Суббота, 20.04.2024, 07:20
Hush kelibsiz Mehmon | RSS

Shavkat ODILJON hikoyalari - Giyos/FORUM

[ Yangi izohlar · Qatnashchilar · Forum qoidasi · Izlash · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Giyos/FORUM » ASOSIY » HIKOYA VA MONOLOGLAR » Shavkat ODILJON hikoyalari (Yangi hikoyalari)
Shavkat ODILJON hikoyalari
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:30 | Сообщение # 1
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
АНОРБОҒ БОЛАЛАРИ


Гўдаклигимда дадам ҳечам ишга бормаса, тонгдан тунгача мени «ҳўппа-ҳўппа»лаб юқорига отиб кўнглимни хушласа дердим. Ойим нега ишларкин-а? Ақлимга сиғдиролмасдим. Кейин билсам бари мен учун экан. Менинг шодлигим, келажагимга замин яратиш пайида юришаркан.
Ҳовлимиз кўзимга жуда катта кўринарди. Кўча томондан кираверишда асфальт ётқизилган узун йўлка бўлиб, доимо сув сепилган, ялтираб, кишининг кўзини оларди. Ёз ойларида ундан кўтарилаётган ҳарорат бутун ҳовлини қизитарди. Уйимизнинг ўнг томонида унчалик катта бўлмаган очиқ майдонча, чап ёнимизда мўъжазгина мевазор, унинг шундоққина қаршисидан мен «денгиз» деб ном берган ариқча оқиб ўтарди. Қўшни тенгқурлар билан ёз мобайнида оёғимизни сувга тиқиб, уст-бошимизни шалоббо қилишдан нарига ўтмасдик. Кимнинг уйида севган жонивори бўлса ҳамиша ўзи билан олиб юрарди. Зумраднинг мушуги, Аҳмаднинг кабутари, Азизанинг қуёнчаси, менинг эса кучукчам ҳамроҳ бўларди. Биз нафақат бир-биримизни, ҳатто жониворларимизни ҳам жуда яхши кўрардик. Айниқса, менга Азизанинг қуёнчаси ёқарди. У худди эгасига ўхшаб вазмингина, маъюсгина боқиб, менга беғуборгина термиларди. Аҳмад кабутарларини қафасдан бўшатса осмон-у фалакка парвоз қилар, биз бундан ғайритабиий завқ туярдик. Агар ҳуштак чалсанг борми...
Алҳол, ҳуштак чалганимни ойим эшитгудек бўлса, «Бас қил, ҳуштакни тунда санғийдиган ўғрилар чалади» деб койирди.
Айни олма пишган пайтлар. Сув бўйида ўтирарканмиз, ҳар биримиз (даврамизда Зумрад йўқ эди) қўлимиздаги қип-қизил, катта-катта олмаларни ўзаро мақтаниб, карсиллатиб тишлардик. Қуёнчали қизалоқ иккинчи олмасини бола қалби билан кўкни ўзиники қилиб улгурган кабутарли болакайга узатди. Ўшанда вужудимда ғалати ҳис туйгандим. Жаҳлим чиққанди. Ўзимча «Энди «қуёнча» билан ўйнамайман» деганман. Худди дастурхонга қўл чўзиб онасидан дакки еган болакай каби қовоқларим осилди. Шахт билан ўрнимдан туриб атайин уларнинг жиғига тегиш учун «денгиз»имга тош ота бошладим. Қизиқ-а! Улар ҳеч нимани пайқашмади. Ҳар тарафга тарвақайлаб ўсган дарахтларнинг соясида ўтириб ўзаро кўз уриштирарди. Бу эса, менинг баттар ғашимни келтирарди. Қизиқ!.. Жаҳлим чиққан сари уларни яна ҳам яхши кўриб кетардим. Ўзимча аразлардим-да, кейин яна иноқлашардик. Бу ҳолат деярли ҳар куни такрорланарди. Ким-кимни хафа қилса, дарров кечирим сўрарди. Бизнинг битта гапимиз бор эди. Уришиб қолдикми у тилга айтмасдан қолмасдик: “Кел, яраш-яраш қиламиз!” Кейин... икки аразлашган болакайлар жимжилоқ бармоғини ўзаро қовуштириб ярашарди.
Сентябрнинг охирги кунлари эди. Кишиларни ўзига оҳанрабодек тортувчи майин шабада эсади. Елвизакка ҳамоҳанг бўлиб дарахтлар, майсалар чайқалади. Назаримда мумтоз мусиқага хиром айлаб, рақсга тушишаётгандек.
Кунларнинг бирида дадам ишда навбатчи бўлиб қолган, ойим билан уйда ёлғизмиз. Боғимизда асосан анор дарахти ўсарди. Ҳовучни тўлдирадиган, пишганидан, оғирлигидан шохларига осилиб қолган анорлар кишининг завқини келтирарди.
Ярим тун... Қаттиқ тақиллаган овоздан уйғониб кетдим. Ўрнимдан туриб ҳовлини кўздан кечирдим. Жимжитлик. Кечанинг осудалигини фақат ҳашаротларнинг чуғур-чуғури бузарди. Бола бўлсам-да ҳовлида турган кетмонни қўлимга олиб, уйимиз атрофини айланиб чиқдим. Ҳеч зоғ кўринмади. Кучукваччам эса ниманидир айтмоқчидек кийимимдан тишлаб тортқилайди. Кўзим тушган жойларнинг сукунат оғушида эканлигини кўриб, кўнглим хотиржам бўлди. Ўрнимга кириб, кўрпага буркандим.
Тонг... Ойим турткилаб уйғотди. Айтганини қилиб, анорбоққа ўтдим. Кўрган манзарам ҳали-ҳануз ёдимдан чиқмайди. Боғимизда бирорта ҳам мева йўқ эди. Тунда кимдир шип-шийдон қилиб кетибди. Гапнинг индаллосини айтганда боғимизга ўғри тушганди.
Шу куни ўғирлик нақадар ёмон одат эканлиги шууримга ўрнашган эди. Нафақат мен, балки тенгдошларим ҳам қаттиқ хафа эди. Аҳмад Зумраддан нимадир сўради. Зумрад бўлса, «Йўқ! Жим ўтир, ахир боғимизга ўғри тушибди, бизнинг боғимизда, энди анорларимиз йўқ» деди терс оҳангда. У жим бўлиб қолди.
Биз энди анорларимизни ғарқ пишиб етилганини, уларни олиб орзуларимизни қайта-қайта такрорлашимиз учун яна бир йил кутишимиз керак эди. Бир неча кун, токи боғимизда юз берган ўғирлик ёдимиздан чиқмагунча ҳеч биримиз аввалгидек ўйнай олмадик. Илгаригидек кулмадик. Фақат, маъюсгина бир-биримизга қарардик. Гоҳида эса тўртовлон боғга ўтиб, анор дарахтларини сийпалардик. Баргларини юзимизга босардик. Кўзларимиздан ёш сизаётган бўлса ҳам, бир-биримизга кўрсатмасликка тиришиб, оралиқ масофамизни узоқ қилиб йиғлардик.
... Мен ҳар куни боғ оралаб энг катта, энг чиройли ва яхши пишган анорлардан териб чиқардим. Кейин ўйинқароқ дўстларимга тарақатардим. Олдинига меваларни иккига бўлиб ичидаги доналарни пўстлоғидан айирардик. Кейин... кейин санашга тушардик. Кимники кўп бўлса, у ўша анор доналаричалик ёшга киради, шунча пули бўлади, осмондаги юлдузларнинг ўшанчаси уники бўлади... Лекин, энди ростдан ҳам бизнинг анорларимиз йўқ эди. Бизнинг хафалигимиз ўшанда меваларимизни ўғирлашганидан эмас, орзуларимизнинг амалга ошмай қолишидан ҳадиксирагандан эди.
Дадамнинг саъи-ҳаракатлари билан ҳаммаси изига тушди. Бу нарса оддийгина ўйинқароқ болага унчалик таъсир қилмайди дейишади айрим кишилар. Лекин биз бутун оиламиз билан ранжиганмиз.
* * *
Ҳаётимизда янги бир давр бошланди. Улғайдик, ўспиринлик ёшига етдик. Ҳаммамиз мактабнинг юқори синфида таҳсил олардик. Зумрад, наинки Зумрад балки Азиза билан ҳам йиллар ўтган сари болаликдаги дўстлигимиз ўртасида кўринмас девор пайдо бўлгандек туюларди менга. Урушмадик, сен-менга бормадик, аммо учрашиб қолсак салом-аликдан нарига ўтолмасдик.
Баъзан, олисларга бош олиб кетишни истардим. Оддий нарсалардан ҳам ҳаяжонланардим, тўлқинланардим. Дўстларимни кўрганда юрагим алланечук ҳапқириб кетарди. Бу туйғуларни на уларга айта олардим ва на ўзим тушунардим. Билганим, уларнинг ҳар қайсиси бир-бирини кўрганда менинг ҳолатимни ҳис этган. Зумрад менга, Аҳмад Зумрадга, Азиза Аҳмадга, мен эса... Унга ошуфта эдим. Лекин бу «мулк»ни ҳеч биримиз ўзаро баҳам кўрмадик. Авваллари нима топсак, кўнглимизда нима туйсак дарров бўлишардик, қизғанмасдик. Йиллар... одамни қизғанчиқ қилиб қўяркан.
У вақтларда узоқдан Азизага кўзим тушса, у ҳам менга қараб турган бўлар, сассиз гаплашиб кўнгил ёзишга тиришардиг-у, уддасидан чиқолмай иккимиз ҳам йўлимизда давом этардик.
Кунларимиз ана шундай зерикарли давом этарди. Биласизми, болаликда одам ғамсиз, ташвишсиз, ўйинқароқлик билан кун ўтганини ҳам сезмаскан. Аммо улғайиб, дўстларимдан ажралиб, ўзимни ёлғизланиб қолгандек ҳис эта бошладим. Тўғри, янги дўстлар, янги танишувлар бўларкан. Лекин уларнинг ҳеч бири болаликдаги ўртоқларимни, қуёнчани, мушукчани, кабутарни ўрнини босолмас экан.
Кейин... кейин барча ўз йўлига қайрилиб кетди. Мен пойтахтда ўқишда, Аҳмад отаси билан бизнес ишида, Зумрад вилоят олий ўқув юртида, фақат Азизанинг ҳаётидан хабарим йўқ.
Болалигимизда тўпланишиб келажакда ундай бўламиз, бундай бўламиз деб кўп гаплашардик. Айниқса, ватанпарварлик руҳидаги фильмларни кўрсак бир неча кунлаб қаҳрамонлари каби юриб, улар сингари гапиришга уринардик, тақлид қилардик.
Ҳайвонларни жуда-жуда севардим. Айниқса қуёнчаларни. Мен улардан куч олганман, шижоат, жасорат олганман. Ҳозир ягона билмаганим бор. Менинг «қуёнчам» қаерда экан? Буни билишим учун эса менга дийдор керак! Дўстларим дийдори: Зумраднинг, Аҳмаднинг...
Энди биз ҳеч кимга тақлид қилмаймиз. Энди биз киноларга ишонмаймиз. Энди биз уларнинг барини хаёлот, одамларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун қилинишини биламиз. Яна шуни ҳам биламизки, ҳозир қўшни болакайлар бизга тақлид қилишади. Биз каби дўстлашади, ўйнашади ва биз каби гап-сўзсиз ажралишади. Кейин кимдир ўз «қуёнча»сини соғиниб яшайверади.
Соғинам, соғинаман дадамнинг ўша «ҳўппа»лашини, меҳрини... яна... яна онамнинг алласини, анорбоғни, «денгиз»имни, кабутаримни, «мушукча»ни ва яна... Улар менга жуда-жуда соғинчли ва қадрдон!

Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:37 | Сообщение # 2
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
АРОСАТ


У манзилига етмасдан уловдан тушди ва худди яёв юришни истагандай эски масжид томонга жўнади. Ўзича бировдан нажот кутди. Хаёлида ҳозир мўъжиза юз берадигандай суюнди. Лекин бу қувонч узоққа чўзилмади. У темир панжара олдида тўхтади. Ўзича «Бошимизда бор савдо», деб минғирлади. Пича вақт атрофга аланглаб туриб қолди, кўзлари кескин ўзгарди. Ҳалигина таҳлика ичида шафқат тилаб, мадад истаётган нигоҳлар қаҳрли тус олди. Кейин... кейин ҳамма ёқни даҳшатли кулги товуши қамради.
...Қачондан бери ётганини билмайди. Ўрнидан туришга уринди. Жуссасини кўтарган эди, суриниб йиқилди. Амаллаб ўрнидан турди. «Шошма» деди ўзига-ўзи. Ҳозиргина йиқилаётганда оёғи қайрилиб кетганди. Нега оғриқ сезмади, азобни ҳис қилмади. "Бунда бир гап бор», деди саросимага тушиб. Атрофга олазарак назар ташлади. Турган жойи қабристон эканлигини кўриб баттар чўчиб кетди. Кейин ҳали ўзи келган темир тўсиқ ёнига қайтди. Қишлоқ томонга элтувчи узун йўлга тушиб, уйига ошиқди. Муюлишдан кўчасига бурилди. Уйининг олдидаги гавжум одамларни кўриб ҳайрон бўлди. Ҳамма чопон кийиб, бел боғлаган. «Дадам», деди оёқлари титраб. «Ойиммикан?», иккиланди тағин. «Ҳар тугул...», дея пичирлади нимани ўйлаётганини ўзи ҳам тушунмай. Дарвозасининг олдига яқинлашиб, тўпланиб турганларга салом берди. Бироқ улардан ҳеч бири бунга парво қилиб, саломига алик олмади. Уни пайқашмади. «Жанозада ким кимни танирди», деб хаёл қилди у ўзича. Оҳиста юриб бўсағадан ичкари кирди. Ёшу қари бирдек уввос солмоқда. Юраги орқага тортиб, бутун азои бадани музлай бошлади.
— Ким ўлди экан? — деди ўзига ўзи.
Кейин дарвозахонага қайтиб, қўшни эркаклардан бирини туртди. У индамади. Эътибор бермади деб тахмин қилиб, яна турткилади. Бироқ бу сафар ҳам қўшни миқ этмай жойида тураверди. У астойидил ғазабланди. Ўзи уйидаги майитнинг кимлигини билолмай хуноб бўлиб турганда, оломоннинг қий-чувидан асаблар бўшашган бир маҳалда бунинг ҳеч нарса бўлмагандек туришини қаранг дея ҳайқиргиси келди. Шундай ғазабландики, сал бўлмаса ҳаммаёқни остун-устун қилгудай шашти бор. Қўллари мушт бўлиб тугилди, қовоқлари осилди. Энди ҳалиги кишининг ёқасидан тутмоқчи эди, бўсағадан тўрт оёқли тахта отни елкасига ортмоқлаган тўрт кишининг гавдаси кўринди. Улар тобут кўтариб олган эди. Унинг бадани жунжикиб кетди. Энг ачинарлиси тобут орқалаган, кишиларга йўл бошлаб, чўбин отни қўйгани жой кўрсатаётган, қорамағиздан келган, чеҳрасидан бутун умри бола-чақа боқиш ташвишида яшаган, юзидан шундоққина ғуссалар ҳоритгани билиниб турган киши — отасини кўриб, кўнглидаги бор аламлар портлади. Унинг қучоғига ўзини отгиси келди. Ҳўнграб йиғлай бошлади. Икки кафти билан кўз ёшларини артишга тиришди. Лекин бари бефойда эди.
Бировнинг биров билан иши йўқ. Ҳамма ўз дардида. Эркакларнинг баъзи бири “Вой, укамлаб”, баъзилари “Вой, жигарим” деб бақиряпти. Яна унинг хаёли бўлинди. “Акамми ё укамми”, деди атрофга кўз югиртириб. Иккови ҳам кўринмайди. Секингина ҳовлига ўтиб, очиқ турган деразалардан хоналарга нигоҳ ташлади. Боядан бери эркакларнинг йиғлаган овозидан марҳум онаси эмаслигини билди. Ким бўлса ҳам барибир жигарида. Кўнгли тўлиб, ўпкасини босолмаяпти. Марҳум(а)нинг кимлигини билишга ошиқяпти. Секин қадам ташлаб, ўзи ётадиган хонага кирди. Товуш чиқармай юришга ҳаракат қиларкан, кеча оқшомда аллақаерга кетаётиб кийимларини қандай тўзғитиб кетган бўлса, ҳали-ҳануз шу аҳволда турган буюмларини кўриб ҳайрон бўлди. Кейин, таъзияли уйда бунақа нарсаларга эътибор беришга вақт бўлмаслигини билиб, пайт пойлаб ўтирмай ўзи апил-тапил хонани саранжомлаб қўймоқчи бўлди. Шу пайт қўшни хонада қий-чув авжига чиқди. Кимдир “Вой, ўзидан кетиб қолмасин, сув сеп”, дея бақирса, яна биров “Ўзингни бос жон қизим, шайтонга хай бер, Худога шак келтирма”, дерди. Бошқаси эса, “Яратган ўзи, оладиган ҳам ўзи, пешона-да”, деди. У деразадан бошини чиқариб ҳовлига қаради. Четга қўйилган тобутни қўшнилар майит солгани тайёрлашяпти. Отаси бўсағага, одамлар қаторининг бошидан ўрин олган. Келган кетган фақат бир оғиз “Бандалик” сўзини такрорлайди... такрорлайверади...
У бутун чалғиётган фикрини жамлаб, боягина аёллар чинқиришиб қолган хона томон юрди. Эшикка яқинлашаркан, қадамлари оғирлашиб, ҳаяжон ва ҳадикдан юраги гупирлаб ура бошлади: “гуп-гуп, гуп-гуп...”
Ичкаридан таниш овоз эшитилди: “Вой, акажо-о-он, чидолмайман, ойи-и...” “Мапини овози-ку! Бундан чиқди, акамми, ойимми...”, ўйларига эрк берди у. Бўсағага етганда аёлларнинг товуши баттар кучайди: “Ушла!”, “Сув сеп”, “Мапи...”
“Бечоранинг ичи куйиб кетди, адойи тамом бўлди-ку”, деди ички бир ҳиссиёти, синглисига ачиниб. Хонага киргани юраги дов бермади. Остонада турди. “Йўқ, кираман”, деди пиққиллаб. Эшикни очди. Ичкарида бир уй хотин-халаж бор. Кўм-кўк либосда. Бошларида оқ, оппоқ рўмол... Ўртада жой солинган. Хонадаги аёллар-у, ҳовлидаги эркакларнинг, наинки булар, шу хонадондаги барча тирик жонларнинг шовқин қилиб, уввос солишига ҳам эътибор бермай шу жойда кимдир ором оляпти. Мангу уйқуга кетган. У ухлаётган кишининг кимлигини кўролмади. Ёнига бориб юзини очиб кўргани қўрқди. Лекин вафот этган киши онаси эмаслигини билди. Чунки, онаси ана — ўзига келиб, кетиб йиғлаяпти. Синглиси ғамнинг зўридан ўзини билмай қолган. Икковининг ҳам алами зўр. “А...ака-ам, акам экан”, деди у шивирлаб. Бироқ унинг бу гапини ҳеч ким эшитмади. Хонадаги манзарани кўргани ортиқ бардоши етмай ташқарига чиқди.
Кўпчилик тўпланган. Қишлоқ мулласи ҳам келибди. Ҳали замон дарвозахонага чиққанда йўқ эди. Демак, майитни чиқарадиган пайт яқин қолибди-да.
У аҳволининг қандайлигини ўзи ҳам билмай яна хонасига ошиқди. Тўзғиган либослар орасидан чопон, қалпоқ ҳамда белбоғ ахтара бошлади. Уларни эгнига илиб, кўп қатори сафга туриб, марҳумни сўнгги йўлга кузатаман деб ўйлаганди. Аммо минг қидирмасин, излаганларини тополмади. “Ҳеч қиси йўқ”, дея ҳовлига чиқди. Шу пайт қўшни хонанинг деразасидан кимдир отилиб тушиб, орқа томонига қўл чўзди. Нарироқда турганлардан яна бири унга ёрдамга шошилди. Оломон сафланди. Чўбин от ўртага қўйилди. Эшонбобо дуоларни узоқ ўқиди. Рози ризолик сўралди. Бўлаётган ҳамма гаплар унинг қулоғига элас-элас чалинади. Аниқ-тиниқ ҳеч нарсани билмайди. Билгани шуки, бироздан кейин одамлар навбатма-навбат тобутни кўтариб, эски мозор томонга жўнади.
Майитни қабрга қўйишди, дастлаб энг яқин кишилари сиқимлаб тупроқ ташлашди. Шу пайтда ҳам маҳалладошлари орасидан акасини излади. Ана, отаси, ғамдан боши эгилган, бир кундаёқ сочлари қировдай оқариб кетган бечора падари бузруквори. Ана, укаси, ҳали ўйинқароқлик тарк этмасдан туриб, умрида илк марта айрилиқ комига ғарқ бўлаётир. Эҳ, аттанг... Аттанг... Шўринг қурғурлар-а...
Мозор бошидан қайтган одамлар бирин-кетин тарқалишди. Отаси ва укаси бўсағадан кириши билан онаси, синглиси фарёд уриб, уларга талпинишди. Қизалоқ “Акам қани”, дея додласа, бахтиқаро она “Болам ўлгунча мен ўлсам бўлмасмиди”, дея чинқирди. Ҳеч ким, бирор кимса унинг ёнига келиб дардлашмади. Лоақал бир марта бўлсин унинг бағрига келиб товуш чиқармади. У ҳайрон эди...
Таъзияли уйда фақат оиланинг яқин одамларигина қолишди. Қадди дол ота, ҳовлининг бурчидаги дарахт тагига бориб, ўкириб йиғлади. Ука у ер, бу ерда ғуссага ботди. Сингил бўлса, қайта-қайта тоби қочиб, охири бир хонага кириб ётиб қолди. Бировни кўришни истамади.
У ҳам аллақачондан бери ўзидан ўтганини ўзи билиб, оҳиста эшик тагига чўкди. Аёллар ўтирган хонага кириб, онасини юпатмоқчи бўлди. Кўнгли тўли-и-иб кетди. Йиғлади, тўймади. Йиғлашини қўймади: “Жон акам”, деди ўкиниб. “Энди сизни қачон кўрамиз. Нега бизни ташлаб кетдингиз. Акажон, жигарим. Мени кечиринг... рози бўлинг... ака...”
У миллион ўй билан эшикни очди. Беш-олти нафар аёл, ўзларича пиқиллаб йиғлаб ўтирибди. Таниди, холалари, аммалари... Уларнинг орасидан онасини қидирди. Тўрда терс ўгирилиб ўтирган аёлни бир эр киши қучоқлаб нималардир дея овутади. У ўша томонга қараб юрди. Хонанинг ўртасига етганда аёл ва йигит даврага қараб бурилди.
...У тўхтади. У билан бирга вақт тўхтади. “Ака”, деди товуши титраб. Атрофга аланглади. Бурчакда турган трюмо устида каттакон қилиб ўрнатиб қўйилган ўзининг суратини кўрди. “У тирик-ку... акам тирик... Ҳа...”, эсхонаси чиқиб кетаёзди унинг. “Мен... мен эканман...”
У қачондан бери руҳини қийнаб келаётган саволга жавоб топди.
Оқшомда ҳовлини зир югуриб аламдан чиқмоқчи бўлди. Лекин, кўкда хирагина бўлса ҳам нур сочиб турган ой нури, югираётган оёқларини ердан юлиб, ҳавода парвоз қилишга шайлади. У оҳиста дарвозахонанинг бўсағасидан чиқиб кетаркан, ҳовлидаги кроватда бошини чангаллаб ўтирган отасини, укасини, синглиси ҳамда муштипар онасини, уни юпатаётган акасини бир-бир кўз ўнгида гавдалантирди.
...Ва секингина пичирлади: Аросатдан қутилдим.
У оз фурсатдан кейин ўша таниш, темир панжарали қабристоннинг қуюқ қоронғулигига сингиб кетди.

Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:41 | Сообщение # 3
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
ИККИ МАКТУБ


