Воскресенье, 28.04.2024, 01:09
Hush kelibsiz Mehmon | RSS

Магнит билан даволаш. Индуктотермия. Баротерапия. Ултратовуш - Giyos/FORUM

[ Yangi izohlar · Qatnashchilar · Forum qoidasi · Izlash · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Giyos/FORUM » DARSLARIM » Fizioterapiya va SHJT » Магнит билан даволаш. Индуктотермия. Баротерапия. Ултратовуш (Аэрозолтерапия. АЭРОИОНОТЕРАПИЯ. ГИДРОАЭРОИОНОТЕРАПИЯ.)
Магнит билан даволаш. Индуктотермия. Баротерапия. Ултратовуш
GiyosДата: Понедельник, 19.09.2011, 04:58 | Сообщение # 1
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
Юқори частотали ва юқори кучланишли токлар электродлар атрофида магнит, электр, электромагнит майдонларни ҳосил қилади ва улар орқали организмга физиологик таъсирини кўрсатади. Ҳосил бўладиган майдонлар энергияси организмга чуқур кириб бориб, у ерда жойлашган тўқималарда мураккаб физик-кимёвий ўзгаришлар пайдо қилади.
Асосан 5 турдаги юқори частотали ва юқори кучланишли ўзгарувчан токлар қўлланилади :
1.Дарсонвлизация – юқори кучланишли (10-100 кв), кичик кучли (10-15 ма) ва юқори частотали (100-400 Гц) импульсли ток.
2.Франклинизация – юқори кучланишли (50 кв) ўзгармас электр майдони.
3.Индуктотермия – юқори частотали (13-56 мГц) магнит майдони.
4. УВЧ терапия -ультра юқори частотали (40, 68 мГц) электр майдони.
5.СВЧ(микротўлқин) терапия- ўта юқори частотали (237,5 мГц ва 461,5 мГц) электромагнит майдони.
Сўнги йилларда электр, магнит, электромагнит ўзгармас ва ўзгарувчан майдонлари даволаш мақсадларида муваффақият билан қўлланилмоқда.

Дарсонвализация

Дарсонвализация - юқори кучланишли (20 кВ гача), кичик кучли (0,015 – 0,02 мА) ва юқори частотали (110 кГц) импульс токлар билан даволаш усулидир. Бу ток турини биринчи марта француз олими Д.Арсонваль таклиф қилган. Д.Арсонваль токлари терига электроддан тушиб турадиган майда-майда учқунлар билан, ҳамда бу учқунлардан ҳавода пайдо бўладиган ионлар ва кимёвий моддалар (озон, азот-оксид ва бошқалар) билан таъсир кўрсатади. Бу беморда игна санчилиш хиссиётини уйғотади, айни вақтда иссиқлик сезилиши пайдо бўлади.
Муолажаларни ўткзишда “Искра” аппаратидан фойдаланилади. Бунда 7 хил шаклдаги шиша вакуумли электродлардан фойдаланилади ва асосан икки хил усул қўлланилади, яъни лабил ва стабил.
Д.Арсонвль токлари теридаги рецепторларнинг сезгирлигини пасайтириб, томир ва сфинктерларнинг спазмини йўқотувчи таъсир кўрсатади. Улар тўқималар трофикасига таъсир этиб, тўқималарда модда алмашинувини кучайтиради.
Кўрсатмалар : юрак неврози, веналарнинг варикоз кенгайиши, гипертония, климактерик бузилишлар, қуруқ экзема, тери қичиши, невралгия, соч тўкилиши, трофик яра ва жарохатлар, ануснинг ёрилиши, геморрой, пародонтоз, сурункали гингивит, вазомотор ринит, эшитиш нервининг неврити ва ҳ.з.
Қарши кўрсатмалар : токни кўтара олмаслик, ёмон сифатли шишишлар, қон кетишга мойиллик, миокард инфаркти, истерия в ҳ.з.

