедими? Адабиётдан ҳам аъло баҳо олган эди-ку.
— Адабиёт муаллими ошнангиздир.
— Бе, Салтиков билан ким дедингиз ҳали, Шчедринми? Шуни билмаса мен қулоғини таги билан суғуриб оламан. Қутбиддинов ҳамон кулар эди.
— Билмайди, баҳазур суғуриб ола беринг, азбаройи худо, иккови бир одам дейди.
Кугбиддиновнинг меъёрдан ортиқ кулгиси Заргаровнинг ғашини келтирди. Нима бўлиб унинг оғзидан «менингўғлим билмаса, сенинг ўғлинг ҳам билмайди» деган мазмунда сўз чиқиб кетди. Қутбиддинов ҳам ўзининг ўғлига ишонтанлити учун, Заргаровнинг бу бўҳтонига дарров, иссиғида зарба бергиси келди.
— Ҳозир, ҳозир,- деди,- Суяр! Ҳо, Суяр! Бу ёққа чиқ, ўғлим! Э, ётганмидинг? Майли, бу ёққа ўтир. Бизга бир нарсани ҳал қилиб бер: Салтиков катта ёзувчими, Шчедрин катта ёзувчими?
Суяр гоҳ отасига, гоҳ Заргаровга қарар ва ҳайрон эди.
— Йўқ, сиз саволни нотўғри қўйдингиз,— деди Заргаров. — Бундай: Салтиков илгари ўлганми, Шчедрин?
— Иккови битта одам-ку!— деди Суяр, нима гап эканини билолмай.
Заргаров қийқириб кулди, чапак чалди ва бунга ҳам қаноат қилмай ўрнидан туриб ўйинга тушди. Қутбиддинов дўқ урди:
— Салтиков билан Шчедрин-а? Ким айтди сенга?
— Ўзим биламан, китобда бор.
— Китобда бор? Шахматни кўпроқ ўйна, итвачча!
Қутбиддинов бола бечорани хўп уришди. Заргаров Қутбиддиновни ўлардай калака қилиб тоза аламини олди, бунинг ҳам оғирлиги Суярга тушди. Суяр йиғлаб юборди.
— Ундоқ демагин, ўғлим,— деди Заргаров бирпас жимликдан кейин,— даданг бир нарса дегандан кейин дарров «хўп, билмабман» дейишга ўрган. Яхши эмас.
— Нотўғри айтсалар-чи?
Икки танқидчи ялт этиб бир-бирига қаради ва бу қарашда икковининг ҳам кўнглидан бир гап ўтди: «Бола ҳам шундай ўжар бўладими?» Суяр ичкарига кириб кетди. Қутбиддинов эртагаёқ Суярнинг мактабига бориб катта ғалва кўтармоқчи бўлди. Заргаров мактабдан ҳам кўра пионерлар саройига боришни маъқул кўрди. Анчадан кейин Суяр каттакон бир китоб кўтариб чиқди:
— Мана,— деди портретни кўрсатиб,— мана, Салтиков-Шчедрин!
Қутбиддинов «бу ўжар бола ҳамон ўзиникини маъқул қилмоқчи» деб жуда ғазабланди, аммо меҳмоннинг олдида ўзини тийди. Заргаров портретнинг остидаги ёзувни ўқиб, худди қанотли туя кўргандай ажабланди ва китобни секин Қутбиддиновнинг олдига сурди. Қутбиддинов портрет ва унинг остидаги ёзувга узоқ тикилди, сўнгра кўзойнагини секин қулоғидан бўшатар экан:
—Ҳим...—деди,— Салтиков-Шчедрин! Кўрдингизми, ўша вақтдаги ёзувчилар ҳам соқол қўйган экан...
Жимлик чўкди. Суяр индамай ичкарига кириб кетди. Шу ерда ҳикоя ҳам тамом, чунки унинг мантиқий давоми ғалаба қозонган Суярнинг бу икки танқидчидан ўч олиши бўлар эди. Суяр буни лозим топмади.

1939
 
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:
Flag Counter