Мактаб ўқувчиси эдим. У кезларда ҳаётнинг моҳиятини унчалик тушунмасдим. Болаликда ҳамма нарса ҳақида эшитардиг-у, бирортасини ҳам бажариб кўрмаганмиз. Яхшилик ва ёмонлик, чин ва ёлғон, таъмагирлиг-у хасадгўйлик, муҳаббат ва нафрат...
Аммо... кунларнинг бирида муҳаббатга рўбарў келдим.
У шундай маъсума, шундай чиройли эдики...
Ўрта мактабнинг еттинчи синфида таҳсил олардим.
Агар хотирам панд бермаса, география дарсидамиз. Устозимиз Камола опа ўқувчиларнинг мароқ билан тинглаётганидан завқланиб доскага илинган харитадан биз айтган давлатларни бирин-кетин кўрсатяпти. Шу пайт... худди шу пайт мурғақ қалбим жумбушга келди. Юрагим уришдан тўхтаб, музлади. Ўзимга сезилиб «дук-дук, дук-дук» эшитилаётган товушнинг ўрнини сукунат қамради. (Бироз бўрттириб юбордим шекилли).
Мактабимиз директори бир қизчани етаклаб кириб:
— Энди У сизлар билан ўқийди. Дўстлашиб кетасизлар деган умиддаман, — деганди ўшанда.
Унинг ҳусни, жингалаксимон сочи... маъюс чеҳрасига маҳлиё бўлганимча қолдим.
Оромим йўқолди. Авваллари тонгда мудроқ кўзларимни базўр уйқудан очиб, хоҳламайгина дарсга отлансам, гўдак қалбим энди «қачон мактаб вақти бўларкин-а» дея шошиларди.
Синфимизга келган қизалоқ ўша кундан бошлаб хаёлларимга ўрнашиб, меникига айланиб улгурганди. Бола дунём уни “меники” деб биларди ва шундай ҳис этарди. Нега дейсизми? Чунки у билан биринчи бўлиб мен танишгандим-да. Синфдош дўстларимга ҳам “кимда ким унга яқинлашса, ўзидан кўрсин” деб тайинладим. Улар ҳам бу сўзларимни инобатга олди. Тенгқурлари орасида муштумзўр деб ном чиқарган тентак олиш мендай бола билан сен-менга боришга кимнинг юраги дов бериб, ҳадди сиғарди дейсиз.
Унинг исми — Пари эди. Ота-онаси шундай беғубор ва нафис исм қўйгани учун уларни роса алқардим.
Биласизми, мен уни ёқтирганимдай, у ҳам мени ёқтиради деб ўйлаб қолардим гоҳида. Лекин... лекин қизчалар бундай ўй-хаёллардан жуда олисда бўлишаркан.
Кунларнинг бирида ўртоқларимнинг маслаҳати билан умримда илк бор хат ёздим. Унда шундай жумлалар бор эди: “Салом, Пари. Мен сени яхши кўраман. Жавобини ёз! Кутаман!” Ҳа, айнан шундай сўзларни ёзиб, орқа партадан унга узатиб юбордим.
Орадан озми-кўпми фурсат ўтди. Мен кутардим. Ёзган мактубимга жавоб кутардим. Пари эса ўша кундан бошлаб ўйинқароқликни ҳам тўхтатди. Тўғрироғи мен билан ўйнашни, гаплашишни, салом-аликни тўхтатди. Мен унинг бу инжиқлигини худди катталардек “ноз” қилишга йўйдим. Мен ҳануз мактубимга жавоб кутдим.
На жавоб келди ва на вазият ўзгарди. Йўқ, йўқ, айтгандай, вазият бошқачасига ўзгарди. Кутаётган жавобим ўз оёқлари билан келди. Қўллари мушт бўлиб келди, ғазабдан юзлари қонталаш бўлиб келди. Парининг ўрнида рўпарамга акаси келди...
— Таъзирингни едингми, — деди у қўлларини пахса қилиб. Мактаб болалари бўлса муштумзўр йигитнинг калтак еганидан ҳайратда эди. Кейин... кейин онаси мактабимизга келиб роса шовқин кўтарди. Директор мени хонасига чақириб сўради:
— Ростдан ҳам мана бу хатларни сен ёздингми? Парини яхши кўрасанми?
— Йўқ, — дедим қўрқувдан титраб. Эртаси куни дарсдан сўнг уйга йўл оларканман, Пари ортимдан югириб етиб келди-да, деди:
—Қўрқоқ экансан, мен акамга ҳам, ойимга ҳам ҳеч нарса деганим йўқ. Анави Дили ҳаммасини айтиб берибди. Сен бўлсанг...
У кетди. Синфимиздан кетди. Қишлоғимиздан кетди. Ҳаётимдан кетди. Атиги икки йилгина бирга ўқидик ва у... кетди...
Аслини олганда уларнинг қаердан келиб қолгани ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Кетгани ҳақида ҳам билмадим.
Билганим эса ўшанда “Парини яхши кўрмайман” дея ёлғон гапирганим эди. Ўшанда бир оғиз ёлғон сўз инсонлар учун қанчалик қимматга тушишини қаердан ҳам билибман?.. Ёлғон икки инсонни умрбод айириб, дўстликка, меҳрга, муҳаббатга раҳна солишини бола қалбим билан қаердан тушунибман?
Орадан йиллар ўтди. Мактабни тугатиб, коллежда илм олардим. Ўқишим унчалик яхши эмасди. Бироқ ташкилий ишларда илғор эдим. Энди рост ва ёлғонни фарқлай олардим. Энди Пари учун чин гапни айтишга қодир эдим. Лекин энди унинг юрагимда ўчмас из қолдирган сиймосигагина рост гапира олардим. Энди қай йўсинда гапирмай у мени эшитмасди. Энди у мендан олисда эди. Жудаям олисда.
Дўстларимиз билан коллеж тамаддихонасида тушлик қилаяпмиз. Улар кўплашиб Шурикни мақташарди. У аълочи ўқувчилардан эди. Бу менга ёқмади. “Менинг саҳнадаги чиқишларимни маза қилиб томоша қиладиган, кейин ҳафталаб гапларимни сўзма-сўз такрорлаб юришади-да, Шурикни мақташади”, дердим ичимда. Кейин миямга ярқ этиб бир фикр келди: “Хасад қиляпсан!” Бу менинг биринчи хасадим эди. Бу — ўзим учун кашф қилинган яна бир янги туйғу эди. Бу қувончли ва ташвишли хабар эди. Мен учун янгилик шуки, хасаднинг нима эканлигини ҳис эта бошлагандим.
Аслида, ўша куни ўзимни нақадар ёмон кўриб кетганимни ҳозир сизларга таърифлаб беролмайман. Ўшанда узункун хасад мени ўқишдан, ишдан, наинки булардан бутун бир ҳаётдан, яшашдан тўхтатиб қўйгандек туюлди.
Эртаси куни якка ўзим тушлик қиляпман. Ошпазнинг ёнида бир қиз ликопчасини тутиб турарди. Ой десам ойдек, кун десам кундек тароватли, навниҳол қиз. Худди “Ёрилтош”даги қаҳрамон қизнинг ўзи... Уни бир неча кун кузатдим. Кўринишидан содда, очиқ кўнгил, одмигина кийинган бу қиз мени батамом сеҳрлаб олди. Энди Парини ўрнини шу нотаниш қиз эгаллади. Куз ойларининг ёмғир шитирлаб, замин юзига сув пуркаётган бир кунида танишдик. Исми Лайло экан. Дўстлашдик.
Балоғат ёшига етаётган йигит ва қиз учун ҳар қандай нарса янгилик бўлади. Лайло жуда “рашк”чи эди. Афтидан мексика фильмларини жуда кўп кўрганми (у пайтларда мексика сериаллари кўп қўйиларди) ҳар тугул улардаги қизларга ўхшаб кетарди. Бу эса мен учун яна бир янгилик бўлган.
Қиш...
Лайлакқор гупиллаб ёғаяпти.
Лайлонинг синфхонаси олдига бордим. Лайлойим йўқ эди. Бўш хона топдим-да унга хат ёздим. Бу менинг иккинчи қизга ёзаётган биринчи хатим эди. Илк бор панд еб ақлини йиғиб олмаган тентак дерсиз. Ҳа, бугун ўзим ҳам шундай ўйлайман.
Мактубимни дугонасига бериб, “ҳеч кимга кўрсатмай ўзининг қўлига бер дея тайинладим”. У бўлса курс раҳбари бошчилигида, бутун курсига ўқитибди. Эртаси куни тонгда ўқишга бордим. Аудитория олдида мени Лайло гуруҳ раҳбари ҳамроҳлигида кутиб турарди. Очиқчасига гаплашдик. Бу гапга шу ерда нуқта қўйдик. Бироқ индинига эрталаб... Жуда катта жанжал бўлди. Кўпчилик аралашди. Одам шошганда ҳар нарса деркан. Мен ундай дедим, Лайло бундай деди, бошқалар ўз фикрини билдирди. Баъзи бизга яхшилик тилаганлар ўзлари билмай ёмонлик қилиб қўйишди. Хуллас, яхши ниятда бошланган ишимизнинг натижаси ёмонлик билан якун топди.
Ана ўша кезлари яхшилик ва ёмонликнинг нима эканлигини билдим. Ана ўшанда билдим, бу икки хислатнинг, туйғунинг абадул-азал қарама-қарши туришини. Ана ўшанда билдим, ёмонликнинг нақадар ёмон эканлигини.
Кўпинча кишилар ўзаро суҳбатларида бирор ёқимсиз нарсаларни ёдга олишса иккинчиси доим “Э, у сувлар оқиб кетди” дейишади. Дарҳақиқат, менинг ҳаётимда ҳам у сувлар оқиб кетди. Энг қизиғи, кексаларимиз айтган ана бир гап: Сув ҳам бир лойқаланиб тинади; деганлари чин экан.
Бугун мен олий ўқув юрти талабасиман. Бугун ақл билан иш кўрадиган, идрокли инсонлар билан муомала қиляпман. Илгаригидек ғўр, содда болакай эмасман. Муштумзўрлик ҳам ортда қолди.
Лекин энди кўп нарсаларни яхшигина англайман. Масалан, рост ва ёлғонни, яхшилик ва ёмонликни, муҳаббат ва нафратни.
Одамлар нега ўзаро ёлғон гапираркин десам, ўз манфаатлари учун экан. Ишларини тезда битириш учун экан. Унинг катта-кичиги бўлмаслигини ҳам билдим. Баъзида рост гапирсанг бошинг балога қолишини ҳам тушундим.
Одамлар нега ёмонлик қилишаркин-а? Сира ақлим етмасди. Энди биламан. Бу ҳам манфаатлар тўқнашувида бир томон, албатта, ғолиб бўлиши учун керак бўларкан. Бунинг учун эса асосий қурол — ёмонлик бўлади.
Одамлар нега нафратланишаркин, ҳайрон эдим. Энди биламан, икки киши ўртасидаги учинчи шахс нафратни уйғотаркан. Ёлғон ва ёмонлик нафратни келтириб чиқараркан.
Ростгўйлик — Ҳаёт мазмуни экан.
Яхшилик — Инсонларни бир-бирларига ошно этаркан.
Муҳаббат — Буюк келажак экан.
Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:42 | Сообщение # 4
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
ХУН ((Ilonlar malikasi)
Бахтиёр ўн йил киракашлик ва деҳқончилик қилиб жамғарган маблағини ҳисоблаб кўрди. Унча-мунча пул йиғилибди. Ниҳоят, шаҳардан уй олиш истаги амалга ошадиган бўлди. Энди бемалол уй қидирса бўлади. Бахтиёр шаҳарнинг деярли барча жойини кўздан кечирди. Ҳовлилар қиммат. Кўп қаватли уйлардан олай деса, кенг ҳовлига ўрганган одам каталакдек тўрт девор орасида зиқланади. Хуллас, қидира-қидира шаҳарнинг чекка даҳаларидан бирида кўрган ҳовлисини харид қилди. Хотини, болаларини кўчириб келди. Шаҳарга кўчиб келганидан болаларнинг севинчи чексиз. Энди қишлоқдагилар уларни шаҳарлик дейишади. Меҳмонга боришса шаҳарликлар келишибди, деб иззат-икром кўрсатишади.
Бахтиёр шаҳарда ҳам одатдагидек киракашлик қилаверди. Латофат уй юмушлари, болалар билан овора. Куни қандай ўтганлигини билмайди. Эр-хотин тез орада маҳалладагилар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Қўни-қўшнилар уларни кўрса: бир-бирларига жуда мос экан, ҳавас қилса арзирли оила, дейишарди.
Ҳар кунгидек кечки тамаддидан сўнг болаларини ухлатиб бўлган жувон телеэкранга тикилиб ўтирган эрига деди:
— Дадаси, уй олишда яхшилаб суриштирганмидингиз?
— Нима эди? — пинагини бузмасдан сўради Бахтиёр.
— Айтишларича, бу ерда илгари бир кампир яшаган экан, — деди Латофат.
Эридан садо чиқмади. Фақат “Яшаган бўлса нима қипти?” дегандек қараб қўйди.
– У илонлар билан гаплашаркан. Биздан олдин ҳам кўпчилик бу уйни олиб, илонлар борлиги учун яшолмай сотиб кетишган экан. Ҳовлида...
— Бас қил! Ким нима деса ишонаверасанми? Қанақа кампир, қанақа илон? Шу ваҳимакашлигинг қолмади-да! — Бахтиёр хотинини койиди, сўнг орқасидаги ёстиқни қучоқлаб кўксини ерга берганча телевизорга тикилди.
Аёли дастурхонни йиғиштириб, коса-товоқларни ювгани ошхонага чиқди. Кўраётган томошаси ҳам татимаган киракаш хотинининг гапини ўйлади. Бу гап ўзининг қулоғига ҳам бир-икки чалинганди. “Қўшнилар ҳар нарса деб вайсайверишади, шу сафсаталарга ишонган манави хотин ҳам аҳмоқ”, — тўнғиллади Бахтиёр жиғибийрон бўлиб.
* * *
Қиш фасли тугаб баҳор оламга ўз таровати билан ташриф буюрди. Кунлар исиди. Тунлари турли жонзодларнинг садоси эшитиладиган кунлар келди. Тераскали айвоннинг деразаларидан кириб турган муаттар ҳавони маза қилиб симираётган Бахтиёрнинг қулоғига аллақаердан вишиллаган товуш чалиниб, сапчиб турди-да, чироқни ёқди. Уй ичига разм солди. Ҳеч нарса йўқ. Ҳовлида хотини кўринди. Латофат у ер-бу ерни саранжомлаб юрибди. Аёлига сездирмасдан худди нос қовоғини қидиргандек токчага эгилиб, қулоқ солди. Жимжитлик. Бахтиёр яна бир оз қулоғини динг қилиб тургач, ўрнига ўтиб, энди ётишга чоғланганди, остонадан бир нима ўрмалаб ўтгандек туйилди. Дақиқа ичида хаёлнинг минг бир кўчасини кезиб, ранги-қути ўчди. Сўнг ўзига-ўзи: “Ўл-а, кап-катта эркак бўлмай. Ўз соянгдан ҳам чўчийсан-а!” — деди-да, кулди.
Эртаси кун бўйи машинада юраркан, тунда эшитилган овозни, кейин ўзининг безовта қилиқларини эслаб: “Чумчуқ пир этса, юрагинг шир этади-я!”, — дерди нуқул ўзига. Кечга яқин охирги мижозини манзилга ташлаб уйига қайтди. Кун мобайнида ҳориган танасини деворга суяб ўтираркан, қўлига телевизор пултини олган Бахтиёр тугмачани босишга улгурмасдан ошхонада овқат сузаётган хотинининг чинқириқ овози бутун ҳовлини ларзага солди. Киракаш ошхона томонга югурди. Аёли газ печининг ёнида тошдек қотиб турар, столнинг устида унчалик катта бўлмаган, тахминан уч қаричлар келадиган илон ўткир кўзларини Латофатга қадаб вишилларди. Бахтиёр дарров ортига тисарилиб, эшик ёнида турган кетмонни қўлига олди-да, эҳтиёткорлик билан ичкари кирди. Аммо илонни бир ҳамла билан ер тишлатишга тайёр йигит кеч қолган, илондан дарак йўқ эди. Ерга кирдими, осмонга учдими, ҳеч қаердан топилмади. Бахтиёр челакдан сув олиб аёлига ичирди, ҳовучлаб юзига сепди.
— Сизга айтгандим, эътибор бермадингиз! Ана, бехосият уй эканлиги маълум бўлди. Мабодо болаларга бирон нарса бўлса...
— Чакагингни ўчир, — ўшқирди Бахтиёр. — Қаердандир келиб қолган бўлса, мана йўқ бўлди, ҳар нарсага ваҳима кўтараверма.
Эртаси куни Бахтиёр маҳалла чойхонасига чиқди. Қариялар турли мавзуда суҳбатлашиш билан банд. Бахтиёр атайин суҳбатни ўз уйига буриб, гўё ҳеч нарсадан хабари йўқдек:
— Айтишларича, аввал менинг уйимда аллақандай кампир яшаган экан. Уни илонлар билан гаплашаркан деб эшитдим, — дея кинояли кулди.
Кекса отахонлардан бири гап нимада эканлигини англади, шекилли, қувлик билан сўради.
— Ўғлим, тинчликми?
Киракаш тинчлик дегандек жилмайди.
— Бундан чамаси олтмиш йиллар олдин сиз яшайдиган уйда Кар кампир яшаган. У қизлик даврида бағоят сарвқомат, дилбар, ширинзабон бўлган экан. Кунларнинг бирида бўй етган қизнинг уйига совчи келади. Қуда томонлар ўзаро келишишади. Бир куни куёв бўлмиш ҳовлининг орқа томонида бўлажак келинни кутиб турган маҳал уйдан бир илон чиқади. Йигит тош қидириб, газандани ўлдиришга киришади. Қўлидаги тошни илонга улоқтираётган маҳал эшикдан чиқиб қолган қиз ўзини жонзотнинг устига отади. Тош қизнинг қулоғига тегиб, уни йиқитади. Шошиб қизнинг ёнига келган йигит судралиб кетаётган илоннинг бошида ғалати тожи борлигини пайқайди. Шу кундан қизнинг қулоқлари кар, йигитнинг ақли ноқис бўлиб қолади. Кейинроқ куёв йигитни бошқа жойда илон чақиб ўлдирибди. Алҳол, ўша кундан Кар қизга доимо тожли илон ҳамроҳ бўлган экан. Айтишларича, сен олган ҳовлида илонлар маликаси кезиб юрармиш. Шу боис маҳалла аҳли уни илонли уй деб атайди. Олган киши эса ҳеч вақт турмай сотиб кетади. Балки, уларни илонлар тинч қўймас. Яна билмадим.
— Сиз буларни қаердан биласиз? — сабри чидамай сўради Бахтиёр.
— У вақтларда жуда ёш эдим. Отамдан, кейин унча-мунча кексалардан эшитганим бор.
Киракаш бир муддат жим турди. Сўнг тунда бўлган воқеани айтишга жазм этди:
— Отахон, кеча тунда тамаддихонамиздан илон чиқди. Афтидан болачаси бўлса керак. Ўлдирмоқчи эдим, аммо кетмон олиб келгунимча қочиб кетибди. Айтгандек, унинг кўзлари қип-қизил эди.
Ҳамма бирдан Бахтиёрга қаради. Баъзиларнинг қути ўчиб шивирлашди. Ота оҳиста деди:
— Болам, бекор қилибсан. Уни чўчитмаслик керак. Сенга айтган гапларим бежиз эмас. У ҳовлида ростдан ҳам илонлар салтанати бор. Кар қиздан ёдгор қолган. Энди эҳтиёт бўлинглар, илонлар маконлари учун курашади. Лекин зинҳор бирортасини ўлдира кўрманглар, улар қасоскор бўлади. Фақат ўзинг ҳам, болалар ҳам сергак бўлинглар!
Бахтиёрнинг кўнглига ғул-ғула тушди. Хаёлида оқсоқолнинг айтган гаплари ғир-ғир айланиб, ҳаловати йўқолди. Ваҳоланки, энди отахон айтган гап — илонларнинг қасос олиши муқаррар деб ўйларди. Хоналарнинг ҳамма тешиклари-ю, деразаларини маҳкамлаб чиқди. Латофатга ҳеч нарса демади.
Орадан бир оз вақт ўтди. Мана шу вақт ҳам Бахтиёрнинг кўнглини тинчитмади. Якшанба куни тушдан кейин машинага ўтирган мижоз қўшни туманга бориб келиш кераклигини айтди. Йўл ҳақи келишилгач, Бахтиёр хотинига қўнғироқ қилмоқчи бўлди-ю, лекин “Қоронғи тушгунча қайтарман”, — деган ўйда фикридан қайтди.
Икки қизини бобосиникига жўнатган Латофат ўғли Шодиёр билан уйда қолди. Опалари йўқлигига зерикдими, бола ўйнагиси келмай, инжиқлик қилди. Кейин жой солиб беринг, ухлайман, деб туриб олди. Ўғлига айвондан жой ҳозирлаб берган жувон чала қолган кирларини ювиш пайида ҳовлига чиқди. Юмушини тугаллаб, эшикдан ичкари қадам қўяркан, нигоҳи ўғлининг ёнида танасини шишириб турган тождор илонга тушди-ю, тили калимага айланмай қолди. Қўрқиб кетганидан ранги докадек оқарди. Шу маҳал тождор илон вишиллаганча Латофат томон бурилиб, худди “ҳозир болангни чақаман” дегандек тикилди. Уларнинг кўзлари тўқнаш келди. Инсон ва судралиб юрувчи жонзотнинг нигоҳлари садосиз куч синашишни бошлади. Латофат илондан кўз узмаган ҳолда қаршисида турган илон оддий эмаслиги, балки қўшниларидан эшитгани каби илонлар ҳукмдори билан рўбарў келганлигини, ўғли унинг чангалида турганини ҳис этиб, тиз чўкди. Бутун вужудидаги кучни тўплаб тилга кирди:
— Эй, Худонинг мавжудоти, илонлар маликаси! — мунгли термулди аёл унга.
Илон “Ҳа” дегандек бош ирғади.
— Маликам, агар жон керак бўлса меникини ол! Фақат ўтиниб сўрайман, боламга тегма! Унинг ёш жонини увол қилма! У ҳали гўдак, кечагина дунёга келган гўдак, ҳали ҳеч нарсани кўрмади.
Тождор илон Латофатнинг гапини гўёки тушунгандек, бошини бир оз пастга туширди. Даф қилиши ҳам сусайди. Бундан сал кўнгли кўтарилган аёл сўзлашда давом этди:
— Биламан, бу уйда ҳали ҳеч ким тинч яшамаган. Чунки бу сизлар танлаган макон. Лекин... Сизлар олий мавжудотсизлар, сен эса уларнинг маликасисан. Истасанг, шу ерда яшайвер. Сўз бериб айтаманки, бизлардан бирор ёмонлик кўрмайсизлар. Фақат бизни бу ердан ҳайдаманглар...
Латофат гапини тугата олмай йиғлаб юборди. Илон эса оғзини катта очиб, ўткир, заҳар билан лиммо-лим тишларини кўрсатди. Кўзлари алланечук безовталаниб, болакайнинг юзига тикилди. Сўнг жувоннинг лаҳзалар ичида қўрқувдан сарғайган чеҳрасига қаради ва Латофатнинг боласини, оиласини сақлаб қолиш, не машаққатлар билан етишган макони учун жанг қилаётганини англади. Бу жангда қурол ишлатилмайди. Бу шундай жангки, бир маконга эга чиқиш истагидаги икки жонзотдан бири ўз хоҳиши билан салтанатни ташлаб кетади.
Илоннинг бежо ҳаракатидан ташвишга тушган аёл кўзларидан тинимсиз оқаётган ёшни артишни ҳам унутиб, ёлворди:
— Сен ҳам онадирсан, боламга раҳминг келсин, наҳот фарзандингни яхши кўрмасанг. Она онани тушунади, дейишади. Жонзотми, инсонми, у, барибир, она. Наҳотки мени тушунмаяпсан, илонжон? Нима керак бўлса берай? Фақат болажонимга зарар берма. Токи бир умр дуои жонингни, салтанатинг омонлигини тилаб яшай. Инсонлар доимо илонлардан нафратланиб келган. Уларни ёвуз ва бераҳм жонзот ҳисоблашган. Маликам, сен бу гапларни йўққа чиқар. Илонларда ҳам қалб борлигини исботла. Илонлар ҳам Яратганнинг мавжудоти эканлигини, инсонлар билан ўзаро меҳр-оқибатда яшай олишини исботла, маликам. Боламни чақма, чақма! Бизни тинч қўй!..
Латофат яна анча илтижо қилди, йиғлади-сиқтади. Илондан эса сас чиқмас, у ҳамон вишиллаган кўйи жим турарди. Сўнг аёлнинг кўзлари тинди. Боши айланиб, оҳиста йиқилаётиб, кўзи илонлар маликасининг ўзи томон судралиб келаётганини кўрди. “Фарзандимнинг ўрнига менинг жонимни ол”, — дея пичирлади унинг лаблари. Илон жувонга яқин келиб бир муддат қарама-қарши турди. Латофатнинг наздида бу даҳшатли жонивор бор ғазабини жамлаб, ҳозир бир ҳамла билан заҳар тишларини ўзининг баданига санчадигандек туюлди. Аммо илон бундай қилмади. Оҳиста ортига тисариб, секингина судралганча ташқарига чиқиб кетди.
Латофат ўзини ўнглаб олиб, ўғлининг тепасига келди. Кўнгли алланечук ғаш тортиб, бироздан кейин бўладиган даҳшатли ҳодисани сеза бошлади. Ўғлини авайлабгина кўтариб, ичкари уйга олиб кириб, каравотга ётқизди. Ўзи эса ўғлининг айвондаги ўрнига кириб ётди.
Илонлар ўз ҳақларини тўла олмагунча тинчимасликлари ҳақида хўп гапирилган.
Уларнинг қасоскор мавжудот бўлишини у кўп эшитган. Шу боис Латофат, ўринда жунжикиб ётганча она илонни — илонлар маликасини кута бошлади. Энди унинг чеҳрасида қўрқув ва талвасадан асар ҳам қолмаган, ўзини эркин ва бўш қўйиб фарзандларининг келажаги ҳақида ўйларди, холос.
Бу пайтда ҳовлининг этагига бориб қолган она илон ёнғоқ дарахтининг тагида тўхтади. Оз фурсат туриб, нимадандир ҳадиксираган одамдай атрофга аланглади. Боласи ёдига тушди, шекилли, кўзлари яна оловдай қизғиш тус олди. Тишларига заҳар тўлди. Тезликда ортига ўгирилди-ю, ўқдек учиб кетди. Зум ўтмай бўсағада майингина шитирлаган овоз эшитилди. Латофат унинг келганини билди ва қилт этмай жойида ётаркан, кафтлари билан кўрпани сиқди. Она илон бўлса, шошилмасдан, бор ғазаби ҳамда заҳрини тўплаб тирқишдан кўрпанинг орасига кирди. Ва нинадан йўғонроқ заҳар тишларини жувоннинг оёқларига бехато қадади.
Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:44 | Сообщение # 5
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
ЖИННИҚИЗ
(Ҳикоя)
1
— Ёзги таътилда одам юбораман дегандим, — дея зарда қилди Садир кетмонни елкасига ташлаб, дарвозахонадан чиқиб кетаркан.
Отаси ўғлининг гапларига парво қилмагандек пиёладаги чойини бир-икки ҳўплаб, хотинига қаради. Бибигул опа эрининг гап бошлашини кутиб турарди.
— Хотин эртага Зеби билан бирга бориб келинглар, — деди Нормат ака ҳазин оҳангда. — Майли, ўғлингни ҳам сазаси ўлмасин.
Бибигул опа эрининг гапини бўлди:
— Ахир, отаси дўстингизга қизингни келин қиламан, деб ваъда бергансиз. Эсингиздами? У кишининг олдида субутсиз бўламиз-ку, — куйинди хотини.
— Ўламан саттор шуни оламан деса, нимаям қилардик. Майли болам учун субутсиз бўлсам бўлибман-да.
— Болам бечора танлаб-танлаб тозисига учрамасайди, ишқилиб. Билмадим бу шаҳарлик қизи қанақа экан.
Орага жимлик чўкди. Эр-хотин ўз ўйларига берилиб кетди. Бироздан кейин Нормат ака қаергадир отланаётиб аёлига яна бир марта тайинлади:
— Эсингдан чиқмасин онаси, эртадан қолдирмай бориб кел.
Отаси чиққанда, Садир эшик олдидаги ясама стулда ўтирарди. У отасини кўриши ҳамоно ўрнидан ирғиб турди. Нормат ака чамаси бир неча сония унга қовоғини солиб қараб турди-ю барибир оталик меҳри жўш уриб деди:
— Онанг эртага амманг билан бориб, қизни кўриб келади. Ўзинг олиб борасан.
Бу гапни эшитиб Садирнинг оғзи қулоғига етди. Отаси эса ўғлининг хурсандлигини кўриб:
— Ҳадеб тиржаяверма. Бу ҳали розиман дегани эмас, — деди юзида жиддийлик уйғотишга уриниб. — Боради, кўради. Маъқул тушса кейин ўйлашиб кўрамиз. Куйдирган калладек илжайгандан кўра даладан хабар ол.
Итоаткор ўғил хушхабарни эшитиб ғайрати жўшиб кетди. Жисмида ўнта от кучини ҳис этиб, кетмонни шарт елкага ташлади-ю ҳайё-ҳайт деб далага йўл олди.
Шу куни кунлик бажариладиган юмушдан уч баробар кўпроқ ишни уддалаган йигит, қош қорайганда уйга келди. Кечки овқат пайтида онаси ҳаммага бир қур назар ташлаб гап бошлади:
— Садиржон, болам, яхшилаб ўйлаб кўрдингми? Қиз шаҳарлик бўлса, биз қишлоқда турсак. Эртага ота-онаси қишлоққа берадиган қизимиз йўқ деса, нима деган одам бўламиз, — деди Бибигул опа куюниб. — Бизниям қишлоқда ўзимизга яраша ҳурматимиз бор. Қуруқ қайтсак, қишлоқдагилар: “Ўзимиздаям қиз зотига қирон келгани йўқ эди. Шаҳарликка осилиб бели синибди” дейишмасин дейман-да.
Нормат ака хотинининг гапини бўлиб орага қўшилди:
— Ўғлинг қизни рози қилган бўлса керакки, бизга боринглар деяпти. А, куёв бола?
Садир отасининг гапини тасдиқлагандай бош ирғади. Онаси уларга парво қилмай гапида давом этди:
— Қани бир бошидан гапирчи. Қиз билан қаерда, қандай танишдинг. Эртага борганда ҳаммасини бафуржа айтишга тўғри келади.
— Шундай, бизам одамлар танишадигандек танишдик. Бир-биримизни исмимизни сўрадик, — жавоб қилди Садир уялганнамо.
— Майнавозчилик қилма, — деди онаси.
— Хўп, кейинчи, қаерда танишдиларинг? — отаси ўғлини мазах қилгандек тиржайди.
— Шаҳарда. Ўқишга ҳужжат топшираётиб танишиб қолдик. Кейин уям ўқишга кирибди. Яна учрашиб қолдик. Кейин ҳалиги...
Ўғилнинг гапини яна отаси илиб кетди:
— Учрашадиган бўлдиларинг. Паркка бордиларинг, марожни едиларинг. Уни уйигача кузатиб қўйдинг...
Нормат ака шундай деди-ю овозининг борича хо-холаб кулди. Эрининг гапларини эшитиб хотинининг жиғибийрони чиқди. Эрига худди бас қилинг дегандек ола қаради.
— Ишонинглар, — деди ўғил ялинганнамо: — биз бир-биримизни яхши кўрамиз. У яхши қиз. Жудаям яхши.
Нормат ака бирдан жиддийлашиб, хотинига бир қараб олди. Сўнгра Садирдан сўради:
— Онангданам яхшими?
Бибигул опа ялт этиб эрига қаради, кейин ўғлининг оғзини пойлади. Садир аллақачондан бери ерга эгиб ўтирган бошини кўтариб аввал отасига, кейин онасига назар ташлади ва шошилмасдан жавоб берди:
— Йўқ. Ҳали онамдан яхши қизни кўрмадим. Ишонинглар мен уни яхши кўраман. Лекин сизлар рози бўлмасаларинг, тилладан бўлсаям унга уйланмайман, — деди ва ўрнидан тураркан гапига қўшимча қилди. — Айтиб қўяй, мабодо у сизларга ёқмаса, майли, тўй бўлмайди. Бироқ бошқа бировга ҳам уйланмайман.
Садир охирги гапларини ҳангомага нуқта қўйиш учун гапирганди. Ўғил остонадан чиқиб кетаркан эр-хотин бир-бирига тикилганча дастурхон бошида қолаверди.
Йигит бемаҳалда хонасига келиб, ўрнига чўзилди. Аллақачонгача шифтга тикилиб севгилисини ўйлаб ётди. Ўзиям тонготарда кўзи илинибди, шекилли, онасининг овозидан уйғониб кетди. Уйқуга тўймаган кўзларини ишқалаб бўсағада бироз ўтирди. Кейин юз-қўлини ювиб, дастурхон бошига келиб қўшилди. Эринибгина нонушта қилди. Сўнг худди муҳим иш қилаётган одамдай ҳовлининг у бошидан бу бошида ивирсиди. Кун чошгоҳга борганда Зеби аммаси қўлида кичиккина тугунни кўтариб ҳовлида пайдо бўлди. Онаси бўсағадан туриб ўғлига деди:
— Ҳой куёвбола, уст-бошингни алмаштириб, мошинангни юргазмайсанми? Туш бўп қолди-ку.
Йигит бир зумда шаҳзодалардек кийинди. Машина юришга ҳозирланаркан Бибигул опа эрига:
— Отаси дуо қилинг, ишимиз ўнгидан келсин, — деди қўлларини дуога очиб.
Нормат ака очиқ чеҳра билан узоқ дуо қилди. Кейин машина қишлоқнинг чанг кўчаларидан ғизиллаб юриб кетди.
2
Садир унчалик сездирмаса-да ич-ичидан қувончи танасига сиғмаётганини онаси ҳам, аммаси ҳам билиб турарди. Йигит ҳар замон машинанинг ички ойнасидан орқа ўриндиқда гурунглашиб кетаётган жигарларига қараб қўярди.
— Ҳой, сал секинлат-чи, анави Мамарайимми? — сўради аммаси Садирдан.
— Жездамни укасими? — саволга савол билан жавоб берди жияни.
Машина йўлида зўрға кетаётган одамнинг ёнидан секингина ўтди. Маст киши эса уларнинг орқасидан алланималар дея бақириб қолди.
Қишлоқнинг бу жин кўчаси орқали шаҳарга элтувчи катта трассага чиқиларди. Шундоққина трассага етаверишда Жинниқиз деган мозор бор эди. Жин кўча худди шу мозорнинг қоқ ўртасидан ўтганди. Ҳамма бу ердан ўтишда дуо қилиб ўтарди. Айтишларига қараганда мабодо бирор кимса дуо қилишни унутиб қўйса, мозордан жин-ажиналар илашармиш. Мозор ҳам унча-мунча кичик қўйиндилардан эмасди. Машинада икки-уч дақиқа юриб ўрта кўчадан ўтиларди. Аёв юрсангиз қабристондан чиқиш учун беш-олди дақиқа кифоя эди.
— Жинниқизни тарихини биласанми жиян? — сўради аммаси жиянини гапиртириш учун.
— Эшитганман, — қисқагина жавоб қилди у.
Аммаси ҳикоя айтаётгандек гап бошлади. Йигитнинг қўли рулда эди-ю кўзлари ойнадан аммасининг оғзига тикилганди.
— Бундан анча йиллар олдин бир қиз яшаган экан. У қиз...
Шу пайт Бибигул опа бехосдан чинқириб юборди:
— Тўхта-а-ат!
Садир йўлга қаради. Йўлнинг ўртасида катта қора мушук ётарди. Йигит жон-жахди билан машинанинг тормозига ёпишди. Мушук эса жойидан қилт этмасди. Улов жониворга бир қадам қолганда зўрға тўхтади. Ҳаммалари тушиб унга яқинлашишди.
— Ўликка ўхшайди, — деди Зеби аммаси оёғи билан турткилаб кўриб.
Бибигул опа машина ёнидан жилмай нималардир дея минғирларди. Унинг ранги докадек оқарган, лаблари бутун вужудига қўшилиб титрарди. Садир дарҳол кабинадан сув олиб онасига тутди. Сўнг мушукни кўтариб, четга қўяётиб:
— Ростданам ўлган экан, — деди аммасига қараб. — Ўлик, — таъкидлади у.
Шу маҳал жонивор бирдан ўзига келди-ю йигитнинг қўлини тишлаб олди. Садир оғриқдан инграб, қўлини сиқди, мушукка қараб сўкинди. Мушук эса қабристон томонга чамаси ўн қадамча югириб бориб тўхтади, ортига ўгирилиб, Садирга пича термилиб турди. Йигит билан мушукнинг кўзлари тўқнашди. Садир яхшилаб разм солди, унинг қорачиқлари оловдек ловиллаб турибди. Тикилган сари йигитнинг бошига оғриқ кирди, худди ихтиёрини ана шу митти жониворга топшириб қўяётгандек ҳолсизланди. Хаёлида чор атрофдан мушуклар чиқиб келаверди. Қоп-қора, кўзлари чўғдек қизил мушуклар... Садир танасида кучли иссиқликни ҳис этди. Унинг жониворга термилиб, қоққан қозиқдек бир жойда туриб қолганини кўрган аммасининг хуноби ошди.
— Ҳой, ҳайда мошинни, кетдик, — деди товушини баландлатиб. Кейин худди шу гапини яна икки-уч марта такрорлади. Жияни келавермагач, машинадан тушиб, Садирни қаттиқ турткилади.
— Ҳа, амма? — сўради йигит турткининг оғриғидан билагини ишқалаб.
— Сендан сўраш керак. Ўн марта чақирдим. Одамни менсимайсан. Кетдик кеч қоламиз, — дея Садирни жеркиб берди аммаси. — Ўзи пешингача бориш керак эди.
Йигит индамай уловни ўт олдирди.
Машина шаҳарнинг равон, кенг кўчаларидан бирига қайрилганда кун пешиндан ўтганди. Улар икки қават қилиб қурилган, ташқари деворларига ниҳоятда оро берилган улкан уй олдида тўхташди. Аёллар машинадан тушиб, ҳангу-манг бўлиб қолди. Онаси ўғлининг ёнига келиб сўради:
— Болам қиз ростданам шу ерда турадими, адашмадингми?
— Йўқ, шу уй, — деди йигит беҳаловат бўлиб.
Бибигул опа чинаккамига лол эди. Ҳали қизни кўрмасдан туриб, ўғлининг диди чакки эмаслиги бир зум хаёлидан ўтди. Лекин данғиллама уйнинг ўзиёқ унинг юрагига ғул-ғула сола бошлади. Вужудидаги ваҳимани йўқотиш учун ўғлига яна бир карра ялинганнамо гап бошлади:
— Кўрпангга қараб оёқ узат, деган гап бор. Уйини қара, ҳашаматли. Бойвачча оилага ўхшайди. Тағин беиззат қилишмасидан олдин кирмай қўяқолайлик а?
Йигит аввал икки қўлини рулга, сўнг бошини қўллари устига қўйди-ю чуқур уҳ тортди. Аммаси илкис жиянига қаради.
— Уфлама, — деди кескинлик билан. — Тенг-тенги билан, тезак қопи билан дейишган. Чечам шундан қўрқаяпти. Очиғини айтганда менам сал хавфсираб турибман.
Аёллар бир Садирга, бир қаршиларида савлат тўкиб турган иморатга қарай-қарай уйнинг эшигини қоқишди. Ичкаридан чамаси ўттиз ёшлардаги жувон чиқиб, меҳмонларни ичкарига таклиф қилди. Орадан бироз вақт ўтгач, ҳалиги эшикдан бир болакай чиқди, тўғри Садирнинг олдига келди:
— Кўчанинг бошига бориб тураркансиз, опачам айтди, — деди у омонат гапни эгасига етказганидан қувониб.
Йигит боланинг айтганини қилди. Кўчанинг бошига бориб, кўзини ўша уйнинг эшигидан бир зумга бўлсин узмади. Ниҳоят анчадан кейин эшикдан икки қиз чиқди ва у томонга кела бошлади. Садирнинг кайфияти кўтарилди. Дарров ойнага қараб сочларини тузатди. Ўтган-кетган йўловчиларга сездирмай уст-бошини ҳам тўғрилади. Кейин яна қизларга тикилиб, сесканиб кетди. Бошида мозор олдида бўлгандек оғриқ турди. Назарида кўзларининг томирлари торайиб, қон тошаётгандек ўзини ғалати ҳис қилди. Қиёфаси жиддийлашиб, ҳушини бир жойга жамлашга тиришди. Уддасидан чиқолмади. Кўзларини юмиб, ҳозиргина кўрганлари хаёлида рўй бераётганига ўзини ишонтиришга уринди. Кўзларини очди. Бироқ бояги ҳолат намоён бўлди: қизлар у томонга келишяпти. Лекин Дилдорага учинчи ҳамроҳ қўшилганди. Бу ҳамроҳ Жинниқизда кўргани — қора мушук эди. Жониворнинг кўзлари қондек қип-қизил. Ранги тундек қоп-қора. Ҳар қандай кишини қўрқувга солади...
Салдан кейин йигит жарангдор овоздан ўзига келиб қаради. Ёнида бир қиз Дилдоранинг қўлларидан ушлаб турарди.
— Сизга нима бўлди? — сўради ҳалиги қиз чеҳрасидаги ҳадикни яширолмай.
— Ҳеч нарса, ўзим, — жавоб қилди Садир кўзларини катта-катта очиб, атрофига аланглаб. У мушукни қидираётганди. Мушук эса қаергадир ғойиб бўлганди.
Йигит севгилисининг ёнидаги қизни танимади. Дилдора у билан саломлашиб, дугонасини таништираркан, тим қора кўзларида қувонч порлади. У дугонасининг ёрдамида оҳиста пайпаслаб машинанинг орқа ўриндиғига жойлашди. Дугонаси уни йигитга омонат топшириб, ўзи сал нарироқдаги дўкон олдида гурунглашиб турган қизлар давраси томон одимлади. Садир олд ўриндиқдан орқага — қизнинг ёнига ўтиб ўтирди.
— Барибир айтганингизни қилибсиз-да, — деди қиз паст овозда.
— Ҳа!
— Нимагадир кўнглим ғаш.
Садир қизнинг қўлларидан маҳкам сиқди. Шу билан у севгилисига таскин бермоқчи бўлди. У совчилар келишини эшитган кундан бери ич-этини еяётганди. Садирни севиб, унга умид бериб, худди боши берк кўчага кириб қолгандек ҳис қилаётганди ўзини. Дилдора учун муҳаббати охиратдек туюларди. Кириш бор-у, чиқиш йўқ эди гўё.
— Хотиржам бўл, — деди йигит унинг юзларини силаб. — Ҳаммаси яхши бўлади.
Қиз-да нозиккина кафти билан йигитнинг чеҳрасини пайпаслади:
— Эҳтимол яхши бўлар. Лекин менга негадир тамомила акси бўладигандек туюляпти.
— Менга ишон, Дилдор. Сени яхши кўраман.
Дилдора кўрсатгич бармоғи билан Садирнинг лабларини тўсди. Орага бир неч дақиқалик сукут чўкди. Бу сукут шунчалик оғир эдики, лаҳзалар ичида ҳар икки кўнгилни ҳам беҳузур қилиб, портлатиб юборишига бир баҳя қолди. Жимликка чидолмай қизнинг ўзиёқ биринчи бўлиб гап бошлади:
— Кўзи ожиз қизни келин қилиш осонмас, — деди у тез-тез киприк қоқаркан. Агар ота-онангиз рози бўлишмаса, — деди у ва жимиб қолди. — Ҳаммасини тушунаман. Уларда ҳам орзу-ҳавас бор. Яна одамларам, — дея илова қилди айтганларига.
— Сен буларни ўйлама. Ожиз сен эмас, сендек гўзал қизни кўролмайдиганлар бўлади.
— Кўзларим ҳақида айтганмисиз?
Қизнинг қўққисдан берган бу саволи Садирни довдиратиб қўйди. У нима дейишни билмай гарангсиб қолди. Чунки ҳали ота-онасига бўлажак келинларининг кўзи ожиз эканлигини айтиб улгурмаганди.
— Улар учун бунинг аҳамияти йўқ, — деди йигит овозига қатъий тус беришга уриниб. — Муҳими қиз жуда яхши.
— Айтмай бекор қилибсиз, — оғир хўрсинди қиз. Бу сафар унинг овози титраб чиқди.
Сўнг қўнғироқдек овоздан уларнинг хаёли бўлинди.
— Кетамизми Дилдора? — сўради дугонаси жилмайиб қиздан.
Дилдора йигит билан хайрлашиб, машинадан тушди.
— Ана меҳмонлар чиқишяпти, — деди бояги қиз уйлари томонга қараб.
— Мен бора қолай, — деди-ю уловни ўт олдирди Садир.
Энди газни босгандики, қулоқлари остида аллақандай шивирни эшитди. Аввалига яхши англаёлмади. Машинанинг маторини ўчириб, диққат билан қулоқ солди. Назарида қанақадир шарпали овозлар нуқул “меники, меники” дея пичирларди. Туйқус бошини кўтариб ўзидан чамаси ўн қадамлар нарида кетаётган Дилдорага қаради. Кўнглида ижирғаниш пайдо бўлди. Юрагини ваҳима босди. Миясига боз бояги оғриқ кириб, кўзлари қонталаш тус олди. Бу пайтда қизларнинг учинчи ҳамроҳиям пайдо бўлганди. У олдинга қараб қадам ташларди-ю бироқ боши билан Садир томонга тикилиб борарди.
Йигит машинадан ирғиб тушди ва қизлар томонга югирди. Ҳаллослаб келди-ю улардан сўради:
— Нега манави ярамас мушукни еталаб юрибсизлар?
— Қайси мушукни? — сўради Дилдоранинг дугонаси ажабланиб.
— Вой, бу ерда мушук борми? — деди Дилдора ширин жилмайиб.
— Йўқ, — кескин оҳангда деди дугонаси. Сўнг Садирга қараб: — Соғлигингиз жойидами, — дея сўради.
Шу орада аста-секин қадам ташлаб келаётган Бибигул опа билан Зеби аммаси Садирга кўзлари тушиши ҳамоно нимагадир ишора қилди. У ҳамон ҳушини йиғолмаган, нуқул қизларнинг атрофига тикилиб қора мушукни қидирарди.
— Мошинага ўтир, — деди Бибигул опа. Унинг овозидан авзойи бузуқ эканлигини пайқаш қийин эмасди.
Йигит сал ўзига келиб, уловни юргизди.
Улар бутун йўл бўйи бир-бирларига лом-мим демай жим келишди. Бироқ машинадан тушишлари билан Бибигул опа гулхандек аланга олиб, минадай портлади. Бир томонда ота-она, бошқа томонда Дилдора. Садир ҳеч нарса демасдан катталарнинг гапларини охиригача эшитди. Илло нимагадир Зеби аммаси гапирмасдан, жанжалга томошабин бўлиб турарди. Унинг тоқати тоқ бўлди. Аммасининг сукут сақлашини кўриб, лоақал у киши мен томон бўлар деган ўйда аммасига қаради.
— Жиян, яхшилаб ўйлаб кўрдингми? — сўради аммаси вазминлик билан.
Бу гапни эшитиб Бибигул опанинг кўзлари олайиб, шанғиллай бошлади:
— Нимасини ўйлайди буни? Ўйлайдиган жойи бормикан? Мен ногирон қизни келин қилмайман. Ана ўзиям айтган агар сизлар хоҳламасаларинг уйланмайман деб.
— Мен Дилдорага уйланмасам бошқа бировга ҳам уйланмайман деганман, — таҳдидона деди Садир аввалги айтганларини онасининг ёдига солиб қўймоқчи бўлиб.
— Ҳали қаёқдаги битта кўр қизни деб гапимни икки қиласанми? — чинаккамига дағдаға қила бошлади онаси.
— Мен, — деди Садир ўрнидан туриб: — Сизларниям, униям яхши кўраман.
— Ўшани ўқишда кўрган бўлсанг билиб қўй. Ўқиш-пўқишингни йиғиштирасан. Бу менинг охирги гапим. Агар шуни дейдиган бўлсанг, уйдан йўқол.
Онасининг бу гапига ҳеч ким эътироз билдирмади. Лекин Садирнинг ҳайдалиши ҳақида ҳавога сочилиб кетган бир оғиз сўз отасини ҳам, аммаси-ю Садирнинг ўзини ҳам бир сапчитиб туширди.
Йигит гапини давом эттирмоқчи бўлди-ю, сўзини йўқотган одамдай ҳовли томонга қаради. Бирдан олма дарахтининг остида юрган қора мушукни кўрди. Унга тикилиб, ёнаётган кўзларидаги тушунарсиз ҳолатдан қўрқуви ошди. Бошидаги оғриқ лаҳзалар ичида бутун танаси бўйлаб ёйилди. Аммо ҳарчанд уринмасин нигоҳини мушукнинг нигоҳларидан ололмасди. Ҳатто киприклари ҳам ўзига бўйсунмас, оёғи эса жонивор томонга судрарди. Қулоқлари остида элас-элас ота-онаси, аммаси ўзининг исмини тутиб чақиргани эшитиларди. Сўри устида қадам ташлаб пастга юра бошлади. Бир маҳал бутун азои баданида гурсиллаб нимагадир урилганининг азобини туйди. Айниқса бошининг қаттиқ тушиши хаёлини ўзига келтирди. Алҳол бу узоққа чўзилмай яна ҳушидан кетиб йиқилди.
3
Садир кўзини очиб, ётган жойини кўздан кечирди. Касалхонанинг тезёрдам хонасига ўхшайди. Турли асбоб-ускуналар ва алламбало жиҳозлар... Хуллас тиббиётга доир анча-мунча нарсаси бор.
У ўрнидан турмоқчи бўлиб, илкис гавдасини кўтарди. Билагида қаттиқ оғриқ сезди. Бу оғриқ худди баданга нина санчилишини эслатарди. Йигит мажбур гавдасини оҳиста ташлаб чўзилди. Секингина билакларига қаради. Билагига укол қўйишибди. Бироз вақт шифтга термилиб ётди. Нималар бўлганини эслашга уринди. Уйларидаги сўрини кўз олдига келтирди. Онасининг куйиб-пишиб гапираётганини ҳам. Кейин олма дарахти, кейин ўзини таъқиб этаётган анави ярамас қора мушук жонланди хаёлида. Узоқ ўйлади. Ўйларига берилиб кўзи илинибди. Қанча ухлади билмайди. Ҳар тугул майин овоздан уйғониб кетди. Тепасида ҳамшира шприцни кўтариб жилмайиб турарди. Деразадан ташқарига қаради. Атрофга қоронғи тушган.
— Қани яхши йигит ўгирилинг-чи? — деди ҳамшира бир қўлиди шприц, яна бирида спиртга ботирилган пахтани кўз-кўз қилиб.
— Анчадан бери ётибманми? — сўради Садир ёнбошлаб ётаркан.
— Ҳм-м, — жавоб қилди ҳамшира қисқагина қилиб.
— Бу ер...
Садирнинг гапи бўғзида қолди. Ҳамшира унинг гапини давом эттириб:
— Шошилинч тиббий ёрдам бўлими, — деди. — Камроқ гапирсангиз ўзингизга яхши бўлади. Бўмаса толиқиб қоласиз.
— Реанимация денг, — ҳазин таъкидлади йигит. Сўнг чиқиб кетаётган ҳамширадан сўради: — Уйимдагилар шу ердами?
— Ташқарида.
— Айтиворинг, илтимос, — ялинганнамо гапирди йигит.
— Бу ерга мумкинмас. Ҳозир врач келади. Палатага ўтказинглар деса, уларни кейин киргизамиз. Палатага...
Ҳамширанинг гаплари йигитга тасалли бўлди. У осмонга термилиб ётиб дўхтирни кута бошлади. Хайриятки, орадан кўп ўтмай врачнинг қораси кўринди. Йигитга бир-икки савол берди, асбоблари билан текшириб кўрди. Сўнг ҳамшираларга Садирни палата ўтказиш ҳақида буйруқ берди, нималарнидир тайинлади.
Палата шинамгина эди. Икки кишилик хона. Кроват ҳам, табуретка ҳам икки донадан.
Садир ўзини палатага жойлаштирган ҳамширадан ота-онасини киргизишларини илтимос қилди. Бироз ўтиб хонага ота-онаси кирди. Бибигул опа ўғилини қучоқлаб роса йиғлади. Нормат аканинг-да ўғлининг соғайганидан кўзлари намланди. Улар узоқ гаплашишди.
— Сени бизга Худойимнинг ўзи қайтариб берди, — дейди онаси икки гапнинг бирида.
Садир кўнглидан ўтаётган саволларни қандай сўрашни билмай пича ўйланди. Ниҳоят юрак ютиб:
— Анчадан бери ётибманми? — сўради онасидан.
Хотинидан олдин Нормат ака олғирлик қилиб гапни илиб кетди:
— Ҳаммаси ўтиб кетди. Буларни ўйлама.
— Билишим керак! Ахир...
Ўғлининг қайсарлигини билиб, Бибигул опа:
— Анчадан бери, — деди ғамгин оҳангда. — Бошинг билан ёмон йиқилибсан. Мия суягинг лат еб ичкарига йиринглаб кетди.
Бибигул опанинг чеҳраси мунгли тус олди.
— Дилдора, — деди Садир беихтиёр. Сўнг ўзи ҳам ҳозир у ҳақда сўрашнинг мавриди эмаслигини пайқаб тилини тишлади. Бироқ онаси ялт этиб Нормат акага қаради, эри бошини маъноли қимирлатди. Бибигул опа мийиғида илжайди.
— Уям шу ердайди. Боя кетди. Эрталаб келади, — деди.
— Бояқиш қиз роса йиғлади-да, — деди отаси ўғлини оҳиста туртиб.
Улар гангир-гунгирни авжига чиқаришаётганди шошиб-ҳовлиқиб Зеби аммаси кириб келди. Аммаси озроқ шартаки, қандай гап бўлишининг фарқи йўқ. Шарт қўшилиб олади-ю ҳеч кимга навбат бермай вайсайверади. Мана ҳозир ҳам Дилдора ҳақидаги суҳбатга қўшилиб, биринчиликни ўз қўлига олди. Гап-гап билан соат ўнга яқинлашиб қолганда, ҳамширалардан бири эшикни очиб, ухлаш вақти бўлганлигини, беморни кўп уринтирмаслик зарурлигини эслатди. Ота-онасига қўшилиб аммаси-да ўрнидан қўзғалди.
— Келинни жигаридан урибдида жияним қурмағар, — деди у бўсағада туриб. — Майли қизнинг кўзи ожизлиги ўпса нетар, ювса кетар бўмасаям бахтли бўлишса бўлди.
Унинг гапи ҳамманинг юрагига наштардек санчилди. Бирдан хомуш тортишди. Айниқса Садир. Эски гап қайтадан қўзғолаётганлигидан ҳафсаласи пир бўлди. Бибигул опанинг бояги хушчақчақлиги шамолда учган чангдай бир зумда йўқолди. Ноўрин гапи ҳамманинг кайфиятини бузганлигини кўриб, Зебининг ҳам тарвузи қўлтиғидан тушди. Мунғайибгина жияни билан хайрлашди.
Йигит эса ўй-хаёллари билан ёлғиз қолди.
4
Оқшом яримлаганда эшитилган чинқириқдан касалхона ларзага келди. Ходимлар шошиб қолишган бўлса, уйқудаги беморлар ваҳимага тушишди. Ҳамширалар оёқларини қўлига олиб чопишди. У палата кирганларида Садир хонанинг бурчагида ўтирарди, у тинмай бошини деворга урар, нуқул “кет-кетлаб” нимадир қувиб соларди. Кўзлари косасидан чиққудек бўлиб, “қора мушук-қора мушук” дея бақирарди. Илгари ҳечам бундай ҳолни кўрмаган ёшгина ҳамшира қизлар қўрқиб кетганларидан бири врачга югирса, бошқаси табуреткада турган чойнакдаги чойни йигитнинг юзига сепа бошлади. Чамаси ярим соатлар давом этган маш-машадан сўнг йигитни яхшилаб кроватига боғлаб қўйишди.
