Четверг, 12.12.2024, 01:08
Hush kelibsiz Mehmon | RSS

Dumli odamlar (Hikoya). Abdulla Qahhor. - Giyos/FORUM

[ Yangi izohlar · Qatnashchilar · Forum qoidasi · Izlash · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Dumli odamlar (Hikoya). Abdulla Qahhor.
GiyosДата: Среда, 09.10.2013, 10:27 | Сообщение # 1
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
Абдулла Қаҳҳор. Думли одамлар (ҳикоя)


Республикамизга чет элдан келадиган баъзи туристларга тушуниб бўлмайди.
Мелибой ака, пенсионер, партизан

Жияним туристлар идорасида ишлайди, ўтган шанба куни уйга келиб: “Бу йил турист кўп, одам етишмаяпти, шаҳримизда икки кун тўхтайдиган бир меҳмон бор, қарашиб юборинг”, - деб қолди.
Пенсияга чиққанимга энди саккиз ой бўлган, ҳали пенсияхўрликка ўрганганим йўқ, зерикканимдан кампиримнинг ишларига аралашавериб уни ҳам, ўзимни ҳам хуноб қилиб юрган эдим, жиянимнинг илтимосига дарров кўндим. Мен ўн бир йил шу идорада кичик бир лавозимда туриб, пенсияга шу ердан чиққанман.
Шу ўн бир йил давомида қулоғимга кирган калималар ўрнашиб, ундан бир сўз, бундан бир сўз чўқиб, тилга ҳавас пайдо қилганимда эса идора хизматчиларининг ёрдами билан китоб таталаб инглиз тилини унча-мунча билиб олдим. Инглиз тилига мойил бўлганим, албатта, тасодифий эмас, болалигимда Американинг таърифини кўп эшитганман: ана осмонтешар иморатлару, ана осма кўчалару…
Душанба куни янги банорас авра тўн ва яшил бахмал дўппимни кийиб идорага бордим. Жиянимнинг кабинетида озғин, тепакал, кўзлари оч одамнинг кўзидай ялтираб турган қирқ беш ёшлардаги бир кимса ўтирган экан. Мен тахминан “меҳмон шу бўлса керак” деб инглизча салом бердим. Меҳмон қайрилиб қаради, бирдн, худди кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган бир жониворни кўргандек, ҳайрон бўлиб секин ўрнидан турди, саломимга алик олишни ҳам эсидан чиқариб, менга бошдан-оёқ разм солди; мен ўзбекми эканимни, инглизчани қаерда ўрганганимни сўради; саволларига жавоб берганимдан кейин тўнимни, дўппимни ушлаб, соч-соқолимни тортқилаб кўрди. Жияним менга кўз қисиб “қўяверинг” дегандек ишора қилди.
Жияним мени таништиргандан кейин меҳмонни меҳмонхонага олиб бордим. Унга икки хоналик жуда яхши номер олиб қўйилган экан. Меҳмон номерни кўздан кечирди, ярқираб кўзни қамаштираётган жиҳозларни бирма-бир ушлаб, силкитиб, тирноқлаб, ҳидлаб кўрди. Мен бунга чандон эътибор қилмадим, чунки боя идорада инглизча гапирган ўзбекнинг ўзбеклигига ишонмай унинг либосини ушлаб, соч-соқолини тортқилаб кўрган кимса, ҳозир ўзбек меҳмонхонасидаги яхши жиҳозни қалбаки гумон қилса не ажаб! Чет элда ҳозир ҳам Ўзбекистонни мутлақо билмайдиган, ўзбекларни ҳануз кетига пўстак боғлаб, имо ишора билан гаплашадиган қабила деб ўйлайдиган одамлар бор-ку!
Меҳмон ўрнашди. Тушликдан кейин кўчага чиқдик. Меҳмон меҳмонхонанинг пештоқига соя солиб турган қари чинорни кўрсатиб:
- Жуда яхши дарахт экан, инқилобдан кейин экилган бўлса керак? – деди.