Индуктотермия

Бу юқори частотали магнит майдони билан даволашдир. Индукта – тўплаш, термо – иссиқлик,яъни иссиқликни тўплаш маъносини билдиради.
Аппаратга уланган юқори вольтли кабель ўрамлари атрофида юзага келадиган магнит майдони бемор танасида индукцион токлар – Фуко токлари пайдо бўлишига олиб келади. Бу токларнинг ҳосил бўлиши тўқималарнинг қизишига олиб келади. Иссиқлик асосан электрни яхши ўтказувчи тўқималарда, яъни қон, лимфа, паренхематоз органлар тўқимаси, мушакларда ҳосил бўлади. Иссиқлик тўқима ичкарисида (6-8 см) ҳосил бўлади, тери ва тери ости клетчаткасида камроқ. Индуктотермия ўрта ҳисобда маҳаллий ҳароратни 3-4 градусга оширади, камида эса 1-1,5 градусга. Ҳароратнинг кўтарилиши тўқималарнинг периферик ва чуқур қисмида қон айланишни кучайтиради, ферментлар алмашинуви жараёнларини тезлаштиради. Индуктотермия таъсир қилган жойда суяк тўқималарида кальцийнинг йиғилиши ортади. Тўқималарнинг битиши ва регенерациясининг тезлашиши кузатилади. Буйрак усти бези пўстлоғининг глюкокортикоид функциясини стимуллайди, катехоламинларнинг секрецияси ошади. Сўрилиш жараёнлари тезлашади, организмнинг иммунологик хусусияти яхшиланади, фагоцитознинг фаоллиги ортади, томир, ичак, бронхлар, сфинктерларга антиспазматик таъсир кўрсатади. Муолажа ИКВ-4, ДКВ-2 аппаратлари ёрдамида ўтказилади. Бунда электрод вазифасини бажарувчи индуктор диск ва индуктор кабел қўлланилади.
Кўрсатма : таянч-ҳаракат аппаратининг, кичик тос органларининг, сий-дик қопининг, нафас органларининг, ҳазм органларининг, ЛОР органлари-нинг ўткир ости ва сурункали касалликлари, ўткир ва сурункали нефрит, неврит, радикулит, артрит ва артроз.
Қарши кўрсатма : терининг оғриқ ва ҳарорат сезувчанлигининг бузили-ши, серингомиелия, ўткир йирингли жараёнлар, ёмон сифатли ўсмалар, қон кетишга мойиллик, силнинг фаол шакли, юрак-қон томир етишмовчилиги, миокард инфаркти.
Тиббиёт амалиётида бундан ташқари бир йўла бир неча хил таъсир кўрсатиш усули ҳам қўлланилади. Масалан : дорили электрофорез ва индук-тотермиядан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш мумкин. Бунда иккала усул-нинг терапевтик активлиги ошади,￿￿ъни тўқималарнинг ўткзувчанлигини индуктотермия усули яхшилайди, бу эса дори моддаларининг тўқималарга ичкарироқ киришига ёрдам беради. Муолажа вақтида прокладка дори моддаси билан намланади, устига қўрғошинли электрод қўйилади, унинг устидан индуктор диск қўйилади.
Бундан ташқари, индукторбалчиқ усули кенг қўлланилади. Муолажа ўтказиш вақтида ил ёки торф балчиғидан фойдаланилади. Муолажа бошида аввал таъсир этиш соҳасига балчиқ суртилади, сўнгра унинг устига индуктор диск қўйилади. Натижада организмга балчиқдаги фойдали кимёвий элемент-лар, биологик актив моддалар киргизилади.

УЮЧ (УВЧ)-терапия

Даволаш мақсадида ультра юқори частотали ўзгарувчан электр майдонидан фойдаланилади. Ультра юқори частотали электр майдони узлук-сиз ва импульсли режимда қўлланилади. Импульсли режимда электр майдо-нининг кучли импульс сериялари ва улар ўртасидаги пауза алмашиниб туради. Ультра юқори частотали импульсли электр майдонининг организмга таъсири МНСга кучли “уришлар” ҳосил қилиш билан намоён бўлади, бу вақтинча парабиозга олиб келади. Бундай механизм МНСда димланиш жараёнларини бартараф этишга қаратилган.