Эртасига тушликда касалхонага келган Нормат ака билан Бибигул опа тунда рўй берган воқеани эшитиб қаттиқ ранжишди. Ота-она шифокорнинг кўрсатмасига кўра эҳтиёткорлик билан Садир ётган палата киришди. Йигит ҳамон “қора мушук-қора мушук” дея ғалати инграрди. Бибигул опа ўзини ўғлининг бағрига отмоқчи эди, дўхтир тўхтатиб:
— Бемор кечаси қаттиқ жазавага тушди. Эҳтимол ҳалиям шунинг таъсири бўлиши мумкин, — дея қайта огоҳлантирди.
Садир инграш баробарида кўзларини рўпарасида турган “меҳмон”ларга қадади. Балки таниди, балки йўқ. Илло у ўрнидан қўзғала бошлади. Кўзлари жиққа ёшга тўлиб, жисмини чирмаб турган ипларни зўр бериш узишга тиришди. Ғамгин ва сўлиқ нигоҳларини Бибигул опага тикди.
— У бизни таниди дўхтир, — йиғлади шўрлик онаизор.
— Хафа бўлманглар-у, — деди дўхтир чайналиб, кўнглидагини айтишга тортинаётгандек, — ўғлингизни руҳшуносга кўрсатсаларингиз яхши бўлади. Хўп десаларинг мен йўлланма ёзиб бераман.
— Ўғлим жинни эмас, у эсдан оғмаган, — қичқириб юборди Бибигул опа.
Шифокор уларга руҳшунос ҳақида анча маълумот берди. “Руҳшуносга жиннилар эмас, руҳий изтиробга тушиб қолган одамлар боради”, деди у. Аммо Нормат аканинг илтимосига кўра Садирни яна бир неча кун шу касалхонада олиб қолишга рози бўлди.
— Шу кунлар ичида беморда ўзгариш бўлмаса, кейин руҳий касалликлар шифохонасига юборишга мажбурмиз, — деди врач мижозларини кузатаркан.
Ота-она дўхтирнинг олдидан хафақон бўлиб чиқди.
Бир неча кундан кейин дўхтирлар Садирни қайта текширувдан ўтказди. “Ўзимни яхши ҳис қиляпман” дерди йигит. Бироқ ўзини ҳар қанча яхши сезмасин, кунда бўлмаса-да кун ора унинг касали хуруж қиларди. Касалхона унинг жонига тегиб кетди. Шу боис сўнгги кунларда ўзининг аҳволини билса ҳам “яхшиман” деб туриб олди йигит. Ўзининг ташхиси бўйича Садир: соппа-соғман. Шифокорларнинг ташхисига биноан у: руҳий касал яъни салкам жинни эди.
Йигит ҳуши жойида кезлари ота-онасига Жинниқиз мозорида дуч келган қора мушук ҳақида айтиб берди. Нормат ака амаллаб шифокордан жавоб олиб ўғлини уйига олиб кетди. Бир қарашда ҳаммаси яхшидек туюларди кишига. Фақат икки куннинг бирида Садирнинг касали хуруж қилаверди.
Кунларнинг бирида жазавага тушган ўғлини тинчлантириб жойига ётқизган Бибигул опа эрига ёрилди:
— Эртага Зеби аммаси билан фолга бормоқчиман, — деди кўзларида йилтиллаган ёшни эридан яширишга уриниб.
— Калланг борми ўзи, дўхтирлар тузатолмаганини фолбин нима қилади. Худомидики даволаб қўйса, — хотинининг гапидан астойидил аччиқланди Нормат ака.
Бибигул опа ўпкаси тўлиб тургани боис эрининг гапидан кейин изиллаб йиғлаб юборди:
— Ахир, эскичадан бўлиши мумкин-ку. Фолга ишонма, фолсиз юрма деган гапам бор.
Нормат ака “билганингни қил” дея хотинига қўл силтаб, ҳовлига чиқди. Пиллапояга оғир чўкди. Лаблари орасига сигарет қистириб осмоннинг олис нуқталарига тикилганча ўйга толди. Атроф қоп-қоронғи, ёз фасли ҳали тугамаганлиги учун аҳён-аҳёнда ҳашаротларнинг товуши эшитиларди.
Бибигул опа каллаи саҳарлаб Зебининг уйига борди. Улар ўзларидан унчалик узоқ бўлмаган фолбинни топишди. Бор гапни эшитиб, ромчи қандайдир дуолар ўқиди. Ғалати қилиқлар қилди, ошқозони касал одамдай тинмай кекирди. Сўнг Бибигул опадан сўради:
— Атроф-четларингизда мозор бор экан а!?
— Ҳа, ҳа, Жинниқиз бор, — шоша-пиша фолбиннинг гапини маъқуллади аёл.
— Ўғлингиз шу ердан ўтаётганда ажиналар илакишган. Ё жонингни оламан, ё молингни деяпти. Ўша ерга, — деди фолбин ва бир муддат жим бўлиб қолди. Унинг сукут сақлаши Бибигул опани хавотирга солиб қўйди. Шу боис “кейинчи” деб юборди. Фолбин аёллар ҳали бир нимани тушунар-тушунмас яна бидирлаб гапида давом этди:
— Мозорнинг қайеридадир ўша мушукми, эҳтимол арвоҳдир нотинч ётибди. Ўғлингизни кўзига шу кўринган. Ўша қабрни топиб, бир боғимлик жон аташларингиз керак. Ундан олдин ўғлингизни меникига олиб келасизлар, даволайман. Охирида боя айтганимдай сариқ эчки олиб сўйиб, кафанлаб қабристонга кўмасизлар. Иннакейин қичқирган қизил хўроз билан қонлаймиз.
Бибигул опанинг ранги-қути ўчиб, бўздек оқарди. Зеби бўлса “шуям гап бўлди-ю” қабилида лабларини бурди. Бибигул опа ҳаммасини тушуниб олиб кетишга чоғланди. Бироқ бўсағага борганда фолбиннинг овозини эшитиб тўхтади:
— Боғимларни ҳамма бахши қилсаям бўлади. Лекин олдин мен дардини олишим керак. Эсдан чиқарманглар. Вақт жуда кам. Уч кун ичида олиб келинглар. Уни ўттиз уч кун даволайман. Бибигул опа то уйига келгунча ўзига келолмади. Қайнсинглиси жон-жаҳди билан қайнопасини фолбиннинг гаплари ёлғонлигига ишонтиришга уринарди.
Бибигул опа уйга келиши билан ҳаммасини Нормат акага айтиб берди. Эрининг кечагидан ҳам баттар авзойи бузилиб, жаҳли чиқди:
— Сенга дўхтирга оборамиз дедим-ку, — деди у хотини гапини тугатар-тугатмас бақириб. — Фолбиннинг сафсаталарига лаққа тушиб, кўзингни ёшини шўрғиратиб келдингми?
— Отаси ахир у...
Бибигул опанинг оғзидагини оғзида, бўғзидагини бўғзида қилиб қайнсинглиси гапга аралашди:
— Чеча, Садирни аллақандай ромчига эмас, дўхтирга кўрсатиш керак. Анави врач руҳшуносга оборинглар демабмиди.
Бибигул опанинг бу гаплардан фиғони фалакка чиқиб кетди:
— Садир жинниямас, — овозини баландлатиб юборганини билмай қолди Бибигул опа.
Нормат ака ўтирган жойидан ирғиб тураркан, олдидаги хонтахтани жонининг борича бир муштлаб, хотинига ўшқирди:
— Пишган ошга сув аралаштирма, тушундингми, — деди у хотини томонга хиёл эгилиб. — Эртагаёқ Садирни руҳий касалликлар шифохонасига оборамиз. Гап тамом.
5
Эрининг гапларидан Бибигул опанинг таъби тирриқлашди. У ўзича қарор қилиб, ўғлини фолбиннинг қўлига топширмоқчи эди. Хаёлида худди фолбиннинг айтганлари ҳақиқатдек кўринганди. Афсуски Нормат ака бу гапларга ишониш тугул охиригача эшитишни ҳам истамади. У айтганини қиладиган одам. Шу сабабли тонг отиши биланоқ хотини ва ўғлини олиб шаҳардаги руҳий касалликлар шифохонасига йўл олди.
Садир бутун оқшом Дилдоранинг ўйи билан бўлиб, бошқа нарсани унутиб қўйганди. Ҳозир ҳам йўлда кетаяпти-ю бутун фикри-зикри унда. У севгилисини унчалик чиройли хисобламасди. Лекин унинг учун ёруғ дунёда Дилдорадан-да чиройлироқ, гўзалроқ қиз йўқ эди. У маъшуқасига етишиш учун даволаниши кераклигини яхши тушунарди. Шу боис ота-онаси билан касалхонага боришга рози бўлди. Йўқса ўзини озгина идора қила оладиган одам бу ерга келармиди?
— Отаси, етти ўлчаб бир кес дейишган. Садирни бу ерга олиб келиб тўғри қиляпмизмикан? — деди Бибигул опа қабулхонада навбатда туришаркан.
— Биласанми хотин, — гап бошлади Нормат ака. — Шундай пайтлар бўларканки, бўри ўз ини атрофида ов қилмас экан. Қизиқ а?! У ваҳший йиртқич бўлишига қарамай, болалаганда иложи борича уйидан узоқроқдан емиш қидираркан. Сабаби бошқа бир йиртқич ҳайвонлар гўдакларимга зарар етказмасин деркан. Тушуняпсанми?
Эри Бибигул опага қаради. Унинг кўзларида қандайдир мунг бор эди. Нормат ака кўксида портлаб, бўғзига тиқилиб, кейин ўзини кўзлар орқали ташқарига ураётган қора шабнам томчиларини хотинига кўрсатмасликка тиришиб, тескари ўгирилиб олди. Бибигул опа барибир буни сезди. Эри бўлса кўрсаткич бармоғи билан юзидан сирғалиб тушаётган ёшларни оҳиста артди.
— Бунинг ҳаммасини ўғлимизни ўйлаб қиляпман. Бу аҳволини биров билмасин дейман. Эр киши. Анави фолбинга олиб борсанг, бир қишлоқ наридан туриб бутун атроф четга гап тарқалади-ку. Фалончининг боласи жинниякан деса қандай чидаймиз, — деди Нормат ака.
Кейин Садирга қараб:
— Мени кечир ўғлим, — деди зўрға тили айланиб отаси.
Навбат келганда Нормат ака ўғлини етаклаб дўхтирнинг олдига кириб кетди. Ичкарида беш чоғли врач келганларни кўрикдан ўтказарди. Роса бир соатга яқин текширувлар бўлгандан кейин шифокор Садирни ташқарига чиқариб, ота-онасини олиб қолди:
— Ўн йиллик ўсма, қирқ йиллик хина бўлсаларингизам соғ билан касални фарқлай олмай сизларми? — койиди врач уларни. — тавба, — дея қўшиб қўйди.
Бу гапдан эр-хотин ҳанг-у манг бўлиб қолди.
— Олиб кетаверинглар! — деди оқ либосли киши пиёладан чой ҳўпларкан.
— Қаерга? — шошганидан ҳаяжонини босолмай сўради Бибигул опа.
— Қаерга бўларди, уйга-да, — қўрслик билан жавоб берди врач. — Ўғлингиз соппа-соғ, —ҳукм чиқарди у. — Ким йўлланма берган бўлсаям адашибди. Хато қилган, хато.
Улар бутун йўл бўйи бир-бирларига оғиз очишмади. Фақат Жинниқиздан ўтишда Садирнинг касали қайталаб қолди. Машинада ғужанак бўлиб олиб, қора мушук ҳақида гапириб ота-онасини роса хуноб қилди.
Кечқурун аммаси келди. Оила дастурхон атрофида йиғилди, Бибигул опа қайнсинглисига касалхона воқеасини айтиб берди. Зеби аввал янгасига, сўнг акасига бир муддат тикилиб, ҳафсаласизгина деди:
— Икки тентак бир калтак бўлибсизларда.
Нормат ака хотинига “шу гапни бекор айтдинг-да” дегандек итхўмрайиш қилиб қаради. Сўнг синглиси чой қуйиб узатган пиёлани оларкан хотинига қараб:
— Ола товуқ дон сочар, ўз айбини ўзи очар, — деди вишиллаб.
Бибигул опанинг фикр-у хаёли фолбин айтган муддатнинг бир куни ўтганлигида эди. Шунинг учун эрининг гапига эътибор бермади.
Эртаси куни тушлик пайти қора мушукнинг ташрифини, Садирнинг касали хуруж қилганини айтмаса, тинчгина ўтди. Бибигул опа ўз ёғига ўзи қоврилиб, ич-этини ерди. Икки кунни дақиқа санаб ўтказди. Аммо фолбин ҳақида эрига оғиз жуфтлашга журъати етмади. Хаёлида яна бир марта эслатиб қўймоқчи бўлди-ю, барибир эрининг унамаслигини билибми ёки юраги дов бермадими ҳар тугул индамади.
Оқшом яримлаган. Бу тун фолбин айтган муҳлатнинг охиргиси эди. Садир шифтга термилганча Дилдора билан тўйларини хаёлида жонлантирарди. Бирдан эшик ёнида эски қадрдони пайдо бўлди. Кўзлари чўғдек қип-қизил, ранги тим қора, қулоқлари тикка, юнги ҳурпайган. Бу сафар у аввалгидек узоқдан кўриниб кетмади. Бу гал қора мушук Садир ётган хонанинг бўсағасигача келди, пойгакка ўтирди. Йигит ҳам бақир-чақир қилмади. Бир-бирларини сас-садосиз кузатишди. Нигоҳлари тўқнашган маҳал Садир кийина бошлади. Орадан хиёл ўтмай йигит тилсиз мавжудотга эргашиб дарвозадан чиқди. Икки ҳамроҳ туннинг қуюқ зулматида Жинниқизга элтувчи йўл бўйлаб илгариларди. Салдан кейин эса икки шарпа қоронғулик қарига сингиб, кўздан ғойиб бўлди.
6
Садир манзилни яхши биларди. Билса-да қабристонга келганида юраги шув этиб товонигача тушиб кетди. Бир фурсат мозорга кираверишдаги панжара қаршисида тўхтаб қолди. Вужудини ваҳима қамради. Мушук ҳам йигитнинг ёнида сал тек турди-ю, кейин “кетдик” дегандай миёвлади. Улар дўмпайган қабрлар оралаб мозорнинг орқа томонига юрди. Садир оқшом бўлишига қарамай бу ерни синчиклаб кўздан кечирарди, борган сари кўз олди қоронғилашиб борарди. Унинг танаси қўрқувдан дағ-дағ титрарди. Худди шу ҳолат гўё бутун қабристонда ҳам ҳукмронлик қиларди. Нотаниш меҳмоннинг ташрифи мозордаги жамики мавжудотни ўзига жалб этганди. Аҳён-аҳёнда бойўғлилар “у-у”лаб, потирлатиб қанот қоқишарди. Гоҳ қовжираган майсаларнинг шитирлаши одамни эс-хушини оларди. Лекин бу жойда қўрқув ҳиссини туяётган ягона жонли ва онгли мавжудот бу — Садир эди. У азои баданининг титраётганига қарамай, ўзини дадил ва бардам тутишга уринарди. Аввалига ичида пичирлаб калима қайтарди. Сўнг овозини пича баландлатди. Кейин баралла бақириб дуолар ўқиди. Шу билан ўзини чалғитиб, тетиклашгандай бўлди. Атрофга аланлади. Дарвоқе, унинг шериги қайерга кетди. Йигит ҳар томонга кўз ташлаб, мушукни топди. Жовинорнинг нигоҳлари биргина нуқтага тикилган, бу нуқта дўмпайиб турган қабрнинг тешиги эди. Негадир гўристоннинг бу томонида қабрлар кам эди. Фақат мушук ёнида турган қабргина одамнинг эътиборини жалб этарди. Катта ва ўрталикда эди у. Мушук қабрга янаям яқинроқ борди. Садирга алланимадир ишора қилди.
— Нима деяпсан? — деди Садир гарчи қичишмаса-да бошининг орқасини қашиб.
Мушук орқа қисми билан қабрдаги ҳалиги ковакка суқилди, аввал бошини сарак-сарак қилиб, кейин йигитга “Сен ҳам кел” дегандай маъноли қимирлатди.
— Киришимни истаяпсанми? — сўради йигит мушукка яқинлашиб.
Жонивор бош ирғади.
— Бекорларни айтибсан! — добдираб орқага хезланди йигит. — Бу ерга кириб, ўзимга ўлимни тилаб олайми. Аҳмоғинг йўқ.
Қора мушук ковак оғзида на ичкарига кирмас, на ташқарига чиқмасдан уни чақирарди. Йигит ўзини бошлаб келган жониворга тикилиб турди. Сўнг ноилож одамдай осмонга қараб уҳ тортди. Шу пайт ёнидан аллақандай шарпа лип этиб ўтгандай бўлди. Бироқ Садир буни ярим чала сезиб, англолмай қолди. Ковакка қаради. Энди қора мушукнинг ёнида яна учта жониворлар пайдо бўлди.
— Болаларингми? — сўради йигит юзида зўр бериб жилмайишга тиришаркан мушукдан. Аммо у ҳеч нарса демади. Ковакка кириб кетаркан баланд товушда, чўзиб миёвлади-ю ғойиб бўлди.
Садир жамики тирик инсонлар қатори ёлғиз ўзи, ярим оқшомда қабристоннинг ўртасида, даҳшат-у ваҳималар қуршовида ўзини ўнғайсиз сезарди. У бир жойда қилт этмасдан туриб мушукни кутди. Ундан дарак бўлавермади. Ниҳоят йигит ўзида куч топиб бир қарорга келди. Сўнг овоз чиқариб боягина ўқиган узундан-узун дуоларини такрорлади. Секингина одимлаб коваги бор қабрга яқинлашди. Назарида тешик жудаям майда кўринди. “Оёғим ҳам сиғмайди-ку” хаёлидан ўтказди у. Тешикдан эса аллақандай инграётган, илтижо қилаётганга ўхшаш овозлар қулоғига чалинди. У бундай даҳшатга қизиқа бошлади. Аммо боягина йўқолган қўрқув яна уни эгаллаб олди. Алҳол, қўрқувдан қизиқиши устун келди. Ўнг оёғини тешикка яқинлаштирди, мўъжиза юз бериб ковак каттара бошлади. Ва у сирпаниб, зим-зиё чуқурликка шўнғиб бораркан, марҳум бобосининг доим айтадиган гапини эслади: “Қирқ йил қирғин келса ҳам ажали етган ўлади”. Сўнг ўзича пичирлади:
— Худонинг ўзи қўлласин.
Хаёлида у анча чуқурликка тушиб кетганди. Атроф қоп-қоронғи. На бирон йўл бор на бирон товуш. Турган жойи худди квадратдек туюлди унга. Олдинга икки қадам ташлади. Оёқ остидан ғалати ғарч-ғурч товуш келди.
— Ер ости дунёсида қор бўлмасди-ку, — деди ўзича, худди авал ер ости оламиникўргандек.
Бир жойда қимир этмай турди. Оёқларидан нималардир ўрмалаб баданига чиқаётгандай бўлди. Шу маҳалда миясига яна бир ўй келди. Дилидагини тилига кўчириб, мушоҳада қила бошлади:
— Анави мушукни кўрганимда мазам қочиб қолаётганди. Лекин унга қўшилиб мозорга келдим. Бу ергача тушдим. Даҳшатлар исканжасидаман. Одамнинг энг ботирлари ҳам аллақачон тил тортмай ўлган бўларди. Мен ҳалиям тирикман. На эсим оғди, на бошқа нарса бўлди. Ўзинг қўлла Аллоҳим.
Хаёлга берилиб белигача ўрмалаб келган ҳашаротларни унути
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:45 | Сообщение # 6
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
ЖИННИҚИЗ (давоми)
7
Нормат ака билан Бибигул опанинг бўлари бўлди. Қарийб ўн кундан бери фарзандларидан дарак йўқ. Қўни-қўшниларга Садирни пойтахтда даволанаяпти, деди-ю орқа-варотдан пинҳона қидирмаган, суриштирмаган жойлари қолмади. Аммо Садир ер-у кўкда йўқ эди. Худди ҳавога сингиб кетгандек. Улар кунларни санаб, боласидан бирор хабар бўлиши кутиб, эртадан кечгача эшик пойлашади. Бу орада Нормат ака хотини билан неча марта жанжаллашиб олди. Гўёки Садирни Бибигул опа фолбинга топшириб, энди эридан ҳайиқиб бор гапни айтмаётганмиш.
Одатий кунларнинг бирида дарвоза оҳиста тақиллади. Сўрида мук тушганча эшикка термилиб ўтирган эр-хотин жойларида ирғиб тушишди. Нормат ака ўрнидан қўзғолиб дарвозани очди.
— Бибигул шу ерда турадими? — сўради жулдир кийинган лўлисифат хотин хонадон соҳибидан.
— Ҳа, — деди Нормат ака ҳайрон бўлиб.
— Уйдами? — яна савол берди хотин.
— Уйда, келинг, — эшикдан четлашиб хотинни киришга ундаб йўл берди у.
Аёл индамай ичкарига кирди. Уни кўриши билан Бибигул опа ўрнидан сапчиб турди. Саломлашиб, сўрига тизилишди. Нормат ака нотаниш меҳмоннинг ташрифининг боисини билишга ошиқарди. Зора ўғлимдан бирор хабар келтирган бўлса, дерди ичида. Бибигул опа эрининг ўйларини парчалаб, аёлни таништирди. Маълум бўлишича нотаниш меҳмон — фолбин эди.
— Мен, бекорга келганим йўқ, — деди фолбин гапни муддаодан бошлаб. — Ўғлингиз ҳафтадан бери йўқ а?
Унинг саволи эр-у хотинни ток ургандек сескантириб юборди. Иккови ҳам кўзлари косасидан чиққудек бўлиб фолбиннинг оғзига тикилишди. Айниқса Нормат ака хотинига еб қўйгудек тикилди.
— У меникида, — гапида давом этди аёл. — Даволаяпман. Жин-ажиналар, руҳлар уни шу аҳволга солган.
— Унга нима қилдинг? — зўрға ўзини босишга уриниб сўради Нормат ака.
— Ҳеч нарса, ўғлингизни қабристон этагидан топдим. Руҳлар мени ўша ёққа бошлади. Бунга анча бўлди. Ҳозир анча яхши. Чечам айтгандим ўттиз уч кун даволаниши керак деб. Кейин қолган амаллар қилинса, худо хоҳласа отдек бўлиб кетади.
Фолбин гапини тугатди. Нормат аканинг қолган саволларига жавоб бермади. Бибигул опа ўғлининг тириклигини, соғлигини билиб кўнгли хотиржам тортди.
— Хизмат ҳақидан хавотир олманг, ўғлим тузалса бўлди. Қанча десангиз рози қиламан, — деди Нормат ака фолбинни хурсанд қилиш мақсадида.
— Худони рози қилинг ака, мени эмас, — деди фолбин вазмин тортиб. Сўнг: — Бурунги замонда бир бой одам ўлими олдидан васият қилиб: “Ўлганимдан кейин гўримни тилла билан кўминглар” дебди. Халқ айтганини қилибди. Майитни лаҳадга қўйиб устидан тилла тангаларни ташлабди. Бироқ лаҳад тўлмасмиш. Оламон ҳайрон қолибди. Ахир, бунча тиллага ўнта қабр ҳам кўмилиши керак экан. Шунда кекса отахонлардан бири: жасаднинг кўзига тупроқ ташланглар. Унинг кўзи очга ўхшайди, зора кўзи тўйса дебди. Одамлар унинг айтганини қилиб, аввал майитнинг кўзига тупроқ ташлашибди. Сўнгра қабрга уч сиқим тилла ташлаган экан қабр тўлибди. Қиссадан ҳисса шуки, кўзи оч одам ҳеч қачон тўймайди. Ўлганида ҳам, тиригида ҳам. Менинг кўзим тўқ. Шунинг учун Аллоҳ берган умрга, ризқ-у насибага қаноат қиламан. Сиз эгамни рози қилинг, зора болангиз шифо топса.
Фолбин ўрнидан қўзғолиб, бўсағадан чиқар пайти Бибигул опага тайинлади:
— Роппа-роса ўттиз тўртинчи куни ўғлингиз уйга қайтади. Унгача мениям, униям безовта қилманглар!
8
Садир неча кундан бери ўрнидан туролмасди. Дилдора бўлса лаҳзага бўлсин уни ёлғиз қўймасди. Лекин қиз фақат кундузлари йигитнинг ёнида бўларди. Тунлар ҳар куни бирдек, зулмат гирдобида ўтарди.
— Дилдор қачондан бери бу ердамиз? — сўради Садир тепасида ўтирган қиздан.
— Билмадим? — деди қиз.
— Кўзларинг қачон тузалди? — яна савол берди йигит.
— Билмадим, — қиз бу гал ҳам қисқагина жавоб берди.
— Бу қанақа жой? Қандай қутуламиз? Нега бу ердамиз? — Садир жиғибийрон бўлиб саволларни қалаштириб ташлади.
Қиз йигитни ҳовуридан тушириш учун гап бошлаб:
— Одамдаги ишонч туйғуси унинг ҳамма мушкулларини осон қилади. Сиз Худойим яратган оламдаги барча нарсага ишонишингиз керак. Шунда мушкулларингиз осонлашади, — деди.
Йигит ўй толди-ю бошқа ҳеч нарса демади. Улар узоқ вақт бир-бирларига тикилиб ўтиришди. Эшикнинг нобоп ғичирлаган товушидан иккови ҳам сергак тортди. Кунда икки маҳал уларни йўқловчи аёл пайдо бўлди остонада.
— Бизни ёлғиз қолдир, — деди у қизга ишора қилиб.
Қиз индамай хонани тарк этди. Хотин Садирга қараб турди-да деди:
— Бугун савол-жавоб бошланади. Қўрқма, дадил бўл. Агар саволларга тўғри жавоб берсанг улар сени озод қилишади.
— Қанақа савол-жавоб, ким мени озод қилади. Неча кундан бери жимсизлар. Ахир биттангиз тушунтириб беринг, — асабийлашиб бақирди Садир.
— Ти-иш, — деди аёл кўрсаткич бармоғини йигитнинг лабларига босиб. — Айтаман, ҳаммасини айтаман. Фақат кейинроқ.
Садир жимгина унинг гапларини эшита бошлади.
— Қачонлигини билмайман-у аммо сен уни тинчини бузгансан.
— Кимни? — ажабланди Садир.
— Мушук...
Аёлнинг гапини бўлиб, эпчиллик билан яна сўради йигит:
— Анави қора мушукними?
Аёл атрофга олазарак қараб олиб давом этди:
— Сен гуноҳ қилгансан. Ундан кечирим сўрамагансан. Бу иккинчи хато бўлган. У арвоҳ болам. Қилган хатойинг учун улар сени жазолашади. Менга хабар келди. Қулоқ сол, бугун улар сен билан саволга тутишади. Қачон бошланиб қачон тугайди билмайман. Буни ўзлари ҳал қилишади.
— Нимани сўрашади, — ваҳимага тушди йигит.
— Билмадим. Эҳтимол ҳамма нарсани. Дунёнинг яралишидан тортиб келажаккача бўлиши ҳам мумкин.
— Бемаънилик, — деди Садир ўрнига жойлашиброқ чўзилиб.
— Ҳушёр бўл. Бу бир неча кун бўлади.
Аёл шундай деди-ю хонадан чиқди. Орқасидан ўзининг кимлигини сўраб қолган йигитга лом-мим демади. Садир аёлнинг кимлигини, қаердан келиб қолганлигини билишга бўлган уринишлари бефойда эканлигини билиб жим қолди.
Чамаси тун ярмидан оғганди. Шамчироқ ўчди. Кичиккина ҳужра зим-зиё эди. Садирни тобора қўрқув боса бошлади. Бурчак-бурчаклардан эса “бошладик, у тайёр” деган ғалати овозлар эшитилди. Қоронғи бўлишига қарамай йигит шарпаларни пайқади. Аввал ёқасига туфлаб калима қайтарди. Лаби-лабига тегмай “Субҳон Оллоҳ” дея шивирлади. Ўзини босиб олиб:
— Кимсизлар? — дея сўради овози титраб.
— Жим, фақат жавоб бер, — деган товуш келди хонадаги бўшлиқдан. Сўнг йигитдан сўрашди: — Тайёрмисан?
Садир талваса ичида аёлнинг гапларини эслаб тинчланиб жавоб берди:
— Тайёрман.
— Пушти паноҳинг ким? — биринчи саволни берди шарпали овоз.
— Аллоҳ таоло, — деди йигит ўзини бардам тутишга уриниб.
— Ўн саккиз минг оламни ким яратган?
— Аллоҳ таоло!
— Қачон туғилдинг, қачон жон берасан?
— Аллоҳ билади? Йигирма тўрт йил илгари худойимнинг марҳамати билан дунёга келдим. Жоним унинг омонати. Қачон ихтиёр қилса амридаман, — томоғи йиртилгудек бақирди йигит.
Чор-атрофидан “тўғри-тўғри жавоб бераяпти”, деган узун-қисқа товушлар эшитилди. Садир энди анча ўзини ўнглаб, ваҳимаси ва ҳаяжонини босиб олди. Унга савол бераётган давом этди:
— Бўлди. Эртага оқшомда давом этамиз. Сен билан етти кун бирга бўламиз.
Овоз тинди. Шамчироқ ёнди. Орадан чорак соатлар ўтиб нотаниш аёл келди.
— Қийналмадингми? — сўради у йигитнинг кўзларига боқиб. Сўнг: — Саволларнинг жавоби оддий. Чуқурроқ ўйлсанг бўлди, — деди.
— Бу кимнинг овози? — сўради йигит саросима билан.
— Айтолмайман! — бошини ҳам қилди аёл.
— Анави мушук арвоҳ бўлса... — Садир бир муддат ўйланиб олди. Сўнг миясига келган фикрни дарҳол тилига кўчирди: — Бу овоз ўша мушук қиёфасидаги руҳнинг овозими?
Аёл индамади. Йигит ҳаммасини билиш учун уни ҳоли-жонига қўймай гапиришга ундади.
— Булар Жинниқиздаги беҳаловат руҳлар, — деди у худди бир нарсадан қўрққандек товушини пасайтириб. — Жинниқиз ҳақиқат.
Йигит кафти билан бошини чангаллади. Садирнинг бошида бари чарх ура бошлади. Ўша совчиликка борган кун. Мозор йўлидаги мушук. Улар мушукни четга улоқтириб, дуойи фотиҳа қилмай ўтиб кетганди. “Демак, руҳларнинг тинчини бузганман. Уларнинг номига фотиҳа қилмаганим учун жазоланяпман”, деди Садир пичирлаб. “Бўлиши мумкин эмас”, хаёлидан ўтказди у. “Ҳа”, деди хотин унинг гапини тасдиқлаб. Йигит ўзининг фикрларини ўқиётгани учун аёлга бақрайиб қолди.
— У жуда чиройли қиз эди. Орзулари ҳам бисёр — ўқитувчи бўламан, дерди. Кунларнинг бирида шу мозор кўчасидан ўтаётиб, дардга чалинди. Эсдан озди. Кейин ўз жонига қасд қилди. Майитни шу қабристонга кўмиб, мозорни Жинниқиз деб номлашди, — деди аёл на боши на охири йўқ ҳикоя айтиб.
— Хўш, — деди Садир астойидил аёлнинг гапиришини истаб.
— Аввал ҳам эшитганмисан, бу мозорда нуқул одамларнинг кўзига мушук кўринади.
— Бир, икки қулоғимга чалинган, — деди Садир. — Қўшни қишлоқдаги бир бобой ҳам жинни қўлиб ўлди. Айтишларича у Жинниқизда мушук кўрганмиш.
Садир шундай деди-ю ўзининг айтганларидан таҳликага тушиб қолди. Ва билганларини таҳлил қила бошлади.
— Мушук бу — руҳ, руҳ эса — Жинниқизники.
У ўзи истамаган ҳолда дағ-дағ титрай бошлади. Хаёллари тўзғиди. Қанча пайт шу аснода ётди билмайди. Аммо кўзини очганда тепасида яна Дилдора ўтирарди. Улар то ярим кечагача гаплашди. Кулишди. Аслида бу хонада тонг ҳам отмасди, тун ҳам тушмасди. Фақат ётавериб зерикканидан, ҳориган Садирнинг уйқуси келса Дилдора чиқиб кетарди. Йигит кун билан тунни шу тариқа алмаштирарди.
Садирни чунонам уйқу элита бошладики, буни кўриб Дилдора кетишга тараддудланди. Шу пайт бўсағада нотаниш хотин пайдо бўлди. Бир зумда йигитнинг уйқу учди, гапиришга оғиз жуфтлади:
— Ота-онамни соғиндим. Уйга кетаман, — деди у.
— Кетолмайсан. Рухсат беришмайди. Сени ҳали кўп саволлар кутяпти, — мулойимлик билан жавоб берди аёл.
— Сиз ўзи кимсиз? — ўшқирди йигит гавдасини хиёл кўтариб.
— Фолбинман, — дея аёл пуфлаб шамчироқни ўчирди. Эшикдан чиқаётиб оҳиста шивирлади:
— Вақт бўлди.
Йигит осмонга термилиб шарпаларни, йиғон-у ингичка, майин товушларни кутди. Бироздан сўнг улар пайдо бўлиб, кечаги вазият бошланди:
— Кундузнинг чироғини айт! — сўради номаълум товуш.
Садир жим қолди. Ҳалиги хотиннинг айтган гапларини эслади: “Саволларнинг жавоби оддий. Чуқурроқ ўйласанг бўлгани”.
— Кундузнинг чироғини айт! — баландроқ янгради овоз.
— Қуёш, — деди Садир шошиб.
— Тўлиқроқ айт! — буюрди шарпалар.
— Қуёш, офтоб, шамс, хуршид, меҳр, яшиқ, — деди йигит.
— Туннинг чироғи нима?
“Кундузнинг чироғи қуёш бўлса туннинг чироғи ой-да!”, ўйлади йигит ўзича ва жавоб беришга ҳозирланди.
— Ой, — деди у ва тўлиқ айтиш кераклиги ёдига тушиб давом этди: — Ой, қамар, моҳ, анбар, ялчиқ.
— Инсонни ҳолокатга элтувчи гуноҳларни айт! — қайта буйруқ берди шарпалар.
— Мағрурлик, бахиллик, очкўзлик, ҳасад, дангасалик...
— Етти авлодни санаб бер!
— Фарзанд, невара, чевара, эвара, панневара, овора, бегона, — нафаси қисиб ўсал одамдай ҳансиради йигит.
Ғойибдан келаётган товуш оғир ва ҳазин оҳангда деди:
— Хато, хато, хато.
— Нега, ахир билганимни айтдим-ку, — деди Садир ҳовлиқиб. — Одамнинг етти авлоди шулар эмасми?
Орага бироз сукунат чўкди. Шарпалар ҳам худди одамдай ўзларича алланималар деб шивирлашаётганга ўхшарди. Сўнгра майин, ингичка бир овоз мулойимлик билан деди:
— Сендан ўзингни етти авлодинг, сулоланг сўралган эди. Энди сир очилмай қолади.
— Қандай сир? Қанақа сир? — сўради йигит.
Йигит икки кафти билан бошини чангаллади. Афтидан у асабийлашарди. Ётган жойида саволларга жавоб бераётгани, энг аввал эса аянчли аҳволга тушиб қолгани бениҳоя алам қиларди. Ғойибона овозлар “Хато” сўзини бир неча марта такрорлади, йигит ҳам оҳиста пичирлади:
— Подачининг боласини эси тушдан кейин кираркан.
“Ақлдан озаяпман”, ўйлади у. Атрофидаги рўй бераётган воқеаларнинг ҳаммаси унга гоҳ табиийдай, гоҳ эса шунчаки афсонадан туюларди. Ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳодисаларга гувоҳ бўлаётгани уни чўчитарди, оқибатда охирги кунлардан бери бу жойдан тирик чиқиш умиди ҳам сўна бошлади. Лекин бутун вужудини эгаллаб оладиган абадий қолиш, ўлимга маҳкумлик туйғуларини бобосининг гаплари парчалаб юбориб, таскин бағишларди: Қирқ йил қирғин келса ҳам ажали етган ўлади.
9
Нормат ака хотинини олиб бир неча марта фолбиннинг уйига борди. Бироқ хонадон соҳибаси уйида йўқ эди. Қўни-қўшнилар ҳам унинг қаердалигини билишмайди. Нормат ака ўғлини топиш илинжида фолбинни ҳам қидирарди. Аммо улар сувга чўккан тошдай ном-нишонсиз ғойиб бўлишганди. Бибигул опа ғамига чилдолмай, нима қиларини билмай қайнсинглисини олиб бошқа бир фолбинга борди.
— Чеча шу керакмасдир а? — деди қайнсингил ромчининг бўсағасидан кираётиб. — Аслида ҳаммаси шу ирим-сиримлар туфайлимикан деб ўйлаб қоламан.
Бибигул опа унга бир қур назар ташлаб ичкари одимлади. Улар ромчининг олдида ўтиришаркан, ҳе йўқ, бе йўқ фолбин худди тутқаноғи тутгандек жазавага тушиб, фол очишдан бош тортди. Бибигул опа ҳам, қолганлар ҳам ҳайратдан ёқа ушлади. Қайнсингил эса йиғидан ўзини тўхтатолмаётган янгасини елкасидан қучиб, кўчага чиқди.
10
Садирнинг чамаси бўйича бу ерга келганига бир ойча бўлганди. У ҳақ эди. Неча кундан бери давом этган савол-жавоблардан кейин у ўзини анча тетик ҳис қила бошлаганди. Туриб ўтирарди, хонани секингина одимлаб айланарди. Бироқ ташқарига чиқиш учун ҳали рухсат берилмаганди. Аслини олганда йигит ҳали ҳам деярли ҳеч нарсага тушунмасди. Юриш-туриш, ташқарига чиқиш учун кимдан, қандай рухсат сўраш кераклигига ақли етмасди.
— Чор-атрофим шарпа-ю товушлардан иборат. Кимдан нимани сўрайман. Шарпалардан кўчага чиқиб айланиб келсам майлими, дейманми? — бош чайқарди у баъзида.
Шу кунларда Дилдора ҳам камқатнов, камгап бўлиб қолган. Бу ҳам майли, негадир йигит эски хотиралар ҳақида гап очса қиз миқ этмайди. Садир борган сари сирлар, жумбоқлар қуршовига тушиб бораётганидан, ҳар бир нарсанинг яширин кўринишга эгалигидан хуноб бўларди.
— Бугун тунда улар сен билан сўнгги марта гаплашадилар, — деди фолбин келиб йигитнинг юзига қарамай.
— Саволларга тўғри жавоб берсанг кетасан дегандингиз, — деди Садир чордона қуриб ўтираркан.
— Буни улар ҳал қилишади, — дея аёл ўрнидан қўзғалди.
— Мени алдабсиз-да. Дилдора қани? — сўради йигит кўнгли ниманидир сезгандек безовталаниб.
— У йўқ.
— Нега? Қаерга кетди?
— Ортиқча саволлар берма, — деди аёл ва зудлик билан эшикдан чиқди.
Йигит ўрнидан ирғиб турди. Унинг орқасидан эшикка отилди. Бироқ эшик шунчалик мустаҳкам ёпилгандики, ҳар қанча чиранмасин очолмади. Унинг хаёлини яна бир янги ўй — Дилдоранинг қаердалиги тамомила банд қилди. Унга нима бўлганини йигит минг маротабалаб тусмоллади. Гоҳ озодликка чиқди деди, гоҳ хаёлига келган қизнинг ўлгани ҳақидаги ўйдан ўзини йўқотди. Алҳол, аниқ жавоб мавҳумлигича қолди.
Садир такрор-такрор қулоғига чалинаётган овоздан уйғониб кетди. Хонанинг ичи тим қоронғи. Шамчироқ ўчиқ. Хужрада осудалик ҳукм сурарди. У жимгина ўтирди. Юрагидаги ваҳимани йўқотиш учун калима қайтарди. Кейин “бошладик-бошладик” деган товушлар эшитилди. “Ўзинг қўлла” деди йигит ичида.
— Бу оқшом сенинг охирги тунинг бўлади, — деди номаълум овоз дағаллик билан.
— Мени ўлдирасизларми? — қўрқиб кетди Садир ва ўтирган жойида орқасига тисланди.
— Сен озодсан, озодсан, озодсан...
Бу овоз қайта-қайта такрорланди. Анча пайтгача Садирнинг қулоқлари остида акс-садо бериб турди. Яна бир ингичка овоз янгради:
— У ҳаммасини сенга айтиб беради. Унинг гапларига қулоқ сол.
Хона бирдан тинчиди. Шарпалар ҳам, овозлар ҳам гўё деворларга сингиб кетди. Ҳар доимгидай остонада фолбин пайдо бўлди. Йигитнинг ёнига ўтирди. Улар бир неча дақиқа чурқ этмасдан бир-бирларига тикилиб туришди. Сўнг Дилдора келди. Садир унга пешвоз чиқди. Аммо қиз унга эътибор бермай фолбиннинг қаторига қўшилди.
— Ўғлим, — деди фолбин ғоят мулойимлик билан. — Бу ерга келганингга бугун ўттиз уч кун бўлди.
— Уларнинг ҳамма саволига тўғри жавоб берибман, — деди Садир қувончдан терисига сиғмай. — Улар мени озод қилишди. Кетишим мумкин экан, Дилдора эшитяпсанми, кетишимиз мумкин.
— Ҳовлиқма, — бош чайқади фолбин. — Эсингда тут, бу ер ҳақида, бу ерда кўрганларинг ҳақида чурқ этиб оғиз очмайсан. Ҳеч кимга, ҳеч қачон ҳеч нарса дея кўрма. Бошингга бало орттирасан. Улар сени ҳеч қачон тинч қўйишмайди.
Садир унинг гапларини диққан билан тинглади. Бир ойдан бери яшаган хужрасининг ҳар бир бурчагига разм солди. Сўнг фолбиндан сўради:
— Ҳовлига чиқсам майлими?
— Майли, — деди аёл.
Йигит эшикдан чиқди. Атроф қоронғи бўлишига қарамай қаршисидаги гўзал манзарани кўриб Садирнинг ҳайрати ошди. Неча кундан бери шу нафисликнинг пойида ётганига ишонгиси келмасди. Кичиккина ҳовли, тўрт томони чаманзор. Кўм-кўк майсалар... У шошиб, югириб ичкарига кирди. Хонада Дилдора ёлғиз ўтирарди.
— Фолбин қани? — сўради йигит Дилдорадан.
Қиз жавоб бермади. Йигит баттар ҳайратланди. Шарпалар-у овозлар ўз йўлига. Бироқ ёнида турган тирик одамнинг ғойиб бўлгани унинг қалбидаги қўрқув ҳисларини жунбушга келтирди. У қалтираб-титраб кўзларини чирт юмиб, бақирди: .
— Ахир эшикдан чиққани йўқ-ку. Қаерга кетди?
— Сизни бу ердан мен олиб чиқаман. — деди қиз қўлига шамчироқни олиб. — Орқамдан юринг.
Йигит ўзини ўнглаб, унга эргашди.
— Болалигимда кўп чўпчак эшитгандим. Лекин бунақасини етти ухлаб тушимгаям кирмаган....
Унинг гапи бўғзида қолди. Қиз шарт тўхтаб ортига ўгирилди, гапирма дегандек бош ирғади. Улар боягина Садир томоша қилган ҳовлининг чап томонига қараб юрди. Ўн қадам нарида турган дарчадан ўтган қиз Садирга чаққонроқ юришини тайинлади. Улар торгина йўлакдан боришарди. “Бу ўша йўлак” хаёлидан ўтказди йигит. Ҳақиқатан ҳам бу ўша — Садир илк бора келган йўлка эди.
Ҳамроҳлар озгина юришгандан кейин Дилдора тўхтади. Садир ундан икки қадам орқада қимир этмай турди. Қиз қўлидаги шамчироқни ўчирди.
— Бу ерни танияпсизми? — сўради у Садирдан.
Садир қоронғиликда қаерга келганини билолмай гаранг эди. У ҳеч нарса демасдан қиз томонга икки қадам ташлаганди, оёғи остида аллақандай ғирчиллаган товушлар эшитилди. Бошидан муздек сув қуйилгандек ҳолатда тошдек қотди. Юраги шув этиб, ичидан зил кетди.
— Ахир бу жой, — деди у саросимада. — Лаънати ҳашаротлар макони-ку.
— Жим, — деди қиз йигитга қўл узатиб. — Қўрқманг, бўлақолинг, вақт оз. Бу ердан тезроқ чиқишингиз керак.
— Йўқ. Чақиб олишади-ку, — овози титради Садирнинг. — Ўлсам ҳам устидан босмайман, — тихирлик қилди у.
— Вақт йўқ бўлинг. Ҳозир улар бу ерни бутунлай эгаллашади. — огоҳлантирди Дилдора овозини баландлатиб. — Атрофингизга қаранг, наҳотки кўрмаяпсиз. Тушунмаяпсиз. Бу ер уларнинг макони, уларнинг уйи.
Садир қоронғи бўлишига қарамасдан кўзларини қисиб деворларга, оёғи остига, сўнгра орқасидаги йўлакка тикилди. Ҳатто тепасидаги шифтда ҳам миллионлаб ҳашаротлар, гоҳ вишиллаган, гоҳ чийиллаган овозлар чиқариб лахмсифат бу ерни мўртмалахдай эгаллашаётганди. Йигитнинг ранги оқариб тарвузи қўлтиғидан тушди. Қандай қилиб қўлини қизга узатганини билмай қолди. Пойида эшатилаётган ғичир-ғичирларга эътибор бермасликка уриниб қизнинг буйруқларига итоат эта бошлади.
— Қўлимдан маҳкамроқ ушлаб, юқорига кўтарилинг, — буюрди қиз.
— Ахир тепамда ҳам чаён-у илонлар, — деди йигит .
— Ҳозирча сизга тегишмайди. Тезроқ бўлинг.
Садир қизнинг қўлларидан қаттиқроқ сиқиб кўтарилди. Боши узра кичиккина ёруғлик, ой шуласи кўринди.
— Тешик жудаям кичик, чиқолмайман. Сиғмайман, — қичқирди Садир .
— Қўрқманг, чиқаверинг. Ўша тешикдан киргандингиз-ку. Эсингизда йўқми? — деди қиз унинг қўрқувини йўқотиш илинжида.
Садирнинг кўзлари олайиб кетди. Ҳаммаси бир зумда ёдига тушди. Ахир у қабрнинг тешигидан кирганди бу ерга. Энди ўша тешикдан чиқаяпти. Демак, ҳаммаси такрорланаяпти. У энди бу ердан чиқа олишига ишониб, дадилроқ ҳаракат қила бошлади. Миттигина тешикдан бошини суқди. Сирғала-сирғала бутун танасини лаҳаддан чиқариб олди ва тешикдан пастга қараб бақирди:
— Қўлингни бер Дилдор. Тортиб оламан.
Пастдан ҳеч қандай садо бўлмади. Садир тешикка тикилиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди, “Дилдор, Дилдора” ингради у бошини чангаллаб. Қўлини тешикдан солиб пайпаслади. Билагида аллақандай нарсанинг ўрмалаганини сезди. Лаҳзалар ичида муздек бўлиб яна нимадир қўлларида судралди. У ток ургандек қўлини тортиб олди. Танасида кучли оғриқни сезди, даҳшатдан додлаб, чинқирди. Бу азоб илгарилари бетоб бўлгандаги оғриқлардан минг чандон кучли эди. Ҳатто еттинчи синфда ўқиб юрган пайтида дарахтдан йиқилиб, ўн жойини синдириб олганда ҳам бунчалик кучли оғриқни ҳис қилмаганди. Садир миясига ярқ этиб келган фикрдан сесканиб тушди: “Гўр азоби” деди у ғўнғиллаб. Жисмидаги оғриқ янаям кучайгандай туюлди унга. У анча пайт қабр ёнида ўтирди. Вужудидаги оғриқ аста-секин йўқолди. У ҳушини йиғишга тиришди. Ҳозиргина ўзи чиққан лаҳад тешигига узоқ тикилди. Воқеалар бир-бир кўз ўнгидан ўтди. Эслаган сари қўрқуви ортди. Охири тақдирга тан беришдан ўзга иложи йўқлигини билиб, ўрнидан турди. Атрофга кўз югиртирди. Улкан мозор. Ҳар қадамда дўмпайган қабрлар. У қўрқувдан титради. Борган сари баттар қўрқа бошлади. Шундай бўлса ҳам эсон-омон чиқишни ўйлаб, эҳтиёткорлик билан одимлади. Чамаси йигирма қадамча юриб ортига ўгирилди. Бояги қабр тешигидан “эски таниши” унга қараб турарди. У кўзларини ишқалаб лаҳадга қайта тикилди. Қора мушук кўзлари чўғдек ёниб уни кузатиб қолаётганди.
— Йўқ, — деди Садир ғўлдираб: — Сен Дилдора эмассан. Сен Жинни...
У гапини охиригача айтолмади. Бунга ўзида куч тополмади. Садир алғов-далғов илдамлаб, қовжираган хасларга суриниб йиқилди. Ўрнидан туришга уринди. Бўшашиб кетди. Атрофга яна назар ташлади. Тўрт томонида қабрлар, қабртошлар. Аҳён-аҳёнда бойўғлилар сайрамоқда. Тўсатдан чиққан “ҳу-ҳу”лаган товушлар Садирни чўчитиб юборди. Боз устига шитирлаётган майсалар, ғалати товушлар уни ларзага солди. Йигит йўлида бораяпти-ю орқасидан, эҳтимол ёнгинасидан биров уни кузатиб тургандек қўрқади. Бу қўрқувни йўқотиш учун, баридан тезроқ қутилиш учун у қадамини тезлатди. Фақат олдинга интилди.
— Худога шукур, — деди йигит темир панжарадан ушлаб, мозор томонга қайрилиб. — Қутилдим.
Садир мозор ўртасидан ўтган кўча бўйлаб уйи томонга юрди. У мозордан узоқлашиб бораркан, қабристонда ғалати товушлар борган сари кучайди, ҳамма нарсанинг қий-чуви айқаш-уйқаш бўлиб қулоқлари остида жаранглади. Элас-элас эшитилаётган янгроқ кулгилар ҳам ваҳима ғоят даҳшатли ва ваҳимали эди...
11
Эрталаб Бибигул опанинг ранги докадек оқариб, даҳлиздан отилиб чиқди.
— Ҳа, ёв қувдими? — кесатди Нормат ака.
Лекин хотинининг авзойини кўриб сергак тортди. Аёлнинг дудуқланиб ичкарига ишора қилди. Нормат ака уйга кирди. Салдан кейин қайтиб чиқиб, хотинини бағирлади. Эр-хотин ўзаро лом-мим дейишмасди. Нормат ака хотининг қулоғига ғўдранди:
— Бугун ўттиз тўртинчи кун.
— Ҳа, — дея эрининг кўксига бош қўйди аёл.
Садир уйқудан уйғонганда ота-онаси бошида ўтирарди. Онаси ўғлини қучоқлади, отаси унинг бошини силаб:
— Кўрган-кечирганинг шу бўлсин болам, — деди.
Кун чошгоҳга борганда келган Зеби аммаси Садирни ҳовлида кўриб қувонди. Бағрига босди. Тушлик пайти дастурхон бошида гурунг авжига чиқди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғлардан чақирилди. Нормат ака ва Бибигул опа ҳаммага ўғилларини пойтахтда даволанаяпти дегандилар. Ўша куни Садирнинг соғайиб келгани учун зиёфат берилди. Меҳмонлар кетгандан кейин аммаси жиянига қаради.
— Нима гап амма? — деди Садир ўнғайсизланиб. — Бунча тикилдингиз?
— Қани гапир-чи? — деди Зеби аммаси.
— Нимани? — ўзини гўлликка солди йигит.
— Қаерда эдинг, нималар бўлди?
— Тошкентда, даволанаётгандим, — деди Садир хотиржам.
— Уф-ф, — деди аммаси жиянининг гапидан қониқмай. — Буни сўраётганим йўқ.
— Амманг ҳаммасини билади болам, — деди Бибигул опа ҳеч нарса айтмаётган ўғлига. — Бизга ҳам айтмадинг. Қаерда эдинг, нималар бўлди, болам?
Садир қўлидаги пиёлани стол устига қўйди. Аввал отасига, сўнгра онаси ва аммасига бир-бир қараб олди. Кейин нигоҳларини ҳовлининг бурчига қадади:
— Айтолмайман. Иложим йўқ, — деди ўйчан қиёфада. — Иложим, — таъкидлади у.
— Бу нима деганинг болам? — отаси гапга аралашди.
— Ота айтмаслигимни тайинлашган.
Садир ўрнидан қўзғалди.
— Илтимос, мени қийнаманглар, бу ҳақда бошқа гаплашмайлик.
12
Баҳайбат дарвозанинг олдида тўхтаган машинадан икки аёл ва бир йигит тушди. Аёллар уйга кириб кетишди. Йигит машинага газ бериб, кўча бошига бориб тўхтади. Бироздан кейин икки қиз бир-бирларини қўлтиқлаб машина томонга илдамлади.
— Ассалому алайкум, — деди қизлардан бири. — Дилдора сизга омонат.
У дугонасини машинанинг орқа ўриндиғига ўтқазиб нари кетди.
— Соғайиб қолдингизми? — сўради қиз йигитдан.
— Ҳа, — жавоб берди йигит.
Садир Дилдорага узоқ тикилди.
— Нега жимсиз? — сўради қиз хотиржамлик билан.
— Ичикибман, — деди йигит. — Сени соғинибман.
— Яна нима? — сўради қиз тағин.
— Ўзим, — деди у кафти билан қизнинг юзларини силаб. — Ҳаммаси тугади.
— Одамдаги ишонч туйғуси унинг ҳамма мушкулларини осон қилади. Сиз Худойим яратган оламдаги барча нарсага ишонишингиз керак. Шунда мушкулларингиз осонлашади, — деди қиз. — Ҳаммаси тугади. Демак, сиз шунга ишонасиз, — гапига илова қилиб.
Садир ялт этиб унга қаради. Нимадир эсига тушиб, кўзлари катта-катта очилди. “Ахир бу гапларни у айтганди-ку” хаёлидан ўтказди йигит. Қиз ширин жилмайиб йигитга қараб ўтирарди.
— Кўзларинг, — деди Садир нима деяётганини ўзи ҳам англолмай.
— Яқинда яна кўрарканман, — қувончдан Дилдоранинг кўзлари чақнади. — Тоғам айтди. Туғма бўлса даволаб бўлмаскан. Меники йиқилганимдан кейин шунақа бўлиб қолган. Дўхтирлар даволаса бўлади, дебди.
Йигит қизнинг кўзларидаги севинчни кўриб, бошқа гапирмади. Ундан нималарнидир сўрагиси келди. Аммо хаёл билан ҳаётни аралаштирмаслик учун сукут сақлади. Севгилисини эшитди. Анчадан кейин қўнғироқдек жарангдор овоз:
— Меҳмонлар чиқишди. Биз бора қолайлик, — деди.
Дилдорани дугонаси етаклади. Садир газни босди. Баланд иморат қаршисида тўхтади.
— Худо хоҳласа келаси ҳафта фотиҳа қиламиз, куёв бола, — деди Зеби аммаси хурсанд бўлиб.
— Дилдорани ҳам шу ҳафтада дўхтирга кўрсатишаркан. Дўхтирлар тузалади деганмиш, — деди онаси Садирнинг елкасига қоқиб.
Машина катта кўчадан Жинниқизнинг ўртасидаги қишлоқ кўчасига қайрилди. Кўчанинг ўртасига келганда машина тўхтади. Садир машинадан тушди, йўл четига ўтиб ўтирди ва дуо ўқиди. Юзига фотиҳа тортди. Бибигул опа билан аммаси анграйиб қолди.
Орадан икки кун ўтиб, пешинда Жинниқиз мозорида бир жонлик қўй сўйилди. Садир ўзи олдинда, қолганлар унга эргашиб, мозорнинг орқа томонига ўтишди. Мулла, қабристон қоровули ва Нормат ака ўғлининг ҳаракатларини кузатиб борардилар. Ниҳоят йигит кичиккина тешиги бор эски қабрнинг ёнига келиб ўтирди.
— Фотиҳа ўқиб юборинг, — деди Садир муллага.
— Нега бу қабрнинг олдига келдик, ўғлим? — сўради отаси ундан.
Садир жавоб бермади. Нормат ака мозорнинг қоровулига қаради:
— Бу кимнинг қабри?
Қоровул бироз жим турди. Кейин секингина шивирлади:
— Жинниқизнинг...

Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:47 | Сообщение # 7
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
“МЕНДАН ОРТИҚ СЕВАСАН МЕНИ!..”

Жейн Броун Брессенден — немис қизи.
Бундан икки йил бурун у билан танишиб қолдим.
Лаббай?
Йўқ! Интернетда эмас. Шу ерда, Ватанимизда. Шу Заминда...
Биз Жейн билан Самарқанддаги Имом ал-Бухорий муқаддас қадамжосида учрашганмиз. Дастлаб уни кўрганимда, эътибор бермабман. Бошқа туристлар қатори саёҳатга келгандир-да деб ўйладим. Вақт пешин бўлган, шу боис катталарга қўшилиб, биз ҳам намоз ўқиладиган хонага кирдик. Бироздан кейин у ердан қайтиб чиқарканман, рўпарамдан бошқа тилда товуш келди. Пойабзалимни кийишни ҳам тўхтатиб, у тарафга қарадим. Илк маротаба кўрганим учун уни инглиз деб ўйлагандим ўшанда. Негаки нотаниш меҳмон мендан беш-олти қадам нарида туриб, инглиз тилида гапирарди-да. У менга боягидан ҳам яқинроқ келиб, яна нималардир деди. Гапларини унчалик яхши эшитмади-у, ҳар тугул менга гапирганини тушундим. Ўрта мактабда, коллежда, университетда ҳам инглиз тилидан сабоқ олганим учун бу тилни дурустгина тушунардим. Аммо буни қарангки, ҳақиқий чет эллик билан ҳеч мулоқотда бўлмаганим сабаб, унинг тезликда берган саволини яхши англолмадим. Нима деётганини қайта сўрадим ва гапини такрорлагандан кейин чамаси ярим дақиқа айтганларини ўйлаб кўрдим. Жейннинг саволи шундай эди:
— Бу хонада нима қилдинглар?
Мен унинг саволига унчалик равон бўлмаса ҳам тутилиб-тутилиб жавоб бердим. Ҳалигина унинг инглиз тилида сўзлаганининг сабабини суҳбат асносида билдим. Ўзи немис бўлишига қарамай бир нечта тилни биларкан. Дунёда кенг тармоқли тил инглиз тили бўлганлиги учун бошқа давлатларда шу тилда гаплашаркан.
Ўша куни афтидан унга ёқиб қолдим шекилли, мендан телефон рақамимни сўради. Мен эса уникини... Мен оддий ўзбек йигити уни ёқтириб қолдим. Йўқ, бу сиз ўйлаган нарса эмас. Бу... Шунчаки...
Уйга келибоқ, инглиз тилини ўзимдан кўра яхшироқ биладиган таржимон топишга киришдим. Чет тилини биладиган танишларимни хаёлимдан ўтказдим. Кейин миямга ярқ этиб бир фикр келди. “Инглизча-ўзбекча” сўзлашгич оламан”. Кечки тамадди пайтида Жейн ҳақидаги таассуротларимни оила аъзоларим билан баҳам кўрдим. Оқшомда ётишга шайланиб, яна у ҳақида ўйладим.
Эрталаб нонуштадан кейин кўчага ошиқдим. Бўсағага етганимда ойим:
— Эрталабдан қаерга отландинг, — деб сўради.
— Сўзлашгич олгани, — жавоб қайтардим. Ойим индамади. Негаки кечқурун керакли нарсани олишимни айтгандим-да. Кўчага чиқиб, тўғри китоб дўконига бордим. Сотувчи ҳам энди дўконни очаётган экан. Ўзимга керакли нарсани харидлаб, уйга қайтдим. Хонамга кириб, кечагина танишган немис қизига қўнғироқ қилдим. Бу сўзлашгич дегани ажойиб нарса экан. Қийналиб тузадиган жумлаларни, ўн сонияда варақлаб топиб ўқийвераркансан. Уни олганимдан кейин тилни янаям яхши тушунадиган, гапирадиган бўлиб қолдим. Қўнғироқлашиб у билан учрашдик.
— Тўлиқ исмим Жейн Броун Брессенден, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича мутахассисман, яқинда фан доктори бўламан — деди у гапимиз аввалида. — Отам англиялик, онам Берлинда туғилган. Улар севишиб турмуш қурган. Кейин дадам ҳам Берликда яшаб қолган, — деди Жейн стол устидаги қаҳвадан ҳўплаб.
— Ёшинг нечада, — сўрадим хижолат бўлиб.
— Йигирма тўққиздаман, — деди ҳеч иккиланмай. Унинг жавобини эшитиб, ўйлаб қолдим. Ахир, Жейн мендан олти ёш катта-ку. Мен бўлсам, кўринишидан ўзим тенги ёки бир-икки ёш кичик бўлса керак, деб ўтирибман. Лекин Жейн бунга парво қилмасди. Суҳбатлашарканмиз, унинг тезлик билан айтаётган гапларидаги тушунмаган жумлаларимни сўзлашгичдан қидириб қолардим. Жейн бўлса, сўзлашгични қўлимдан тортиб олиб, тушунтиришнинг бошқа йўлларига ўтар, гоҳ имо-ишоралар, гоҳ юз мимикалари орқали нима демоқчилигини англатарди.
Унинг айтишига кўра, юртимизга илмий тадқиқот ишлари бўйича, яъни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва ҳосилдорликни ошириш, пахта, буғдойларнинг янги навларини яратиш бўйича олим ҳамюртларимиздан малака оширгани келибди. Жейннинг бу гапларини қоғозга ёзиб беришини сўрадим ва таржимасини бутун оқшом луғат ҳамда ёнимдаги сўзлашгични титкилаб топдим. Хуллас, шу тариқа ишоралар, мимика, сўзлашгич ҳамда билганларимни ишга солиб, у нима деса ҳаммасини тушуна бошладим.
Бир неча кундан кейин тушлик пайти у билан кўришдим. “Жейн Брессенденга бутун диёримизни кўрсатаман” деган ўй келди миямга. Сўнг ундан:
— Ҳозир қаерда турибсан? — деб сўрадим.
— Меҳмонхонада!
— Меҳмонхонада?
— Ҳа!
— Э, йўқ, — дедим мен. Бунақаси кетмайди. Амаллаб уни бизникида туришга кўндирдим. У эртага кўчиб ўтишини айтди. Шундан кейин хайрлашдик.
Уйга келдим. Дадам билан ойимга ҳаммасини айтдим. Улар мен чиқарган бу қарорга ҳайрихоҳ бўлишди. Оқшом маҳали унинг гапларини ўйлаб, вужудимда мисли кўринмаган севинчни туйдим. Ахир, дунёнинг йирик давлатларидан бири ҳисобланган Германиядан, бизнинг юртимизга, менинг ватанимга тадқиқот учун келишяпти. Олтин тупроғимизни ўрганишяпти. Она диёримизни дунёга намоён этишяпти... Шундай ўй ва қувонч оғушида уйқуга кетдим.
Эртасига тушлик пайти Жейн бизникига кўчиб келди. У бизникида чамаси олти ойлар яшади. Бу вақт мобайнида уни шаҳримиздаги, республикамиздаги айрим зиёратгоҳ-у, томошабоп жойларига сайрга, ўзбекона тўйларга олиб бордим. У жойлардан қайтарканмиз, берлинлик қадрдоним тассуротлари ҳақида, ўзбекистонимиз ҳақида жўшиб гапирарди. Мен эса бундан завқланардим.
Бир куни немис дўстим билан шаҳардан қайтётгандик. Маҳалламиз оқсоқоли мени чақириб, қизнинг кимлигини сўради. Мен бор гапни айтдим. Шунда у киши:
— Яша, болам, хўп яхши иш қилибсан. Ўзбек халқи азалдан меҳмондўст халқ, — деди юзидаги шодликни яширолмай. Сўнг мендан Жейнни чақиришимни сўради. У келди. Оқсоқол эса, — Баракалла қизим, бизнинг юртимизни танлаб адашмабсан. Зотан, ўзбек диёридагидек тилла тупроқ, бундай мусаффолик, меҳмондўстлик, бағрикенглик бошқа элатларда йўқ, — деди. Бобонинг ҳаяжонга тўлиб, шошиб, ўз она тилимизда айтаётган гапларини меҳмонимиз тушунмаган бўлса ҳам жим туриб, итоаткорона эшитди. Кейин оқсоқолга термилиб:
— Раҳмат, юртингиз менга ёкди, иложи булса шу ерда колардим, — деди Жейн. Мен гарчи нутқимизни бироз бузиб гапирган бўлса-да, унинг илк марта ўзбек тилида айтган сўзларини эшитиб бениҳоя тўлқинланиб, ҳаяжонланиб кетдим. У олмосдек ёниб турган нигоҳлари билан менга термилиб жилмайди. Шу тобда Жейн кўзларимга бағоят латофатли кўриниб кетди. Холбуки у пайтда бирор сўз айтишга забоним ожиз эди. Юрагимда миллий ғурур, ифтиҳор туйғуси мавж урарди. Ахир, мен берлинлик дўстимга ўзимнинг она тилимни ўргата бошлагандим.
Шу куни мен ҳеч кимга ҳеч нарса демадим. Юрагимдаги шодлик ҳисси немис дўстим шарофати билан ўша куни ўн баробар ошди. У энди нафақат ҳаётимизни, балки тилимизни ҳам ўрганаётганди. Энди у мен билан ўзбек тилида сўзлашиши мумкин эди. “Эҳтимол, у ҳам мендай севинаётгандир” деб ўйлаб, Жейннинг хонасига ўтдим. У диванда ўтириб, расм томоша қилаётган экан. Суратда малла рангдаги баланд иморат, кичиккина ҳовли, ҳовлида эса ниҳоятда чиройли кучукчанинг тасвири бор эди (Бу суратни унинг қўлида авваллари ҳам кўрганман, бу менинг уйим деганди Жейн). Меҳмоним эшикдан мўралаганимни сезмай, қўли билан расмнинг юзини сийпалади. Тушундим, у ҳозирги лаҳзада ҳис қилаётган туйғуларни тушундим. Жейн Броун Брессенденни шу тобда соғинч ҳисси қийнаётганди. Юрт соғинчи, миллат соғинчи, тупроқ соғинчи, ота-она, уй соғинчи...
Биз унга қанчалик яхши муносабатда бўлмайлик, кишининг туғилиб ўсган жойи, ота-онаси, муқаддас тупроғи бўлак экан, ўзга юртда асло меҳрга қонмаслигини ўша куни илк марта тушундим. Унга олтиндан уй беринг меҳрнинг заррачасини боса олмаслигини англадим. Ғариб ҳолига ватан тупроғини кўзига суртишини билдим. Туғилганда шу заминга тўкилган киндик қони эвазига, сўнгги манзилга ҳам ана ўша заминдан кетиши кераклигини ҳис этдим. Буларнинг бари соғинч эди, меҳрли ва қайноқ соғинч...
Эрталаб, нонушта бошида у бизга кўзлаган мақсадларига эришганини, энди ортга қайтиш пайти келганини айтди. Унинг кетиши ҳақида эшитиб, бошимдан муздек сув қуйилгандай бўлди. Унга жуда ўрганиб қолгандим. Уни жуда яхши кўрардим...
У билан самолётга чипта олгани бордим. Уч кундан кейин учадиган бўлди. Биз қўшниларни чақириб меҳмонимиз Жейн Броун Брессенден шарафига хайрлашув кечасини уюштирдик. Ҳамма хурсанд эди. Фақатгина менинг кўнглим зим-зиё. Ваҳолангки буни ҳеч кимга билдирмадим. Ўзимни қанча бардошли қилиб кўрсатишга уринмай, шунча заифлашиб борардим. Берлинлик қадрдоним мени ташлаб кетаётганди... Энди қайта кўришамизми, йўқми ёлғиз худойимга аён эди...
Аэропорт...
Дадам, ойим, мен ва... Жейн...
Менда у билан тушган суратлар кўп эди. Суратлардан-да бисёр хотиралар қолди. Лекин кетар чоғи Жейн менга шундай нарса қолдирдики, уни умрим охиригача қорачиғимдек авайлайман. Унинг туҳфаси — малла рангдаги баланд иморат, кичиккина ҳовли, ҳовлида эса ниҳоятда чиройли кучукчанинг тасвири...
...Кейин у менинг юзимдан ўпиб, шундай деди:
— Раҳмат, сени яхши кўраман.
У нутқни бузмасдан таъкидлаган бу сўзларини хайрлашиш олдидан менга айтиш учун олти ой, ҳа, олти ой тайёрланганлиги билиниб турарди. Жейн олға бир қадам босди, кейин тўхтаб, сумкачасини очди, ундан кичиккина банкани олди. Банкада она юртимнинг, Ўзбекистонимнинг бир ҳовуч тупроғи бор эди. Шундоқ ҳам намланиб турган кўзимда ёш қалқди.
Биз унга қўл силкиб қолдик. Самолёт ердан кўтарилгандан кейин германиялик дўстимнинг туҳфасига узоқ термулдим. Бир маҳал ойим суратнинг ортига нимадир ёзилганини айтди. Расмни терс ўгириб қарадим ва кўрганимни овоз чиқариб ўқидим:
“Ўзбекистон, онажон маскан,
Ҳеч ерда йўқ, қиёси, тенги.
Ватан сени қизингдек севдим,
Мендан ортиқ севдинг сен мени...
Хайр қимматли дўстим, қайта кўришиш ёки кўришмаслик Тангрининг хоҳишида. Сени соғиниб Жейн Броун Брессенден!”.

Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:48 | Сообщение # 8
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
“ҚУРУҚ ТУҲМАТГА ҚОЛДИК”

Бувижон-у буважонларимиз фарзандларини дуо қилишаркан, “Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан Ўзи асрасин”, дейишади. Бу гапнинг нечоғлик ҳақ эканлигига яқин дўстим билан бошимиздан ўтган ҳодисадан кейингина амин бўлдим.
Келинг, гапни сал узоқдан, болаликдан бошласак. Негаки, биз ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа болалигимиз билан узвий боғлиқ.
Биз Бобуржон билан ёшлигимизда дўст тутиндик. Бирга ўйнардик, бирга мактабга борардик.
Уйимизда паримиз — нуроний бобом бор эди. У киши бизнинг мактабдан қайтишимизни кутиб ўтирар, тушликдан сўнг ёнларига чақириб, панд-насиҳат қиларди. Улар ўзларининг турмушларидан мисол келтириб, бизнинг келажакда ақлли, ишбилармон, имонли одам бўлишимизни таъкидларди. У пайтларда қарияларнинг бу гапларини сабр билан тинглардик, холос. Боболаримизнинг қошидан бир амаллаб қочиб қолдикми, тамом, иложини топсак, қайта рўбарў келмасликка уринардик. Наинки биз, балки ҳамма болалар шундай қиларди. Ахир гўдакликда бир қулоқдан кирган насиҳат бошқасидан чиқиб кетарди-да. Ўйинқароқлик инсонларда бўладиган “тушуниш” деган туйғуни ҳали тўла англаб етишга йўл қўймасди. Шу сабаб улар нима десалар ҳам, “Хўп!” дердик-да, билганимиздан қолмасдик.
Одатий кунларнинг бирида мактабдан қайтдик. Аниқ эслайман, бешинчи синфда таҳсил оламиз. Бобур билан мен бир девор қўшнимиз. Уйдагиларимиз ўша куни қаергадир кетишган эди. Айни мевалар ғарқ пишган пайт. Иккимиз уст-бошимизни алмаштириб, бизникида тушлик қилиб, кейин дарахтларнинг соясида бироз дам олмоқчи бўлдик. Бир маҳал дўстим у ёқ-бу ёққа аланглади-да, менга қараб:
— Ҳой, қара, қўшнининг олмаси пишганини, юр, териб келамиз, — деди. Индамадим, хаёлимдан “Эгасидан сўрамадик-ку”, деган гап ўтди. Дилимдагини тилимга чиқаргунимча, у яна гапини давом эттирди: — Менга қара, роса ҳам олма егим келаяпти, юр, бир-икки донага камайиб қолмайди. Билиб ўтирибдими? — деди нафсини жиловлай олмай. Мен имкони борича олмалар томонга қарамасликка интилардим. Негаки, ўзимнинг ҳам нафсим ҳакалак отаётганди. Орамиздаги озроқ сукутдан кейин шахт билан ўрнимдан турдим.
— Рост, озгина олсак, камайиб қолмас, — дедим Бобурга қараб.
— Яхши, кетдик, — деди у менинг шерик бўлаётганимдан қувониб.
Қўшнимизнинг ҳовлисига ўтдик. Тўрт томондан очиқ, на бир девор, на бир ҳимояловчи восита бор мўъжазгина ҳовли. Унинг биз томондаги четида икки туп дарахтдаги ўтдай ёниб турган, қип-қизил олмалар кишининг иштаҳасини қитиқлаб, кўзини оларди. Гапнинг нафсламрини айтганда, биз озгина оламиз, деб қилаётган ишимиз ўғрилик ҳисобланарди. Бундай ишларни қилмаслик учун боболаримиздан, ўқитувчиларимиздан ҳар куни панд эшитардик. Лекин томоқ ўлгур “бер” деб тургандан кейин онг ва кўнгилни ҳам шайтон йўлдан ураркан. Дўстим иккимиз аввал тўйиб-тўйиб меваларга қараб олдик. Дарахтларнинг таги тоза, супирилганлигидан бирорта барг кўринмасди. “Шу қўшнимиз жуда озода-да”, деган ўй ўтди миямдан. Бир муддатдан сўнг Бобур:
— Тез бўл, тағин эгаси келиб қолмасин, — деди. Биз тўкилган олмаларни шоша-пиша териб, эгнимиздаги футболкамизнинг пастини қайириб, сола бошладик. Дарахт тагидан кетаётганимизда, узилган барглар ер билан битта бўлиб ётарди. Лекин қорин дардидаги болаларнинг бу билан нима иши бор дейсиз? Дўстим билан меникига ўтиб, ўғирланган олмаларни маза қилиб ея бошладик. Бир маҳал танамни чақмоқ ургандек бўлди.
— Шошма, — дедим Бобурга қараб, — ҳали биз ўтганимизда, дарахтнинг таги супурилган, топ-тоза эди.
— Нима бўпти? — деди у бамайлихотир.
— Ахир тўкилган барглар ҳовлига кимдир ўғриликка кирганлигини сотиб қўяди-ку.
У бир фурсат жим турди.
— Юр, тозалаб келамиз, — деди сўнг худди хаёлимдан ўтаётган ўйларни ўқигандай. Иккимиз ўша ерга қайтиб бордик. Кўз ўнгимизда ўзимиз қилиб кетган иш жуда хунук манзара кашф этиб турарди. Ҳалигина қилган ишимдан пушаймон бўлдим. “Яхши бўлмади-да”, дедим ичимда. Оҳиста Бобурга термилдим. Менимча, унинг кўнглидан ҳам шу ўйлар ўтаётганди. Ҳар қалай, юз ифодаси менга шундай туюлганди ўшанда. Мен уйимдан иккита супурги олиб келдим. Ўша куни бир-биримизга лом-мим демасдан, дарахтларнинг тагини супуриб, тозаладик. Атрофни аввалги ҳолига келтириб, кўнглимиз равшан тортди. Кейин шомгача тенгдошларимизга қўшилиб, роса шаталоқ отиб ўйнадик. Оқшомда уйга қайтдим. Бўсағадан киришим ҳамоно бобом ҳассаси билан олдимга чиқди.
— Болам, сенга берган шунча тарбиямиз қаерда қолди? — деди у киши ғамгин оҳангда.
Мен бўлсам, бобомнинг нима ҳақда гапираётганликларини дарров фаҳмлаб, мунғайиб туравердим. Дадам ва ойим менга олазарак қаради-да, худди “Таъзирингни буванг берсин”, дегандек индашмади. Аслини олганда, бувам койиётган пайти улардан ёнимни олишини кутгандим. Чунки доим бирор хато қилсам, дадам: “Қўйинглар энди, ҳали бола-да. Катта бўлиб, эси кириб қолар”, дерди ёки бобом ёнимни оларди. Лекин бу гал бобом уришаркан, дадамдан мадад кутганимда, у кишининг ёвқараш қилганидан хафа бўлдим. Лекин айб ўзимда эканлигини жуда яхши ҳис этиб турардим. Бобом мендан астойдил ранжиб:
— Болам, бизнинг авлоддан ҳали ўғри чиқмаган, ўғрининг икки дунёси куяди. Ахир, мана, даданг билан аянг нима десанг, олиб беряпти-ку. Нега ўғрилик қилдинг, болам?.. Бу ишинг жиноят. Катта бўлиб, шу ишни қилсанг, қамоққа тушасан. Бир умр “ўғри” деган тавқи лаънат билан яшайсан, — деди.
Бувам кўнгли бўш одам эди. Менга гапиряпти-ю, кўзлари ёшланди. Шундай бўлса-да, сўзлашдан тўхтамай, панд ўқишда давом этяпти: — Болам, зинҳор бу ишни такрорлама. Яхши одам бўл. Имонли, инсофли бўл. Мен чойхонада ҳаммага: “Менинг болаларим яхши, қобил фарзандлар”, дейман. Эртага улар менга: “Ана, неваранг, қўшнисиникига ўғриликка тушибди-ку” деса, ким деган одам бўламан?
Бобомнинг бу гапидан кейин жим туролмадим.
— Бува, ахир биз бор-йўғи тўрт-беш дона олма олдик, — дедим ўзимни оқлашга уриниб. Кейин ойим:
— Қўшнининг уйидаги банкалар-чи, уларни ким олди? — деди гапга қўшилиб.
— Ҳеч қанақа банкани кўрганимиз йўқ, — жавоб қайтардим тўнғиллаб.
— Ҳовлисига ювиб қўйган экан. Қишга мевалардан “банка ёпаман” деб юрувди, бечора, — деди аям дадамга қараб. Бироз жим туриб, яна менга термилиб деди: — Кўрганимиз йўқ дейсан, ёнингда ким бор эди?
— Бобур!
Эртаси куни дарсга ҳам чиқмадим. Бобурнинг аяси бизникига келди. Қўшни янга ҳам чиқди. Аям мени, аяси Бобурни роса койиди. Бу камлик қилгандай, бир-икки шапалоқ ҳам тушиб қолса, денг. Қўшни янга аямга:
— Қўйинг, опа, бола-да, билишмаган. Садқаи сар ўша банкалар. Топиладиган нарса-ку, — деди. Зотан, биз банкаларни кўрмаганимизни минг карра эътироф этмайлик, биров зиғирча бўлсин, гапимизни инобатга олмади. Музокаралар тугаб, биз Бобур билан кўчага чиқдик. Иккимиз ҳам сувга тушган мушукдай шумшайиб ўтирибмиз.
— Эҳ, жўра, яхши бўлмади, — деди Бобур қўлини елкамга қўйиб, худди катталардек хўрсинаркан. Мен ҳам киноларда эшитган гапимни такрорладим:
— Тўрт дона олма деб қуруқ туҳматга қолдик.
— Ҳеч ким кўрмаганди-ку, ким чақимчилик қилди экан? — деди дўстим астойдил чақимчининг кимлигини билишга қизиқиб.
Мен елка қисдим. Кейин хаёлимга бобомнинг ҳар доим бизни дуо қилаётганида, айтадиган гапи келди: “Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан Ўзи асрасин”. Кўнглим тўлиб, йиғлаб юбордим. Бобур дўстининг йиғлаётганини кўриб, чин дилдан ачиниб, мени оҳиста қучди. Биз бир-биримизга далда бердик.
Кунлар ўтди. Уларни қувлаб ойлар, йиллар... Лекин мен ҳам, Бобур ҳам бир нарсага ачинамиз: ўшанда қўшнимизнинг банкаларини олган одам топилмади. Бизни ким сотганини ҳам билолмадик.
Шу кундан бошлаб у ҳам, мен ҳам бировнинг нарсасини сўрамасдан олишга ҳаракат қилмадик. Агар иложи бўлса, берса ҳам олмасликка уринардик.
Кунларнинг бирида бобом бизни ёнига чақириб, шундай деди: “Болаларим, биламан, ўша зорманда нарсаларни сизлар олмагансиз. Бироқ шу ҳовлига кирганингизни кимдир кўрган. “Олма еймиз” деб ўғрига чиқдиларинг. Бундан буён бировнинг ҳовлисига, эгасиз жойга кира кўрманглар. Аллоҳ ҳам “ўзини асраганни асрайман”, деган. Сизлар ўзларингни асрамадиларинг. Натижаси эса мана...”
Ҳозир ёшимиз улғайиб, йигит бўлдик. Ўйинқароқлик ортда қолди. Лекин мени бир нарса қийнайди. Ўқишдан қишлоққа борсак, ҳалиги қўшни янга доимо: “Қалайсизлар, қачон энди ўғирлаган банкангиз ўрнига янгисидан олиб берасизлар?” деб одамни уялтиради. Тўғри, у киши бу гапни шунчаки ҳазил учун айтади. Топилмаган ўғрининг тамғаси бизнинг макримизга тушгани кишига алам қиларкан.
Шундай чоғларда яна бувамнинг гапларини, дуоларини эслайман: “Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан Ўзи асрасин”.
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:48 | Сообщение # 9
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
ШИЙПОНДАГИ ВОҚЕА
— Бировнинг бахти учун ўзини қурбон қилиш осон эмас, — деди Яшнар амаки қўлидаги касов билан гулханни қўзғаркан. — Бунинг учун одам ўзини-ўзи енга олиш керак.
У кишининг гапини эшитиб, боядан бери атрофда ғало-ғовур қилиб, бир-бирига гап бермай “сайраётганлар” курсдошларимиз ҳам сафимизга келиб қўшилди. Худди қизиқ ҳикоя бошланаётгандек барча бутун вужудини қулоққа айлантириб амакининг оғзини пойлашарди. Амаки эса довулдан кейин табиатда юз берадиган сукунат каби сокин эди.
Аслида биз бу ерга чамаси бир ойлар илгари, пахта теримида ҳашарга келгандик. Кўз очиб-юмгунча йиғим-терим ҳам ниҳоясига етиб қолди. Устозларимизнинг айтишига қараганда тез кунда ўқишга қайтарканмиз. Лекин бизнинг сираям кетгимиз йўқ. Ўтган кунлар ичида қишлоққа, унинг меҳрибон одамларига, айниқса, Яшнар амакига жудаям ўрганиб қолибмиз. Уларни ташлаб кетишга ҳечам кўнглимиз бўлмаяпти.
Яшнар амаки ёши қирқдан ошганига қарамай ўта ҳазилкаш эди, таниш-у бегоналарнинг кўнглини бирдек оларди. Биринчи гаплашганингни ўзидаёқ ўзига ошуфта қилиб қўярди. Кейин ҳар кўрганингда суҳбатини олгинг келиб юраверардинг. Амаки латифалар, ривоят-у афсоналар айтишга уста эди. Ҳар куни кечқурун пахтазордан қайтганимиздан кейин шийпон ҳовлисида (биз дала шийпонида турардик) гулхан ёқиб билган, кўрган ва эшитганларини биз билан баҳам кўрарди.
Аммо мен баъзи-баъзида сезардим: Амаки ўзини ҳар қанча хурсанд кўрсатишга уринмасин, вужудининг аллақаеридадир дард борлигини ҳис қилардим. Чунки одам муттасил кулиб юриши мумкин эмасди. Хушчақчақлиги боис айримлар амакини ялтоқига ҳам чиқаришарди. Бироқ Яшнар амаки барига қўл силтаб, яна ҳазил-ҳузил, кулги билан андармон бўлиб кетарди. Алҳол, у ҳар қанча сездирмасликка уринмасин кўзларида мунг ва андуҳ билан ёлғиз ўтирганини кўп кўрганман. Аввалига бирор кўнгилсизликдан хафа бўлгандир, деб ўйлагандим. Лекин бора-бора кўзларидаги ғамнинг ўткинчи эканлигига шубҳа қила бошладим. Бугун эса негадир бизнинг суҳбатимизни, куйиб-пишиб тортишишимизни эшитиб, Яшнар амакининг ўйчан гап бошлаши кўнглимда унинг кўнглидаги дардга нисбатан заррача гумон қолдирмади. “Бу одамнинг бир дарди бор” дедим ўзимга-ўзим. Ва бир жумла хитоб қилиб яна жим бўлиб қолган амакининг дардқозонини ковлашга киришдим:
— Менимча бизнинг асримизда бировни жон куйдириб ўйлайдиганлар яъни ўзини-ўзи енга оладиганлар жудаям оз бўлса керак, — дедим. — Эҳтимол умуман йўқдир. Айниқса, қурбонлик қилиш талаб этиладиган бўлса.
— Қурбонликни ҳеч ким талаб қилмайди, Шуҳрат ука, — деди Яшнар амаки. — Буни ўзинг ҳис қилишинг керак. Мана бу ва мана бу ерларинг билан... — дея амаки кўрсатгич бармоғини чап кўксига ва бошига ниқтади.
Шарт ўрнимдан турдим. Қақажон қизлардан бири:
— Ўтир нега туриб олдинг, Шуҳрат, — дея сўради.
Иккинчиси унинг гапини давом эттирди:
— Бу ерда айтилаётган гаплар Шуҳратга оғирлик қиляпти, шекилли, ҳазм қилолмаяпти. Турса оёғининг учигача бориб, яхши ҳазм бўлади.
Даврада кулги кўтарилди. Бирпас димишимни чиқармай уларни кузатдим. Қарасам кулгидан кейин суҳбатимиз мавзуси ўзгаряпти. Бирпас шундай давом этса, Яшнар амаки билан бошлаган гапимиз чала қолишига кўзим етиб, дарров гапни яна амаки томонга бурдим. Овозимни баландлатиб курсдошларимга:
— Жим бўлсаларинг-чи! Яшнар амаки бир нима демоқчи эди, — дедим.
Амаки бошини илкис кўтариб менга қаради. Мен эса у кишига. Қолганлар иккаламизга тикилиб қолишди. Мен бўлсам, хаёлан “бўла қолинг, айтинг ҳаммасини” деяпман амакига. Аммо ўша пайтда нега бундай қилаётганимни ўзим ҳам тушунмасдим. Амаки бир фурсат жим қолди. Сўнг бошқаларга ҳам бир қур назар ташлади.
— Яхши, — деди у. Шу паллада билдимки, амакининг дардларини қўзғаб, янгилаб қўйгандим. Хотираларини қайта жунбушга келтиргандим. Унинг нигоҳларида ўша мен кўрган маюслик, мунг ва андуҳ қайта пайдо бўлганди. У назаримда гапиришни истамаётгандек кўринарди.
— Яхши, айтаман, — қайта таъкидлади амаки. — Шуҳрат укам мени гапиртириш учун астойидил тиришяпти, — дея у пастки лабини тишлаб менга қаради. Наинки амаки бошқалар ҳам нигоҳларини менга қадашди. Шу пайтда шунақаям хижолат тортдимки, қани энди ер ёрилса-ю кириб кетсам. Зотан, бу пайтда ғишт қолипдан кўчган, амаки ўз ҳикоясини бошлаган эди. Шу сабаб мен ўзимга тасалли бера бошладим. Ахир амаки хоҳламаса гапирмаслиги мумкин эди-ку. Лекин унинг ўзи гап бошлади. сенинг айбинг йўқ дея шивирладим.
— Ўшанда йигирма бир ёшда эдим, — деб бошлади амаки ҳикоясини. — Олийгоҳда ўқирдим. Ётоқхонада турардим. У биздан бир курс пасда таҳсил оларди. Диана, — деди амаки. У шунчалар шикаста оҳангда гапирардики, биз ҳам лаҳзалар ичида унинг ҳолатига тушиб қолгандек эдик, гўё.
— Диана, — такрорлади у. — Уни биринчи марта ўқишга кириш учун хужжат топширгани келганда, қабулда кўргандим. Бирам нозик, кўҳликкина қизча эди. Овози майин, сочлари тундек қора. Агар бирор мусаввир гўзалликни тасвирласа, мўйқалами билан унинг портьретини чизса бас дегандим ўшанда. Аммо уни оддий рассом эмас, борлиқдаги энг буюк мусаввирнинг ўзи яратганди. Назаримда Диана — буюк мусаввирнинг энг олий ишидек туюлганди менга.
Ўшанда мен биринчи курсни тугатиб, ёзги таътилда қабул бўлимида ишлаётгандим. Унинг хужжатларини ўзим олдим. Кейин у имтиҳондан ўтиб, талаба бўлди. Билмадим бу қандай ҳис эди. Уни кўрсам баданимда чумоли ўрмалагандек бўларди. Юзим аланга мисол ёнарди. Уни кўрдим дегунча жойимда тош қотардим. Кетгач кўзларимни огоҳлантириб, буйруқ берардим: “Агар яна бир карра унга қарасанг... кўрасан”. Бироқ кўзларим ҳар гал буйруғимга итоат этиб, унга қарарди-ю фақат унигина кўрарди. Ҳа! Мен севиб қолгандим. Ётоқхонада яшашимга қарамай, ҳар тонг эринмай унинг ижара уйи жойлашган кўчанинг бошига бориб турардим. У уйдан чиқиши ҳамоно орқасидан кузатиб ўқишга қайтардим. Дарслар тугаб яна шу аҳвол такрорланарди. У олдинда оҳиста қадам ташлар, мен орқадан унинг бўй-басти-ю чиройига маҳлиё бўлиб одимлардим. Кўзларимиз бир-бирига тушганда иккимиз баравига жилмаярдик. Шу йўсинда орадан ойлар ўтди. Кейин йиллар...
Мен тўртинчи босқичга ўтдим, у учинчи курс бўлди. Кунларнинг бирида дарсга кеч қолганим сабаб, кутубхонага кириб, ўқиш залига ўтдим. Кенг хона. Ҳеч зоғ йўқ. Сумкамни очдим-у неча кундан бери ўқиётган романимни олиб варақладим. Эндигина ўқий бошлагандим, орқа томондан кучли тарақлаган товуш келди. Ўрнимдан туриб шу томонга бордим. Не кўз билан кўрайки, китоб жавонларидан бири ағнаб ётарди. Боз устига айрим омонат жойлари синиб, чилпарчин бўлиб кетганди. Ёнида бир қиз саросимага тушиб, ҳадик билан гоҳ менга, гоҳ ерда бўлакланиб ётган жавонга мўлтирарди. Уқиз — Диана эди!
Бир муддат ўзимни йўқотиб қўйдим. Кейин биров келиб қолмасин деган ўйда дарров китобларни йиғишга энгашдим. Буни қарангки, аксига олгандек гурсиллаган товушни эшитиб, домлалар ҳамроҳлигида залга декан кириб келди. Юрагим шув этиб кетди. Ҳар томонга сочилган китобларни кўриб деканимизнинг авзойи ўзгарди. Энг ёмони қиз билан йигитни дарс пайтида кутубхонада ёлғиз учратганидан бениҳоя ҳайратланди.
— Қайси биринг қулатдинг? — ғазабли нигоҳини бизга тикди декан.
— Мен, — дедим тап тортмасдан.
Декан индамай чиқиб кетди.
Орага ўнғайсиз сукут чўкди. Сўнг жимликни бузиб ёқимли овоз эшитилди:
— Раҳмат!
Юзим лов этиб қизарди. Нима дейишни билмай, каловланиб қолдим.
— Ҳеч... ҳеч қиси йўқ, — дедим зўрға.
Хаёлимда эса бироздан кейинги декан қабули эди. У барибир мени чақиртиришини билардим.
Жавонни амаллаб тикка қилаётиб, миямдан ярқ этиб бир ўй ўтди.
— Айни муддао, — дедим шивирлаб. У пичирлаганимни эшитди, шекилли:
— Нима? — деди бошини хиёл кўтариб.
— Анчадан бери, — дедим мен худди талмовсираган одамдай.
— Анчадан бери?! — Диана гапимни такрорлади.
— Исмингизни...
— Диана!
Мен бош ирғадим.
— Меники...
У гапимни оғзимдан юлиб кетди.
— Яшнар!
Бу бизнинг илк танишувимиз эди. Кейин деярли ҳар куни учраша бошладик. Бир-биримизга кўнгил қўйдик. Аммо ўртамиздаги муносабатни ҳеч кимга сездирмадик.
Шанба куни намозшомга яқин ётоқхонадаги ҳамхонам Олимжон хурсандлигидан ўзига сиғмай эшикдан кирди.
— Сенга анчадан бери айтмоқчи бўлиб юргандим, — деди у кравотимнинг четига қўнишиб. — Севган қизимнинг расмини олиб келдим.
Мен қўлимдаги китобни стол устига қўйдим, ҳанг-манг бўлиб унга қарадим. Олимжон билан тўрт йилдан бери бирга ўқирдик. Бир-биримизникига неча марталаб борганмиз. Қиёматли дўст тутинганмиз. Ота-оналаримизни дада-ойи деб чақирардик. Ҳеч қачон орамизда сир бўлмаган. У фақат ўқишни ўйлайдиган йигит деб ўйлардим. Ҳеч қачон қизларга кўз қирини ҳам ташламасди. Илло ҳозир унинг гапларини эшитиб, чучварани хом санаганимни билдим. “Роса аҳмоқ экансан Яшнар” дедим бошқа гап тополмай. У эса қувончдан мени қучоқлаб олди.
— Ў, писмиқ, қизларга ҳушим йўқ деб мени тоза аҳмоқ қилибсан-да, — дедим хафа бўлгандай.
У ёқимли илжайди. Қошларини учириб қўлидаги расмни бағрига босди. Унинг жиғига тегиш учун дедим:
— Ким экан у бахти қаро? Қани, бир кўрай-чи!
У расмни мунга узатди. Қарадим. Қўл-оёғим бўшашиб кетди. Суратга узоқ тикилиб қолдим.
— Қалай? — сўради Олимжон суратни қайтариб оларкан. Сўнг ўзича мағрурланди: —Биз топган қизни кўриб, мана шунақа миқ этолмай қоласиз.
Ҳа, чинданам миқ этмасдим. Бир лаҳзага нафас олишни ҳам унутиб қўйгандим. Ҳатто менда ҳам бўлмаган Диананинг сурати дўстимнинг кафтида ўйнарди. Бу ҳам етмагандек Олимжон тинмай “севгилим” дея суратни бағрига босарди. Ўша онда устимдан бир челак муздек сув қуйилгандай бўлди, гўё. Аммо жўрамга сездирмадим. Ўзимни қўлга олиб сўрадим:
— Анчадан бери учрашасизларми?
У саволимга савол билан жавоб берди.
— Чиройини кўриб ҳасад қиляпсанми?
Олимжоннинг ҳазиллашиб айтган гапдан эсхонам чиқиб кетаёзди. Ўзимни тутолмай ўшқириб юбордим.
— Том-поминг кетмаганми сени. Қанақа ҳасад?
Унинг чеҳраси жиддий тус олди ва дарҳол:
— Нега бақирасан ошна. Ҳазиллашдим ахир, — деди. Бироз жим ўтирдик. Сўнг у бирдан ҳалиги саволимни ўзи такрорлаб ўзи жавоб бера бошлади:
— “Анчадан бери учрашасизларми?” дейсанми, йўқ, ҳечам учрашмаймиз!
Бу орада мен сал ўзимни босиб олдим.
— Унда қанақасига севгилинг бўлади? — дедим дағал товуш билан.
— Уни жудаям севаман, — деди Олимжон бепарво.
Унинг гаплари менга беписандликдай туюлиб, жаҳлим чиқди. Аммо жаҳл ақлсизликнинг белгиси эканлигини билиб, зўрма-зўраки кулишга уриндим-да:
— Исмини биларсан, — дея сўрадим.
— Диана, менинг Динам.
Ўрнимдан қўзғалиб, деразадан ташқарини кузатган бўлдим.
— Кўринишим қалай? — тўсатдан сўраб қолди Олимжон.
— Нимайди?
— Учрашувга, — деди у.
— Хўш?!
— У ҳам мени севиб қолармикан?
Олимжон мендан “ҳа” деган жавобни кутиб жавдираб турарди. Мен дўстимнинг кўнглини қиёлмай “Албатта” дедим.
У жавобимдан ўзини анча тетик ҳис этди чоғи:
— Ишқилиб унга ёқай-да, — дея пичирлади галстугини тўғрилаб. Кейин худди менга гапираётгандай овозини баландлатиб гапида давом этди: — Бугун Дилянинг туғилган куни. Диана билан бирга муюлишдаги боғга келади.
— Дилянг ким? — сўрадим ундан.
— Бурунги замондан келганмисан жўра? — деди у. — Биздан бир курс пасдаги сариқ соч қиз — Дилдора. Нима уни танимайсанми?
Индамадим. У чиқиб кетди. Пича ўтирдим. Сабрим чидамади. Шарт ўрнимдан туриб, апил-тапил кийиниб боғга бордим. Одам гавжум. Бир амаллаб уларни топдим ва узоқдан пойлай бошладим. Афтидан мен келгунимча Диля деганлари Олимжон билан Дианани таништириб қўйганга ўхшайди. Олимжоннинг жағи-жағига тегмай бидирлаяпти. Рашким келиб, ғазабим қайнади. Қўлларим мушт бўлди. Шайтон “Бориб ҳаммасини тазирини бер” дерди. Аммо виждонимнинг қарори бўйича — бу воқеанинг ягона айбдори фақатгина ўзим эдим. Ваҳолангки, менинг айбим севгилимни дўстимдан, дўстимни севгилимдан яширганим эди. Шу боис ҳар қанча оғир бўлмасин буни тан олиб, ортимга қайтишга мажбур эдим.
Эртаси куни дарсдан кейин факультет биносидан чиқарканман Диана орқамдан чақириб қолди. Мен гўё уни кўрмагандай йўлимда давом этдим. Бу ҳолат қайта-қайта такрорланди. У гаплашишга уринарди. Мен эса қочишга...
Орадан ойлар ўтиб борарди. Ўқишимиз тугашига ҳам оз фурсат қолган, имтиҳонлар, диплом иши ёзиш муаммолари. Хуллас бош қашишга вақт йўқ. Бироқ фикру-хаёлимда фақатгина Диана. Уни унитолмай қийналардим. Қиз бечора кўп бора ортимдан ҳалак бўлди. Мен ҳар сафар устамонлик билан ундан узоқлашдим. Бора-бора мендан совиди шекилли, бошқа йўлимдан чиқмай қўйди. Уни аҳён-аҳёнда Олимжон билан турганини кўриб қолардим. Эзилардим-у ҳеч кимга ҳеч нарса деёлмасдим. “Нега уни дўстим севиб қолди” дея ўкинардим. Агар жўрамнинг ўрнида бошқаси бўлганида борми... нақ юрагини суғириб олган бўлардим, деб ўйлардим. Холбуки уни бошқа биров эмас, қиёматли оғайним яхши кўрарди. Мен бўлсам бир қиз учун жон дўстим билан юз кўрмас бўлишни сира ақлимга сиғдиролмасдим. Шунинг учун индамасликни маъқул топдим. Лекин бу индамаслигим бора-бора мени худбинликка етаклаётганини сезиб қолдим. Дўстим билан бўлар-бўлмасга жанжаллашадиган бўлдим. Дианани унга берганим учун у менинг олдимда қарздор эди гўё. Олимжон нима бўлаётганини сираям тушунмасди. Шунга қарамай у бир оғиз ҳам ёмон гапирмасди. Жиғибийроним чиқди дегунча, сеники маъқул қабилида кўздан ғойиб бўларди.
Бир куни хонага ҳафсаласизгина келдим.
— Сени кутиб ўтиргандим, — деди у мени кўриб.
— Нима бўлди?
— Меникига бориб келамиз.
— Нега?
— Уйдагилар уйлантирамиз дейишяпти. Севганинг бўлса айт деди ойим. Шунга бирга борсанг, Диана ҳақида уларга сен айтсанг дегандим, — деди кулиб. — Менга бироз ноқулай.
Тутақиб кетдим.
— Нега энди мен айтарканман, уйланадиган сенми ё менми, — дея чинқириб юбордим. — Ҳеч қаерга бормайман.
Унинг қўлидан сумкани юлқиб олдим-у ичидаги нарсаларимни шкафга отдим. Олимжон тикилиб қолди. Оғир уф тортди.
— Яхши, — деди кравотга ўтириб. — Бормасанг борма, айтмасанг айтма, лекин нега жаҳлинг чиқади, нега бақирасан?
У салобат билан гапирарди. Унинг овозида тобора титроқни ҳис қилардим.
— Илгари бунақа эмасдинг жўра, — деди Олимжон томоғига бир нима тиқилгандек қулт этиб ютинаркан. — Негалигини билмайман. Аммо сен ўзгардинг.
Унинг гапириш оҳангида йиғини сездим. Кўнглим бўшаб кетди. Сумкани ерга қўйиб, ёнига ўтирдим. У гапида давом этди:
— Сенга нима ёмонлик қилдим жўра. Доим жеркасан. Мен сени шодлигимга шерик бўласан дегандим.
У пиқиллай бошлади. Мен қандай юпатишни билолмай, оғзимга келган гапни айтдим.
— Уйлансанг дўстларингдан ажраласан дейман-да. Қара бўйдоқлик қандай яхши. Ҳали уйланиш қочмайди, — дедим ҳазиллашгандай кулишга уриниб.
Олимжон гапларимни жиддий тушунди. Овози кескин ўзгарди.
— Агар хотин олиб дўстимни йўқотадиган бўлсам ҳечам уйланмайман, — деди у.
Айтган гапимдан пушаймон бўлдим. Юпатаман деб қовун туширдим. Юрагимга алланечук хавотир оралади.
— Бекор айтибсан, уйланасан, — дедим. Сўнг жойимдан қўзғалаётиб, айтганларимга қўшимча қилдим. — Аяжонимга ўзим бориб ҳаммасини айтаман. Юр йўлга чиқамиз.
Кечқурун Олимжоннинг уйига етиб келдик. Мен уйдагиларга ҳаммасини айтдим. Улар эртаси куниёқ совчиликка борадиган бўлди. Биз тонг отиши билан ўқишга қайтдик.
Орадан икки кун ўтди. Олимжон яна қишлоғига бориб келди. Айтишича қизнинг уйидагиларга йигит томон маъқул бўлибди. “Ўн кундан кейин фотиҳа бўлади”, деди Олимжон оғзи қулоғига етиб.
Фотиҳага бир неча кун қолганди. Ҳар дардим ичимда. Кечки пайт дўстим билан у ёқ, бу ёқдан гурунглашдик. Ҳар доимгидек суҳбатнинг охири Дианага бориб тақалди. Шу пайт ўзим сезмаган ҳолда ундан сўрадим:
— Унга севишингни айтдингми?
— Йўқ, — деди Олимжон хотиржам. — Дианани сен билан уйга бориб келганимиздан бери кўрганим йўқ. Кўришгаям ошиқмаяпман. Уям мени соғинсин-да ошна, — деди. — Яхши кўришимни фотиҳадан кейин айтаман.
Бу орада фотиҳа ўтди. Имтиҳонлар якунланди. Олимжон уйга бориб келаман дея кетди. Мен диплом беришларини пойлаб кун санардим. Қани энди тезроқ диплом беришса-ю қишлоғимга кетиб, ҳаммасини унутсам. Одамлар орасига сингиб кетсам. Уларга рўбарў келмасам.
Бу орада ҳамхонам қайтиб келди. У қанчалик бахтдан сармаст бўлса, менинг ташвишим шунча ортганди.
— Хуллас, — деди у бир куни қаршимга ўтириб. — Бир ҳафтадан кейин тўй. Икки кундан кейин меникига кетамиз. Ҳа, айтганча, — деди жилмайиб, — Дианага сен ҳақингда айтдим. Куёвжўрамни билиб қўйгани яхши деб ўйладим.
Карахт бўлиб қолдим. Билмадим шу маҳалгача нимадан умидвор эдим-у энди қандай ҳолга тушдим. Хаёлимда тўй ўқиш якунлангандан кейин бўлса, бирор баҳона билан бормаслик эди. Бироқ дўстим бир ҳафтадан кейин тўй деб турибди...
Икки кун ўтди. Эрталабдан ўзимни касалга солдим. Олимжон тепамга келиб:
— Кечки поеъздга билет олиб қўйганман, — дея ялинди.
Виждоним қийналарди. У баҳона қилаётганимни билмас, мени касал бўлиб қолди дея астойидил куйинарди.
Пешиндан кейин эшик тақиллади. Олимжон очди. Каридордан қиз боланинг ғўнғиллагани қулоғимга чалинди. Сўнг ҳамхонам қўлида конверт билан қайтиб кирди.
— Менга хат бериб кетди, — деди хатни очаётиб.
— Бирортаси севиб қолиб, дил изҳорини ёзиб юборгандир-да, — дедим ҳазиллашиб.
У қўйсанг-чи дегандек илжайиб, ўзича алланималар дея ғўлдиради.
У хатни ўқий бошлади. Қоғозга кўз югиртирарди-ю менга қараб-қараб қўярди. Борган сари ранги оқарарди. Хавотирланиб сўрадим:
— Тинчликми ошна, рангинг оқаряпти?
У жавоб бермади. Қўлида қоғоз билан дераза ёнига борди-ю югириб хонадан чиқиб кетди.
Орадан роппа-роса беш кун ўтди (шу куни унинг тўйи бўлиши керак эди). Эрталаб факультетга отланаётгандим. Эшик тақиллади. Очиб қарасам бир курсдош қиз турибди.
— Буни Олимжон сизга бериб қўйишимни айтганди, — дея қўлимга икки энлик қоғоз тутқазди.
— Қачон? — сўрадим ҳайратланиб.
— Уч-тўрт кун олдин, — деди у ажабланишимни тушунмай. Сўнг: — Бугун унинг тўйи эди, шекилли, а? Бормадингизми? — дея сўради.
“Жон дўстингни энг қувончли кунида ёнида турмасанг, сендай дўстдан нима фойда, — дедим ўзимга ўзим. Лекин энди ўн жойимни ўймай ўрнига тушмасди.
Эрталабдан кайфиятим бузилиб, кроватимга чўкдим. Қўлимдаги қоғозни оҳиста очиб ўқидим. Унда шундай жумлалар ёзилганди:
“Бахтим учун бахтингни ўғирлолмайман. Ишон, бехабар эдим. Юзингга қарашга юзим чидамайди. Мени бошқа уялтирма. Диана ҳалиям сени яхши кўради. Илтимос уни бахтли қил. Кечир! Алвидо!”.
Ҳаммасига тушундим. Тушундим-у кўзларимдан ёш сизди. Ўкириб йиғладим. Чунки дўстим менинг бахтим учун ўз бахтидан юз ўгирибди. Фаҳмимча ўша куни унга келган хат Дианадан эди ва у ҳаммасини батафсил ёзганди. Мен энди севгилимдан ҳам, дўстимдан ҳам айрилгандим. Мен тамомила ёлғиз қолгандим. Ўйларим билан, худбинлигим билан ёлғиз...
* * *
Яшнар амаки ҳикоясини тугатди. Барчамиз нигоҳларимизни ундан узмай ачиниш ва ҳиссиёт билан тинглаганимизни кўриб секингина жилмайди.
— Лекин мен умидимни узганим йўқ, — деди у киши ғамгин. — Бир куни барибир дўстимни топаман.
Менинг ўпкам тўлиб турарди. Ҳар-ҳар замон ўзимча ҳиқичоқ тутгандек ҳиқиллаб амакидан сўрадим:
— Дўстингизни уйига бормадингизми?
— Уни излаб боришимни яхши биларди. Шунинг учун бошқа жойга ғойиб бўлди.
Бирдан миямга ҳикоянинг яна бир қаҳрамони келиб қолди. Ўнғайсиз бўлса-да яна сўрадим:
— Диана билан учрашдингизми?
— Кеч бўлиб қолди, — деди Яшнар амаки жавоб беришни истамагандай. — Қолгани эртага...
Тихирлик қилиш бефойдалигини билиб, ўрнимиздан қўзғалдик.
Эртасига узункун кайфиятимиз бўлмади. Чамамда ҳамма батамом ҳикоя таъсирида эди. Амакини кутардик. Аммо ўша куни ҳам, ундан кейинги кунларда ҳам амаки шийпонга келмади. Биз ҳайрон эдик. Ҳар биримиз ўзимизча “Яшнар амакини хафа қилиб қўйдикмикан” деб ўйлардик. Наздимизда биздан аразлаган-у, келмай қўйган.
Орадан тўрт кун ўтди. Устозларимиз кечқурун ҳамма тайёрланишини, эрталаб йўлга чиқишимизни айтишди. Барчанинг оғзи қулоғида. Кетиш ҳақидаги хабар кўпчиликка мойдек ёққанди. Тонг отса, қарабсизки йўлдамиз. Фақат... фақат биз ўн чоғли курсдошларгина кўзларимиз тўрт бўлиб йўл пойлардик. Қани энди узоқдан бўлса-да бир кўрсак. Кетар олдимиздан хайр-хўшлашсак.
Қоронғи тушгач шийпон ҳовлисига тўпланиб олиб, амакини эслаб гулхан ёқдик. Ўзимизча нималардир ўйлаб топган, гурунглашган бўлдик. Лекин ҳеч биримизнинг кўнглимиз ёришмади.
— Туринглар, сизларни бир жойга олиб бораман, — деди бир нотаниш йигит даврамизга суқилиб кириб.
Бараварига сўрадик:
— Қаерга?
— Яшнар амакининг уйига.
Қулоқларимизга ишонмадик. Дарров чеҳрамизда ёруғлик пайдо бўлди. Бироқ меҳмондорчиликка боришга домлаларимиз рухсат бермаслиги ёдимизга тушиб табимиз тирриқлашди.
— Жон дердиг-у аммо устозларимиз қўйишмайди-да, — дедим мен илдамлик қилиб.
— Рухсат олдим. Ишонмасанглар ана ўзларинг сўраб кўринглар, — дея нотаниш йигит нарироқда гаплашиб ўтирган домлаларимизга ишора қилди.
Мен ишонмай домладан яна бир карра рухсат олдим ва биз нотаниш йигитга эргашдик.
Яшнар амаки дарвоза олдида жилмайиб, бизга пешвоз чиқди. Уйга кирдик. Амаки тушмагур ош дамлатибди. Маза қилиб отамлашдик. Дилдан суҳбат қурдик. Вақт алламаҳал бўлиб, оқшом яримлади. Агар қизлар кетамизга тушмаганда борми, йигитлар эрталабгача гапдан тўхтамасдик. Яшнар амаки бизни дарвозасидан кузатиб чиқаркан, Диананинг тақдири эсимга тушди. Секингина амакининг қулоғига шивирладим:
— Диана...
Амаки менга бунча бесабрсан қабилида илжайиб, қулоғимга пичирлади:
— Ҳали айтиб бераман.
— Эрталаб кетаяпмиз, — дедим мен зиқланиб.
У елка қисиб “Ҳали вақт бор” деди қайта. Биз шийпонга қайтдик. Ҳаммамизнинг юзимизда, лабимизда кулги. Ҳеч кимнинг кўзига уйқу келмасди.
Эрталаб шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Қарасам мендан бошқа ҳамманинг нарсалари тахт. Ташқари ғало-ғовур. Шоша-пиша нарсаларимни тахлаб, ҳовлига чиқдим. Курсдошларим бир четда тўпланган. Нарироқда икки-уч автобус талабаларни кутиб шай турибди. Бир пайт елкамдан кимдир турткилади. Ўгирилиб қарадим — Яшнар амаки. Ёнида бир аёл ҳам бор.
— Болалар қани? — сўради амаки саломлашаётиб. — Чақир уларни, хайрлашишга кеч қолдимми дея ўпкамни қўлтиқлаб келяпман.
Дўстларимни чақирдим. Яшнар амаки ҳаммамизни бир-бир қучоқлади. Сўнг:
— Ҳа, сал қолса унутай дебман, — деди ёнидаги аёлга қараб. — Танишинглар янгаларинг — Диана!
Энг аввал мен оғзимни очиб қолдим. Бошқалар ҳам мендан қолишмасди.
— Демак, Диана янга, — дедим тиржайиб.
— Худди ўзи! — деди амаки.
Мен бош ирғадим. Калламни ликиллатдим-у нигоҳларим биздан беш-олти қадам нарида, автобус ёнида Яшнар амакига тикилиб турган домламизга тушди. У ўта синчковлик ҳамда эътибор билан амаки ва хотинини кузатарди.
Мен уни танидим. Аммо исми ёдимга келмасди. Жон-жаҳдим билан домланинг исмини эслашга уриндим. Ниҳоят хотирам панд бермади. Эсладим. Бизга бунчалик қунт билан тикилаётган домламизнинг исми Олимжон эди...

Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:49 | Сообщение # 10
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
ВАСИЯТ

Нодира аяни қоронғулик ютиб юборай деди. Кексайиб бир сиқимгина бўлиб қолган жуссасини кўрпанинг ичига олди. Кўзларини чирт юмиб, алланималар дея шивирлади. Атроф зим-зиё. Ташқаридан чигирткаларнинг чириллашию, қурбақаларнинг қуриллаши эшитилади. Нодира ая юрагини босаётган ваҳимани унутишга уриниб, овозини баландлатиб калима қайтара бошлади. Ярқ этиб миясига урилган фикрдан баттар чўчиб кетди. “Ўлиб қолмай-да ишқилиб”. Аянинг кўзи илинди.
Нодира ая ўрнидан қўзғалганда ҳали тонг ёришмаганди. Инқиллаб-синқиллаб тўшагини йиғди. Чўян печкадаги кўмирнинг устига бир-иккита ўтин қалаб, пойгакдаги обдастани печнинг устига қўйди. Печкада олов гуриллади. Ташқарида азон янгради. Нодира ая таҳорат олиб бомдодни ўқиди. У намозони тугатгунча чой қайнади. Ёлғиз томоқдан овқат ўтармиди? Шундай бўлса-да ая мажбуран бир тишлам нон еб, бир пиёлагина чой ичди. “Ёлғизлиги қурсин-а” ўйлади ая ўзича. Чоли бўлгандаям, зерикмасди. Ҳар ҳолда гангир-гунгир қилиб ўтиришарди. Мана чолининг қазо қилганигаям олти йил бўпти. Эҳ-ҳ, ёлғиз яшашнинг ўзи бўладими. Ўтган олти йилнинг ҳар лаҳзаси олти асрдек туюлди аяга. “Тавба қилдим, тавба қилдим” деди Нодира ая оддийгина қилиб тикилган чит кўйлагининг ёқасини ушлаб. “Ўзинг кечир худойим”.
Чоли Найрулло бобо яхши одам эди. Қурмағур ҳазилни яхши кўрарди. Каттами, кичикми кулдириб кетаверарди. Шунинг учун уни бутун қишлоқ танирди. Трактор ҳайдарди раҳматли. Тўйларда ўртакашликни ҳам қотирарди. Қандай марака бўлмасин биринчи бўлиб Найрулло бобо айтиларди.
Улар жуда аҳил яшашди. Нодира ая ҳозир ўйлаб қараса, салкам қирқ беш йил Найрулло бобо билан бир ёстиққа бош қўйибди. “Эҳ-ҳ, ҳар тўкисда бир айб” дегани шу-да” хаёлидан ўтказди Нодира ая. Яхши яшашди-ю... фақат бахтлари сал кемтик бўлди-да. Шу боис чоли ҳам жон берар чоғи кампирига илиниб кетди. Худо уларни тирноқдан қисди. Бироқ чол-кампир бирор марта бўлсин, бир-бирларига арзи дод қилишмаган. Икковиям ўзларича эзилишарди-ю ўзаро сездиришмасди. Шунга қараб атрофдагилар ҳам бу ҳақда чурқ этиб оғиз очишмасди. Лекин барибир уларнинг кўнгли ўксик эди.
“Вой, кун чошгоҳга келиб қолибди-ку” тўнғиллади Нодира ая. Қўлидаги урчуқни энди печканинг ёнига қўяётганди эшик ғийқиллаб очилиб, бўсағада қўшни Салима пайдо бўлди.
— Ассаломалайкум, — деди қўлидагини полга қўйиб ая томонга хиёл эгилиб сўрашгани қўл чўзаркан. — Тузукмисиз, яхши ўтирибсизми?
Салимани кўриб Нодира аянинг чеҳраси очилди.
— Бир нави, — деди сўрашиб. — Ўтирибман-да зерики-иб. Нимаям қилардим.
— Сут оп чиқувдим ая, — Салима нарироқда турган дастурхонни олиб ёзди. Косанинг устидаги икки дона иссиққина буғланиб турган нонни дастурхонга қўйиб, сутни аяга узатди. — Эртароқ оп келардим, хамир ачимай қолса денг. Сигир соққанимгаям анча бўлди. Кечаси ўғлингизни жўралари келувди. Алламаҳалда кетишса... Кеч ётиб, ухлаб қобман, — Салима навбат бермай бидиллашга тушди.
— Овора бўпсан-да қизим, — оҳиста гапирди Нодира ая. Салима аянинг гапларига бепарво “сайраётганди”, бирдан сапчиб турди. — Вой ўлмасам, — деди у ўнг кифти билан оғзини ёпиб. — Ўчоққа ёғ доғлаётгандим.
Сўнг аянинг “ҳай-ҳай”лашига ҳам қарамай югиргилаб чиқиб кетди.
— Ҳа қизи тушмагур, — мийиғида жилмайди Нодира ая, — гапдонлигини деб доим бир нарсани эсдан чиқариб юради.
Нодира ая иссиқ нонларга тикилиб қолди. Сўнг уларни дастурхонга яхшилаб ўради. Косадаги сутнинг бетига ликопча ёпиб четга олиб қўйди. Тўрдаги кроват ёнига бориб, атрофида куймаланди. Қизил гулли яктагини топиб, эгнига илдида ташқарига чиқди. Сўрига ўтириб, ҳовлисини кузатди. Дўппидеккина ер бўлсаям, тоза, озода. Кечагина ўзи ҳамма жойни тозалаб чиққан. Шу пайт қўшни ҳовлидан Салиманинг овози эшитилди.
— Югир, катта қора лалини оп ке. Қарасаларинг бўлмайдими ёниб кетибди-ку!
Нодира ая қўшни ҳовлига қулоқ солиб, деворга қараб турди. “Ҳа Салима-я” ўйлади у. Ўзи ёмон жувон эмас. Фақат са-а-алгина кўп гапиради-да. Қизлик пайтидаям шунақа гапдон эди. Ўзи шу қишлоқда туғилиб ўсган. Бўйи етиб ўқишга кираман деб тоза харҳаша қилди. Отаси анча зайл одам эди. “Ўқиб шаҳар оберасанми” деб ўқишга жўнатмади. Кейин нима бўлди-ю Пирман тракторчининг ўғли — Содиқ билан севишиб қолиб шунга тегди. Салима кўҳликкина қиз эди. Сочлари тақимини ўпмаса ҳам, ҳар ҳолда бошқа қизлардан ажралиб турарди. Содиқ қизлар ошиқ бўладиган даражада ҳуснли эмасди. Аммо бамаъни йигит. Салимаям шунисига ошиқ бўлди, шекилли... Ҳар ҳолда, неча йилдан бери ади-бадиси чиқмай яшаб келишяпти. Бир ўғил, бир қизлари бор. Содиқ хотинини бошига кўтаради, нима деса дарров муҳайё қилади. Салима қурмағур “Ўқимишли одамни икки ҳисса ҳурмат қилиш керак” дейди. Ўқитувчиниям кўнгли шоирникидай нозик бўлармиш.
Қўшни ҳовлида овоз тинди. Нодира ая секингина ўрнидан туриб, дарвозадан чиқди. Кўчада одам саяпсиб қолибди. Ишга, ўқишга борувчилар эрта билан кетган-да. Ая оз фурсат атрофни кўздан кечирди-ю яна ҳовлисига кириб кетди. Уззун-кун гоҳ уйга кириб чўзилди, гоҳ сўрида ўтирди. Амаллаб шом қилди.
— Ая, уйдамисиз? — ташқаридан келган овозни Нодира ая таниди.
— Содиқ, ке болам, — деди ичкаридан туриб. Остонада қадам товушлари эшитилиб, эр-хотин лаганда ош кўтариб, олдинма-кетин кириб келишди.
— Ўғлингиз аямни кўриб келайлик деганди, — деди Салима. Оғиз жуфтлаб яна нимадир демоқчи эди эри “кўп гапирма” дегандай олақараш қилди. Улар ярим тунгача гурунглашиб ўтирди. Найрулла бобони эслашди.
— Содиқжон, — деди Нодира ая ҳижолатомуз оҳангда. — Ўзларинг келсаларингам хурсанд бўламан. Бунақа майда-чуйда кўтариб овора бўлманглар. Ҳар кунги ўтиришим бўлса, овқат ташиб...
Аянинг гапи бўғзида қолди. Содиқ босиқлик билан гап бошлади.
— Отам ўлганда энди ўн олтига киргандим, — деди у хўрсиниб. — Ҳеч эсимдан чиқмайди. Тобутни кўтариб мозорга бордик. Отамни қабрга қўйдик. Шунда атрофдагилардан бири “Майитни юзи ёпиқ қолсин” деди. Бошқаси “Юзини очиб қўйинглар” дея эътироз билдирди. “Бизда очишади, бизда ёпишади”. Қабр тепасида тортишув бошланди. Ҳамма ўзиникини маъқулларди. Бир киши ўртага чиқди-да, “Майитни юзини қиблага қаратиб, очиб қўйинглар” деди баланд овозда. Ҳаммамиз унга қарадик. Найрулло бобо гапини тугатар-тугатмас ўзи қабрга сакраб тушиб, отамни юзини қиблага буриб, очиб қўйди. Оломон бирдан жимиб қолди. “Мусулмон одамнинг юзи қиблада бўлади” деди Найрулло бобо. Ўшанда бобомга нисбатан кўнглимда аллақандай илиқ ҳисни туйгандим. Эсингизда бўлса, тирикчиликдан қийналардик. Бобом рўзғоримизга қарашиб турарди. Менга, укаларимга кўп хизматлари сингди, ёрдами тегди. Бу қарзимни ҳеч қачон узолмасам керак...
Содиқ жим бўлиб қолди. Салима ҳам миқ этмасди. Нодира ая эса шу тобда унутиб юборган ўтмишни бир-бир хаёлидан ўтказарди. Ростданам, чоли тушмагур уйга битта нон келтирса, ярмини уларникига чиқариб берарди. “Қўшнинг тинч, сен тинч” дерди шўрлик. “Ўртоғимни болалари оч бўлса, мендан овқат ўтармиди” дея кў-ўп такрорларди. Нодира ая бошини кўтариб эр-хотинга қаради.
— Ёшинг ўтган сари тананг омонатини топширишга тайёрланиб боравераркан, — деди Нодира ая маъюс. — Тишларинг ўтмай қолади. Сочинг оқаради. Белингдан қувват кетиб, қўлларингни қалтироқ тутаркан. Менам бир жойга бориб қолдим. Эрта-индин... — ўйланиб қолди ая муҳим бир гап айтмоқчидай.
— Қўйсангиз-чи ая, — деди Салима ялинганнамо. — Ҳали тетиксиз. Худо хоҳласа невараларингизни тўйида бир ўйнаб берасиз...
Шу пайт Салиманинг қизи кириб келди. Ая уни айланиб-ўргилиб қолди. Дастурхондаги ширинликдан бир сиқим олиб қўлига тутди.
— Ая, — деди Содиқ хотинига бир қараб олиб. — Неварангиз бугундан бошлаб сиз билан яшайди. Катта бўп қолди. Эрта-индин мактабни тугатади. Елиб-югириб хизматингизни қилсин.
Салима ялт этиб эрига қаради. Нодира ая нима дейишини билмай турарди. “Қўй болам, ҳожати йўқ” деди зўрға. Аслида Нодира аянинг кўнгли бўшаб, ўпкаси тўлиб кетганди. Салима ҳам ниманидир ўйлаб пича сукут сақлаб турди-да, эрининг гапини маъқуллади. “Яхши” деди ая ёшлар ўжарлигини қўймаслигини билиб. Лекин вазиятга қараб: “Бугунча бора қолсин, эртадан бошлаб наварам билан бирга яшайверамиз”, деди.
Нодира ая яна ёлғиз қолди. Аммо негадир кўнгли хотиржам эди. Ўзини бардам сезарди. “Одам тафтини одам олади-да” ўйлади у устига кўрпани тортиб. Шифтга термилиб ётди. Юрагида ҳаётга, яшашга бўлган иштиёқ жўш ураётгандек туюлди ўзига. Хаёл суриб ётаркан кўзларини уйқу элитаётганини ҳис этди.
Азонда кўнгли хижил бўлиб уйғонди. “Астағфурилло” деди ая ўрнига чўккалаб ўтириб. Оқшом кўрган алағ-жалағ тушларини эслади. Содиқни аниқ-тиниқ кўрди. Ёнида Салимаям бормиш. Икковлашиб Найрулло бобонинг трактирини бузишяпти. Қизлари аянинг олдига чопиб келиб, бир нималар деб йиғлайди. “Астағфурилло, астағфурилло” дея такрорлади Нодира ая. Эрталабдан авзойи бузилиб, кўнглига ҳеч нарса сиғмади. Намозини ўқидию яна жойига чўзилди. Кўрган хосиятсиз тушининг таъбирини билолмай баттар сиқилди. Шу ётганича пешинга яқин турди. Чой дамламоқчи бўлди. Печканинг ёнидаги чой қутини олди, бўм-бўш. “Обжўшга бир чимдим чой ташламасанг мазаси чиқмайди-да” деди Нодира ая пичирлаб, худди бировга гапираётгандай.
Дарвозадан чиқиб, кўчага қаради. Одам сийрак. Секингина қадам ташлаб, кичиккина дарчанинг рўпарасига келди. Тақиллатиш ёдидан чиқдими ёки истамадими, ҳар тугул эшикни очиб ичкари кирди. Ҳовли жим-жит. Одимлаб деразанинг ёнига борганда, уйдан Салиманинг ғўнғирлагани эшитилди.
— Ҳе, тилингдан тирсак чиқсин, — дерди у ғалати оҳангда. — Кампирнинг беш кунлиги борми, йўқми. Қараб турсанг, ўлиб қолмайсан. Тўғрими дадаси? Кампир эрта-индин оёғини узатса, уй-жойи бизга қолади. Боласи бўлмаса, қариндош-уруғи бўлмаса. Яхшилаб қарасанг, даданг битирув кечангга ўзинг кўрсатган кўйлакни олиб беради. А, дадаси?!
Сўнг Содиқнинг овози келди.
— Кампир ҳали бери ўладиганга ўхшамайди, — деди у дағал товушда.
— Ўлмай қаёққаям борарди, — бобиллади Салима. — Манави ер ютгур уч-тўрт кун қараб турса, яхши бўларди. — Афтидан у қизига шама қилаётганди. — Агар бошқа биттаси шунақа қилса, баридан қуруқ қолишимиз аниқ.
Нодира аянинг қулоқлари шанғиллаб кетди. Кўнглининг туб-тубида аллақандай туйғу исён қила бошлади. Оҳиста юриб ҳовлисига келди. Бошида миллион ўй чарх урарди. Сўрисининг бир учига қўнишибгина ўтирди. Хаёллари уни чексиз бўшлиқлар сари етаклади. Узоқ ўйга толди.
Ўйлари миясини ғовлатиб юборди, шекилли, Нодира ая уйга кириб кетди. Сал ўтмай қўлида сарғайиб кетган, дафтардан каттароқ қоғозларни олиб чиқди. Яна сўрига ўтириб, нимадир ёза бошлади. Ая дарвозадан чиққанда, қўшни дарчадан Салиманинг қизи кўринди.
— Қаёққа кетаяпсиз? — сўради қиз аянинг олдига келиб.
Аввалига Нодира ая шунчаки “Айлангани” демоқчи бўлди. Бироқ ниманидир ўйлади чоғи қизга тикилиб қаради.
— Юр қизим, икковимиз “Маҳалла”га бориб келамиз, — деди.
— Нега? — ҳайрон бўлди қиз. Сўнг қоғозларга кўзи тушиб: — Булар нима? — дея сўради.
Нодира ая қўлидаги қоғозларга термилиб, ҳазин оҳангда жавоб берди:
— Уйнинг хужжатлари билан васиятномам.

Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 11:50 | Сообщение # 11
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
МАТОНАТ
ВИЖДОН АМРИГА КЎРА