Чинорнинг бирон юз эллик йил умр кўрганлиги кўриниб тургани ҳолда меҳмоннинг бу гапи менга малол келди. Бу одам идорада нима учун соч-соқолимни торқилаб кўрган бўлса, ҳозир айни шу мақсадда,. Яъни қанчалик рост гапиришимни билмоқ учун дилимни титкилаб кўрмоқда эди. Жиним қўзғади-ю, мен ҳам уни чўпга илиб ўйнагим келди.
- Ҳа, инқилобдан кейин экилган, - дедим ва бир оз туриб, меҳмон мени “аравача” қилганига ўзида йўқ хурсанд бўлиб гердайиб турганида илова қилдим, - биринчи инқилобдан анча кейин экилган, - дедим.
Меҳмон тушунолмади.
- Сизларда икки марта инқилоб бўлганми? – деди шошиб. – Биринчиси қачон бўлган? Қанақа инқилоб?
- Бундан юз йилча бурун, - дедим. – Мен русларнинг келишини биринчи инқилоб деб биламан.
Меҳмон бошқа гап сўрамади, фотоаппаратини ғилофидан олиб, йўл-йўлакай унга-бунга тўғрилади, лекин биронта ҳам сурат олмади. Бирдан кўчанинг ўртасида чимматсиз паранжи ёпинган бир кампир пайдо бўлиб қолди. Кампир худди шаҳарнинг ҳокимидай ҳеч кимни, ҳатто милитсиянинг ҳуштагини ҳам писанд қилмай ҳассасини катта-катта ташлаб келмоқда эди. Меҳмон югуриб кўчанинг ўртасига чиқди, кампирни қаршилаб чўккалади, уни рўпарадан, ёнбошдан, орқадан бир неча марта суратга олди: сураткашликда ўта жон куйдирганидан ўпкаси оғзига тиқилиб, ўтиргани жой излаб қолди. Паркка бошладим. Қаҳвахонага кирдик. Бир паёла қаҳвадан кейин меҳмон ўзига келиб, қўйин дафтарини олди, ундаги планга узоқ қараганидан кейин:
- Шаҳрингизнинг бошқа диққатга сазовор жойларини эртага кўрамиз, бугун менга Рексуллоҳи Ансорийнинг мақбарасини кўрсатсангиз бас. Мақбара шу атрофда бўлиши керак, - деди.
Рексуллоҳи Ансорий… Болалигимда Рексбува деган ном қулоғимга кирган, ўша вақтда паркнинг мана шу ўнг қанотидаги тепалик – ҳозирги театр биноси тушган жой – гўристон бўлиб, унинг қоқ ўртасида Рексбува деган мозор – даҳма бўлар эди. Бир оз ташвишга тушдим: борди-ю, Рексуллоҳи Ансорий дегани бирон мўтабар зот бўлса, буни узоқ юртдан келган бир сайёҳ билса-ю, биз билмасдан мақбарани бузиб ташлаган бўлсак… Бундан хунуги борми! Бирон найранг ишлатиб бу ноқулай аҳволдан чиқиш йўлини кўзладим, лекин ўйлаб-ўйлаб “енг яхши ҳийла – тўғрилик” деган қарорга келдим-да, Ансорий тўғрисида билганларимни айтиб:
- У киши шаҳримиз тарихида қандай ўрин тутган эканлар? – дедим.
Меҳмон саволимга жавоб бера олмади. Шундан кейин ўлкамизда жаҳонга машҳур бўлиб ўтган бир қанча кишиларнинг номини айтиб, меҳмонни “чақмоқлаб” кўрдим. Йўқ, меҳмон бу одамлардан биронтасини, ҳатто Ибн Синони ҳам эшитмаган экан.
Рексуллоҳи Ансорий ким, унинг нима фазилати ё касрати борлигини билмаган ҳолда бу одам нега унинг номини кўтариб юрибди, нега унинг мақбараси керак бўлиб қолибди – шунга қизиқдим. Меҳмон бу ҳақда берган саволларимга жавоб бермасдан илжайиб туриб-туриб, тўсатдан:
- Думли одамларни кўрганмисиз? – деди.
Меҳмон гапнинг сархонасини янгиламоқчи деган ўйда кулиб қўя қолдим.