УЮЧ ўзгарувчан элкетр майдони теридаги рецепторларга таъсир этмасдан чуқур кириб боради, у ердаги тўқималарда иссиқлик ҳосил бўлишига олиб келади. УВЧ майдон таъсири ток ўтказувчи суюқликда ионлар тебраниш йўналишини чақиради, диэлектрик тўқималарда ядро ва электронлар тебранишини қутб молекулалари ўрта ҳолат атрофида айланма ҳаракатни юзага келтиради. Ионлар, дипол ва қутб молекулалар ҳолатининг ўзгариши иссиқлик ҳосил бўлишига олиб келади. Иссиқликнинг ҳосил бўли-ши кўпроқ майдон қувватига ва тўқималарнинг энергияни ўзига олишига боғлиқ. УЮЧнинг иссиқсиз дозировкада қўлланилиши яққол бўлган осцилятор таъсирни чақиради. Зарядланган толачаларнинг тебранишли ҳаракатлари тўқималарнинг, айниқса коллоидларнинг хужайра ва молекуляр тузилишида физикавий-кимёий ўзгаришларга олиб келади.
УЮЧ электр майдонининг физиологик таъсири унинг дозасига боғлиқдир : кучсиз дозалари тўқималар ва органлар функциясини оширади, кучли дозалари аксинча уларнинг функцияларини сусайтириб қўяди. Масалан : кучсиз дозалар ўт (сафро) ишлаб чиқишини кучайтирса, кучли дозалари сусайтиради; кучсиз дозалари нерв регенерациясини тезлаштиради, кучлилари сусайтиради. УЮЧ электр майдонининг таъсири остида грану-ляцияларнинг ўсиши тезлашади, лейкоцитларнинг фагоцитар активлиги кучаяди, қон ва лимфа оқимининг кучайиши туфайли тўқималарнинг озиқла-ниши яхшиланади, шунга кўра тўқималар ҳар хил зарарли таъсирларга яхши-роқ бардош беради, томирларнинг ўтказувчанлиги кучаяди, бу экссудат-ларнинг тезроқ сўрилиб кетишига ва тўқималардаги шишнинг қайтишига ёрдам беради, фагоцитларнинг қондан тўқималарга чиқиши осонлашади. УЮЧ электр майдони таъсирига бош мия билан орқа миядаги вегетатив марказларнинг хужайралари, шунингдек вегетатив тугунларининг хужайра-лари сезгирдир. Бу майдон таъсири остида организмда моддалар алмашинуви кучаяди ва фаоллашади, иммунологик жараёнлар кучаяди, у яллиғланишга қарши, оғриқ қолдирувчи, антиспазматик таъсир кўрсатади. Яллиғлниш ўчо-ғида кальций ионлари сонини оширади, у ердан заҳарли махсулотларининг сўрилишини секинлаштиради, бактерияларнинг ҳаёт фаолиятини пасайти-ради.
Муолажа ўтказиш учун партотив “УВЧ-4”, “УВЧ-30”, “УВЧ-62”, “УВЧ-66” ва стационар “Экран-1”, “Экран-2”, “УВЧ-300”, “Импульс-2”, “Импульс-3”, “УВЧ-54” аппаратларидан фойдаланиб, электр майдон конденсатор пластиналар ёрдамида ҳаво бўшлиғи орқали узатилади.
УЮЧ-терапия тавсия этилганда қуйидаги ҳолатларни эсда тутиш зарур:
1.Конденсатор пластиналар яқинлашганда майдон зичлиги ошади, улар орасидаги масофа узоқлашганда майдон зичлиги камаяди ва тарқалиши ортади.
2.Агар майдонга ёд металл буюмлар тушса, у ўзига электр майдонини қаратади, яъни металл буюм атрофида майдон йиғилиши кузатилади.
3.Конденсатор пластиналарининг бурчак остида жойлашишида электр майдони бир меъёрда бўлмайди ва бир-бирига жуда яқин турса иссиқлик таъсири кўп бўлмайди.
4.Конденсатор пластиналарининг юзаси бир хил бўлмаса, у ҳолда кичик юзалида майдон зичлиги кўпаяди ва бу ерда биофизик жараёнлар ва организм реакцияси яққолроқ бўлади.
5.Конденсатор пластиналар жойидан қўзғатилса майдоннинг бир хиллиги ўзгаради.
УЮЧ-терапия касалликларининг ҳамма даврида қўлланилиши билан бошқа усуллардан афзалроқ ҳисобланади, Уни ўткир йирингли касалликларда, яллиғланиш жараёнларида, атонияларда, спазмларда, неврит, невралгияларда ва ҳ.з. тавсия этилади. Қон кетишга мойиллик, ёмон сифатли ўсма, II – III даражали юрак етишмовчилиги, аорта аневризми, гипотония, миокард инфаркти бўлса тавсия этилмайди.
Муолажа махсус тайёрланган хоналарда ўтказилади. Бу хоналарда металл буюмларнинг бўлиши мумкин эмас, деворлари ичкаридан қўрғошинли резина билан қопланади.
 