— Эна-а-а! Энажо-он!
Чор-атрофни туман босган. Қишлоқдаги эски кинотеатрнинг ёнгинасидан ўтган тупроқ кўчадан чамаси тўққиз-ўн ёшлардаги бир қизча ҳаллослаб чопиб келяпти. Нафаси бўғзига тиқилган, қўрқувдан лўппи-лўппи юзларидан қон қочган, тўпиғига тушган чит кўйлакчаси оёқларига илашгани илашган. Шунга қарамай қизалоқ гоҳ қоқилиб, гоҳ суриниб югирарди.
— Эна-а, — қичқирди Наргиза. — Дадамни олиб кетишди.
Бусиз ҳам невараларини кўрганда хавотирга тушиб, юраги така-пука бўладиган Хислат бувининг Наргиза келтирган хабардан жонида-жон қолмади.
— Вой, болам-а, ҳовлиқмасанг-чи, — деди буви Наргизани қучоқлай туриб.
— Эна, дадамни милиса оп кетди.
— Қўрқма болам, қўрқма, — далда берди кампир неварасига.
Хислат буви навирасини уйга олиб кирди. Амаллаб юпатди. Ўзи пешайвонга чиқиб, бўсағага ўтирди. Кўзларида ёш йилтиллади.
— Пешона экан-да, — хўрсинди у. — Қарисан, қартасан, асли наслингга тортасан.
Бошини оҳиста устунга тиради: — Кўряпсизми? — сўради у осмонга қараб: — Сиздан ажралиб рўшнолик кўраман дегандим. Лекин ўғлингиз барибир ўрнингизни босди.
Хаёллари уни ўз ўтмиши томон етаклади.
У пайтларда буви ёшгина, дуркун қиз эди. Сочлари тақимини ўпган, қўш кабутардек потирлаб учишга шай сийналари ҳар қандай одамнинг ақлини шошириб қўярди. Эҳ-ҳе, кимлардан совчи келмади дейсиз. Аммо у севишиб оила қурди. Турмушидан икки ўғил, бир қиз кўрди. Эри ўқимаган бўлишига қарамай, пул топиш йўлида ҳар мақомга йўрғалади. Аввалига яхшигина яшашди. Эри аллакимларга қўшилди-ю бизнес қилди. Қўли озроқ пўл кўрди, шекилли, хиёнат кўчасига эмаклади. Пичоқ бориб суякка қадалди. Аммо Хислат ҳаммасига чидади. Эрига инсоф тилади. Лекин эр қурғурга қани энди заррача инсоф кирса.
Бир куни азонда Хислат дарвоза ёнидан эрининг мурдасини топди. Тақдир экан, йигирма саккиз ёшида тул қолди. Бу пайтда тўнғич ўғил Норбек ҳали еттига ҳам чиқмаганди. Одамлар ўзини есир деди, фарзандларини етим деди. Бировнинг раҳми келди. Биров ёвқараш қилди. Эрининг йил маракалари ўтгандан кейин кўп жойлардан оғиз солишди. Бироқ у бошқа эр қилишни истамади. “Болаларим ўгай отанинг қўлига қарам бўлмасин”, деди. Одамлардан ачиниб: “Ҳали ўттизга ҳам кирмаган жувоннинг эрсиз ўтиши яхшимас. Элчиликда иснодга қолади”, дегувчилар ҳам бўлди. Жувон бўлса қароридан қайтмади.
Орадан йиллар ўтди. Ўтмишдаги ҳар лаҳза Хислат бувига биттадан сочининг оқини, ҳар бир йил пешонасидаги ажинларни совға қилди.
Фарзандлар улғайди. Қизини турмушга берди. Кенжатой Содиқ ҳуқуқшунос — адвокат бўлиб етишди. Оиласи билан шаҳарга кўчиб кетди. Тўнғичи Норбек болаликдан бироз жангари, тўпори бўлиб ўсди-ю ўқишни ҳам чала ташлаб, қишлоққа қайтди. Тенгқурлари билан устачилик қилди. Бора-бора безориликка, ўғирликка қўл урди. Укаси неча марта уни қамоқдан асраб қолди. Лекин акага ақл кирмади.
— Тубдан ақл бермаса, туртган ақл не қилар, — дерди буви ёши ўттизга яқинлашган бўлишига қарамай ҳануз бўйдоқ юрган ўғлини койиб.
* * *
— Эна, қўрқиб кетяпман.
Буви ортига, овоз келган томонга ўгирилди. Невараси сувга тушган мушукдек оҳиста қадам ташлаб унинг ёнига келди.
— Қўрқма она қизим, — деди буви унинг бошини силаб. — Сен ҳозир Абдимурод тоғангни чақириб кел. Энам чақираяпти дегин.
Наргиза хўп деди-ю дарвозадан чиқди. Бироздан кейин Абдумород жияни билан келди.
— Ассалому алайкум, — деди Абдумурод кўзи тўрт бўлиб дарвозага тикилиб ўтирган бувига.
Хислат буви уни кўриши билан пешвоз чиқди. Қисқагина салом-аликдан кейин Абдумурод сўради:
— Чақирибсиз қуда хола, тинчликми?
— Тинчликмас болам. Тинчликмас, — буви йиғлаб юборди. — Поччангни милисалар оп кетибди.
— Нега оп кетади? — ҳайрон бўлди Абдумурод. — Яна бирор жанжал чиқарибдими?
— Йўқ, менимча Нафосат иши бўйича...
— Бу нима деганингиз хола. Ўлдирганларни топишибдими? — шоша-пиша бувини саволга тутди Абдумурод.
— Йўқ, поччангни қўлига кишан солиб оп кетибди.
Абдумурод карахт бўлиб қолди. Ҳеч нарсага тушунмади. Ўзича мулоҳаза қилиб кўрди. “Опамни иши бўйича оп кетибди, хўп, поччамни нега қамашади?”. Аммо саволига ўзида жавоб тополмай яна бувидан сўради:
— Поччамни қамаганини сиз қаердан билдингиз?
— Жиянинг айтди, — деди буви Наргизага қараб. — Қамашибди, болалари етим қолмасин, бир иложини қилайлик дейман-да, — дея қўшиб қўйди.
— Хола адашишгандир, — таҳликага туша бошлади йигит.
— Йўқ, ҳаммаси тўғри болам. Унга неча марта айтдим. Бўйнингга ол дедим. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади дедим. Қулоқ солмади.
Абдумуроднинг кўзлари косасидан чиққудек чақчайиб кетди. Қўллари мушт бўлиб тугилди. Ғазабдан тишлари ғичирлади.
— Опамни поччам ўлдирганмиди? — ўткир нигоҳларини аёлга қадади у.
Буви рўмолининг учи билан юзларини яшириб ҳўнграб юборди. Унинг бу ҳаракати Абдумуроднинг кўнглида шубҳа қолдирмади.
— Ҳа, — деди у бош чайқаб. — Поччам, бошқа биров бўлиши мумкинмас.
Унинг кўзларидан икки томчи ёш сизиб чиқди. Кафти билан ёшларини артди. Шахт билан ўрнидан турди.
— Қотил, — қичқирди у овозининг борича. — Жиянларим етим қолмайди. Бу аблаҳни энди қамоқда чиритаман.
Абдумурод кета туриб Хислат бувининг кўзларига тикилди:
— Ҳаммасига сиз айбдорсиз, — деди зарда билан. — Ўғлингиз опамни пичоқлаб ўлдирди. Сиз буни яширдингиз. Сизам ўша ифлос ўғлингиз билан баравар жавобгарсиз. Гулдай опамни умрини хазон қилдиларинг. Ҳали ўч оламан. Ҳаммангни уйингни куйдираман.
У остонага етганда бир нима эсидан чиққандай тўхтади. Орқасига ўгирилди. Мунчоқдек кўзлари саросимага тушиб, Наргиза айвоннинг устинига суяниб турарди.
— Наргиз, юр қизим, — деди у қўлини қизчага чўзиб. — Бу Худо қарғаган уйда сенгаям бирон нима бўлмасин тағин.
Жияни чопқиллаб келиб тоғасига эргашди. Хислат буви неварасининг орқасидан йиғлаганча қараб қолаверди. Сал ўтиб жойидан турди. Уйга кириб бир қоғозча билан қайтиб чиқди. Мункиллаб қўшниникига ўтди.
— Болам, шаҳардаги акангга телефон қилиб айт, тез келсин, — деди буви қўшни йигитга.
Йигитча ҳилвираб қолган қоғозчадан рақамларни териб қўнғироқ қилишга киришди.
* * *
Кечга яқин қишлоқ бекатига тушган Содиқ ҳамқишлоқларидан янгиликни эшитиб югирганича уйга келди. Ўғлини кўриши билан бувининг яна кўзлари намланди.
— Бир куни Наргиза уйга чопиб келди. Кўзи жиққа ёш, — дея бошлади буви гапни. — Жонимни қўлимга олиб бордим. Аканг оёқда туролмайдиган маст экан. Янганг бечора чақалоғини қучоқлаб ҳўнграрди. Норбек бўлса тинмай у бечорани сўкарди.
— Буни нима алоқаси бор эна? — дея сўради Содиқ сабри чидамай. — Ҳозирги гапни айтсангизчи!
— Бор болам, алоқаси бор. Мен борганимда уйда бир бегона аёл бор экан. У индамай бир чеккада ҳаммасини томоша қилиб турарди. Мен дарров Норбекни тинчлантиришга уриндим. Қўрқиб кетган болаларни уйга жўнатиб юбордим. Ўзимча уларни муросага келтирмоқчи эдим, — кампирнинг ўпкаси тўлиб йиғлай бошлади. Сўнг дудуқланиб гапини давом эттирди: — Нафиса уйига кетган экан. Оқшом акасиникида қолибди. Эрталаб уйига келса аканг ўша тавия, мегажин билан бирга ётганмиш. Ҳеч бирининг қулоғига гап кирмасди. Анави аёлни кетказиб юбордим. Эр-хотин роса тортишди. Муросага келтиролмадим. Норбек келинни бир-икки шапалоқ урди. Шўрлик янганг фақат “Худога солдим” дея ҳўнгради. Аканг ҳайвонга айланди, болам. Қаердан олди кўрмай қолдим. Бирданига қўлида пичоқ пайдо бўлди. Кейин Нафиса шилқ этиб ерга юз тубан йиқилди.
— Нега буни илгарироқ атмадингиз эна, — бошини чангаллади Содиқ.
— Қўрқиб кетгандим. Аканг айтсангиз мен қамалиб кетаман деди. Мени отишади деди. Кейин уйга жўнатди. Ўзи оқшом келди. Ҳеч нарса бўлмагандек келинингизни пичоқлаб кетишибди деди. Сўнг Наргизани ёнига ўтказиб бир нималарни тушунтирди. Қолгани ўзингга маълум. Эртаси куни текшир-текширлар ҳам, жаноза ҳам ўтди. Аммо қотиллар топилмади. Мен ҳам акангни гапларини ўйлаб кўр бўлдим, кар бўлдим болам, — деди Хислат буви кўксига муштлаб.
— Эна бу гуноҳ. Буям етмагандек жиноат. Норбегингиз тўғри айтибди, бунинг учун отилади, эна, — ўзига сиғмасди Содиқ.
— Уни қутқар болам. Акангни қутқар! — ялинди буви ўғлига.
— Энди уни мен тугул, валломатиям қутқаролмайди. Уни Худо қутқармаса банданинг қўлидан ҳеч нарса кемайди, эна, — онасига астойидил ачинди Содиқ.
Хислат буви ҳар нима бўлганда ҳам оналик ҳисларига таянди. Содиққа буни ўзи, Норбек ва қизалоқ Наргизадан бошқа ҳеч ким билмаслигини айтди. Сўнг укадан акасини қамоқдан асраб қолишини сўради. Содиқ бунинг имкони йўқлигини яхши биларди. Бироқ энасининг ёш ва ўкинч тўла кўзларини кўриб, ноилож акасини қутқаришга ваъда берди.
— Яхши, — деди ўрнидан туриб. — Мен борайчи, бир иложини қилармиз.
— Қаёққа болам? — сўради кампир.
— Милисага эна! — деди у секингина: — Сиз Наргизани оғзини яхшилаб маҳкамланг. Қолгани бир гап бўлар.
У дарвозадан чиқаркан, ортидан энасининг умид билан термилиб турганини сезди. “Она барибир она-да” ўйлади у. “Боласини ёмон дермиди”.
Содиқ иш вақти тугаётганлигига қарамасдан тўппа-тўғри туман ички ишлар бўлимига борди. Акасининг иши билан шуғулланаётган кишини топди. Хонасига кириб қисқа ва совуққина саломлашди.
— Мен Саимов Норбекнинг адвокатиман. Содиқ Саимов, — деди Содиқ ўзини таништириб.
Масъул ходим унинг гапини бўлиб, давом эттирди:
— Биламан. Ҳам адвокати, ҳам укаси, — деди у Содиқнинг кўзларига тикилиб. — Мен акангизни тергов қиламан. Терговчиман. Лейтинант Одил Ҳаққулов.
— Танишганимдан хурсандман, — деди адвокат жилмайишга уриниб.
— Нега келганингизниям биламан ўртоқ адвокат. Лекин бунинг иложи йўқ. Норбек Саимов яъни акангиз судгача шу ерда бўлади.
— Бунга асосингиз борми? — сўради Содиқ.
Терговчи стол устидаги хужжатлар орасидан бирини олиб унга узатди.
— Кўринг. Бунда фуқаро Умида Пўлатованинг кўрсатмаси бор. Унинг кўрсатмасига кўра айбланувчи Саимов хотини Саимова Нафисани вахшийларча пичоқлаб ўлдирган, — терговчи ўта хотиржамлик билан гапирар ва айни пайтда ўта жиддий эди.
— Бу туҳмат, — деди адвокат бироз қизишиб. Сўнг қўлидаги хужжатни стол устига қайтариб қўйди.
— Йўқ, хужжатни олаверинг. Бизда нусхаси бор, — деди лейтинант Ҳаққулов. — Менимча буни охиригача ўқимадингиз, шекилли. Бу туҳмат эмас. Фуқаро Пўлатованинг гапларида асос бор.
— Ҳеч қандай асос йўқ, — деди Содиқ.
— Буни терговда кўрамиз, — лейтинант қатъият билан гапирди.: — Ҳа, охиригача ўқинг деганим, Пўлатова кўрсатмасида қотилликка гувоҳ қилиб онангизни кўрсатган. Маълумотларга қараганда Саимова ўлдирилган пайтда онангиз ҳам ўша ерда бўлган экан. Жиянингиз ҳам...
Лейтинант шундай деди-ю зимдан адвокатни кузатди. Ҳаққулов қўлидаги маълумотларга тўла ишонарди. Ва ҳар бир айтаётган гапи адвокатга қарши эди. Бу гап Содиқнинг миясига ядро бомбасининг портлаганда чиқарадиган товушидек таъсир қилди. Азойи бадани титраб кетди.
— Ҳаммаси бекор гап, — қичқирди у. — Ахир бу бориб турган уйдирма-ку. Шунга асосланиб бир бегуноҳ одамнинг қўлига кишан соласизларми?
— Ўзингизни босинг адвокат. Қонун одамларига ҳиссиётларга берилиш ярашмайди, — деди терговчи босиқлик билан.
Содиқ бир неча сония жим бўлиб, қўлидаги қоғозга қараб қолди. Кейин ўрнидан шахт билан турди:
— Мижозим билан кўришишим керак, — дея эътироф этди у.
— Марҳамат, рухсатнома олинг. Бемалол учрашаверинг.
Адвокат терговчининг олдидан чиққанда қош қорая бошлаганди. Энди бирор иш қилиш бефойда эканлигини билиб, уйига йўл олди. Кечги тамаддини қилганидан кейин узоқ ўйлади. Хаёллари уни қаерларга етаклади, билмайди. Аммо акасининг иши бўйича ҳеч бир чора тополмади. Нима қилиш ҳақида ўйлайвериб мияси ғовлаб кетди. Соатга қаради, ўнбештакам ўн икки.
— Аяси, — деди оҳиста ширин уйқудаги хотинини турткилаб. — Мен қишлоққа кетаяпман.
— Шу пайтда-я, — ҳайрон бўлди хотини. — Нима бўлди. Ишдан келганингиздан бери хафасиз.
— Кейин айтиб бераман. Ҳозир бориб энамни олиб келай, — деди Содиқ ҳазин овоз билан.
— Дадаси нима бўлди? — яна сўради хотини.
Содиқ ҳам тасаллига муҳтож бўлиб турганди. Хотинига ёрилди-қўйди. Аммо акасининг қотил эканлигини эмас, унга туҳмат қилишаётганини айтди. Тўғрида, қайси ука хотинига “акам қотил экан, янгамни ўлдириб қўйибди” дея олади. Уят эмасми? Етти авлодга иснод-ку бу!
— Мен кетдим, — деди Содиқ ва эшикдан чиқиб зиналардан пастга тушиб кетди. Бироздан кейин кўп қаватли уйнинг ҳовлисидан машинанинг ғуриллаган товуши эшитилди.
* * *
Дарвозанинг тақиллашидан Хислат бувининг юраги така-пука бўлди.
— Ким у? — деди.
— Эна! Ҳо, эна.
Буви ярим оқшомда ўғлининг келганидан сергакланди. Дарвозани очди. Содиқ ҳовлига кирди. Бироздан кейин ўғил тилга кириб:
— Эна юринг, бизникига кетамиз, — деди.
— Акангга бирор гап бўлдими болам, — хавотирга тушди буви.
— Йўқ эна. Ўзи бугун олиб кетишган бўлса нимаям бўларди. Бизникига борсак менам хотиржам бўламан. Балки эртага акам билан кўришармиз, — деди у ўзини бамайлихотир тутишга уриниб.
Хислат буви дарров кийиниб чиқди. Онасининг ёлғиз чиққанлигини кўриб:
— Наргиза қани эна? — дея сўради Содиқ.
Кампирни чақмоқ ургандек бўлди. Бир муддат ўрнида тошдек қотиб қолди. Мадори қочиб секингина ерга чўкди.
— Ҳа болама. Эсимдан чиқибди, — деди кампир дарди янгиланганидан азобланиб. — Боя айтаман деб эсимдан чиқибди. Кетганингдан кейин эсладим. Акангни оп кетишган пайти Наргиза йиғлаб кеганди. Уни тоғангни айтиб кел деб жўнатувдим. Абдумурод келди. Ситам устида унга Нафисани эри ўлдирганини билдириб қўйдим, чоғи, — буви шундай деди-ю батафсил гапиришга адвокат ўғлидан чўчиб индамади.
Алҳол, онасининг гапларидан Содиқ ҳаммасини тушуниб, хулоса чиқариб олди.
— Бу нима деганингиз? — бақирди у. — Унга ҳаммасини айтдингизми?
— Йў-ўқ, — жавоб берди онаси овози титраб. — Шунчаки бир-икки оғиз гапимдан кейин опамни поччам ўлтирибди-да. Ҳали уни қамоқда чиритаман, дея жаҳл қип кетиб қолди. Наргизаниям эргаштириб кетди.
Содиқ овозининг борича қичқиргиси келди-ю аммо ўзини босди. Бор аламини ичига ютиб оғир уҳ тортди.
— Кетдик, — деди онасига қараб.
Машина тун ярмидан оғганда қишлоқ кўчаларидан чиқиб, шаҳарга йўл олди. Уйга боришди. Содиқ эрталабгача мижжа қоқмай ҳамма гапни онасидан бошқатдан сўраб олди. Ўзи адвокат эмасми, ишнинг миридан-сиригача бўлганларини, энг майда ҳолат-у гапларни ҳам эсдан чиқармади, кўздан қочирмади.
— Эна энди қудаларингиз ҳам акамни устидан ариза беришади, — деди у Хислат бувига. — Норбекни қутқаролмаймиз.
Бу гап онаизорнинг кўксига пичоқ санчгандай бўлди.
— Ўзингдан чиққан балога, қай борай давога дейдилар болам, — деди буви инграниб. — Ҳаммаси Худодан. Лекин сен акангни қутқар. Қариганимда бу иснодни бўйнимга османглар.
Эрталаб уйдан чиққан Содиқ акаси билан кўришиш учун рухсат олгани ички ишлар бўлимига келди. Бор имкониятини ишга солиб рухсатномани олди. Бу пайтда вақт пешин бўлиб қолганди.
— Яхшимисиз? — совуққина сўрашди у акаси билан.
— Қаердан эшитдинг? — сўради акаси.
— Энам айтди. Ҳаммасидан хабарим бор ака, Абдумурод ҳам билади, эрталабдан келиб устингиздан ариза ёзиб, шундоғам бошланган жиноий ишни қайта қўзғаб, ҳамма томонни аланга олдирибди, — Содиқ акасининг кўзларига тикилди. Укасининг гапини эшитиб Норбекнинг кўзлари косасидан чиққудек олайди.
— Ким айтди Абдуга? — таҳдидона оҳангда гапирди у.
— Энам. Майли, буни қўйинг. Мен сизни адвокатингизман, — деди у акасига. — Энди ака ҳеч нарсани яширмай менга ҳаммасини айтинг.
— Нимани, — талмовсиради Норбек.
— Иш энди ёпиламан деб турганди, — Содиқ кўзлари билан ер чизди.
— Анави мегажин кўрсатма берибди-да, — тишларини ғичирлатди Норбек. — Эрталаб терговда айтишди. Бу ердан чиқиб олай...
Ғазабини яширолмади у.
— Чиқолмайсиз, — шивирлади Содиқ оҳиста. — Гувоҳ қилиб энам билан қизингизни кўрсатибди. Қаттиқроқ сиқувга олишса ҳаммасини айтиб беради.
Укасининг гапини эшитиб Норбекнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Ғазаб билан чақчайган кўзлари энди мунгли тус олди.
— Ахир сен адвокатсан-ку, бирор нима қил, — ялинганнамо деди у.
— Иложи йўқ. Айбингиз шундоғам тасдиқланган. Бугун уйга қайта тинтувга боришади, — акасини огоҳлантирди Содиқ. — Пичоқ...
Норбек укасининг нима сўраётганлигини билиб, гапни илиб кетди:
— Каналга ташлаганман.
— Худога шукур. Битта ақлли иш қилибсиз, — деди у кафти билан юзини силаркан. — Айтгандай тергов қандай ўтди? Терговчи...
— Бир мишқи эрталабдан бери роса бошимни қотирди. Исмиям Одилми-ей, Ҳаққулми-ей, ишқилиб ёшгина, жиприққина бола, — жавоб берди Норбек.
— Ундан эҳтиёт бўлинг, ака. Мабодо бу ерда калтаклашса, дарров менга айтинг!
Содиқ акаси билан хайр-хўш қилиб чиқди. Автостоянкада турган машинасининг ёнига бориб, атрофга олазарак қараб пича турди. Чўнтагидан қоғоз олиб, овозини чиқариб ўқиди: “Раимов кўчаси 17 дом 22 квартира. Умида Пўлатова”. Қоғозга қараб рақамларни териб қўнғироқ қилди. Ҳеч ким жавоб бермади. Кейин машинасига ўтириб кўчага чиқди. Бир лаҳзадан сўнг у ёқдан бу ёққа ғизиллаётган юзлаб машиналарга қўшилиб кўздан ғойиб бўлди.
* * *
Эшик қўнғироғи чалинди. Хислат буви ўрнидан бир қалқиб тушди. Тирқишдан қаради. Хайрият, ўғли келибди.
— Келинингиз келмадими? — сўради Содиқ эшикдан кириши билан.
— Кечроқ келаман деганди, болам.
— Яхши ўтирибсизми?
— Акангдан дарак борми?
Онасининг фикри-хаёли қамоқдаги боласида эди.
— Эрта-индин суди бошланади, эна, — деди ўғил бу ҳақда гапиришни хоҳламай. Лекин билиши керак бўлгани бор эди. Шу боис онасига юзланди: — Эна, Наргиза ҳаммасини кўрганмиди?
— Нега сўраяпсан болам? — хавотирга тушди кампир.
— Акамни устидан ўша куни уйда бўлган аёл ёзиб берибди. У сиз билан Наргизани гувоҳ қилиб кўрсатибди, — деди Содиқ чойнакдан пиёлага чой қуятуриб.
Кампирнинг эсхонаси чиқиб кетаёзди.
— У ҳаммасини сиз менга айтгандек тасвирлаб берибди. Сиз бўлса янгам пичоқланган пайти хотинни кетказиб юборгандим девдингиз.
— Ҳа, тўғри. У пайтда аёлни ҳам, Наргизани ҳам чиқариб юборгандим, — буви безовталанди.
— Демак, улар кетишмаган экан. Ҳаммасини деразадан кўриб туришган, — деди Содиқ.
— Акангни кўрдингми? — сўради буви.
— Ҳа. Тузуклар.
Икковлари ҳам бир фурсат жимиб қолишди. Кейин бирдан Содиқ тилга кирди.
— Ўша куни оқшом акам сизни олдингизга келганда Наргиза билан гаплашганди а, — деди у онасига қараб. — Нима деганини эшитмадингизми?
— Йўқ, — жавобни қисқа қилди кампир.
— Сизникига уйидан келганмикан?
— Билмадим, уйидан бўлса керак, — ўғлининг саволларидан гарангсиди буви.
— Ҳа, — деди Содиқ бош чайқаб ғўдранаркан. — Демак акам жиноят қилган пайтда анави аёл ҳам, қизи ҳам деразадан пойлаб турган. Қизи қўрққанидан аясини ўйлаб кетолмаган. Аёл бўлса қизиққанидан. Акам уларни ойнадан кўрган. Шунинг учун Наргизани ё алдаган, ё қўрқитган. Менимча қўрқитган бўлса керак. Қизча ўзича ҳаммасини эсдан чиқармоқчи. Бу биз учун яхши. Лекин анави аёлни топмасам бўлмайди. Акам у билан ҳам гаплашган бўлиши керак.
— Нималар деяпсан болам? — деди ўзича ғўдраниб ўтирган ўғлига қараб.
— Эна мен ҳозир келаман.
Содиқ шошиб уйдан чиқиб кетди.
* * *
Қўлидаги қоғозчага қаради. Ундаги рақам уйнинг рақами билан бир хил. Содиқ эшик қўнғироғини босди.
— Ким у? — ичкаридан майин, ёқимли овоз эшитилди.
— Илтимос қараб юборинг, — деди Содиқ мулойимлик билан.
Эшик қия очилиб чамаси ўттиз ёшлардаги жувон ички кўйлакда остонада пайдо бўлди.
— Хизмат, — деди у йигитга қараб.
— Умида Пўлатовамисиз?
Ним табассум билан термилиб турган аёл жиддий тортди.
— Кимсиз?
— Содиқ Саимов, адвокатман. Сиз билан гаплашмоқчи эдим.
— Нима масалада?
— Норбек Саимов устидан берган аризангиз юзасидан.
Аёл бошдан-оёқ Содиққа кўз югиртирди. Кейин беписандлик билан деди:
— Бу масалада мен билан эмас, судя билан гаплашинг. Зора фойдаси тегса.
— Умидахон, илтимос, икки дақиқа вақтингизни оламан, — ялинди Содиқ.
— Яхши, киринг, — дея адвокатни ичкарига таклиф қилди аёл.
Содиққа ўтириш учун жой кўрсатиб, ўзи ичкари уйдан эгнига халатини илиб чиқди.
— Эшитаман, — деди адвокатнинг рўпарасига оёқларини чалиштириб ўтираркан.
Содиқ унинг юзига қаради. Аёл ҳам кўзларини лўқ қилиб ўзига тикилиб турганини кўриб ўнғайсизланди. Ногоҳ кўзи аёлнинг оёқларига тушди. Оппоқ сонлари бўлиқдек, кўкраклари диркиллама, қомати эркакларни жонини олгудек... тилларанг сочлари-чи... “Акам бу жононнинг қоматига ошиқ бўлган кўринади” хаёлидан ўтказди у. Содиқнинг баданидан кўз узолмай қолганини сезиб аёл томоқ қирди. Йигит сўлаги оқгудек ўзига келди.
— Ҳа, ҳалиги, — гапини йўқотиб талмовсиради у. — Норбек акам...
Аёл эпчиллик билан унинг гапини оғзидан юлиб олди.
— Ҳали ўша ярамас сизни акангизми? — пичинг қилди аёл.
— Ҳа. Умидахон кўрсатмангизни ўқидим. Мақсадга ўтаман, — бирдан ўзида куч топиб қатъият билан сўз бошлади Содиқ. — Ҳаммасини қайтариб оласиз. Айтганларим, берганларим ёлғон эди дейсиз. Шахсий адоватим бор дейсизми ёки бошқа бирон баҳона қиласизми, ишқилиб туҳмат қилганингизни айтасиз. Акам озод бўлади.
— Бировга туҳмат қилганим учун кейин акангизни ўрнига мен қамаламан, шундайми? — асабийлашиб ўшқирди Умида.
— Сизни ўзим қутқариб оламан, — босиқлик билан креслога суянди адвокат.
— Кераги йўқ, — деди қиз.
— Норбекка ким бўласиз? — сўради Содиқ.
— У мени ўз ваъдаларига ишонтирди.
— Кейинчи? У билан қаерда танишдингиз?
— Кўчада. Автобусда танишиб қолдик. Кейин бир-икки марта йўлда қаршимдан чиқди. Аввалига ҳаммаси тасодиф деб ўйладим. Кейин билсам, у мени кузатиб юрган экан. Сизни севаман деди. Уйланишини айтди.
— Оиласи ҳақида-чи?
— Уйланмаганман деганди. Алдаган экан. Буни ўша куни билдим. Бирдан хотини келиб қолди. Жанжал чиқди...
— Уни севасизми?
— Севардим. Оиласи борлигини билганимдан кейин ҳаммаси тугади.
— Нега?.. Энди у бўйдоқ.
— Аммо энди менга керак эмас. У мени алдади. Кўчада танишган аёлини деб хотинини ўлдирган одам, эртага бошқа бировни деб мениям ўлдирмаслигига ким кафолат беради, — деди Умида қўлига румкани олиб асабийлашаркан. — Сизми?
— Хўп, нега уни ушлаб бердингиз?
— Наҳотки тушунмаган бўлсангиз. Мен ўч оляпман. Эҳтимол сизга енгилтак аёл бўлиб кўринётгандирман. Лекин ишонинг ундай эмас. Биламан Норбек акангиз. Бироқ мени алдашга унинг ҳаққи йўқ эди, — қиз ўрнидан туриб дераза ёнига борди. — Етим ўсдим. Кўп хўрликлар кўрдим. Илинган эркак суқланиб қаради. Фойдаланиш пайида бўлди. Аммо ҳеч кимга ўзимни хафа қилдириб қўймадим. Яхши ишим бор, уй-жойим. Менга фақат бир вафодор эр етишмаётганди. Уни учратиб излаганимни топдим деб ўйлагандим. Бироқ уям бошқалардан фарқ қилмади. Шунинг учун ёзиб бердим. Оддий қилиб айтганда қасос олдим.
Содиқ бирпас ўйга берилди. Кейин дераза ёнига — қизнинг қаршисига келди.
— Умида, аризангизни қайтариб олинг-да, эвазига истаган нарсангизни сўранг. Туҳмат қилганингиз учун бериладиган жазодан сизни ўзим халос этаман, — ишонч билан гапирди адвокат.
— Йўқ, — қатъийлашди Умида.
— Хўроз қичқирмаса ҳам тонг отаверади Умидахон. Мен истаганингизча бераман деяпман, — кескинлаша бошлади Содиқ.
Умида руюмкани стол устига қўйиб, ўзи эшик ёнига келди.
— Менимча иззатингиз битди, — деди у.
Содиқ эшикдан чиқиб, зиналардан пастга тушди. Машинасига ўтириб бошини рулга суяди. Чуқур уф тортди. “Энди Абдумуродникига” деди шивирлаб. Кўнгли ғаш тортди. Эшигидан ҳам киритмаса керак деб ўйлади ўзича. Нима бўлганда ҳам бир гаплашиб кўриш керак. Ўйлари энди гирдобига тортаман деб турганди, машина ойнасининг тақиллаганидан чўчиб тушди. Бошини илкис кўтариб қаради:
— Умидахон!
Рўпарасида турган жувонни кўриб, Содиқ астойидил ҳайратланди.
— Эшикни очасизми? — деди жувон қош чимириб.
Содиқ орқа эшикни очди. Умида машина салонига қўнишди.
— Эрталаб аризани қайтариб оламан. У ёқдагиларга мендан қарзи бор эди. Бошига фалокат тушганини билиб, ўч олмоқчийдим дейман. Сиз тонгда акангизни огоҳлантириб қўйинг. Тағин ҳаммасини бўйнига олиб, мени пулларимдан айириб ўтирмасин, — айёрона жилмайди Умида. — Айтгандай сиз энди мени қутқаришнинг ҳаракатини қилинг. Келишувимиз шартларини кейин айтаман. Агар ҳаммаси айтганингиздек бўлмаса жуда ёмон ва хунук ишлар бўлади.
Жувон машинадан тушди. Содиқ ҳозиргина эшитганларига ишонқирамай унинг орқасидан қараб қолди. Сўнг уловини ўт олдирди.
* * *
— Ассалому алайкум, — деди Содиқ паст овозда.
— Нега келдингиз? — дағал овозда сўради Абдумурод.
— Абдумурод илтимос гаплашиб олайлик, — ялинганнамо сўзлади меҳмон.
Улар ичкарига киришди. Узоқ гаплашишди.
— Демак бизни сотиб олгани келгансиз шундайми? — ўшқирди Абдумурод.
— Сотиб олсам-олмасам энди янгам — сени опанг қайтиб келмайди. Болаларни етим қилмайлик деяпман. Ўз отаси қарасин деяпман. Она меҳрига тўймади — энди отасизам қолмасин деяпман, — ўдағайлади Содиқ ҳам бўш келмай.
— Хотинига эрлик қилмаган, болаларига оталик қилармиди Содиқ ака, — йиғлагудек бўғиқ овозда қичқирди Абдумурод. — Ака, сизни ҳурмат қиламан. Лекин мениям тушунинг, мана бу ерим куйиб кетаяпти. — Абдумурод қўлини мушт қилиб чап кўксига гурсиллатди. — Хуллас у қамалмаса тинчимайман. Жазосини олиши керак.
Улар бир тўхтамга келишолмади.
— Хай, мен борай, — дея ўрнидан қўзғалди Содиқ. — Лекин билиб қўй, яхши иш бўлмаяпти. Барибир акамни қаматолмайсан.
— Наргиза жияним ҳаммасини кўрган. У гувоҳлик беради, — деди Абдумурод ўзини босиб олиб.
— Ўзи айтдими сенга?
— Ҳозирча йўқ. Гапирмаяпти. Лекин суд куни у ҳаммасини айтиб беради, бунга ишончим комил, — хотиржамлик билан жавоб берди йигит.
— У ҳеч нарсани кўрмаган. Бунинг устига... — адвокат жимиб қолди. У ўзича судда ўн олтига тўлмаган боланинг гувоҳлиги ўтмайди, дея ёлғон гапирмоқчи, йигитнинг кўнглига ғулғула солмоқчи бўлди-ю яна фикридан қайтди. Индамай уйдан чиқиб кетди.
Йўл бўйи ўзича ўйлаб келди: “Энам гапирмаса, Умида кўрсатмасини қайтариб олса бас. Жиянимга тоғалари гап ўргатган дея судяни ишонтиролсам, акам озод бўлади”. У ўз ишидан мамнун бўла бошлади. Ўзича илжайди. Акасининг озодликка чиқишига ишончи ортди.
Эртаси куни Умида айтганини қилиб, аризасини қайтариб олди. Содиқ онасига ортиқча гап гапирмаслигини қайта-қайта тайинлади. Энди жиноий ишнинг суди фақатгина Абдумурод берган ариза юзасидан олиб борилиб, ёлғизгина Наргиза асосий гувоҳ бўлиб қолганди. Шу боисдан Содиқ унчалик ваҳимага тушмас, муштдек қизчадан ўзининг тажрибасини устун қўярди.
Орадан бир ҳафта ўтиб суд куни ҳам белгиланди. Содиқ бу кунга астойидил тайёргарлик кўрди.
— Ҳозир суд бошланади эна, — деди Содиқ Хислат бувига қараб. — Юринг суд залига кирайлик.
Буви ёшли кўзларини артиб, оҳиста қадам ташлаб ўғлига эргашди.
Суд бошланди. Қораловчи айбномани эълон қилди. Суд тарафларни ва уларнинг вакилларини эшитди. Сўнг суд залига гувоҳ сифатида тўққиз-ўн ёшлар чамасидаги қизалоқ Наргиза чақирилди.
— Қизим аянг ўлдирилган кунни эслайсанми? — сўради прокурор — қораловчи.
Наргиза ҳа дея тасдиғлаб бош ирғади.
— Кўрганларингни судга айтиб бер! — мулойимлик билан давом этди қораловчи.
— Эрталаб тоғамникидан уйга келётувдик, — гап бошлади қизалоқ. — Аям бизга “Сизлар уйга бораверинглар” деди-да ўзи орқасига қайтиб кетди.
— Қаёққа деб сўрамадингми қизим? — қизчани элитишга уринди қораловчи.
— Айтмади, — деди нозиккина овоз билан Наргиза. Кейин залга жавдираб қаради. Кўзлари ногоҳ панжара ортидаги Норбекка тушди. Вужудини қўрқув ҳисси эгаллади. Миттигина жуссасига қўшилиб овози ҳам титрай бошлади. Прокурор унга яна бир-икки савол берди. Айтарли жавоб ололмагач гапини қисқа қилиб тугатди. Кейин адвокат уни саволга тутди. Аммо қизалоқ дадаси ҳақида бир оғиз ҳам гапирмади. Залда беҳаловат ўтирган Абдумуроднинг қони қайнарди. Содиқ эса ҳар-ҳар замон унга ялт этиб қараб қўярди. Унинг нигоҳларида худди “Қўлингдан нима келаяпти” деган маъно бор эди. Суд иши бир неча ҳафта давом этди-ю Норбекнинг бегуноҳлиги исботланиб озодликка чиқиши билан якун топди.
* * *
Орадан йиллар ўтди.
— Буви бугун аямнинг ўлган куни, — деди сарв қомат қиз деразадан бошини суқиб, ҳазин оҳагда. — Дадам муллани айтиб келгани кетганди, ҳалиям келишмади-я.
— Кеп қолишар болам, — деди кўрпа қавиятган Хислат буви жилмайиб. — Наргиза қизим, сўрига жой сол. Даданглар шу ерда ўтиришади.
— Хўп бувижон, — дея Наргиза сўри томонга юрди.
Хислат буви унинг орқасидан қараб қолди. Нигоҳларига ёш инди. “Саккиз йил-а”, пичирлади кампир ўзича. “Бизни кечир Нафиса” деди у қўли билан ёшларини артаркан.
Наргиза энди мушфиққина қизалоқ эмасди. У ўн саккизга тўлган дуркун қиз эди. Сочлари попукдек, кўзлари юлдуздек чақноқ эди. Наргиза орадан шунча йил ўтганига қарамасдан ҳеч нарсани унутмаганди. Ҳар йили онасини хотирлаб отаси бошчилигида хатми-қуръон қилишарди. Ҳаммаси худди кеча бўлгандек эсида. Баъзан ҳислари юрагининг туб-тубидан туриб исён қилиб қўярди. Нима сабаб туйғулари бош кўтаришни истаётганини ўзи ҳам билмасди. Шунинг учун сиқилган чоғлари панага ўтиб тўйиб-тўйиб йиғларди. Етимлигидан, онасининг ўлимидан азобланарди. Тўғри, Норбек ўшанда қамоқдан чиқди. У ўзгарди. Лекин ичишни одат қилди. Бошқа уйланмади. Наргизани кам-кўстсиз улғайтирди. Аммо онасидан айиргани ҳаммасидан ҳам ёмони эди. Қиз шўрлик тоғаси билан отасининг ўртасида ҳалак бўлди. Абдумурод доим “онангни қотили даданг” дея қизнинг отасига бўлган нафратини қўзғатмоқчи бўларди. Уларнинг орасидаги борди-келди тамомила узилганди. Фақат Наргиза тоғаларидан айрилишни истамади. Норбек ҳам, Хислат буви ҳам унинг қатновларига қаршилик қилмади.
“Аяжон” деди шивирлаб Наргиза сўрига кўрпачаларни тўшаётиб: — Сизни яхши кўраман. Жойингиз жаннатда бўлсин”. Шу маҳалда дарвоза очилиб, Норбек кириб келди. Унинг қадам ташлашини кўриб қизнинг капалаги учиб кетди.
— Дада, мастмисиз, — сўради бўғзига нимадир тиқилиб. У неча йиллардан бери илк марта дадасини айни шу куни — онасининг ўлган кунида маст бўлиб келганини кўрди. Норбек ҳеч қачон бу кунда ичмасди. У дабдироқлаб ҳовлига келаркан, қизининг хўмрайиб турганини кўриб:
— Ҳа, она қизим, мастман, — деди хунук тиржайиб Норбек.
Унинг кўзлари аллақандай сузук, оғзидан ёқимсиз, бадбўй ҳид анқирди.
— Ахир, муллани айтиб келаман деб кетувдингиз-ку, — ўпкасини босолмай, йиғламсираб бақирди Наргиза.
Норбекнинг қиёфаси жиддийлашди.
— Ҳой қиз, менга бақирма. Отанг бўламан, — деди Норбек қовоқ солиб ўдағайларкан.
— Бугун аямнинг вафот этган куни-ку дада, — қичқирди қизи тағин.
— Нима қипти, ҳаммамизам бир кун ўламиз. Бир марта мулла ўқимаса нима қипти?
Ота-боланинг ўртасидаги тортишувни эшитиб Хислат буви чопқиллаб ҳовлига чиқди. Жанжал борган сари авж оларди.
— Худога солдим, — деди овозининг борича бақириб Наргиза.
Норбекнинг кўзи ялт этиб жойига келди. Хаёлида гўё қизи билан эмас, хотини билан уришаётгандек сесканиб кетди. Ҳаммаси эсига тушиб кўз ўнгида қайтадан жонланди: Ўшанда Нафиса ҳам Худога солдим деганди. Норбек совуқ иржайди.
— Аянгам Худога солганди, нима бўлди? — деди у гапларини фаҳмламай. Холбуки айни пайтда ўзини идора қила оладиган аҳволди эмасди. — Лекин яна гап қайтарсанг сени ўлдираман. — пўписа қилди ота. Хислат буви нима қиларини билмай турарди. У-да ҳеч қачон бундай ҳолни кўрмаган. Ота ва қизнинг бундай жанжаллашиши етти ухлаб тушига ҳам кирмаган, боз устига илк маротаба бўлмаслиги керак бўлган ҳодиса юз бераётганди.
— Аямни ўлдириб тўймаган бўлсангиз мениям ўлдиринг, тўясиз, — деди қиз отасининг рўпарасига келиб.
Норбек қизига тарсаки туширди.
— Гуноҳсиз одам подшодан қўрқмасакан. Айбингиз бор-да. Гапиришимга қўймайсиз. Наргиза худди шаллақи хотинлардай бобиллай бошлади. Ҳаммасини бир чеккада кузатиб турган кампир ўғлининг ёнига келиб:
— Болам бўлди қил, — деди. — Уят бўлади-я.
Норбек онасини силтаб ташлади.
— Қачонгача чидайман, қачонгача? — ўшқирди ўғли. — Биламан, ҳаммангни тилинг бир. Доим кўнгилларингга қарадим. Хотинимни ўлдириб гуноҳ қилдим дедим. Айбимни ювай дедим. Сизлар эса ҳар доим менга жирканиш билан қарадиларинг. Қачонгача ахир, тоқатим тоқ бўлди, эна. Тоқатим, — деди Норбек бўғилиб. Сўнг олдидаги пақирни жони борича тарақлатиб тепди-ю орқа уйга кириб кетди.
Наргиза бўлса йиғидан ўзини тўхтатолмай ҳовлининг нариги бошига, ёлғиз қолгиси келганда борадиган кўздан пана жойга югирди.
Хислат буви хавотир ола бошлади. Хуфтон бўлди ҳамки Наргизадан дарак йўқ. Аксига олиб Норбек ҳам тушликда кирган хонасидан ҳалиям чиқай демасди. Кампир ўзича Наргизани тоғасиникидан қўним топгандир дея гумонлади. Бу пайтда қиз ўз ўйлари билан ҳамон овлоқ гўшасида эди.
У йиғлай-йиғлай кўзларидаги ёшни қуритди. Хаёлига аллақандай нарсалар кела бошлади. Алам-нафрат юрагини куйдириб юборди. Кўзлари олайди. Етимликда ўтган кунларини эслади. Буви барибир она бўлолмаслигини билган, кўрган кунлари ёдига тушди. Ғамга ғарқ бўлган болалигини ўйлаб ғазабланди. “Мени бор йўқ шодлигимни ўғирлади” дея шивирлади. Қотил, аямнинг қотили, деди ўзича. Ўшанда судда нега гапирмаганига ҳали-ҳануз ўзиям ҳайрон бўларди. Қўрқдими, ё чиндан эслолмадими билолмасди.
— Бугун ҳаммасини биламан, — деди оқшом яримлаганига қарамай ўй суриб ўтирган қиз. — Бир фоҳишани опкелиб уйимизни харомлагандинг. Ўшани деб гулдай аямни кўз олдимда пичоқладинг. Яна буни ҳаммадан яширдинг. Болалигим сиғиндиликда ўтди. Укам бошқа жойда мен бошқа жойда. Аям ернинг остида. Сен эса тириксан. Ҳалиям кайфу сафо қилиб яшаяпсан”. Бирдан хаёлига келган фикрдан қўрқиб кетди. Сўнг товуш чиқариб уни тилига кўчирди: — Ўлишинг керак, бугун ҳаммасига нуқта қўяман, — овози бўғиқ чиқди унинг. Кейин ўрнидан турди. Ҳовлига келиб, тўппа-тўғри ошхонага кирди. Бироздан кейин қўлида болта билан қайтиб чиқди. Чорпоядан ўтиб, орқа уйнинг эшигини секингина очди. Уйнинг тўрида бир гавда пишиллаб ухларди. Қиз унинг тепасига келди. Пича қараб турди. Тикилган сари нафрати ортиб, ғазаби қайнай бошлади. Борган сари ўзини идора қилолмай қолди. Кейин, кейин эса негадир отасига бўлган меҳр юрагида жўш урди шекилли, пиқиллаб йиғлаб юборди. Отасининг ёнига ўтириб, сўнгги марта кафти билан бошини силагиси келди. Аммо шундай қилса режаси амалга ошмай қолишидан чўчиди. Ёшли кўзларини юмиб, оҳиста пичирлади: “Кечиринг, дадажон”. Сўнг худди шу туришда кўзларини очмай қўлидаги болтани осмонга даст кўтарди. Оёғи билан ердаги гавдани турткилади.
Норбек кўзини очиши билан қўрқувдан қотиб қолди.
— Қизим, бу нима қилганинг? — саросима билан сўради у.
— Мен сенинг қизинг эмасман. Сен қотилсан.
— Менга қара, мен ҳеч кимни ўлдирмаганман. Жон қизим, — деди Содиқ ҳам ўзини оқлашга уриниб.
— Аямни кўз олдимда чавақладинг-ку, номард. Бўйнингга ол. Бунча қўрқоқсан.
Норбек нима дейишни билмай ётган жойида бақрайиб турарди. У таҳликада эди. Шу пайт, худди шу пайт бўғзига бир нарса тиқилгандек бўлди. Қулт этиб ютинди. Қорачиқлари ёшланди. Нигоҳлари мунгли тус олди. У бошини қуйи солиб, кўзларини қизидан олиб қочди.
— Тавба қилганни кечириш фарз эди. Аямни ўлдириб бир оғир кечирим ҳам сўрамадинг. Ҳеч нарса бўлмагандек яшадинг. Болалигимни, шодлигимни ўғирладинг.
— Сени, сени яхши кўраман қизим, — деди Норбек зўрға.
— Мени ҳаммасидан жудо қилдинг. Шуми сени меҳринг?
Ичкари уйдан чиқаётган ғўнғир-ғўнғир овоздан Хислат буви уйғониб кетди. Аста одимлаб орқа уйга кирди. Норбекнинг тепасида болта кўтариб турган қизни кўрди-ю деворга суянганча бўсағага ўтириб қолди.
* * *
Аҳён-аҳёнда хўрозларнинг қичқиргани қулоққа чалинади. Катта-кенггина хонада Хислат буви Наргизани қучоқлаганча жим ўтирибди. Пойгакда Норбек қўллари билан бошини чангаллаган кўйи пиқиллайди.
— Бўлди қил, кап-катта одам, — дея ўғлини жеркиб берди кампир. Сўнг яна ҳаммалари ўз хаёлларига берилди.
— Мени кечир қизим, — деди Норбек бошини кўтариб. — Эна кечиринг!
У ўрнидан турди. Эшикдан чиқаркан бўсағада тўхтади. Кампир Наргизанинг бошини силаркан, ўғлига тикилди. Наргиза ўзини сийпалаётган қўлнинг нега тўхтаганини билиш учун бошини кўтарди. Остонада тек қотган дадасига кўзи тушди. Норбек шу лаҳзада шундай
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 12:28 | Сообщение # 12
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
БАҲОРА
(Ҳикоя)