Бироқ қаҳвахонадан чиқиб, театр биносининг атрофини айланиб юрганимизда меҳмон буткул жиддий бир тарзда яна думли одамлар ҳақида сўз очди. Узун сўзидан хулоса чиқариб, ер юзидаги халқлар тараққиёт зинасининг турли босқичида, бирон босқичда турган халқ орасида ўтган босқич кишилари кўриниб қолса, бунга табиий бир ҳол деб қараш керак, деган фикрни айтдим. Меҳмон бу гапнинг туб маъносига тушуниб етмади.
Кўчага чиқдик. Меҳмон яна Ансорийдан гап очди. Шунда кўнглимга бир гап келди: бу одам ўша Ансорийни думли одамлар тоифасидан деб ўйламасмикан?
Худди айтганим чиқди. Меҳмоннинг отаси илгари ўртачароқ бир ширкатнинг бошлиғи бўлиб, ширкат сингандан кейин умрининг охирини антропологияга бағишлаган, ундан кўп қўлёзмалар, жумладан мана шу қўйин дафтари қолган, шу дафтар ва бошқа ҳужжатларда айтилишига қараганда, Рексуллоҳи Ансорий думли одамлар тоифасидан экан. Яна бир мўтабар кимса Рексуллоҳи Ансорий мақбараси атрофида ҳозир ҳам думли одамлар яшамоғи эҳтимолдан холи эмас, деган экан.
Жоним халқумимга келди. Лекин ўзимни босдим. Шу атрофдаги ҳамма кўча ва тор кўчаларни кезиб чиқдик. Мен қаёққа бошласам меҳмон юрмайди, тескари томонга йўл олади: тез-тез тўхтаб ҳаммага, хусусан атлас кўйлак кийган хотинларга орқадан зеҳн солади, афтидан, думли одам қидиради. Меҳмон билан гаплашиш эмас, унинг афтига қарагим келмас эди.
Кайфиятимни билинтириб қўймаслик учун ноилож сўз қотдим:
- Жаноблари ота касбини ушлабдилар-да? – дедим.
- Йўқ, мутлақо, - деди меҳмон. - Мен журналистман!
- Антропологияга қизиқмасангиз, сизга думли одамнинг нима кераги бор?
- Менинг газетамга керак! – деди меҳмон. – Ҳеч бўлмаса биронта думли одамнинг суратини олиб борсам дейман. Жуда шов-шув бўлар эди… Ёрдам ваъда қилолмайсизми?
Мен ўйлаб кўрмоқчи бўлдим. Меҳмон жуда қувониб кетди. Овқатдан кейин меҳмон дам олгани ётоғига кирди. Мен бутун заҳримни жиянимга тўккани идорага бордим. Жияним воқеани эшитиб кулди, мени жаҳлдан туширди. “Юрагингизни кенг қилинг, тоға, йўловчи ҳар бир ҳурган итнинг кетидан қува берса, манзилга қачон етади, деган бор, сизнинг вазифангиз меҳмонни истаган одами билан гаплаштириш, истаган ерига олиб боориш. Бундан ташқаи бу одам сизга омонат, омонатга хиёнат қилмасдан, қўлимга соғ-саломат топширишингиз керак”, - деди. Жаҳлимдан тушдим.
Кечқурун меҳмонни консертга олиб бордим. Меҳмон залга кириши билан яна ўша муддаода одамларга ҳар томондан разм сола бошлади, беқасам тўн кийган бир мўйсафиднинг кетига тушди. Хайрият, чироқ ўча қолди-ю, бориб жойимизга ўтирдик.
Меҳмонга консертга қизиқмади, мудраб ўтирди, аломат бир ўйин бўлаётганда ҳатто хуррак отиб юборди. Шунинг учун консертнинг иккинчи бўлимига қолмадик, эртага учрашадигаб бўлиб, меҳмонхона олдида хайрлашдик. Эртасига келишим биланоқ меҳмон: “Кечаги гапимиз нима бўлди, ёрдам берасизми?” деб сўради. Мен бу ҳақда ҳеч бир қарорқа келмаганлигимни айтдим. Шундоқ бўлса ҳам меҳмон ёрдам беришимга амин эканлигини билдириб, олдиндан ташаккур маъносида елкамга қоқиб қўйди ва театр атрофидаги хонадонлардан биронтасини кўришга орзуманд эканини билдирди.