GiyosДата: Понедельник, 19.09.2011, 04:59 | Сообщение # 2
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
Ўта юқори частотали терапия (микротўлқинли, СВЧ-терапия)

Даволаш мақсадида ўта юқори частотали электромагнит тебранишлари қўлланилади. Тебранишларнинг тўлқин узунлиги 1 метрдан 1 ммгача, тебра-ниш частотаси 300 дан 30000 мГц гача. Бунда узунлиги 1 мм – 1 см келади-ган тўлқинлар (сантиметрли - СМТ) ва 10 см – 1 м келадиган тўлқинлар (дицеметрли - ДМТ) дан фойдаланилади.
Электромагнит тўлқинлар спектрида улар ультрақисқа тўлқинлар ва инфрақизил нурлари орлиғида ётади.
Микротўлқин энергияси ичкарига кириш ва тўқималар томонидан қабул қилиш хусусиятига эга.
СМТ ва ДМТ организмга бўлган таъсирида турли тўқималарда қабул қилинган энергиянинг тақсимланиши билан фарқ қилади, масалан : СМТ энергияси 5 – 6 см, ДМТ эса 7 – 8 см ичкарига киради. Тери ва тери ости ёғ клетчаткаси микротўлқинларни суст ютади, лекин сувга бой тўқималар ва муҳитлар тўлқинларни кўпроқ ютади.
Микротўлқинлар таъсирида сувнинг дипол молекулалари ва ионларнинг муҳитдаги ҳаракати юз бериб, у майдон куч чизиқлари йўнали-шига мос тушади, бу микротўлқин энергиясининг иссиқликка айланишига сабаб бўлади. Айниқса қонда, лимфада, паренхиматоз органларда, мушаклар-да ва ҳ.з. Микротўлқин энергияси таъсирига ва тўқималар томонидан уни қабул қилишга жавобан хужайраларнинг биохимик ҳолатида, коллоид тузилмаларининг дисперстлик даражасида, осмотик босимда, ичкарига киришида ўзгаришлар юз беради. Иссиқлик ва иссиқликсиз эффектларининг пайдо бўлиши таъсирнинг интенсивлиги ва тўқималарнинг қанча миқдорда энергияни қабул қилишига боғлиқ.
Заиф интенсивликдаги микротўлқинлар қўлланилганда, иссиқлик ажра-тувчи чегарадан паст бўлганда 0,01 вт/см2, биологик таъсир механизмида исссиқсизлик эффекти юқори бўлади. Катта кўрсаткичли оқимлар зичлиги қўлланилганда – микротўлқинлар қуввати 0,01 вт/см2 дан катта биологик таъсир механизмида иссиқлик эффекти юқори туради, бу кўп миқдорда сув сақловчи тўқималарда иссиқликнинг эндоген ҳосил бўлишига боғлиқдир.
ЎЮЧ – таъсир механизми нерв – рефлектор – гуморал деб қаралади. Натижада биологик актив моддалар ҳосил бўлади.
Ўта юқори частотали электромагнит майдони таъсирида таъсир этилаётган жойдаги тўқималарнинг ҳарорати ошади (катта интенсивликда бутун тана ҳарорати ошиши мумкин). Микротўлқинларнинг даволаш доза-лари оғриқ қолдириш, яллиғланишга қарши, бактериостатик таъсир, тўқима-ларнинг озиқланишини яхшиловчи, регенератив жараёнларни стимуллаш хусусиятига эгадир. Микротўлқинлар таъсири қуйидагиларда аниқланган, яъни капилляр қон айланиш тезлашган, кпиллярларнинг ўтказувчанлиги ортган. Кичик дозаларда МНСда асосий жараёнларга стимулловчи таъсир кўрсатади, буйрак усти пўстлоғининг гормонлар синтезини оширади, вегетатив нерв системси функциясининг ваготоник йўналиши кузатилади. СМТ ва ДМТ диапозонларининг фарқи қуйидагича :
-СМТ – терапияда ҳосил бўлган энергия 5 – 6 см чуқурликка, ДМТ – терапияда 7 – 8 см, баъзи ҳолатларда 10 – 12 смгача чуқурликка киради.
-СМТ – терапияда иссиқлик тўқималарнинг юза қисмида ҳосил бўлади, ДМТ – терапияда ҳам юза, ҳам ички қисмида ҳосил бўлади.
-ДМТ – терапия усули юрак-қон томир системаси функциясига таъсир этиб, миокарднинг қисқариш функциясини яхшилайди, юрак мушакларида модда алмашинувини фаоллаштиради. Периферик қон томирлари тонусини пасайтиради, натижада микроциркуляция яхшиланади.
Муолажа ўтказишда қуйидаги аппаратлардан фойдаланилади : СМТ – терапия учун – ЛУЧ-58, ЛУЧ-2, ДМТ – терапия учун – Волна-1, Волна-2, Ромашка. Электрод сифатида цилиндрсимон, конуссимон, айланасимон, тўғри бурчак шаклидаги нурлаткичлардан фойдаланилади.
Ўта юқори частотали терапия қуйидаги касалликларда кенг қўлланилади : қўл-оёқ ва умуртқа поғанаси бўғимларининг дегенератив дистрофик касалликларида (деформацияланган остеоартроз ва спондилез, товон суягининг шпораси), периферик нерв касалликларида (нейромиозит, неврит, плексит, невралгия), ревматоид артрит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси, облетерик эндоартрит, ЛОР ва аёллар жинсий органларининг яллиғланиш касалликлари, гидраденит, операциядан кейинги инфильтрат ва ҳ.з.
Муолажалар ўтказишда маълум талабларга жавоб берадиган алоҳида жойлашган ва ҳимояланган хоналардан фойдаланилади.