Баҳора зилдай сумкаларини кўтариб ётоқхона эшигидан кирди.
У комендантга қўлидаги рухсатномани ийманибгина узатаркан, рўпарасидаги одамнинг жавобини кутди. Комендант ўрта бўйли, тўладан келган, юзи оқ-сариқ, чеҳраси худди одамни масхара қилгандек ярим илжайиб турарди.
— Яхши, декан қўл қўйибди, — ғўдранди комендант ўйчан қиёфада. — Ётоқхонада яшашнинг тартибини биласизми?
Қиз ҳа деганда жавоб бермади. Комендант унга бир қараб олиб, бошини ликиллатиб қўйди-да, қизга аллақандай қоғозларни узатди:
— Демак, билмайсиз. Мана буни ўқиб, қўл қўйинг.
У индамай қоғозларга кўз югиртирди. Кейин ҳужжатларнинг белгиланган жойларига комендантнинг кўрсатмаси бўйича қўл қўйди.
Баҳорага учинчи қаватдан хона беришди. У хонадан чиқаркан, бўсағага етганда комендант бир нарсани эслагандек шошиб, «Ёнингизда бир қиз бор, адашмасам курсдошингиз бўлса керак», деди.
Баҳора узун йўлак бўйлаб эшикларнинг рақамларига қараб борарди, 425 хонани топиб, тақиллатди. Жавоб бўлмагандан кейин қаттиқроқ чертиб, сумкачасидан калитни излади. «Афтидан хонада ҳеч ким йўққа ўхшайди», дея тўнғиллади ўзича. Лекин қиз сумкасини титкилаб, калитни топгунча эшик шарақлаб очилди. Рўпарасида уйқудан ҳозиргина уйғонган, ўзи тенги, қош-кўзлари тим қора, чиройликкина қиз турарди. У Баҳорани кўриши билан эшикни янаям каттароқ очиб, йўл бераркан, «Салом», деди жилмайиб.
У Баҳорага термулиб сўради:
— Шу хонадан жой беришдими?
— Ҳа, — деди қиз қисқа қилиб.
— Хайрият-ей, тўрт кундан бери бир ўзим зерикиб ўлдим-ку! Рости, ёрилиб кетай дедим.
У тинмай жаврар, ўзига ҳамхона келганидан қувончи ичига сиғмасди. Баҳоранинг эса ҳали танишиб улгурмаган қиз билан гаплашгиси йўқ эди.
— Отим Зебо, — деди қиз нарсаларини тахлаётган Баҳорага қараб, — сизники-чи?
— Баҳора.
— Қаерликсиз?
— Узо-оқдан!
Баҳоранинг жавобидан Зебо кулиб юборди. Унинг кулгуси бирам майин, бирам самимий эдики, Баҳоранинг ўзи ҳам бу кулгуга жўр бўлиб кетди.
Орадан анчагина вақт ўтди. Ўтаётган ҳар бир кун икки қизнинг ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб борарди.
Шундай қилиб улар биринчи босқични тугатишаркан, бир-биридан ажралгиси келмай, бутун ёз давомида шу ерда қолиб, бирга ишлашга қарор қилишди. Бироқ қандай иш қилиши, қаердан иш топиш ҳақида ўйлаб ўтиришмади. Лекин орадан кўп ўтмай омадлари чопиб «Европа» номли ресторанга официант бўлиб ишга жойлашишди.
Ресторан шаҳарнинг чеккасида, хилват гўшада жойлашганди. Қолаверса, ресторандаги хоналар нимқоронғилиги, жимжитлиги билан, фақат шам ёруғида овқатланишни хуш кўрувчи романтик кишиларга жуда маъқул келадиган, кўнгилдагидек жой бўларди. Гапнинг нафсламбирини айтганда бу маскан, жуфт-жуфт бўлиб келувчи мижозлар учун айни муддао, осуда гўша ҳисобланарди. Эҳтимол бундай сокинликда ишлаш кўпчиликка ёқмас, аммо Зебо ҳамда Баҳора учун иш ҳам, ресторан ҳам маъқул тушди, шекилли, мижозларга елиб-югириб хизмат қилишга ўрганиб кетишди.
Жанубий вокзалдан ўтиб, тахминан ярим чақрим йўл босилгандан кейин кўзга ташланадиган «Европа»нинг хўжайини ёшгина йигит эди. У ҳар куни тушликдан сўнг «Авалони»да келиб, менежерни чақириб алланималарга кўрсатма берар, баъзида бечора менежерни ўдағайлаб, болахонадор қилиб сўкади. Хўжайин ойда бир бўлса ҳам, рестораннинг ичига кириб кўрмасди. Бундай текширувни у бачканалик ва майдакашлик деб ҳисобларди. Лекин ҳар ойнинг биринчи кунида ҳовлида ҳамма ишчиларни тўплаб, мижозларга яхши хизмат кўрсатиш, одоб-аҳлоқ, официантларга эса тўланадиган ҳақ яхши эканлиги, ресторан буюджетидан пул «уриб» қолиш яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида соатлаб ваз ўқирди.
Ишчилар хўжайинга «Довдир», деб лақаб қўйишганди. Негаки, у доим вазхонлик қилаётганда бир тоғдан, бир боғдан гапириб, юзи помидордек қизариб, хижолат бўлаётганини товушини баландлатиб яширишга тиришарди. «Довдираётганингни дағдаға қилиб яширгандан кўра, кечирасизлар хижолат бўляпман де қўй, ҳаммаси жойида бўлади», дерди ёши каттароқ ошпаз атрофидагиларга қараб.
...Ўша куни чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбирлаб, ёмғир шаррос қуяётганди.
— Баҳорнинг тафтини яхши кўраман-да, — деди Зебо шампан виносини очаётиб, дугонасига қараб. — Сенам уни ёқтирасанми Баҳора?
— Жудаям, — шивирлади қиз.
— Ростданми, у сенга ёқмаса керак, деб ўйлагандим, — ажабланди Зебо бурчакдаги махсус столда ўтирган хўжайин ва ёнидаги қизга кўз югиртириб.
Аслида Зебо Баҳорадан «хўжайинни ёқтирасанми», деб сўраганди. Балки миясида Баҳорани ҳам таклиф қилса шундай ўтирармикан, дея ўйлаганди. Лекин дугонаси буни тушунмади. Зебонинг иккинчи гапидан кейин Баҳора берган жавобидан шубҳаланиб, дугонасига қаради. Зебо ҳалиям хўжайинга тикилиб турарди. Қиз энди гап нимадалигини пайқаб, кулгиси келди. Кейин секингина: «У довдир-ку, жиннимисан?» деди.
Пичадан сўнг шампанни столга қўйиб келган Зебо Баҳорага юзланди:
— Сени хўжайин чақиряпти!
— Нимага?
Зебо елка қисди.
— Ўтиринг, — деди йигит Баҳорага жой кўрсатиб ва шу билан у қизга илтифот қилаётганини билдириб қўймоқчи бўлди.
Қиз тортиниб, стулнинг бир четига омонатгина илинди.
— Буни қаранг, анчадан бери ишларкансиз-у, эътибор бермаган эканман.
Хўжайин шундай деди-ю, лекин дарров айтган гапидан афсусланди. Қиз эса унинг «эътибор бермаган эканман», деганидан қиз ер чизиб турган кўзларини унга қадади. Ичида «Гаплашишни ҳам, танишишни ҳам эплолмайди довдир», дея кулди. Баҳора қарийб бир йилдан бери ўқишда юриб, муомала, йигитлар билан гаплашиш санъатини озми-кўпми, ҳар тугул ўрганиб олганди. Айниқса, қайси йигитга қандай жавоб қайтариш унга ўд бўлиб кетган. Аммо ҳали бунақасига дуч келмаган.
Хўжайин ўнғайсиз жимликдан кейин яна тутила-тутила гап бошлади, бу сафар айтган гапи боягидан ҳам ўтиб тушди. Натижада Баҳора пиқиллаб кулиб юборди.
— Отим Рустам, «Европа»ни хўжайиниман, — деди у худди қиз буни билмайдигандек.
Қизнинг жарангдор кулгиси ҳавога сочилиб, бутун зал бўйлаб ўрларкан, хўжайин атрофга аланглаб, биров сезмадимикан, дея ўз юмушлари билан овора ишчиларига қараб қўйди. Бироз ўйланиб тургач деди:
— Бу ерда гаплашиб бўлмайди. Ҳовлига чиқайлик!
У Баҳоранинг бориш ё бормаслигига қарамасдан ўрнидан қўзғалиб, қоп-қора кастюм-шимини кўз-кўз қилгандек майда-майда қадам ташлаб олдинга интилди.
— У сенга нима деди? — сўради сумкачасидан яримлаб қолган шампан бутилкасини олаётиб Зебо.
Баҳора ҳориганидан ўзини ўринга ташлаб, нафас ростларкан, ҳар сўзини урғу билан таъкидлаб жавоб берди:
— Айтарли ҳеч нима. Фақат анчадан бери ишлаётганимга қарамай мени танимасмиш, эътибор бермаган экан.
У гапини тугатиб, кийимларини алмаштириш учун эринибгина жойидан қўзғалди. Нигоҳи туйқус Зебонинг қўлидаги шишага тушиб сергакланди:
— Уни нима қиласан?
Дугонаси жилмайди...
Эрталаб ойнадан тушган қуёш нури қизларнинг уйқусини бузди. Улар шошиб юз-қўлларини ювди. Апил-тапил нарсаларини тайёрлаб, нонуштани қарз қилиб дарсга шошилишди.
— Биринчи кундан дарсга кеч қолсак а, — зиқланди Баҳора.
Соат учдан ошиб тўртга яқинлашгандан дарслар тугаб “озодликка” чиқишди.
— Энди ишга боришимизнинг фойдаси йўқ, — деди Баҳора бурнини жийириб.
— Дарс билан ишга улгуролмаймиз, яхшиси бўшаганимиз маъқул, — хоҳламайгина дугонасининг гапини давом эттирди Зебо.
— Бўпти, бугун бориб кўрайлик-чи.
— Бўпти.
Зебо Баҳорага, Баҳора эса Зебога эргашиб «Европа»га элтувчи автобусга чиқишди.
Ресторанга кираверишда уларни менежер қарши олди. У қизларга итхўмрайиш билан тикилиб, бироз койиди. Кейин Зебога ишга киришишини, Баҳорага эса ичкарида хўжайин кутаётганлигини айтди.
Баҳора қўрқа-писа салом бергандан кейин Рустам овоз эгасини таниб ортига қаради. Бу сафар у қизга ўтириш учун жой кўрсатмади. Саломга жавобан ўрнидан туриб, худди ортимдан юринг дегандек қизга маъноли қаради-да ташқарига одимлади.
— Кечаги гапларимдан хафа бўлмадингизми? — мулойим ва эҳтиёткор оҳангда сўради Рустам.
— Йўқ, — томоғига бир нима тиқилганидан, ютиниб жавоб берди Баҳора.
— Нега ҳаяжонланасиз, ўзингизни эркин тутаверинг! — деди йигит қизга.
— Салобатингиз босяпти, — йигитнинг устидан кулдиқиз.
Улар узоқ гаплашди. «Европа» ишчилари уни, буни баҳона қилиб уларнинг олдига яқинлашишга уринарди. Баъзилар хўжайин билан официант қизнинг нима ҳақида гаплашишаётганига қизиқиб, зимдан уларни кузатиб туришарди.
— Ахир, тушунинг мен... — тутилиб қолди Баҳора гап тополмай.
— Хўп, хайр, — деди Рустам, — Яхшилаб ўйлаб кўринг!
Қизнинг юзи дув қизариб кетди. Рустам ёнидан узоқлашиши билан Баҳора ўзини қўйгани жой тополмай, уялганидан рестораннинг орқа томонидаги хилват дарахтзор орасига югирди. У ерда ёлғиз қолиб узоқ ўйлади. Мана, неча кундан бери Рустам унга дил изҳор қилади. У бўлса, шундай йигитни умидсизлантириб ўтирибди. Кўнгли ҳар қанча Рустамга мойил бўлмасин, «Ота-онам мени ўқигани юборишган, эр топганимас», дея ўзига таскин берди. Кейин «Онамга Рустам ҳақида айтаман», деган қарор билан ҳамма ўйларини пишитиб, ишга шўнғиди.
Хуллас, уларнинг муносабати кун сайин яхшилабниб борарди. Хизматчилар эса, хўжайиннинг кулгисини кўриб, деярли ичкарига кирмайдиган йигитнинг ҳар куни келиб, соатлаб ичкарида ўтиришларидан ҳайрон бўлишарди. Баҳора билан Рустамннинг муносабати ҳаммадан ҳам кўра Зебони қаттиқ ташвишга соларди. «Менинг Баҳорадан қаерим кам», дея тўнғилларди у. Юрагидаги изтиробни бировга айтолмасди. Бироқ уззун-кун уларнинг муносабатларини бузишни ўйларди.
Зебо аввал бошида Рустамни унчалик хушламасди. Лекин бора-бора ўзи ҳам билмай ҳар куни уни кутадиган, муттасил у ҳақида ўйлайдиган бўлди. Гапнинг индаллосини айтганда Зебо хўжайинни яхши кўриб қолганди.
Одатдагидек дарсдан чиққан Баҳора, ресторанга бориш учун бекатда автобус кутаётганди. Шу пайт қўл телефони жиринглади. Уяли алоқа воситасининг экранига кўз ташлаб, чеҳраси ёришди ва яшил тугмачани босди:
— Алло, ассаломалайкум Рустам ака.
— Яхшимисан? Қаердасан Баҳор?
— Ўқишдан чиқдим, ишга боряпман.
— Ўша ерда бекатда тур, ҳозир бораман.
Рустам гапини тугатар-тугатмас, алоқани узиб қўйди. Қиз ёнига тўхтаган автобусга эътибор бермасдан, бекатдаги ўриндиқнинг бир четига секингина қўнишди. Чамаси ўн дақиқалардан сўнг қизнинг рўпарасида Рустам пайдо бўлди. Негадир у бугун машинасида эмасди.
— Бугун маза қилиб шаҳар айланамиз. Сен билан сайр қилиш учун машинамни уйда қолдириб келдим, — деди Рустам жилмайиб.
— Ахир, мен ишга боришим...
Рустам ҳеч нарса демасдан унинг билагидан тортиб, ўзи билан юришга ундади. Баҳора индамай боришдан бошқа чораси йўқлигини билиб, ўзича мийиғида кулди-да йигитга эргашди.
Иккови қора кечгача саёҳат қилишди. Оқшом тушиб, вақт алламаҳал бўлганида Баҳоранинг миясига ётоқхонага қайтиш кераклиги ярқ этиб урилди.
— Мен кетишим керак, — деди у хавотир билан.
— Майли, лекин бу пайтда ётоқхонага кироласанми? — сўради Рустам жиддий тортиб.
— Йўқ, аксига олиб бугун комендант шу ерда эди.
— Унда бизникига борамиз, — деди йигит қизга тикилиб.
— Ахир, уйингиздагилар...
— У ёққа эмас, Чилонзордаги уйимизга.
Баҳора нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо қаердадир тунаш керак деган фикр уни жим бўлишга мажбур қилди. Агар бу пайтда ётоқхонага борса, шарманда бўлиши мумкинлиги уни янаям кўпроқ ташвишга солаётганди. Комендант ярим кечаси ҳаммани йиғиб, мажлис қилиб «манави ярим кечаси ким билсин қаердан келаяпти», деб ғавғо кўтариши турган гап эди. Шусиз ҳам ҳар куни “ишлайман”, деб белгиланган вақтдан кеч келади. Яхшиси Рустам ака билан кета қолай деди у хаёлида.
Рустам олдинда, Баҳора эса орқада кўп қаватли уйнинг пиллапоясидан юқорига кўтарилишди. Айни дамда уларнинг кундузги хушчақчақликларидан асар ҳам қолмаганди. Иккиси ҳам ўз хаёллари билан банд, лом-мим дейишга иккисида ҳам журъат топилмасди.
Рустам уйга киргандан кейин Баҳорага юзланди:
— Хавотирланма, сен бу хонада ухлайвер, мен балконда ётаман.
Баҳора эрталабгача мижжа қоқмади. У хўжайиннинг нариги хонада эканлигини ҳис қилиб турар, мабодо кўзи илинса худди бирор корҳол юз берадигандек сергак ва хавотирли тонг оттирди. Лекин ҳеч нарса бўлмади. Рустам ҳатто уни бир марта бўлсин безовта қилмади. Қизнинг кўнглидаги шубҳаларни йўққа чиқарди. Баҳоранинг хўжайинга нисбатан ҳурмати янаям ортди, севгиси кучайди.
Шу воқеадан кейин улар бу уйга тез-тез келадиган, Баҳора ҳар келганда тозалик ишлари билан шуғулланадиган бўлди. Лекин йигит ва қизнинг бундай ёлғиз қолишлари албатта ўз самарасини бермасдан қолмади.
Баҳора вужудидаги ўзгаришни сезиб, дўхтирга борди. Уни текширувдан ўтказган гинеколог ташхис қўйди: унинг хулосасига кўра Баҳора уч ҳафталик иккиқат эди.
У эсанкираб қолди. Лекин ўйлаб-ўйлаб бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликка қарор қилди, ҳатто Рустамга ҳам. Кези келганда айтаман, ҳозирча ётоқхонадан кетишим керак, деган фикр қийнарди уни қамраб олди. Ҳар гал уйга борганида Рустам ҳақида онамга айтаман, деб бирор марта бўлсин юрак ютиб, бир оғиз гапиролмаганидан афсусланарди. Жилла қурса ўша пайтлари ораларидаги муносабатнинг учини чиûаролганида эди...
Орадан уч-тўрт кун ўтиб, Рустам билан учрашишаркан, Баҳора гап бошлади:
— Кеча ойим билан гаплашгандим, совчилар келаётган эмиш. Нима қиламиз Рустам ака?
Бу гапдан хўжайиннинг пайтавасига қурт тушди. Ахир у жондай суюклиси — Баҳорадан айрилиб қолишни ҳечам истамасди. Боз устига ўзининг ота-онаси кунда-кунора уйлантирамиз, деб тинчлик беришмаяпти.
— Мен шу бугуноқ уйдагилар билан гаплашиб, сизларникига юбораман! — деди Рустам қизни хотиржам қилиш учун.
Рустам уйига келибоқ ота-онаси билан гаплашди. Баҳора ҳақида айтди. Аммо улар, аллақайси қишлоқдан келган таги паст қизни келин қилишга асло рози бўлишмади. Рустам у деди, онаси бу деди, хуллас натижа чиқмади. У бир неча кун уйидагилар билан даҳанаки тортишиб юрди. Бироқ ҳамма уринишлари бесамар кетди. Хўжайин энди хонасидан кўчага чиқишга ҳам уяларди. «Баҳоранинг юзига қандай қарайман», дерди у. Қиз бўлса кунда юз марталаб қўнғироқ қилар, жавоб ололмаганидан кейин кўздан пана жойларга ўтиб бор аламини йиғидан оларди.
Орадан бир ойча вақт ўтди. Бу орада Баҳора «Европа»дан кетди. Аллақаердан ижарага уй топиб кўчиб ўтди. Фақат Зебо билан ҳар куни ўқишда кўришиб турарди. Лекин бирор марта ҳам дугонасидан Рустам ҳақида сўрамади. Зебо ҳам унинг қилаётган ишларидан ҳайрон эди. Уни фақат хўжайиннинг нега йўқ бўлиб кетгани ташвишлантирарди.
Чоршанба куни.
Рустам ресторанга келиб, Зебодан Баҳорани сўради. Зебо дугонасининг қишлоққа кетгани, ота-онаси уни кимгадир фотиҳа қилганлигини юзи бирор марта қизармасдан айтиб берди. Бундай бўҳтон гаплар турган гапки Рустамни авраб олиш учун етарли асос бўлди. Зебо яна Баҳоранинг тилидан Рустамга «омонат» тариқасида анчагина гапларни айтди. Хуллас, ўша куни Зебо ўйлаган режасини тўла амалга оширди.
Рустам кетгандан кейин қиз ҳолироқ столга бориб ўтирди. Ҳозиргина қилган ишидан уялиб, ер ёрилиб ерга киргудек бўлди. Икки йил бирга яшаб, бир дастурхондан нон еган, яхши-ёмон кунларни бирга ўтказган дугонасига хиёнат қилаётганлигини ич-ичидан ҳис қилиб эзилди. Лекин кишининг ўз манфаати, бошқаларникидан устун келганидек, Зебо ҳам Рустамга етишиш йўлида қилаётган ишим арзимас қурбонлик бўлади, деб ўйлади.
Рустам яна бир муддат «Европа»га келмай қўйди. Баҳора ҳақида эшитганлари уни алам исканжасигая улоқтирди. У узоқ ўйлади: «Менинг ўйлаб, бир қарорга келишим учун вақт керак эди. Ўтган фурсат ичида Баҳора бироз кутиб турса бўларди-ку», дея бор айбни қизнинг зиммасига ташлади.
Қуёшнинг чиқиб ботиши такрорланишдан тўхтамасди. Ёлғизлик жонига теккан Рустам яна илгаригидек «Европа»га қатнай бошлади. Фақат энди ҳар сафар борганда Баҳорани эмас, Зебони кўргани борарди. Зебо эса, доимгидек дугонаси ҳақида янги ёлғонни ўйлаб қўярди.
...Ва ниҳоят унинг ёлғонлари иш берди, Рустам унга уйланди.
Баҳора ҳеч нарсадан бехабари ижара уйида яшарди. Зебонинг анчадан бери дарсларга келмаётганидан хавотирга тушди. Ўзи ҳам тоби қочиб, ўн кунча дарсларга қатнашолмади. Дугонаси билан Рустамнинг тўйи ўша кезларда бўлди. Баҳора дарсга чиқибоқ Зебони сўраганди курсдошлари унинг турмушга чиққанини, тўйи жуда зўр бўлганлиги ҳақида тўлиб, тошиб гапиришди. Баҳора энг яқин дугонаси нега уни тўйига айтмаганига ҳеч тушунолмасди. У Зебодан хафа бўлди. «Ҳали келса, кўради мендан», дея ўзича кўнглига гина ҳам тугиб қўйди.
Қишги таътил ҳам тугади. Баҳора ўқишнинг биринчи куниёқ Рустамга қўнғироқ қилиб, тўйни тезлатини, бўлмаса иккови ҳам шарманда бўлишини айтди. Юрагининг остида соат сайин улғайиб келаётган жажжи юракча ҳақида эшитаркан, Рустамнинг кўз олди қоронғулашиб, қулоқлари шанғиллаб кетди.
Бу пайтда Рустам ресторанда ўтирарди. У Баҳоранинг телефонда айтган гапларини эшитиб, кўнглига ҳеч нарса сиғмай уйига жўнади. Зебо эрининг тушкун кайфиятидан ҳайрон бўлди. Кечги маҳалда улар ўринларига кираркан, Рустам Зебога бор гапни айтиб берди. Бу гаплар Зебонинг виждонини ҳам ўтга ташлади. «Мен гуноҳга ботдим», деган ўй Рустамни эзғиларди. Зебо эса, «Энг қалин дугонамга хиёнат қилдим?», дея ўз ёғига ўзи қовриларди. Зебо ҳаммасига энди тушунди: Баҳоранинг нега ётоқхонада нуқул тобим йўқ, деб ётишини, нега ижарага чиқиб кетганлигини у энди англади. Лекин шу тобда Зебо дугонасидан нафратланиб кетди. Ахир, бир хонада яшаб, жон дугона бўлиб нега менга ҳақиқатни айтмади ёки илгаритдан сезиб юрганмикан, деган ўй уни аввалги азоблардан кўра кўпроқ қийнади. Ахир, бор гапни билганимда зинҳор бу ишлар бўлмаган бўларди, дерди у ўзича.
Баҳора тинмай Рустамга қўнғироқ қилди. Аммо жавоб ололмади. Шўрлик охири бир қарорга келди: «Европа»га бораман», деди у.
Ресторандагилардан Рустамни сўраркан, улар йигитнинг ҳали келмаганини, нега Рустам билан Зебонинг тўйига бормаганини сўраб ҳоли жонига қўйишмасди. Баҳора эса дугонаси билан Рустамнинг тўйи ҳақида эшитиб карахт бўлиб қолди. Миясидан ўтаётган ғужғон ўйлар аъзои баданида титроқ уйғотди. Оёқлари ҳолсизланди. У йиқилиб қолмаслик учун, бир амаллаб манзилига етиб олиш илинжида ресторандан чиқиб кетаркан, кўчада — рўпарасига келиб тўхтаган машинадан Рустам тушди. У қизни кўриши билан орқасидан чақириб қолди-ю, бироқ Баҳора қайрилиб қарамади. Қиз нима қилишни, қаерга боришни билмасди. Бошида айланаётган ўйлар, саволлар жавобсиз, муттасил уни қийнаб, лаҳза сайин мажолини қуритарди. У кўчада яёв юриб, ҳар замон кўз ёшларини артиб қўярди.
Уйга келди. Оқшом тушишини кутди. Бахтига бугун уйда ҳеч ким йўқ.
Тушликдан кейин ўтган соатлар Баҳорага гўё юз асрдек туюлди. Ниҳоят у ёлғиз.
У бундай вазиятни жуда узоқ кутди.
Ҳаммомдан чиқиб, уйнинг бўсағасидан туриб ҳовлини кузатди. Қулоғига аллақандай товушлар эшитилгандай бўлди, азои баданини титроқ босди. «Ваҳима қилма», деди ўзига-ўзи. Сўнг ўз хонасига кириб, яқиндагина харид қилган кўйлагини кийди. Тошойна қаршисида сочларини таради. Кейин катта залга ўтиб, ниманидир қидира бошлади. Хонанинг ичи осуда ва зим-зиё эди. «Мурдалар шаҳрининг ўзгинаси», дея шивирлади у. Айни дамда унинг кўз ўнгидан улкан, сукунатга йўғрилган қабристон ўтарди. Уни ваҳима боса бошлади. Боз устига «Қўрққанга қўш кўринар», деганларидек хонанинг бурчакларидан кимдир уни кузатаётгандек туюлаверди. Шарпалар атрофида парвона бўлгандек, боя эшитилган овозлар янада кучайиб, йиғлаган, кулган товушлар, чинқириқлар уни қуршаб олди. У кўзларини чирт юмиб, ерни пайпаслаб, кресло томонга эмаклади. Чамаси ярим дақиқалардан кейин у креслога ҳазин чўкди. Қўлларини ҳавога кўтарди. Унинг кафтларида илондек тўлғониб, қалинлиги кўрсатгич бармоқдай келадиган узунгина арқон пайдо бўлди. У худди уйда яна бошқа одам бордек, атрофга аланглаб, оҳиста ўрнидан қўзғалди. Хаёлида «биров сезиб қолмасин», деб ўйлаб, секингина, оёқ учида қадам ташлаб, залнинг ўртасига борди. Юпқа, нозик лаблари пичирлаб, аллақандай дуоларни ўқиди. Қўлидаги арқонни қандилга боғлаб, сиртмоқ ясади. У шошмасди. Ҳаммасини бамайлихотир, пухта бажарарди. Арқоннинг сиртмоқ томонини бўйнидан ўтказди. Оёқлари остидаги столни тепишдан аввал унинг кўз олдида ўтган кунлари, болалиги, жондай сирдоши Зебо, унинг хиёнати, Рустам ва унинг беқарор, азобга тўла севгиси гавдаланди.
Шу пайт телефони жиринглади. У ҳар қанча мусиқа садоларига эътибор бермасликка уринмасин барибир, бўйнидан сиртмоқни чиқариб, гўшакни кўтаришга мажбур бўлди.
Курсдош қизлардан бири билан қисқагина гаплашиб, “эрталаб бораман”, дея гўшакни қўйди.
Эрталаб соат тўққиз яримларда Баҳора ётоқхона ҳовлисида пайдо бўлди. Курсдош қизлардан бири уни кутиб олиб, ўз хонасига олиб чиқди. Хонага кириши билан Зебони кўрган қиз ҳаммасига тушунди. “Демак, у мени алдаб чақирибди”, ўйлади у.
Иккови узоқ гаплашди. Зебо бор гапни айтмагани учун аввал Баҳоранинг ўзини айбдор қилди. Кейин бўлиб ўтган ишлар учун узр сўради: «Агар, бўйингда борлигини билганимда ҳеч қачон бундай қилмасдим, мени кечир дугонажон».
Сўнг ҳали ҳаммаси изига тушиб кетишини, боласига ҳам ёрдам беришини айтган Зебонинг гапларини Баҳора чидам билан эшитди-ю, гапини тугатиши билан эшикка отилди.
Орадан бир ой нари-бери фурсат ўтиб, Баҳоранинг қорни анча билиниб қолди. У энди дарсларга ҳам чиқмай қўйди.
Уни ижарага олган Саодат исмли аёл ҳам ҳаётда кўп қийинчиликлар кўрганди. У доим «Менга қўйилган исм ўз вазифасини ўтамади, ҳаётда саодат кўрмадим», дерди. Саодатнинг ёлғизгина қизчаси бор эди.
Баҳора шифтга термилиб ётиб ўйлаб қоларди. Ўша куни Зебони ҳайдаб солишга ўзида куч тополмаганидан афсусланарди. Агар журъати етиб, бошидаёқ ҳомиладор эканлигини Рустамга айтганда эди, у ҳам дугонаси ҳам юзига оёқ босишмаган бўлармиди?..
Орадан вақт ўтиб, Баҳоранинг кўзи ёриди. У ўғилчасига Саиджон деб исм қўйди.
Баҳоранинг қишлоққа бормаганига ҳам анча бўлди. Боласи уч ойлик бўлганда, чақалоқни Саодатга ташлаб, уйига йўл олди.
Бўсағадан кирганда онаси ҳовлида кир ювиб ўтирарди. Уни кўриши билан меҳри товланиб, қизи томон ошиқди. Кечки маҳал шунча пайт йўқолиб кетгани учун ота-онаси уни роса «тергов» қилиш. У отасига ҳеч нарса демёлмаса ҳам, оқшомда онасига ҳаммасини айтиб берди. Она-ю қиз тун бўйи йиғлаб чиқишди. Баҳора онасига илтижо билан деди:
— Дадамга айтинг ойи, мени кечирсин, болам билан уйга қайтай!
Онаизор нима қилишни билмай қолди. Аммо жигаргўшаси учун эрига ҳаммасини ётиғи билан тушунтирди. Бироқ ҳар қандай тушунган одам ҳам бундай иснодга чидолмасди. Боз устига отаси қишлоқ оқсоқоли. У хотинидан эшитган гапларни кўтаролмай бошини чангаллади: Ўзим бировларни тўғри йўлга бошласам-у, қизим юзимни ерга қаратса...
Лекин у ҳам барибир ота. Фарзандини хор, шармандаи шармисор бўлишига қараб турармиди. Шу боис сўнгги қарорини айтди:
— Боласини меҳрибонлик уйига топшириб, ўқиши битиши билан уйга қайтсин. Бола билан келмасин.
Баҳора шаҳарга қайтиб, отасининг қарорини Саодатга айтди. У Баҳорани юпатди:
— Саиджонга ўзим қарайман. Сен қондошларингдан айрилма. Ёлғиз яшаш қийин. Ёлғиз яшаганларнинг биттаси менман. Болангдан хавотир олма. Уни ўз боламдай катта қиламан. Истаган пайтинг келиб кўрасан. Эшигим доим сен учун очиқ, — деди аёл кўзлари жавдираб турган қизга.
Баҳора ўқишини тугатиб қишлоққа қайтди. Бирин-кетин уйга совчилар кела бошлади. Ота-она уларга ҳеч бир тайинли жавоб беролмасди-ю, қизнинг ўзи “ҳали ўқийман”, дея келганларни ноумид қайтарарди.
Йиллар бир-бирини қувлаб ўтиб борарди. Баҳоранинг икки синглиси ҳам тўй бўлиб кетди. Ўзи эса ҳануз шаҳарга қатнайди. Одамлар уни ўқияпти, деб ўйларди. Лекин шўрлик қиз ҳар сафар ўғлини кўргани Саодатникига борарди. Саиджон ҳам улғайиб, беш ёшга кирди.
Одатдагидек эшик қўнғироғини босган Баҳора, унинг очилишини кутиб пича туриб қолди. Ичкаридан «Ким у?», деган товуш эшитилиб, салдан кейин бўсағада Саодат пайдо бўлди.
— Баҳора, сен яхши қиз экан. Оилангни бошини эгмадинг. Бировга терс гапирмадинг, билмайин тикон босдинг. Лекин, — деди гапида тўхтаб ўйланиб қолган Саодат, — Аллоҳнинг ўзи билмай босган тиконингни суғириб олди. Энди турмуш ҳақида ҳам ўйлаб кўр.
— Саодат опа, ўтган кунларни унутишга қанчалик уринмай, мана бу еримдаги бир бурда доғ кетмаяпти, — деди қиз хотиралари эсига тушганидан эзилиб. — Энди бошқа одамни севолмасам керак. Бегона киши билан бир ёстиққа бош қўйиш ҳақида ўйлай олмайман.
— Ўзинг ҳам билиб турибсан. Бу гапни бекорга бошлаганим йўқ. Хўп десанг, жиянимнинг бир ўртоғи бор, учрашиб кўр. Оила қурмасанг бўлмайди. Уни бир неча марта кўрдим. Яхши йигит. Меникига тез-тез келиб туришади. Ўтган сафар келганида сен ҳақингда айтгандим. Ўғлингни ҳам ёқтириб қолди. Агар, гапимиз қовушса, Саиджонни ҳам олиб кетамиз деди. Хотини яқинда вафот этибди.
Саодат яна жим бўлиб қолди. Унинг сукут сақлаши, Баҳоранинг фикрини билиш эди.
— Билмадим, — деди Баҳора кўзларидан юмалаб келаётган томчиларни артиб.
— Унда мен бугун кечқурун уларни чақираман. Гаплашиб кўрасизлар!
Саодат ўрнидан қўзғалиб ошхонага чиқди ва жиянига қўнғироқ қилиб ўртоғи билан келишини тайинлади.
Икки йигитнинг дастурхон бошида ўтиришганига ҳам йигирма дақиқадан ошди. Бироқ нариги хонадаги жувондан дарак бўлавермади. Дастлаб меҳмонлар қиз учрашувга рози эмас, шекилли, деб ўйлашди. Кейин нариги хона эшигининг оҳиста ғийқиллаб очилгани эшитилди. Йигитлар бироз хотиржам бўлишди. Баҳора эшикдан кирганда хонада жимлик ҳукм сурарди. Меҳмонлар бир бирларига алланималарни ишора қилиб, кўз уриштиришаётганди. Аммо унинг бўсағада қотиб туриши йигитларни сергаклантирди. Саодатнинг жияни салом бериб ўрнидан қўзғалди. Нариги йигит ҳам туришдан аввал Баҳорага бир қаради-ю тош қотди. Бир томонда Баҳора, иккинчи томонда Рустам ўз изтироблари билан хотиралар гирдобида термилишиб қолишганди.
Улар гап сўзсиз анча пайт ўтиришди. Ҳеч ким чурқ этиб оғиз очмади. Кейин Саодат жиянини чақириб, нариги хонага ўтишди.
— Ўзгармабсан, — шивирлади Рустам қизнинг кўзларига қаролмай.
— Ҳожати йўқ эди, — жавоб берди қиз.
— Кечироласанми? — умидвор термилди йигит.
Қиз индамади.
— Олти йил яшадик, худо фарзанд бермади. Олти ойдан ошди Зебони ерга бердим. У ўлими олдидан қилган ишидан пушаймон бўлди. Сўнгги лаҳзаларини сендан афв сўраб ўтказди.
Зебонинг ўлими ҳақида эшитиб, Баҳоранинг кўзларида ёш қалқди. Алам ва ачиниш унинг бутун вужудини қамраб олди.
Эшикдан Саиджон кириб келди. У Рустамнинг ёнига бориб болаларча соддалик билан сўради:
— Сиз менинг дадаммисиз?
Рустам довдираб қолди. Болакай эса гапини давом эттирди:
— Бувижон, анави киши даданг бўлади, деди. Ростанам дадаммисиз.
Йигитнинг кўзларидан ёш қуйилди. У Саиджонни қучоқлаб Баҳорага қаради:
— Биз қилган гуноҳимизга яраша жазо оляпмиз, — деди Рустам томоғига нимадир тиқилгандек, — Баҳора, Саиджон мени ўғлим-а?
Йигит бу гапларни айтаркан, кафти билан кўзларидан думалаётган ёшни артишга уринди. Баҳора унинг саволига жавобан «Ҳа», қабилида йиғи аралаш жилмайиб, бош ирғади ва деди:
— Бизнинг ўғлимиз.
Бу пайтда Саиджон тинмай Рустам билан гаплашарди:
— Энди болалар дадаси йўқ деб уришмайди. Энди жўраларимга мениям дадам бор деб мақтанаман...
Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 12:29 | Сообщение # 13
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
БАХТНИНГ ОЛИС ЙЎЛЛАРИ

У ҳар куни ишдан қайтиши билан севимли машғулотига киришади. Яъни ҳовлидаги сўри устида ёнбошлаб, маза қилиб кўк чой ичади. Ҳар-ҳар замон мўъжазгина дастурхонни оқлаб турган парвардадан оғзига бир-икки дона ташлаб, мук тушганча телевизор томоша қилади.
Фикрлаши ҳам анчайин ғалати. Доим ўзини ҳаётда омади юришмаган оддий журналист деб билади. Эрталаб ишга кетиб, қора кеч қайтади. Муттасил иш билан овора.
Унинг ўзи тенги қадрдони ҳам бор — Тоҳир. Иккисининг қисмати ўхшаш. Болаликлари меҳрибонлик уйида ўтган. Ўрталаридаги дўстлик ҳам ўша ердан бошланган. Ҳозир бири Тошкентда журналист бўлиб ишласа, иккинчиси Самарқандда шифокор.
Шуҳрат Саид хушбичим, сочлари, кўзлари қора, ақли расо йигит. Қотмадан келган Тоҳир эса бироз чапани. Шуҳрат олийгоҳни тамомлагандан сўнг, тинимсиз меҳнат қилиб, бир амаллаб кичкинагина уй сотиб олди. Катта бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, ўз уйи — ўлан тўшаги бор. Одамларнинг айтишларига қараганда, Шуҳрат яшайдиган маҳалла ўрнида бир пайтлар катта қабристон бўлган экан. Вақт ўтиб, қабристон ўрнига уйлар қурилган эмиш. Бу шунчаки чўпчакми ёки ҳақиқат ҳеч ким билмайди. Лекин маҳалланинг ҳам, у яшайдиган кўчанинг ҳам номи қулоққа совуқ эшитилади.
Ҳар галгидек ишдан кеч чиққан йигит кўчаси муюлишига етай деган-да, қулоғига аёл кишининг чинқириғи чалингандай бўлиб, қадамини тезлатди. У илдамлаган сари товуш ҳам узоқлашарди. Шуҳрат югурмоқдан бери бўлиб одимлади.
— Войдод, ёрдам беринглар! Қўйвор, ифлос! Ким бор? А-а-а-а!!!
Кўча охири икки томонга қайрилган йўл эди. Шуҳрат аёл кишининг овози ўша тарафдан келаётганини пайқаб, ёрдамга шошилди...
Безорилар шўрлик қизга ҳамла қилишга чоғланиб туришган экан. Шуҳрат айни пайтида бориб, қизни уларнинг қўлидан қутқариб қолди ва уйига олиб келди.
Бир неча соат ўтса ҳам, қиз бечора ўзини келолмас, хонанинг бурчига, чўян печга тиқилиб олиб, “пиқ-пиқ” йиғларди. Шуҳрат Саид агар уни нимадир деб гап билан овутмаса, эрталабгача ҳам йиғлашни тўхтатмаслигини сезиб, қизга юзланди:
— Нега улар сизга ёпишди? — деб сўради аввал.
Кейин худди нотўғри савол берган боладай хижолат бўлди.
— Билмадим, — бошини сарак-сарак қилди қиз.
— Бирор сабаби бордир. Ё сизни анавинақа деб ўйлашдимикан?
— Тушунмадим, — деди қиз титроқ товуш билан.
— Анави... кўча қизлари бўлади-ку, шуларга... — дея каловланди Шуҳрат.
Қиз унинг гапини бўлди.
— Ўхшайман-а?
— Йўқ, мен шунчаки... Улар сизни кўча қизлари деб ўйлаганга ўхшайди, демоқчи эдим, — деди Шуҳрат дадиллик билан.
— Бўлса, бордир, — жавоб қайтарди қиз паст овозда.
Айни пайтда унинг хаёлидан «Балки ҳаммасини очиқ айтганим маъқулдир», деган фикр ўтди. Бироқ ёнидаги одам ҳам унга тамомила бегона эканлиги боис индамади.
Орадан қарийб икки ойлар вақт ўтди.
Шуҳрат қачондан бери Раънони сенлай бошлаганини билмайди. Лекин ўтган муддат ҳар тугул, шунгагина имконият яратди.
Кечқурун овқатдан кейин Раъно қўлига жавондаги китоблардан бирини олиб, номини овоз чиқариб ўқиди:
— “Ёлғизликнинг юз йили”.
Шуҳрат унга бир қараб олиб, қўлидаги қоғозларга унгилганча, қилаётган ишида давом этди.
Раъно йигитнинг индамаганига зарда қилиб:
— Нега шундай ном қўйган экан? — деб сўради.
Аслида, у Шуҳрат билан гаплашишни жудаям истаётганди.
— Сен бу асарни тушунмайсан. Яхшиси...
Йигит шундай деб бироз жимиб қолди.
— Ҳимм, — деди қиз худди жуда катта жумбоқни тушунгандай.
— Сарлавҳасида ёлғизлик сўзининг борлиги сени ўзига тортаяптими дейман? — ғўлдиради йигит бошини қоғозлардан кўтармай.
— Мен ҳам ёлғизман.
Шуҳрат бошини туйқус ердан кўтариб, пича қизга қараб турди. Раъно унинг нега бундай тикилаётганини тушунмади. Кейин гапида давом этди.
— Ёлғизлик ҳам қийин экан. Бир ўзинг кўчама-кўча санғиб, насибангни териш қиз бола учун...
Йигит унинг гапини бўлиб савол берди:
— Насибангни ҳаром йўл билан терасанми?
Шуҳратнинг гапи қизга жуда оғир ботди. Унинг дабдурустдан айтганлари Раънони ҳайрон қолдирди. Лекин у биларди. Бундай гапларга бир неча ойдан бери ўзини руҳан тайёрлаб келаётганди. Чунки, барибир, куни келиб Шуҳрат билан бу мавзуда узил-кесил гаплашиб олиши кераклигини ҳис этарди. Бугун ўша кун келди. Демак, бугун ҳаммасига чек қўйилиши керак. Негаки қарийб икки ойдан ошиқроқ муддат ичида Шуҳрат унга ҳеч нарса демади.
Раъно унинг айтганларини хаёлида ўйлаб кўрди. Кейин босиқлик билан сўради:
— Сиз мени шунақалигимни... кўрганмисиз ёки бировдан эшитдингизми?