Мен унинг муддаосини фаҳмладиму, ўша томонларга олиб бордим ва орқа кўчадаги рўпара келган ҳовлига бошладим. Меҳмон аппаратини бўйнидан олди ва ҳаяжон ичида остонадан ҳатлади. Кирган эшигимиз ҳозир участка деб аталадиган оддий, лекин мевазор, гулзор, ниҳоятда дидли, ҳавасли одамларнинг ҳовлиси экан. Ўрта ёшлардаги бир хотин сариқ луччак шафтоли тераётган экан, бизни кўриб шотидан тушди, сўрашди, елиб-югуриб супага жой қилди, дастурхон ёзди. Бир неча хил шафтоли келтириб қўйди. Меҳмон гоҳ менга, гоҳ хотинга қарар, гоҳ унинг орқа этагига разм солар эди. Хотиннинг ўғли врач, келини ўқитувчи, ҳозир иккови ҳам ишда экан. Меҳмон ҳафсаласи совиб, фотоаппаратини бўйнига осди-ю, аламини шафтолидан олди, умрида бунақа шафтолини кўрмаган бўлса керак, роса еди. Шу чоқ унинг кўзи деворнинг тагида қунишиб турган касал жўжахўрозга тушди. Унинг оёқлари узун, бўйнининг пати тўкилиб қип-қизил гўшт бўлиб қолган, ўзи ниҳоятда ориқ эди. Меҳмон дарров қўлини артди, фотоаппаратини бўйнидан олди, жўжахўрозга жуда яқин бориб чўккалади: жўжахўроз бошини кўтариб ҳайрон бўлиб турганда бир неча марта суратга олди. Чой кўтариб келаётган хотин “вой, суратга оламан десалар яхши товуқларимиз бор, бу касал эди-ку” деганича қолаверди.
Аччиғим келди, лекин мумкин қадар мулойимлик билан:
- Жўжахўрознинг сурати ҳам газетага керакми? – деб сўрадим.
Меҳмон жавоб бермади, “кетдик” деб ишора қилди. Хотинга ташаккур изҳор қилдим.
Кўчага чиқдик.
Меҳмон бу ҳовлига, хотиннинг меҳмондўстлигига шубҳа билан қаради шекилли, хотиннинг меҳмондўстлигига шубҳа билан қаради шекилли, бир неча ҳовлига ўзи бош тиқди. Мен ҳам қўйиб бердим, орқасидан кирмадим, чунки унга таржимон керакмас, одамларнинг орқа этагига разм солишдан бошқа иши йўқ…
Самоварда ўтириб, бирпас дам олдик. Меҳмон кўзимга хунук кўрина бошлади: ким айтади, буни осмонтешар иморатларни кўрган, осма кўчаларда юрган одам деб! Диққат бўлдим. Папиросни аллақачонлар ташлаб юборган эдим, шу топда битта сўргим келди-ю, папирос олган магазинга кирдим. Билмадим, магазинда қанча туриб қолдим экан, қайтиб чиқсам меҳмон йўқ. Бирпас кутдим, кейин юрагим ҳовлиқиб, у ёқ бу ёққа қарадим. Қидирдим. Йигирма-йигирма беш минутнинг ҳар бири биттадан сўғ тишимни суғуриб олгандек бўлиб ўтди. Бу касофат бирон ҳовли ёки бирон кўчага кириб, гумонсираган одамига “думингни кўрсат” деса, бунақа ҳазилни биров кўтаради, биров кўтармайди… Бир соатдан ортиқ қидирганимдан кейин автоматдан жиянимга телефон қилдим, воқеани айтдим. Жияним товушидан ташвишда қолгани сезилиб турса ҳам, менга тасалли берди ва “йўқотган жойингиздан узоққа кетманг”, - деди. Самоварда яна бир неча минут ўтирдим. Нариги кўчадаги мачитнинг ярми қулаган мезанасига кўзим тушди. Бу касофат шунинг суратини олгани бормадимикин? Ўша ёққа бордим. Мачитнинг ичини, атрофини қарадим, одамлардан сўроқладим – йўқ. Самоварга қайтай деб турганимда ён кўчадан карнай-сурнай, қийқириқ билан икки машина куёв-навкар чиқиб қолди. Олдиндаги машинада лунжини шишириб сунрай чалаётган сурнайчининг ёнида туриб, беўхшов ўйинга тушаётган олабайроқ тўн кийган бир кишига кўзим тушди, синчиклаб қарасам – меҳмон! Суюниб кетдим. Югуриб бориб машинанинг олдини тўсдим. Меҳмонга ҳарчанд “туш” деб ишора қиламан, қани энди кўнса – менга қараб нуқул муқом қилади. Кайфи баланд. Машинада таниш одамлар бор экан, қўймасдан мени машинага тортиб олишди. Меҳмоннинг машинадан тушиш нияти бўлмагани учун машинани тўхтатиб жиянимга телефон қилдим.