Магнитотерапия

Организмга паст частотали ўзгарувчан магнит майдони ва доимий магнит майдони таъсирига асосланган физиотерапевтик усул магнитотерапия деб аталади.
Магнит майдони – унинг ёрдамида ҳаракатланувчи электр зарядлар ёки токларнинг ўзаро таъсири ва боғланиши орқали амалга ошади. Магнит майдони табиий ва сунъий бўлади. Табиий магнит майдонлар ташқи ва ички, сунъий магнит майдонлар эса кучайтирилган ва кучсизлантирилганга бўлинади. Табиий магнит майдон одамзот мавжудлигини таъминлайди.
Биз доимий магнит майдонида яшаймиз – гемамагнитли, ҳамда одам организми фақат мусбат йўналишдаги шимолдан жанубга оқувчи магнит оқим таъсирига жавоб беради.
Сунъий магнит майдон токли ғалтак чўлғамлари атрофида пайдо бўлади. Магнит майдонининг энг кўп зичлиги қутблар атрофида бўлади (металлар қутблар атрофига тортилади). Магнит майдон куч чизиқлари йўналиши бўйича доимий ва ўзгарувчан, узлуксиз ва импульсли тартибда ҳар хил частотадаги, шаклдаги ва узунликдаги импульслар генерация қилиши мумкин.
Магнитланиш хусусиятига эга бўлган моддалар парамагнитли ва диамагнитли моддалар деб аталади. Парамагнит моддалар ташқи магнит майдонда у билан бир йўналишдаги магнит хусусиятларига эга бўлади. Булар асосан алюминий, кальций, кислород ва ҳ.з.
Диамагнит моддалар ташқи магнит майдонида маълум хоссаларга эга бўлмайди-ю, лекин ташқи магнит майдон билан таъсир қилмайди ва умумий магнит майдон ҳосил қилмайди. Буларга асосан оқсиллар ва таркибида олтингугурт бор органик моддалар киради.
Феррамагнит моддалар парамагнит моддаларга киради. Лекин кўпроқ магнитланиш хусусиятига даво майдондан чиққанда бу хуссият кучаяди. Бу темир, кобальтдир. Одам тўқималари диамагнит моддаларига киради. Одам тўқималарининг магнит ўтказиш хусусияти 1 га тенг.
Доимий магнит майдонининг таъсир механизми. Клиник ва синов кузатишлар билан шу нарса аниқландики, доимий магнит майдон таъсири остида биотўқималарда мураккаб физик-кимёвий жараёнлар юз беради. Қатор физик-кимёвий жараёнлар ичида магнит майдон таъсири механизмида ЭЮКни йўналтириш, ҳамда магнит майдон қатор кимёвий, физик-осматик жараёнлар биологик системаларда хужайра даражасида таъсир этади. Магнит майдон ўтказувчанлик системсида таъсир қилади, чунки магнит майдон таъсирида ориентацион ҳодисалар рўй беради ёки магнит майдонида ионлар, диполлар маълум қутбга тортилишади. Ориентацион ҳодисаларнинг ҳосил бўлиши рН ўзгаришига, мембрана орқали калий, натрий ионлари ўтишига, АТФ синтезига олиб келади. Доимий магнит майдон бўш радикал боғланишларни фаоллаштиради, жумладан, оксидланиш-қайтарилиш ходиса-ларини фаоллаштиради. Доимий магнит майдон қуввати ва атомлар қуввати, ҳамда организм тўқималари молекулалари орсидаги резонансни кўпай-тиради (резонанс кўшилади ва кўпаяди). Доимий магнит майдон моддаларда қувватнинг тақсимланишига янги маълумот беради, бу эса ўз навбатида ДНК таркибига кирувчи нуклеотидлар қуввати даражасининг ўзгаришига олиб келади.
Ўзгарувчан магнит майдонининг таъсир механизми. Ўзгарувчан магнит майдонининг таъсири доимий магнит майдонининг таъсири билан ўхшаш-дир, аммо хужайранинг электрик актив элементларини ташқи майдонга нисбатан доимий йўналтириш ўрнига, токнинг ғалтакнинг ҳар бир йўнлиши бўйича йўналтириш ўзгариб туради ва унинг атрофидаги майдонга нисбатан ҳам. Ўзгарувчан магнит майдони қуйидаги частотада, яъни 1,10,100,1000 Гцда таъсир кўрсатади. Ўзгарувчан магнит майдони энг катта таъсирини 10 Гц частотада кўрсатади.
Магнит майдони махсус ва номахсус таъсирига эга. Номахсус таъсирига седатив, анальгетик, ўртача гипотензив таъсир киради. Махсус таъсири фақат магнит майдонига хосдир. Бунга микроциркуляцияни тезлаштириш, дегидратация, осматик ва метаболик ҳодисаларга таъсир кўрсатиш киради. Магнит майдонининг махсус ва номахсус таъсири унинг экспозицияси ва интенсивлигига боғлиқ. Магнит майдон кўпроқ марказий нерв системаси, айниқса, гипоталямус, мия қобиғи, сўнгра ретикуляр форма-цияга таъсир этади. Доимий магнит майдони МНСнинг тормозланишига таъ-сир этиб, шартли рефлексларнинг ҳосил бўлишини секинлаштиради. Ўзга-рувчан магнит майдони МНСга аксинча таъсир кўрсатади, яъни симпатик ҳодисаларни кучайтиради. Магнит майдони периферик нерв системасига ўртача секинлаштирувчи таъсир этиб, нерв озиқланишини яхшилайди. Доимий ва ўзгарувчан магнит майдонлари эндокрин системаси фаолиятини яхшилайди, яъни гипофизда тегишли гормонларнинг ишлаб чиқилишини кучайтиради. Айниқса бу таъсир компенсатор ва адаптацион фаолияти пасай-ган организмларга фойда беради. Магнит майдонининг таъсири касал одам-ларга соғломларга нисбатан, қариларга нисбатан ёшларга, аёлларга нисбатан эркакларга кучлироқдир. Магнит майдонлар иммунологик реактивликнинг ўзгаришида муҳим роль ўйнайди. Иммунологик системага гипоталямус, гипофиз, лимфа тўқималари орқали таъсир қилади. Бу таъсир туфайли гормонлар ишлаб чиқариш кўпаяди, лейкоцитларнинг фагоцитар активлиги ошади, лизоцим даражаси нормаллашади, лимфоцитларнинг антитела ишлаб чиқариш вазифаси яхшиланади. Шу билан магнит майдоннинг репарация ва регенерацияга таъсири тушунтирилади. Яллиғланишга қарши таъсири кўпроқ қон ивиши ва суюлиши системаларининг ўзгариши билан тушунтирилади, микроциркуляция яхшиланади, дегидратация кучаяди ва ниҳоят ҳимоялниш қобилияти ошади. Оғриқни қолдириш қобилияти магнит майдонининг яллиғланишга қарши таъсири билан боғлиқ. Артериал қон босимини тушуради, пульсни сийраклаштиради, юракнинг қон айланишини яхшилаб, миокард қисқаришини кучайтиради. Қонда ва сийдикда 17-КСларни камайтиради. Ўртача катталикдаги қон томирни кенгайтириб, тонуси баланд бўлган қон томирини бўшаштиради. Магнит майдони қичишишни босади. Оғир ишларга чидамлиликни оширади. Микротомирларда коллоид-осматик босимни нормаллаштиради бу эса шишнинг қайтишига, кислородни тўқима-ларга ташилишига ва ишлатилишининг яхшиланишига олиб келади.
Магнит майдони терапевтик дозаларда қон элементларига таъсир кўр-сатмайди. У ташқи нафас жараёнини яхшилайди, балғам миқдорини камай-тириб, каверналар битишини тезлаштиради (сил касаллигида). Магнитлашти-рилган сувни бир кунда 1 литргача ичиш мумкин. Диурез реабсорбция паса-йиши ҳисобига кўпаяди, ўт пуфагидаги ва буйракдаги тошлар емирилади. Қон магнитланганида десенсибилизация кучайгани кузатилади. Магнит май-дони радиациядан ҳимоя қилишда қўллнилади. Ҳозирда магнитланган дори-лар ракка қарши кенг қўлланилмоқда. Магнитотерапияни фоно, электрофо-рез, УВЧ билан қўллаш мумкин, лекин кетма-кетликка риоя қилиш керак, яъни аввал магнитотерапия, кейин бошқа муолажалар қилинади.
Кўрсатмалар: касалликларнинг I – II даражалари, сурункали артериал ва веноз етишмовчилиги, посттромбофлебетик синдром, трофик яралар, атеро-склероз, юракнинг ишемик касаллиги, гипертония, ўпка сили, бронхиал аст-манинг оғир бўлмаган даражаси, таянч-ҳаракат органларининг ревматоид ва ревматик касалликлари, суяк битишининг секин кечиши, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичагининг яллиғланиши, аллергик дерматозлар, бош миянинг ва периферик нерв системасининг томир касалликлари, полиневритлар, аёллар жинсий органларининг касалликлари. Магнитотерпия учун “Полюс-1” аппаратидан фойдаланилади.