Таниш одамларнинг айтишига қараганда меҳмон нима бўлиб тўйхонага кириб қолибди. Одамлар унинг чет элдан келган меҳмон эканини билиб тўрга ўтқазишибди, тўн кийғизишибди, ўйинчилар уни ўйинга тортишибди.
Келиннинг уйига келдик, зиёфат зўр бўлди, ўйин-кулги жуда қизиди. Меҳмон бу ерда ҳам анча ичиб қўйди. Шу ердаги доcтор болалар менинг ташвишда қолганимни пайқаб, меҳмонни ҳушига келтириб беришди. Меҳмон ҳушига келганидан кейин яна айниди: яна думли одам қидириб ҳаммага зеҳн сола бошлади. Шундан кейин “сиз овора бўлманг, жаноб, думли одамни эртага ўзим топиб бераман” дейишга мажбур бўлдим. Меҳмон мени ўпди, саломатлигимга устма-уст икки рюмка отди…
Eрталаб меҳмонхонага келсам меҳмон ланж бўлиб ётибди, ланжки, ҳеч айтгулик эмас. Шундоқ бўлса ҳам, лаънати, кўзини очиши билан кечаги ваъдамни сўради. Мен уни пастга олиб тушиб, аччиқ чой ичирдим, нордон нарсалар егиздим, ичкилик заҳри бироз синиб таъби очилганидан кейин думли одам деб бекор овора бўлиб юрганлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Меҳмон хафа бўлди.
- Сенинг ҳукуматинг бутун мамлакат устига темир парда тортган! – деди.
Бунга гап уқтириш, қоронғу уйга кесак отгандек гап эди. Шунинг учун ён берган бўлиб, ёлғондан ўйлаб қолдим-да, чуқур хўрсиниб:
- Шуни билар экансиз, нима қиласиз мени қийнаб? – дедим.
Меҳмон чеҳраси очилиб яна ёлворди:
- Мен сизга битта думли одамни қафасга солиб бер, олиб кетаман деяётганим йўқ.
Узоқдан қорасини кўрсатсангиз бас, менинг аппаратим икки километрдан олади!
У десам у деди, бу десам бу деди – ҳеч бўлмади, ниҳоят “сени думли одамларга йўлатиш қўлимдан келмайди, хатарли, ҳоҳласанг аппаратингни бер, биладиган, удда қиладиган ишончли кишига айтиб, биронта думли одамнинг суратини олдириб бераман” дейишдан бошқа чора қолмади. Меҳмон хурсанд бўлиб, аппаратини қўлимга тутқазди. Ўзи ланж бўлгани учун тушгача ётиб дам олмоқчи эканини айтди. Мен тушдан кейин келадиган бўлиб қайтдим. Тушдан кейин келсам, меҳмон ҳануз ланж, ётган экан, лекин аппаратини тегишли одамга топширганимни, у киши бутун лентани думли одамга тўлдириб беришни ваъда қилганини эшитиб ўрнидан туриб кетди.
- Лекин шарти бор, - дедим, - омонатингизни фақат кетадиган вақтингизда, самолётга чиқаётганингизда беради.
- Эртага, эртагаёқ жўнайман! – деди меҳмон.