Ультратовуш билан даволаш

Даволаш амалиётида бошқа физиотерапевтик муолажалар билан бир қаторда ультратовуш билан даволаш ҳам кенг қўлланилади. Ультра товуш-лар физик муҳитда механик тебранишлар ҳосил бўлиши билан характер-ланади. Физиотерапия амалиётида ультра товушлар 800-900 килогерц частотаси кўринишида қўлланилади. Тиббий даволаш амалиётида эса 800-3000 кг равишда қўлланилиши мумкин. Даволаш жараёнида ультра товуш-ларнинг организм ичига кириши уларнинг частоталарига боғлиқдир. Қўлла-нилаётган тебраниш частотаси қанчалик катта бўлса, у шунча тўқима ичига кам киради. Масалан: частотаси 1600-2600 кг бўлган ультра товуш фақат-гина 1 см чуқурликка киради, частотаси 800-900 кг бўлган ультра товуш 4-5 см ичкарига киради. Ультра товушларнинг таъсири асосида механик ва иссиқлик омиллари ҳамда шулар туфайли организмда келиб чиқадиган физик-кимёвий ўзгаришлар ётади. Механик таъсири асосан чақиралаётган микровибрация билан тушунтирилади, бу эса тўқималарда микромассаж ҳолатини ҳосил қилади. Бунинг натижасида тўқималарнинг функционал ҳолати ўзгаради, мембраналарнинг ўтказувчанлиги ошади, диффузия ва осмос жараёнлари кучаяди, тўқималардаги ҳар хил тузилмаларнинг бир-бирига боғлиқлиги ошади. Иссиқлик таъсири ультра товушнинг бир томон-дан механик энергиясининг иссиқликка айланиши билан, иккинчи томондан биокимёвий жараёнларнинг ошиши билан тушунтирилади. Тўқималарда ҳароратнинг ортиши қон ва лимфа томирларининг кенгайишига олиб келади, микроциркуляция ошади, модда алмашинуви жараёнлари яхшиланади. Физик-кимёвий таъсири тўқималарнинг молекуляр комплексининг қайта қурилиши билан тушунтирилади. Бунда бир қатор ферментларнинг фаоллиги ортади, оксидланиш-тикланиш жараёнлари яхшиланади, тўқималарда биоло-гик актив моддалар (гепарин, гистамин, серотонин ва ҳ.з) ҳосил бўлади. Ультратовушларнинг физиологик таъсири маҳаллий ва умумий реакция-лардан, гуморал ва нейрорефлектор таъсирларидан келиб чиқади. Натижада оғриқ қолдирувчи, спазмалитик, яллиғланишга қарши таъсирлар юзага келади. Шунингдек реператив ва регенератив жараёнлар, нерв-мушак аппаратининг қўзғалиш даражаси ортади, нерв бўйича импульсларнинг ўтиши яхшиланади. Ультра товуш билан даволаш муолажаси қуйидаги аппаратлар ёрдамида ўтказилади :
-партотив - УТП-1, ЛОР-1, ЛОР-2, ЛОР-3, УЗТ-101, УЗТ-102, УЗТ-103
-стационар - УТС-1, УТС-1М.
Муолажани қўллашда қуйидаги усуллардан фойдаланилади :
-лабиль ёки контакт усули;
-стабиль усули;
Ультра товуш тарқалиб кетмаслиги учун муолажани ҳар доим мазь ёки вазелин билан ўтказилиши шарт. Бу усул ёрдамида организмга дори модда-лари киргизилиши мумкин, бу усул фонофорез ёки ультрафонофорез деб аталади. Масалан : бутадион, гидрокартизон, долгит ва бошқа дорили мазлар. Бу муолажа даволаш амалиётида жуда кенг қўлланилади, айниқса ҳозирда кенг тарқалган бўғим касалликларида.
Кўрсатмалар : таянч-ҳаракат аппарати касалликлари (артрит, полиар-трит, подагра, остеохондроз), нерв системасининг касалликлари ва жароҳат-лари, ЛОР касалликлари (тонзилит, вазаматор ренит), кўз касалликлари (конъюктивит, кератит), гинекологик ва урологик касалликлари (сальпинго-офарит, простатит), нафас олиш органлари касалликлари (бронхиал астма, бронхит), стоматологик касалликлар ва ҳ.з. Лекин шу билан бир қаторда тромбофлебит, кахексия, гипотония, қон кетишга моиллик ҳолатларида муолажани қўллаш мумкин эмас.
Аэрозольтерапия, аэроионотерапия, гидроаэроионотерапия.
Аэрозольтерапия – дори моддаларини ингаляция усули ёрдамида организмга юборишдир. Физика нуқтаи назаридан аэрозольлар 2 фазали системадир, яъни бир фазада газ ҳолатида, иккинчи фазада дисперс ҳолатида бўлади. Аэрозольларнинг таъсир даражаси юборилаётган зарраларнинг нафас йўлига қанчалик ичкарига кириши билан баҳоланади, бу эса зарраларнинг дисперслигига ёки катталигига боғлиқдир. Аэрозольларнинг 5 та дисперслик даражаси фарқланади :
-юқори дисперслик - 0,5 - 5 мкм
-ўрта дисперслик - 5 – 25 мкм
-паст дисперслик - 25 - 100 мкм
-кичик томчили - 100 - 200 мкм
-йирик томчили - 250 - 400 мкм
Нафас системасининг қайси қисми зарарланганлигига қараб аэрозольларнинг ҳар хил дисперслик даражаси қўлланилади. Масалан : альвеоллалар зарарланганда юқори дисперслик, йирик бронхлар зарарланганда ўрта дисперслик, юқори нафас йўллари зарарланганда кичик ёки йирик томчили аэрозольлар қўлланилади.
Дори моддалари ингаляция усули ёрдамида организмга кирғизилади, бунда тўқималар жароҳатланмайди, нафас олиш органи жароҳатланган ерига дори моддалари ўзгармаган ҳолда етказилади. Нафас йўллрига аэрозольлар тушиб нейро-рефлектор таъсир этади, шиллиқ қаватлари орқали сўрилиб, қонга тушади ва организмга тарқалади. Даволаш таъсири уларнинг фармако-логик хусусиятларига боғлиқдир. Дори моддалари сифатида балғам ҳайдов-чи, десенсибилизация қилувчи, бактериоцид, бронхиал ўтказувчанликни тикловчи, қон томирларини кенгайтирувчилар қўлланилади. Ингаляция ёрдамида ҳар хил организмда яхши сўрилувчи ўсимлик мойлари билан таъсир қилиш мумкин, яъни шафтоли мойи, бодом, наматак, оплепиха, мята. Эфкалит ва бошқа мойлар. Шу билан бир қаторда балиқ, мол, минерал ёғлар ҳам қўлланилади. Амалиётда қуйидаги ингаляция турлари қўлланилади :
-иссиқ нам ингаляция – бошқаларга нисбатан кенг қўлланилади, унинг
ёрдамида сульфаниламид, антибиотик ва бошқа дори моддалари организмга юборилади, шу билан бирга минерал сувлардан ҳам фойдаланилади;
-ёғли ингаляция - у асосан иссиқ нам ингаляциядан сўнг, яъни 15-
30 минутдан кейин қўлланилади;
-намли ингаляция - бу усул ёрдамида организмга ферментлар, анти-
биотиклар, гармонлар ва фетоноцидлар юборилади;
-парли ингаляция - бу усулда асосан енгил пурланадиган дори мод-
далари қўлланилади : эфкалит ёғи, ментол ва ҳ.з
-порошоксимон - жуда кам қўлланиладиган усул бўлиб ҳисобла-
ингаляция нади, чунки уни қўллаш учун махсус порошок
бўлиши керак. Унинг ёрдамида сльфаниламид,
антибиотиклар, томирларни торайтирувчи ва аллергияга қарши порошок ҳолидаги дорилар қўлланилади.

Ингаляцион терапия махсус ингалятор аппаратлар ёрдамида ўтказилади. Улар дори моддаларини мақсадга мувофиқ равишда майдалаб, қўлланиладиган катталигига яраша ҳаво ёки газ (кислород) ёрдамида беморга берилади. Пурлатиш механик йўли бўйича, яъни пульвиризаторлар ёрдамида олиб борилади. Юқори дисперслик аэрозольлар ультра товуш пульвиризатор-лари билан берилади. Аэрозоль зарралари электр заряди билан ҳам пурлатилиши мумкин, бундай аэрозольлар электр аэрозольлар деб аталади. Электр аэрозольлар дори моддаларининг фаоллигини оширади, тўқиманинг электр потенциалини кучайтиради. Организмга манфий зарядланган аэро-зольларнинг таъсири яққолдир. Уларнинг таъсирида ҳилпилловчи эпителия-нинг фаоллиги ошади, ўпканинг максимал вентиляцияси кучаяди, ўпканинг тириклик сиғими ошади, бундан ташқари улар гипотензив ва десенсибиля-цияловчи таъсир ҳам этади. Даволаш амалиётида аэрозольтерапия ўтказишда ҳароратнинг роли каттадир. Берилиш ҳарорати асосан 37,5 – 38,0 градус бўлиши керак, чунки бу ҳарорат организмнинг ички муҳитига мос тушади. Аэрозольтерапия гуруҳли ва якка тартибда ўтказилиши мумкин. Гуруҳли тартибли ўтказилишда бир хил тошхисли беморлар махсус хонага йиғилади ва дори моддалари туманга ўхшаш равишда хонага пурлантирилади. Якка тартибдаги усулда аэрозольлар беморнинг нафас олиш йўллари орқали уза-тилади. Беморларнинг фаол ва чуқур нафас олиши аэрозольларнинг чуқурроқ кириши ва бир хил равишда нафас йўлларида тарқалиши учун имкон яратади. Муолажани ўтказиш учун қуйидаги аппаратлардан фойдаланилади :
-партотив - ИП-2, АИ-1, ПАИ-1, ПАИ-2, Аэрозоль-П-1
-стационар - Аэрозоль –У-1, Аэрозоль-К-1, УИ-1
Ультра товушли пурлаткич ТУР аппарати, электр зарядлар олиш учун ГЭИ-1 аппарати, гуруҳли усулни ўтказиш учун ГЭК-1 аппарати, шу билан бир қаторда якка тартибда фойдаланиш учун ИКМ-М Снипхаллер балончи-гидан фойдаланиш мумкин.
Аэрозольтерапия асосан нафас йўли касалликларида, гипертония касал-лигида, куйиш ҳолатларида, трофик яраларни даволашда кенг қўлланилади, лекин бурун бўшлиғидаги полипларда, озена (сассиқ тумов) касаллигининг III-IV даражасида қўллаш мумкин эмас.
Беморларни даволаш аэрозольтерапия билан бир қаторда аэроионо- ва гидроаэроионотерапиядан ҳам кенг фойдаланилади. Аэроионлар атмосфера ҳавосидаги заррачалар бўлиб, ўзида мусбат ва манфий зарядни сақлайди. Табиий ҳолатларда аэроионлар қуёш радиацияси, коинот нурлари ва бошқа омилларидан ҳосил бўлади. Даволаш мақсадида асосан манфий зарядланган аэроионлар қўлланилади. Бу аэроионлар таъсирида оксидланиш-тикланиш жараёнлари фаоллашади, модда алмашинув жараёнлари кучаяди, ташқи нафас олиш яхшиланади, репорация жараёнлари фаоллашади, гипотензив таъсир қилиш хусусиятига эга. Даволаш амалиётида аэроионлар билан бир қаторда гидроаэроионлар ҳам қўлланилади. Гидроаэроионлар сувнинг парча-ланишидан ёки пурлатилишидан ҳосил бўлади. Табиий ҳолатларда гидроаэ-роионлар тоғ дарёлари олдида, шаршара атрофида, фантанлар олдида ва сув-нинг юқорига отилишидан ҳосил бўлади. Сунъий ҳолатларда гидроаэро-ионлар гидроаэроионизаторлар ёрдамида олинади. Организмга таъсири аэроионларникига ўхшаш. Бу даволаш усулларини қўллаш учун қуйидаги аппаратлардан фойдаланилади :
-Серпухов-1, АФ-3, ГАИ-4, ГАИ-Ч-6 ва ҳ.з.
Кўрсатмалар : нафас олиш органларининг касалликлари, гипертония касаллиги, ошқозон ва ўникки бармоқ ичак яра касаллиги, неврозлар, стоматит, мигрен, астеноневратик синдроми ва ҳ.з.