Келишувга мувофиқ шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўргани чиқдик. Кун қайтгунча юриб, кўп тарихий ёдгорликларни кўрдик, тўғон-кўлга бордик, шаҳримизнинг кўрки бўлган янги кўчалар, майдонлар, хиёбонларни кездик, музейларга кирдик. Меҳмоннинг бирон нарсага қизиққанини, бирон жойда тўхтаб, бирон нарсага қараганини кўрмадим. Ҳамма нарсага ўшшайиб қарар, қаёққа в анима учун кетаёрганини, нима қилиб юрганини ўзи ҳам билмас, афтидан, кунни кеч қилишдан бўлак муддаоси йўқ эди.
Маданият ва истироҳат боғига кирдик. Меҳмон ҳеч бўлмаса шу боққа, хусусан гулу гулзорга қизиқар деб ўйладим, чунки шаҳримиз бу боққа жуда бино қўйган. Йўқ, гулзорга меҳмон қайрилиб ҳам қарамади, унинг диққатини жалб қилган бирдан-бир нарса боғнинг бир чеккасидан оқаётган анҳор бўлди. Бунинг нимасига қизиқди экан деб қарасам, лой сув қирғоқдан тошгудек бўлиб, шох-хашак ва яна алланима балолар оқиб келаётибди. Биров суғориш мақсадида тўғон солган, сув тўғонни уриб кетган бўлса керак. Меҳмон ифлос сувга худди сичқонни кўриб қолган мушукдек бутун вужуди билан қарар, чамамда фотоаппарати ёнида бўлмаганидан афсусланар эди; боғдан чиқиб меҳмонхонага томон кетаётганимизда эски-туски йиғиб юрган эшак аравани кўрганида ҳам худди шу ҳолга тушди.
Меҳмонхона кўчасига қайрилганимизда меҳмоннинг газетасига қўл келадиган яна бир ҳодиса рўй берди: шу кўчадан ғизиллаб чиққан “Москвич” каттакон бир сариқ итни уриб ўтди. Ит вангиллаб икки-уч юмалади, туришга интилиб туролмади, ётиб типирчилади. Меҳмон гоҳ бошини кўтаришга уриниб, гоҳ оёқларини силкиб жон бераётган итга яқин бориб, беихтиёр чўкка тушди ва аппарат излаб ёнини пайпаслади.
Меҳмон эртасига жўнайдиган бўлди. Думли одамлар сурати олинган фотоаппаратни қора қоғозга ўраб аеропортга олиб чиқдим ва қўйнимдан бир чеккасини чиқариб кўрсатдим. Меҳмоннинг кўзлари ёниб кетди. Хилватга бордик. Меҳмон аппаратини олиб катак сумкасига жойлади-ю, чонтагидан бир даста пул чиқарди.
- Сизнинг ҳақингизни ўзим билиб бераман, - деди, - у киши билан неча пулга гаплашгансиз?
- Пул тўғрисида ҳозир гаплашмаймиз, - дедим, - аввал суратларни чиқариб кўринг, ана ундан кейин ўзингиз нарх бичиб юборарсиз.
Меҳмон яба миннатдорчилик бирдирди. Самолётга чиқди, самолёт Тожикистонга қараб йўл олди. Ким билади, меҳмон юртига боргунча сабри чидармикин. Тожикистондаёқ лентани чигарар, чиқарса думли одамлар ўрнида ўзини кўради: мен аппаратни мактаб тўгарагига қатнаб, фото ишида машқини роса қилган кичик ўғлимга бериб, “меҳмон икковимиз шаҳар айланамиз, сен кетимиздан юргин, қаерда чап оёғимни кўтарсам, меҳмоннинг якка ўзини суратга олаверасан”, деган эдим. Бир қанча жойда, жумладан, меҳмон анҳор бўйида, эски-туски йиғиб юрган эшак арава ёнида ва жон бераётган итнинг устида турганида чап оёғимни кўтарган эдим. Ўғлимнинг ўзи ҳушёр бола, ғалати-ғалати пайтларни топган бўлса керак. Мен бу нарсани жиянимга айтмадим, айтсам ҳам уришмаса керак, чунки меҳмонга озор берганим йўқ, ниҳояти юзига ойна тутдим.
 
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:
Flag Counter