Баротерапия.

Баротерапия усули ёрдамида барометрик босимнинг 1 атмосферадан паст бўлган манфий босими ва 1 атмосферагача бўлган босимлар билан даволаш жараёнида қўлланилади. Баротерапия маҳаллий ва умумий усулларда ўтказилади.Маҳаллий ёки сегментар баротерапия – бу манфий (1 атмосферадан паст) барометрик босим билан махсус камералар орқали тананинг катта қисмларига (оёқ, қўл, қорин ва ҳ.з) даволаш мақсадида таъсир этишдир. Унинг таъсир механизми қон ва тўқима системаларида ҳосил бўла-диган барометрик босим фарқига асосланган.Бунинг натижасида тўқималар-нинг кислород билан таъминланиши кучаяди, хужайра мембраналарининг ўтказувчанлиги яхшиланади, АТФ биосинтези ошади, хужайралараро суюқликнинг ҳаракатланиши, қон ва лимфа айланишининг тезлашиши, тинч ҳолатда капилляр ва артериолаларнинг кенгайиши кузатилади.Шунингдек қон томирларда қон айланишага периферик қаршилик камаяди, қон томир-ларнинг ҳажми ошади, транскапилляр диффуз алмашинувининг майдони катталашади. Бундай маҳаллий ўзгаришлар турли орган ва системаларнинг функциясини бошқарувчи механизмларига ҳам таъсир қилади. Сегментар баротерапияни ўтказишда Кравченко барокамерасидан фойдаланилади. Барокамера қўл ва оёқ атрофида вакуум (паст) ёки компрессион (баланд) босим яратиш барча зарурий мосламалар билан таъминланган. Баротерапия муолажаси зарарланган тана қисми атрофида сунъий ўзгарувчан ҳаво босими ҳосил қилишга ва ҳосил бўлган босим кучини ҳар муолажада аста-секин ошириб боришга асосланган.
Баротерапия қўлланилаётганда беморнинг умумий аҳволи ҳисобга олинади, тана қисмлари учун зарур ҳарорат режими танланади (30-45 градус) тери тўқимасининг ранги ўзгариши кузатиб борилади. Тери тўқимасининг қизариши муолажанинг эффективлигини билдиради. Терининг кўкариши, оқариши, томирлар шишиши декомпрессиясини (манфий босим) пасайти-ришга ёки компрессиясини (мусбат босим) қўллашга имкон беради. Муолажа вақтида бемор иссиқликни, оёқ ёки қўл ҳажмининг ўзгаришини, таранглаши-шишни, енгил санчиқни сезади. Агарда оёқ ёки қўлда оғриқ бўлса, увушиш-ни хис қилса бу декомпрессияни пасайтиришга ёки компрессияни қўллашга имкон беради. Умумий баротерапия – бу махсус камера ёрдамида даволаш учун барометрик босим (1 атмосфера) қўлланилади. Умумий баротерапия усули – гипербарик оксигенация гипоксия ҳолатларида жуда фойдалидир, у нафас олинганда кислороднинг парциал босими кўтарилишига асосланган. Гиперборик оксигенация усули асосида суюқ ҳолатларда газларнинг эриши ётади, шунинг учун қоннинг суюқ қисмида эриган газ миқдори босимга ва ҳароратга тўғри пропорционалдир.
Кўрсатмалар : қон томирларининг облитерик эндоартерити, қон томир-ларида веноз қоннинг туриб қолиш ҳолатлари, гипертония касаллиги, қон томирлардаги етишмаслик касалликлари, гинекологик касалликлар, нафас олиш органларининг касалликлари, ҳар хил бўлган анаэроб ва жарроҳлик инфекцияларидан ҳосил бўлган ҳолатлар, юрак, нафас, жигар, буйрак етиш-маслиги ҳолатлари, ботулизм ва ҳ.з.
Қарши кўрсатмалар : эпилепсия, ўпкадаги абцесс ва каверналар, лимфаденит, томирлар атонияси, евстахиев труба ва каналлари ўтказувчанли-гининг бузилиши, сурункали тромбофлебит, қон томирларининг варикоз кенгайиши,қон томирлар облетерик касалликларининг кечиктирилган дара-жалари ва у ерда намли гангренанинг бўлиши, қон димланишлари (веноз димланиши).
 
Giyos/FORUM » DARSLARIM » Fizioterapiya va SHJT » Магнит билан даволаш. Индуктотермия. Баротерапия. Ултратовуш (Аэрозолтерапия. АЭРОИОНОТЕРАПИЯ. ГИДРОАЭРОИОНОТЕРАПИЯ.)
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:
Flag Counter