Раъно худди айбдордек кўзларини ерга қадади. Қорачиқларида ёш йилтиллади. У ўзини оқлаши ҳам мумкин эди, аммо “У, барибир, ишонмайди”, деб ўйлади ўзича. Шуҳрат эса, Раънога қаттиқ гапириб юборганлигини билди.
Раънонинг қалбидаги ўкинч «Бор воқеани Шуҳратга айт» дер, аммо «Ундай қилсанг, сени кўчага ҳайдаб солади», деган фикр ҳам йўқ эмасди. Лекин, барибир, Шуҳратнинг олдида ўзини оқлаши керак...
Эрталаб ишга отланган йигит бутун йўл давомида Раънони ўйлаб борди. “Қачонлардир бировни севиб, бор ихтиёрини унга топшириб қўйган қиз... Сўнгра уйидан бадарға этилган муштипар, бечора... — Йигит муттасил ўйлади. — Бир қарорга келишим керак. Ахир у уйимда турса, гап-сўз кўпаяди...”
Оқшом ишдан келиб, узоқ пайт ўйланиб ўтир. Ниҳоят, дилидагини айтмаса, бўлмаслигини тушунди.
— Раъно, — деди Шуҳрат гапни нимадан бошлашни билмай жиддий қиёфада, — анчадан бери бирга яшаяпмиз. Қўшнилар... гап-сўз дегандай...
Қиз унинг гапини, “Уйимдан қачон кетасан?” деяпти деб тушуниб, дарҳол жавоб беришга шошилди.
— Иш, турар жой излаяпман, бир-икки кунда...
— Сенга кет деяётганим йўқ. Мени тушунмадинг... айтмоқчиманки...
Шуҳрат каловлангандан кейин қизнинг кўзлари қисилиб, ғалати қаради. Бу қарашдан Шуҳрат «Сен ҳам ёлғиз қиз деб фойдаланмоқчимисан?» деган фикрни уқди.
— Нотўғри тушунма... Раъно... мен демоқчиманки...
Йигит ўрнидан турди, дераза ёнига бориб сигарет тутатди. Хонани ноўнғай жимлик эгаллади. Бироздан кейин эса журъатли овозда:
— Кел, турмуш қурайлик! — деди
Раъно кўзларини катта-катта очиб, йигитга тикилиб қолди. У Шуҳратдан бундай таклифни сира ўйлаб кўрмаганди. Шунинг учун ҳозиргина ҳавога ўрлаган гапларни ҳазм қилолмай, довдираб қолди.
Ўша кундан бошлаб улар бир-бирларига аввалгидан ҳам қаттиқроқ меҳр қўйишди. Шуҳрат турмуш қуриш учун қизнинг ота-онасидан фотиҳа олгани Самарқандга боришларини айтганда, Раънонинг томоғига нимадир тиқилгандек бўлди. У бир томондан бениҳоя севинар, иккинчи томондан, уйидагилари қандай қабул қилишини ўйлаб сиқиларди.
Уч соатдан ортиқ юрган автобус Самарқандга етиб келганда кун қайтиб қолганди.
Уларнинг манзилига борадиган киракаш машиналардан бирининг ҳайдовчиси билан савдолашган йигит: “Йўлдан бошқа одам олмайсиз”, дея тайинлади. Автоулов катта трассага чиқиб олгач, ҳайдовчи тезликни оширди. Шуҳрат спидометрга қаради. Асбоб бир юз элликни кўрсатиб турарди.
— Ака, бунчалик тезлатманг, одамни ваҳима босади, — деди Шуҳрат ҳайдовчига.
Айни чорраҳага етай деганда икки томондан киракашнинг ўзига ўхшаган «учарлар» катта тезликда чиқиб келишди. Учала машина ҳайдовчилари баравар тормоз босишди. Бироқ уларнинг ҳаракатлари анча кеч амалга оширилганди. Машиналарнинг тарақа-туруғига Раънонинг чинқириғи ҳам жўр бўлиб кетди.
Бу воқеа бўйича ички ишларнинг тезкор гуруҳи иш бошлади, жабрланувчиларнинг оила аъзоларига хабар берилди.
Руқия опа ва Саттор ҳовлида ивирсиб юришарди. Иккиси ҳам ўз ишлари билан банд. Дарвозадан кириб келган милиционерлар, оилада Раъно Саломова исмли қизнинг бор-йўқлигини сўрашди. Саттор аввал уларнинг гапларига диққат билан қулоқ солди. Гап синглиси ҳақида эканлигини билиб, қўл силкиди. Чунки у Раъно яна бир ташвишни бошлаган бўлса керак, деб гумон қилаётганди. Лекин Руқия опа хавотирга тушиб қолди. Милиция ходимлари бўлган воқеадан уларни хабардор қилгандагина, Сатторнинг раҳми келди.
Улар касалхонага боришганида, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида Раъно билан Шуҳрат ётарди. “Булардан бошқа йўловчиларни асраб қололмадик”, дейишди дўхтирлар.
Эртаси куни Саттор касалхонага келганида, Раънонинг ёнидаги йигитни олиб кетишган экан. Одамгарчилик юзасидан йигитнинг аҳволини сўраган Сатторга бўлимнинг бош врачи маъноли қараб қўйди-ю, саволга жавоб беришни истамади.
Орадан ярим йил ўтди. Раъно энди ўзини анча тетик сезар, соғайиб кучга тўлаётганди. Агар яна бироз вақт қўлтиқтаёқда юришини ҳисобга олмаса, у ўзини жуда бардам ҳисобларди. Лекин у ўзига келиши билан Шуҳратни сўради. Унинг қисмати нима бўлганлигини ҳеч ким тузукроқ билмасди. Шунинг учун қизнинг барча саволлари жавобсиз қолди.
Раъно эса онасига бор гапни айтиб берди. Шуҳрат бўлажак турмуш ўртоғи эканини, у қизга уйидан жой бериб, номусини сақлаб келаётганини айтди.
Раъно касалхонадан чиқиб, уйига келди.
Эрталаб уйқудан уйғонган Раъно негадир кўрган тушини эслолмади. Лекин пешонасини тириштириб, узоқ ўйлади. Шуҳратни кўрдими... ёки унга ўхшайдиган бошқа одамни фарқлолмай қийналди.
Нонушта пайтида у онасига юзланди.
— Ойи, — деди қиз хиёл юзи қизариб, — акам Шуҳрат ака ҳақида ҳеч нарса билмабдими?
— Билмадим, Тошкентга кетётганда “Топишга ҳаракат қиламан”, девди. Балки, уникига ҳам кириб келар, — деди она қўлтиқ таёқда қад ростлаб турган қизига.
Кунлар, ҳафталар, ойлар ўтиб борарди. Тошкентга бир неча марта бориб, Шуҳрат Саидовни тополмай келган Саттор охирги марта Шуҳратнинг ўлими ҳақидаги хабарни келтирди. Бу дарак гўё қизни ақлдан оздираёзди. Тушкунликка тушиб қолган қиз учун йиллар ғуссали давом этаверди.
Бир куни тушликда Раъно дастурхон бошига келиб, ҳамма қатори телевизорга тикилди. Аллақандай суҳбат қизғин давом этмоқда. Қиз экранда пайдо бўлган кишини кўриб, тили калимага келмай, йиғлаб юборди. Ҳамма ҳайрон. Гапираётган кишининг ёнида “Шуҳрат Саид — журналист, адабиётшунос олим”, деган ёзув кўриниб турарди.
— Шуҳрат тирик, Шуҳрат акам тирик, ойи, ўлмаган экан...
Қизнинг йиғи аралаш айтаётган гапларини она зўрға илғади.
* * * * *
Автоҳалокатдан сўнг Тоҳир Шуҳратни даволатиш учун Туркияга олиб кетди. Йигит узоқ даволанди. Бир ярим йил деганда оёққа турди. Кейин уч йил Истамбулда ишлади. Юртига қайтгач, йиққан-терганларини жамғариб машина олди. Уйини қайтадан созлади.
Бироқ орадан ўтган фурсатнинг бир дақиқаси ҳам Раънони унутишга имкон бермади. Шуҳрат қайтганидан сўнг қизни излашга киришди. Лекин узоқ ўйлаб, “Раъно турмушга чиқиб кетган”, деган тахмин билан уни безовта қилмасликка аҳд қилди. Ўзининг севимли иши билан овунди. Ҳар кеч қоғоз ва қалам кўксидаги барча оғриқларни тўкишга кўмаклашгандек бўларди. У ўзини анча ўнглаб олди. Энди у илгариги Шуҳрат эмасди.
У ҳар куни ишдан қайтаётиб, Раънони қутқариб қолган жойига бориб соатлаб ўтирарди.
Одатдагидек, эски гўшасида хаёлга берилган Шуҳрат қўл телефонининг овозидан чўчиб тушди. Экранидаги “Тоҳир” деган ёзувни кўриб, истамайгина яшил тугмачани босди.
— Раънони кўрдим, — деди Тоҳир саломлашишни ҳам унутиб.
— Қаерда?! — сўради ҳаяжон билан Шуҳрат.
— Касалхонада, тиббий кўрикка келган экан.
Шуҳрат жимиб қолди. У нима дейишни, нима қилишни билмасди. Дабдурустдан айтилган хабар уни довдиратиб қўйганди.
— Турмушга чиқмабди, — деди Тоҳир.
Унинг товушидан бу гапни қувонч билан таъкидлаётгани билиниб турарди.
— Қаердан билдинг? Гаплашдингми?.. Сени танидими?
Дўстининг бирин-кетин ёғдираётган саволларига Тоҳир жавоб беришга улгурмай қолди.
У Раънони касалхонада кўриб, аввалига ҳайрон бўлди. Бу ўшами-йўқми, дея иккиланди. Кейин гўё ҳеч нарса билмагандек, онасининг олдига бориб, дўхтирлигини айтиб, аёлни озгина гапга солди. Руқия опа ҳам шунчаки бир неча йил олдин ҳалокатга учраган қизини дўхтирнинг маслаҳатига кўра ҳар замонда кўрикка олиб келишини айтди. Раъно Тоҳирни кўрмади.
Тоҳир дўстининг бетиним саволларига биргина жумла билан жавоб берди:
— Эртагаёқ Самарқандга кел. Уникига борамиз.
Узоқ вақт айрилганлар, ниҳоят, бир-бирларининг дийдорларига тўйишди. Учрашув бошида ҳадиксираб турган кўзлар ўн беш дақиқа ичида меҳрга тўлди.
Фақат қўлтиқтаёққа суяниб қолган Раъно ўзини Шуҳратнинг олдида ноқулай ҳис этарди. Дўхтирларнинг гапига кўра икки-уч ойда юриб кетиши керак бўлган қиз олти йилки, шифо топмасди.
Кечки овқатдан кейин Шуҳрат Раънони Тошкентда даволатишини, тез орада тузалиб кетишини айтди. Шу куни кечқурун Раънони укаси билан Тошкентга жўнатиш тадориги кўрилди. Оқшом йўлга тушган машина пойтахтга элтувчи катта йўлда ғизиллаб, тобора олдинга интиларди.
Шуҳрат айтганини қилиб, қизни касалхонага олиб борди. Раъно малакали дўхтирлар кўригидан ўтди. Профессор ташхис натижаларини айтишга бироз чайналди:
— Раъно тузалади, лекин...
— Нима, лекин? Муаммо борми? — сўради Шуҳрат ўзини босишга уриниб.
Шу пайт Тоҳир келиб қолди. Ташхис хонасидан чиққан Тоҳир бош шифокор аллақачон ҳаммасини айтиб бўлган, деб ўйлаганди. Лекин устозининг “Ўзингиз айтинг”, дегани уни ўнғайсиз аҳволда қолдирди. Шундай бўлса ҳам, секингина гап бошлади.
— Автоҳалокатда қаттиқ қўрқув сабаб асаб тизими ишдан чиқиб, танадаги қувват йўқолган, оёқлар гавдани кўтариб юролмаган. Оёқларини даволаш мумкин...
Гапни узоқдан бошлаган Тоҳирнинг муддаога етиши қийин кечди.
— У тузалади, а? Оёққа туради, шундайми? — сўради асабийлаша бошлаган Шуҳрат.
— Ҳа, у юради. Фақат она бўлолмайди. Тўқнашув пайтида унинг тос суяги синиб, тухумдонини эзиб юборган...
Тоҳир ҳам, нариги дўхтир ҳам яна бир нималар деб жавради. Лекин уларнинг ҳеч бир гапи Шуҳратнинг қулоғига кирмасди.
— Наҳотки ҳеч қандай иложи бўлмаса? — деди Шуҳрат овози титраб, кўзлари умид билан қаршисидаги икки дўхтирга термиларкан.
— Афсус... Лекин ноумид бўлмаслик керак. Шикастланган аъзоларнинг тикланишига, эҳтимол, вақт керакдир. Балки ўн йил, балки ўн беш йил... Бироқ ҳеч қачон тикланмаслиги ҳам мумкин. Буни фан айтиб беролмайди. Бу ёғи фақат Худодан. Агар дунёда мўъжизалар бор бўлса, балки...
Шуҳрат эшикдан чиқиб, бўсағада қаққайиб туриб қолди. У эшик орқасида ҳамма гапни эшитиб, йиғлаб турган Раънога қандай тасалли беришни билмасди. Аксига олиб, Тоҳир хонага кираётиб эшикни қия очиқ қолдирган экан.
— Менга ҳеч қачон алла айтиш насиб этмайди, — дея шивирлади дард азобидан ҳам кўпроқ қийналаётган қиз.
Шуҳрат уни елкасидан қучиб, беморлар палатасига олиб кетди.
Бир неча ой деганда Раъно бировнинг кўмагисиз юрадиган бўлди. Илло, бу бахт унга кемтиклик қилаётганди.
— Раъно, мана, соғайиб ўзинг юрадиган бўлдинг. Юр, эртага Самарқандга, уйларингга борамиз. Ўз оёғинг билан бориб, бир сюрприз қилайлик. Баҳонада тўйимизни гаплашиб келамиз, — деди Шуҳрат чеҳраси очилмаётган қизга қараб.
Эрталаб йўл тадориги кўрилиб, тушликдан сўнг Самарқандга жўнаб кетишди.
Меҳмонларни кўриб, Руқия опа шошиб қолди. Қизининг юриб келганини кўрган онаизор роса йиғлади. Шаҳар шифохонасидан Тоҳир чақиртирилди.
Меҳмоннавозлик тун яримлаганда тугади. Шуҳрат дўстига имо қиларкан, Тоҳир уйдагиларга бир-бир қараб, салмоқли гап бошлади:
— Бугун асли совчи бўлиб келгандим... Шуҳрат учун Раънонинг қўлини сўрайман. Фотиҳа берсаларингиз, улар бахтли бўлса, девдим.
Руқия опа ва Саттор ўзаро кўз уриштиришди.
— Амакилари, тоғалари билан маслаҳатлашайлик, — дея жавоб қайтарди Руқия опа.
— Яхши, эрталаб шаҳарга тушамиз, кечқурун жавобни эшитиб, Тошкентга жўнаймиз, — деб Тоҳир ҳам гапни қисқа қилди.
Шаҳардан қайтган дўстларни уйда қизнинг амакилари, тоғалари қарши олишди. Келишув — олдин фотиҳа, кейин тўй қилиш билан якунланди. Фотиҳа тўйи келаси якшанба кунига белгиланди.
Фотиҳа маросими ўтди. Орзиқиб кутилган кун келди. Энди уларнинг бахтига ҳеч ким рахна сололмайди.
Тўй дабдабали ўтди. Шуҳрат тўйдан сўнг Раънони Тошкентга олиб кетди.
* * *
Ошхонада юмушлар билан овора бўлиб юрган Раънонинг бирдан боши айланиб кетди. Бутун аъзои баданида зирқираган оғриқ сезилди. Ҳолбуки, бу оғриқ ўзини ўнглагунча гавдасини букиб қўйди. Кейин ўзи истамаган ҳолда хаёли қочиб, ҳушидан кетиб йиқилди.
Ишхонада қоғоз уюмларига кўмилиб ўтирган Шуҳратнинг телефони жиринглади.
— Эшитаман, — деди у эътиборсиз.
— Шуҳратжон, Раънони касалхонага олиб кетишди, — деди нотаниш овоз.
— Ким бу? Қайси касалхонага? Нега? — шошиб сўради йигит.
— Қўшнингиз Салима опаман, шаҳар шифохонасига олиб кетишди.
Шуҳрат касалхонага шошилди. У касалхонага келиши билан Раънони кўришга ошиқди.
— Ҳозир текширув хонасига олиб киришди... — деди шифокор Шуҳратни тинчлантириш мақсадида. — Илгари автоҳалокатга учраган экан. Балки ҳалокатдаги бош мия лат ейишининг асоратидир. Яна билмадим. Ҳозир маълум бўлади.
Дўхтир текширув хонасига кириб кетди. Шуҳратнинг кўнгли ғашланди. Ўзича бир нималар деб пичирлади.
Бир неча дақиқадан кейин дўхтир текширув хонасидан чиқиб, Шуҳратнинг ёнига яқинлашди:
— Адашмасам, бу кишини бир йиллар аввал даволагандим. Истараси иссиқ экан, эсимда қолибди. Ҳамшира касаллик варақасини берганда эсладим...
Шуҳрат унинг бу гапларини эшитишни истамас, ҳозирги вазият қандай эканлигини билишга қизиқарди.
— Ҳа, бу жувон фарзанд кўрмайди, деб ташхис қўйгандик, — дея гапида давом этди дўхтир.
— Хотинимга нима қипти, айтасизми? — тоқатсизланди Шуҳрат.
— Хавотирга ўрин йўқ. Оддий камқувватлик экан. Кейин сиз учун бир янгилик бор. Ўшанда “Худо бераман деса, мўъжизалар содир бўлади”, дегандим, а? Исмингиз нима эди? — деди дўхтир Шуҳратга илжайиб қараркан.
— Шуҳрат, — деди йигит дўхтирнинг гапларини тушунаётгандек, бироз эсанкираб.
— Шуҳратжон, бу ҳақиқий мўъжиза. Аллоҳ сизларга мурувват қилди. Хотинингиз ҳомиладор экан.
Дўхтирнинг гапларини эшитган Шуҳратнинг кўз ўнгида бутун ҳаёти, кўрган қийинчиликлари гавдаланди. Нигоҳлари жиққа ёшга тўлиб, яхши хабарни дўсти билан баҳам кўриш ниятида телефонда Тоҳирнинг рақамларини тера бошлади...
Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 12:31 | Сообщение # 14
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
БОЗОРДАН ТОПИЛГАН ЧАҚАЛОҚ

Латофат билан Шерзоднинг турмуш қурганларига ўн йилдан ошди. Бироқ фарзанд кўришмади. Ҳаётдан нолишмайди. Ҳамма нарсалари бор. Лекин боланинг ўрни бошқа. Улар худодан эрта-ю кеч фарзанд тилашади. Хонадон соҳиби Шерзод ички ишлар ходими, капитан. Унинг кўп вақти кўчада — ишда ўтади. Латофат уй бекаси — уззу-кун эрини кутишдан ўзга иложи йўқ.
Ҳар доимгидек Шерзод ишда навбатчи бўлиб қолди. Тун ярмидан оққанда, майор офицерлар ўтирган хона эшигидан бошини тиқиб деди:
— Капитан Тўраев, участка нозирлари билан атрофни кўздан кечириб чиқинглар-да, кейин уйга кетаверинглар.
Шерзод ўрнидан турди. Командирининг Тўраев дегани, айниқса олдига капитан деб қўшиб қўйгани унга мойдек ёқиб тушди. Икки сержант билан ҳовлига чиқди.
— Сизларга жавоб, — деди Шерзод Тўраев.
— Ўртоқ капитан, биз...
— Буйруқ муҳокама қилинмасин, — қатъий талаб қўйди капитан.
Нозирлар кетди. Шерзоднинг бир ўзи сукунат ҳукмронлиги поёнига етаётган тун бағрида теваракка зийрак боқиб, бозорча олдига келди. Ён-верини кўздан кечирди. Ўзидан сал нарироқда, бозор деворлари тубида оппоқ тугунга нигоҳи тушди. Фақат эътиборини тортгани шу бўлдики, мато қимирларди. Капитан яқинроқ бориб қаради. «Мушукнинг ёки итнинг боласидир-да» ўйлади Тўраев. Ваҳоланки, бундай бўлмади. Йўргакда тахминан икки, уч ойлик бўлиб қолган чақалоқ ётарди. Шерзод бир муддат каловланиб туриб қолди, сўнг болани қўлига олди. Узоқ ўйлагандан кейин «болакайни уйга олиб кетиш керак» деган хулосага келди. Унинг шу маҳалда бошқа чораси ҳам, яна ўйлашга ҳафсаласи ҳам йўқ эди.
Латофат ҳали уйқудан турмаган эди. Дарвоза қўнғироғининг товуши уни бир оз чўчитиб, ваҳимага солди. Қувлик билан боқувчи кўзларини ишқалаб остонада пайдо бўлиб, самимият ила сўради:
— Ким у?
— Менман, — деди Шерзод ҳаяжонли оҳангда. — Эшикни оч!
Йўргакдаги болани кўрган жувон ёқа ушлади.
— Ким бу? — деди беихтиёр. Эри бир неча сония жим бўлиб қолди.
— Бозор девори ёнидан топдим. — Орадаги сониялик сукут ўтиб гапида давом этди. — Кимлардир тирноққа зор-у кимлардир безор...
— Яратганга шукр, оҳларимиз етиб борди, бизга ҳам фарзанд ато қилди, — деди Латофат кўз ёшларини яширолмай.
Йўргакнинг ичидан боланинг шу кунларда олинган сурати чиқди. Орқа томонида «Бекзоджон уч ойлик» деган ёзуви бор эди. Эр — хотин гапни бир жойга қўйиб, агар боланинг ота — онаси топилмаса ўзлари асраб олишга қарор қилди. Шерзод Тўраев ўйлаган иш амалга ошадиган бўлди. Чақалоқнинг бирор қариндоши даъво билан чиқмади. Улар болани ўз шарифларига ўтказиб исмини «Соҳибжон» деб ўзгартиришди ҳамда Шерзоднинг хизмат сафари боис тез фурсатда бошқа туманга кўчиб кетишди.
Вақт ўтиши билан Соҳибжон улғайиб борар, эсини таниб тили чиққандан буён рассомчиликка қизиқарди. Ўзи ҳам расмлар чизиб, турли болалар кўрик танловларида иштирок этиб фахрли ўринларни қўлга киритди. Мактаб қучоғидан учирма бўлган тенгдошлари каби Соҳибжон ҳам хужжатларини олий ўқув юртига топшириб талаба бўлди. Талабаликнинг илк босқичини самарали якунлади. У бетиним ўқиди, изланди, ўз устида ишлади. Университетда Шуҳрат Солиҳов деган кўпчиликка маълум ва машҳур домла бор эди. Шу домла шогирдлари орасида рассомликка бўлган истеъдоди учун Соҳибжонни бошқача хушларди. Йигитча ҳам бу эътиборни сезиб ва билиб юрарди.
Одатий ўқиш кунларининг бирида гуруҳ сардори:
— Соҳибжон, сизни Шуҳрат домла чақираяпти, — деди. У эшикдан чиқиб узун йўлка бўйлаб юраркан, Шуҳрат Солиҳовдай домла нега чақирганлигига ҳеч ақли етмади. Оҳиста эшик қоқди. «Киринг» деди ичкаридан келган овоз. Кейин оҳиста ўтиришга ундади.
— Ўқишларингиз яхшими?
— Раҳмат.
— Сизни чизган суратларингизни кўрдим. Менга ёқди. Шу боис шогирдим бўлсангиз деб чақиртиргандим. Йигит устозини жимгина тинглади. Унинг бесас ўтирганини кўриб домла сўради:
— Қаерда турибсиз?
— Ижарада.
— Соҳибжон сизга бир таклифим бор. Келинг, бизникига кўчиб ўтинг. Бирга яшаймиз, бирга ишлаймиз. Уйда ийманадиган ҳеч ким йўқ. Келинойингиз ва ёлғиз қизим бор.
Соҳибжоннинг сўз айтишга тили лол эди. Шуҳрат Солиҳов талабасидан жавоб бўлавермагач сукут аломати ризо деб тушунди. — Юкларингизга машина юборайми?
— Йўқ. Ўзим...
— Унда кечқурун сизни уйда кутаман.
— Албатта.
— Хайр.
Кун шомга яқинлашганда амаллаб домланинг уйини топди. Эшик қўнғироғи чалинди. Дарвозани домланинг хотини Роҳила опа очиб, самимий кутиб олди. Қизи ҳам боғоят мафтункор, худди арман қизларидек кўзлари қувлик билан боқувчи, яноқлари сержило бўлиб — исми Нигина эди.
Соҳибжон тўртинчи босқичда давлат имтиҳонлари ўтаётган маҳал Шуҳрат Солиҳовнинг саъи-ҳаракатлари билан грант асосида Соҳибжон Францияга бир ойлик малака оширувчи ўқишга жўнатилди. Йигит ўзга юрт ҳавосидан баҳра оларкан ватанини, ота-онасини айниқса Нигинани бениҳоя соғинди. Юртига қайтадиган куни ҳаммага совға олди. Нигинага эса алоҳида энг яхши, энг қимматбаҳосини...
Аэропортдан тўғри Шуҳрат Солиҳовнинг уйига келган йигит эртаси куни Самарқандга ота-онасининг бағрига шошилди.
Оилавий суҳбат асносида йигит онасига Нигинада кўнгли борлигини эътироф этди. Онаси Соҳибжонга деди:
— Нигина домлангни ёлғиз қизи бўлса, узоққа қиз бермас-ов.
— Ойи, сиз бориб кўринг. Биламан, Нигинанинг ҳам менда кўнгли бор.
Шундай қилиб совчилик кўнгилдагидек ўтиб, ҳар икки томон келишиб тўй қилинди. Шуҳрат Солиҳов куёвига машина совға қилди. Сўнг Соҳибжоннинг топган-тутганларига дадаси ҳамда қайнотаси кўмаклашиб уй олиб берди. Орадан ўтаётган фурсат оилани бахт дарахтига махкамроқ ва мустаҳкамроқ боғлади. Нигина ўғил кўрди.
Вақт тўфондек учади. Ана шу тўфон Роҳила опани дардга чалинтириб кетди. Тез-тез соғлиги ёмонлашадиган бўлди.
Одатий кунларнинг бирида Соҳибжон ишдан қайтаркан, рафиқаси қўнғироқ қилиб онасининг ҳолидан хабар олиб келишини сўради. У ашинасини қайнотасининг ҳовлиси томон бурди. Манзилга етиб келганида дарвоза қия очиқ эди. Ичкари одимларкан уйнинг пешайвонида қайнонасининг ухлаб ётганига кўзи тушди. Олдига бориб ўтирди. Пича вақт ўтиб одам нафасидан уйғонган аёл шошиб ўрнидан турди. Лаҳзалик шошилиш вақтида қўлида қучоқлаб уйқуга кетган сурат пастга тушиб кетганини сезмади. Ҳол-аҳвол сўралиб, Соҳибжон ердаги расмни қўлига олиб деди:
— Ҳали келсам қўлингизда экан. Пастга тушиб кетди. Қайнонасига узатишдан олдин суратга кўз югиртирди. Қўлидаги расм уйидаги сурат билан бир хил эди. Ортидаги ёзув ҳам ўша — «Бекзоджон уч ойлик». Кейин қайнонасини сўроққа тутди:
— Бу кимнинг ёшлиги?
— Ўғлим, дардманлигимнинг давоси шу суратда!
Соҳибжоннинг юраги музлаб кетди. Ахир онаси Латофат опа расмни кўрсатиб «Ўғлим бу сенсан» демаганмиди! «Нега Бекзод деб ёзилган» деб сўраганида «Дадангга кўпроқ Соҳибжон исми ёқарди, шунинг учун ўзгартирганмиз» деганди-ку. Йигит узоқ хаёл сурди, кейин майингина шивирлади:
— Тушунмадим. Бу суратнинг сизга нима алоқаси бор?
— Ўғлим, орадан шунча йиллар ўтди. Бошимиздан ўтган воқеаларни ҳеч кимга айтмадик. Нигина ҳам билмайди. Сабр билан эшитсангиз сизга кўнглимни ёрай. Зора енгил тортсам! Соҳибжон «эшитаман» дегандек бош чайқади.
— Домлангиз билан институтда бирга ўқирдик. Бир-биримизни ёқтирардик. У кишига жуда ишонардим. Ана шундай кучли ишонч билан баъзида у кишининг ижара уйида тунаб қолардим. Кунларнинг бирида ҳомиладор эканлигимни билиб қолдим. Мен тўй қиламиз дедим. Уйига қўнғироқ қилган экан отаси «Бу йил уйлантира олмаймиз» дебди. Бу гапдан кейин Шуҳрат ака бошқа ижара уй топди. Бирга яшай бошладик. Курсдошларимиз ҳам сезмади. Кўзим ёришига яқин қолган ойларда дарсларга қатнамадим. Фарзандимиз туғилди — Бекзоджон. У уч ойлик бўлганда раҳматли қайнотам қўнғироқ қилиб «Ўша самарқандлик қизга уйланасанми» дебди.
Тўй кунига икки кун қолганда болани нима қилишни ўйлаб қолдик. Шуҳрат ака «Меҳрибонлик уйи»га топширамиз, тўйдан кейин келиб қайтариб оламиз деди. Мен аҳмоқ кўнмадим. Уйга олиб кетаман, ойимга бераман деб туриб олдим. Кечги поеъздга чипта олиб йўлга тушдим. Самарқанд вокзалига тушганимда вақт ярим тундан оғиб, тонг отишига икки-уч соатлар қолган эди. Вокзалнинг ёнгинасидаги бозорчани кўриб ўйланиб қолдим. Бекзоджонни уйга олиб борсам ота-онам нима дейди. Акаларим нақ ўлдириб қўя қолар. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла — кўй дегандек... Бир қарорга келдим: Болани бозор девори ёнида қолдираман. Сал туриб одамлар ғимирлаб қолишади. Бирор яхши инсон чиқиб олиб кетар дедим-у ўйлаганимни амалга оширишга киришдим. Болани йўргаклаб, орасига мана шу суратнинг иккинчисини жойладим, — дея Роҳила опа расмга турмилиб йиғлаб юборди. Соҳибжоннинг аҳволи уникидан бир оз тузук эди, холос. — Болани девор ёнига қўйиб ўзим нарироқда пойлаб турдим. Кимдир ўша томонга юрди. Болани кўриб қўлига олди. Кейин уни кўтариб чироқ нурларидан ўтди-ю қоронғуликка сингиб кетди. Юзини кўролмадим. Лекин эгнидаги кийим милиция формаси эканлигини пайқадим. Домлангиз билан тошкентга қайтганимиздан кейин у киши мендан анчагача хафа бўлиб юрди. Лекин ғишт қолипдан кўчган, ўн жойимни ўймайин бефойда...
Соҳибжон бошқа тинглолмади. Унинг бошини ўзининг ўй-хаёллари чулғаб олди. Роҳила опанинг ўғлини бошқа кўрмагани, умрининг охирида лоақал бир марта дийдорлашгиси келаётгани ҳақида айтганлари умуман аҳамиятсиздек туюлди.
У онасининг «суратдаги чақалоқ сенсан» деганидан тортиб, қайнонасининг «эгнида милиция формаси бор эди» деган сўзларини кўнглидаги шубҳа билан бир келмаслигини чин дилдан истарди.
— Роҳила опа ташлаб кетган гўдак менман. Менинг отам офицер, демак мен бу аёлнинг ўғлиман. Унинг хаёллари қатъий ҳукм чиқарди. Бутун оламга изтиробли боқди кўзлари. Куёвининг аҳволини кўрган қайнона айтганларимдан кучли таъсирланди деб чой қуйиб узатди. Соҳибжон эса ўрнидан турди-да машинасига ўтириб жўнаб кетди.
Уйдаги сандиқларни титкиларкан ниҳоят излаганини топди. Расмга тикилиб қўшни хонада гурунглашиб ўтирган ота-онасидан сўради:
— Ойи, дада суратдаги болакай менман-а?
— Ҳа, — деди улар баравар. — Ҳа-да, ким ҳам бўларди, — такрорлади отаси. Йигит уларни бошқа безовта қилмади.
Тун. Ҳаммалари уйқуга ётаркан, ота-онасининг суҳбати бехос қулоғига чалинди. Онаси зорланди:
— Дадаси, неча марта айтдим зорманда суратни йўқотайлик деб. Ана, ўғлим ниманидир сезган... Бир умр ота-онаси келиб олиб кетишидан чўчиб яшадим.
— Қўй, онаси, ҳеч нарса бўлгани йўқ-ку. Уни ҳеч ким олиб кетмайди. Шунчаки сўради-да. Соҳибжонни биз катта қилдик. Вояга етказдик. У бизнинг ўғлимиз, бировга бериб қўймаймиз. Ўша тунни яхши эслайман. Вокзал ёнидаги бозорча олдидан топгандим уни. Кимлардир боладан безор бўлганда, биз тирноққа зор эдик. Уни ҳеч кимга бермаймиз, ҳеч кимга, — ҳар сўзини дона-дона қилиб гапирарди Шерзод ака хотинига.
Энди Соҳибжонда ҳеч қандай шубҳа қолмади. Шерзод Тўраев ва Латофат опа уни асраб олган ота-онаси, Шуҳрат Солиҳов ҳамда Роҳила опалар туққан аммо воз кечган ота-онаси эканлигига у амин бўлди. Соҳибжон ҳозир бу нарсалар ҳақида ўйламасди. Унинг қалбини бундан минг чандон ортиқроқ ғам кемирарди.
— Наҳот Нигина менга сингил... Наҳот ўз синглим билан... Бу савол бир неча кунда уни адо қилаёзди. Кимдан қандай қилиб, нимани сўрашни билмади.
Бироқ ўша кундан бошлаб Соҳибжон ҳеч кимга чурқ этмасдан Францияга ҳужжат тўғрилай бошлади. Ва тез муддатда оиласи билан жўнаб кетди. Унинг бу ишига ҳамма ҳайрон эди. Эрининг уйига қўнғироқ қилишга ҳам рухсат бермагани Нигинани қаттиқ ранжитди.
Соҳибжон аёлига яқинлашмай қўйди. Аламини ишдан олди. Сўнг миясига келган фикрни амалга оширишга киришди. У тақдири ҳақида китоб ёза бошлади.
Азоб ва изтиробларга, жавобсиз саволларга тўлиб бир неча ой ўтди.
Ёзганлари «Хазонларда қолган кунларим» номи билан нашрдан чиқди. Соҳибжон китобга ўзининг ҳаётини туширди. Ўша хазонли тунда ташлаб кетилганидан тортиб, бугунги кунигача ёзди.
Йигит китобнинг илк нусхасига уч ойлик Бекзоднинг суратини солиб ота-онаси, қайнота-қайнонасига юборди. Шерзод ака билан Латофат опа тушунмади. Бироқ домла билан Роҳила опа ҳангу-манг эди. Китобни олган кундан домланинг аёли тўшакка михланди.
Шуҳрат ака куёви билан қизига телеграмма жўнатди.
Улар етиб келишганида Роҳила опа сўнгги нафасларини олаётганди. Аёл Соҳибжонни ёнига чорлади, нафаси бўғзига тиқилиб базўр пичирлади:
— Мени кечир ўғлим!
Онасини сўнгги йўлга кузатаркан, Соҳибжон куюниб йиғлади. Бу куюнчакликни ҳамма ўзича мушоҳада қилди, ўзича тушунди. Қабр бошидан қайтганларида домла Соҳибжонга уйдаги сандиқдан пул олиб чиқишни буюрди. Йигит сандиқни очди. Бир четида турган қутичани кўрди. Қўлига олиб қопқоғини кўтарди. Қутичанинг ичида уюм хатлар бор эди. Энди қутичанинг оғзини ёпишга шайланган эди, бир мактубнинг устидаги ёзув эътиборини тортди. Афтидан у яқиндагина келганди. Хатни очиб ўқиди:
—... 01 — сонли «Меҳрибонлик уйи» маъмуриятидан... Шуҳрат Солиҳовга.
Йигит қайнотасининг «меҳрибонлик уйи» билан қандай боғлиқлиги борлигига қизиқиб номага кўз югиртирди:
—... Сизлар шарифингизга расмийлаштириб, фарзандликка олган Нигина Солиҳовага яхши тарбия берганларингиз учун ташаккур билдирамиз...
Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 12:31 | Сообщение # 15
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
ГУЛБАРГДАГИ БИТИК
(Ҳикоя)


Кун чошгоҳга борганда нарсаларимни йиғиштирдим. Хонадошларим ҳайрон. Қашқадарёлик отахон мийиғида кулиб, менга юзланди:
— Болам, тайёргарлигингиз катта-ку!
— Эртага жавоб беришади. Дўхтир билан гаплашдим, — дедим теримга сиғмай.
— Иби, укажон, эртага кетсангиз, кўч-кўронингизни бугун йиғопсизми? — деди ажабланиб учинчи каравотда ётган лўли амаки. — Хай, майлий, бизам тузалиб қолсак кетармиз-да.
Ҳалиги бобой унга далда берди:
— Тузалиб кетасиз, сиқилманг, иним.
Шаҳар шифохонасининг асаб касалликлари бўлимида муолажа олаётганимга ҳам тўққиз кун бўлди.
Хонада сиқилиб кетдим. Йўлак бўйлаб умумий дам олиш хонасига бордим. У ерда ўзим тенги Шоҳиста деразадан пастга қараб хаёл сурарди.
— Халал бермайманми? — дея сўрадим эҳтиёткорлик билан.
— Йўқ, ўзи зерикиб ўтиргандим, — деди у илтифот билан жой кўрсатиб.
Шоҳиста узун бўйли, буғдой ранг, бармоқлари ингичка, қош-кўзлари тим қора, сочи товонигача тушиб келган, дуркун, бироқ бемор қиз.
У билан шифохонага бир кунда келганмиз. Мен аввал ҳам шу касалхонада, шу бўлимда даволангандим. Шифокорлар қўйган ташхисларга кўра, қон босимим бироз баланд, озгина асабийман. Ўзимга ўзимнинг қўйган ташхисим ўзгармас: соппа-соғман.
Лекин Шоҳиста дардман кўринади, буни чеҳраси айтиб турибди.
Ўша куни мен “тоға” деб мурожаат қиладиган, дардимни енгиллатадиган докторнинг қабулида ўтирганимда, хонада Шоҳиста ҳам бор эди (у пайти исмини билмасдим). Шифокор менга қариндош эмасди-ю, шу ҳар олти ойда ўн-ўн беш кун дардингга шерик бўлса, қадрдон ва қондошдай бўлиб кетаркан.
Қабулхонадан кириладиган тоғанинг хонаси эшиги қия очиқ эди. Ичкаридан шифокор билан бир аёлнинг гаплари эшитилиб турарди.
— Яқинда тўй қилишимиз керак. Иложи бўлса, тезроқ даволанг. Қанча десангиз бераман, — деди аёл.
— Қўлимиздан келганини қиламиз, опа. Ётқизинг, даволаймиз. Шифосини худо беради, биз сабабчи бўламиз, холос, — деди доктор.
Қизнинг онаси:
— Рози қиламан деяпман-ку, ука.
Шифокорнинг жаҳли чиқди:
— Аллоҳни рози қилинг. Айтяпман-ку, аввало худо. Насиб қилса, соғайиб кетади...
Хуллас, аёл қизини палатага ётқизди. Ўша куни қиз кўзимга асабий, телбанамо кўринганди.
Мана, у билан танишиб, гаплаша бошлаганимизга ҳам бир ҳафтача бўлди. Шоҳиста билан худди бир-биримизни илгаридан биладигандек, иноқлашиб қолдик. Осма укол қўйишса, соатлаб шифтга термилиб ётганимда, у палатамга келиб, жағи тинмай гап берарди. Ёнимдаги отахон: “Бу қизнинг отаси гапдонмикан ёки онасими?” дерди энсаси қотиб.
Шоҳиста билан гоҳида шифохонадан ким олдин кетиши ҳақида тортишиб қолардик.
— Мен аввал кетаман, — дерди у.
У кулганда мен ўзимни тетик ҳис қилардим. Хафа кўрсам, кайфиятим бузиларди.
Бугун рўпарамда ўтириб, табассум қилишга уринаяпти-ю, бироқ кўзлари мунгли. Минг истиҳола билан сўрадим:
— Хафа кўринасиз. Тинчликми?
Қизни ранжитиб қўйишдан чўчиб, тилимни тийиб, жавобини кутдим.
— Ким аввал кетади, деб баҳслашсак, жим турардингиз. Бежиз индамасдан қўрқ, дейишмаган-да. Эртага ўн кун бўлади, кетсангиз керак, — деди у кўзини олиб қочиб, ғамгин оҳангда. — Дўстим кетиб, ёлғиз қоларканман-да, деб сиқиляпман.
— Нега унақа дейсиз? Эртага сизгаям жавоб беришади. Бу ерда ўн кундан кўп ётқизишмайди.
У хўрсинди:
— Ҳали яна беш-олти кун ётарканман. Анализларим яхши чиқмабди.
Иккимиз ҳам жим бўлиб қолдик. Бироздан кейин туйқус миямга келган фикрдан, рости, ёш боладай қувониб, сўрадим:
— Шеър айтиб берайми?
У менга ялт этиб қаради. Унинг кўзларидан “Жиннимисиз?” деган маънони уқдим. Дабдурустдан айтган гапимдан ўнғайсизландим. Кейин у “майли” дегандек бош ирғаб жилмайди.
Мен шеър ўқидим. У қарсак чалди. Кайфиятимиз кўтарилди. Бундан хурсанд бўлдим. Шоҳиста менга тикилиб қолди. Сўнг пичирлаб, ҳазин оҳангда деди:
— У ҳам сизга ўхшасайди...
Дарҳол “Ким?” деб сўрадим. У жавоб берди: “Дугонамнинг йигити”.
Пичадан кейин: “Дугонам ҳақида гапириб берсам, газетага ёзасизми?” деб сўради (танишган чоғимизда газеталарга у-бу ёзиб туришимни айтгандим). Елка қисдим. У бўлса, диванга ўрнашиб олиб, ҳикоясини бошлади.
* * *
— Дугонам Журъат билан етти йил муқаддам — ўқишга кириш учун туман марказидаги репетиторга қатнаб юрган кезларда танишган. Журъат дугонамдан уч ёш катта. У дугонамни ёқтириб қолиб, кузатишни канда қилмасди. Ваҳоланки, қиз унинг кўнгли ва ўйидан бутунлай бехабар эди.
Иккиси қишлоқнинг икки томонида туриб, бир-бирларини танишса ҳам, ҳеч ҳамсуҳбат бўлишмаган.
Кун сайин қизнинг ўқишга иштиёқи ортса, йигитнинг кўнглида ишқ аланга оларди. Унинг қизга — ҳуснига, ўймоқдай оғзидан ҳавога учаётган сўзларига мафтун бўлиб қарашига дугонамдан бўлак ҳамманинг кўзи тушганди.
Шоҳистанинг гапини бўлдим:
— Кечирасиз-у, дугонангизнинг исми борми? Ҳаммасини чалкаштириб юборяпман.
— Ҳа, уними? Исми... исми Шоҳсанам.
— Жуда яхши. Шоҳсанам ва Шоҳиста...
У ҳикоясини келган жойидан улаб кетди:
— Бир куни Шоҳсанам дарсдан чиқиб, уйига йўл олганда, дугоналари ортидан қиқирлаб кулишди. Қиз ҳайрон бўлиб, ҳамроҳларига қаради. Кейин лом-мим демай, йўлида давом этди. Сал туриб ҳалиги қизлардан бири: “Вой, у ортимиздан келяпти”, деди шошиб. Қизлар бараварига бурилиб, орқага қарашди. Ҳеч ким йўқ.
— Ҳазилниям қойиллатасан-да, — деди қизлардан бири.
— Ҳазили йўқ, ана, йўл четидан секин келаётган машинада. Бу унинг машинаси.
Ҳақиқатан ҳам, йигит машинасини секин, қизлар билан баравар ҳайдаб келарди.
Дугоналарининг гапидан кейин Шоҳсанам йигитга эътибор қила бошлади. Қизларнинг гапи рост чиқиб, Шоҳсанам машинали йигитга рўбарў келаверди. Дарсда-ку, кўз узмай қарашлари қизни хижолатга қўярди.
Ўша куни қиз дарсдан атай эрта чиқди. Мақсади йигит билан узил-кесил гаплашиб олиш. Ортидан, албатта, Журъат ҳам чиқишини у биларди. Кутилганидек бўлди. Йўлакдан келаётган қизнинг йўлидан таниш йигит чиқди.
— Нега йўлимни тўсяпсиз? — сўради қиз овози титраб.
Йигитнинг гапи қатъий янгради:
— Машинага ўтир, сенда гапим бор!
Шоҳсанам эсанкираб қолди. Шу пайт Журъат уни чалғитиб:
— Анави қизлар дугоналаринг эмасми? — деб сўради.
Шоҳсанам орқасига ўгирилди. Қизлар чамаси бир соат ўтиб чиқиши керак эди. У Журъат билан шунча пайтдан бери гаплашиб, тортишиб турибдими? Нима фарқи бор, гаплашадими, тортишадими, кўрганлар, барибир, уларни бирга деб ўйлайди.
— Ўлдим, ҳозир бизни кўришса, балога қоламан, — деди Шоҳсанам.
Бу вазият йигитга мойдай ёқиб тушди. Ўзи рулга ўтириб, қизга ишора қилди:
— Ўтир!
Улов жойидан қўзғалиб, беш дақиқача юргач, парк олдида тўхтади. Шоҳсанам ақлини йиғиб, атрофга аланглади.
— Мени нега бу ерга олиб келдингиз? Ҳозироқ орқага қайтаринг, бўлмаса бақираман, — деди баланд товушда.
Кўзлари нимадандир хавфсирагандай, ҳар томонга жавдирарди.
Журъат Шоҳсанамни қишлоқнинг бош бекатига элтиб қўйди ва уловдан тушаётган қизга мулойим товушда деди:
— Кўришгунча!..
* * *
Дарсдан сўнг хонада ўтирган уч-тўрт қиз қўшимча машғулотлар билан банд эди. Ёнида дугонаси Шоҳсанамга бир дона гулбарг узатди. Чўғдек ёниб, хушбўй ҳид таратаётган гулбаргни қўлига оларкан, қиз унга қаради. У нарироқда ўтирган Журъатга ишора қилди. Қиз ундаги ёзувни ўқиди: “Кимдан қўрқаяпсан?” Қиз гулбаргнинг орқа томонига жавоб ёзди: “Ҳеч кимдан”. Кейин иккинчи гулбарг келди: “Сен гапдан қўрқасан”. Қиз яна жавоб ёзди: “Унда ростини сиз айтинг!” Йигитнинг учинчи гулбаргида “Одамлар рост гапдан қўрқади!” деган жумла бор эди. Қиз: “Бу жавоб эмас”, деб ёзди. Бошқа гулбаргда “Сени тушимда кўрдим”, деган битик келди. Ўша куни Шоҳсанамдаги олтинчи гулбаргга шундай сўзлар ёзилганди: “Гулбаргим етти дона. Охиргисини пайти келса бераман. Мени севсанг, буларни асра!” Қиз ҳам жавоб йўллади: “Сиз ҳам асранг. Еттинчисини кутаман!”
Журъат индамаслиги билан “Сени севаман!” демасдан, Шоҳсанамни ўзига мафтун қилди. Қиз ундан дил изҳорини узоқ кутди, аммо Журъат ҳамон зарур гапни айтмасди.
Орадан бир йил ўтди. Шоҳсанам талаба бўлди. Журъат кириш имтиҳонларидан ўтолмади. Ошиқ-маъшуқлар энди телефон орқали гаплашишар, йигит ўзининг ўқимаётганини писанда қилиб, Шоҳсанамни ялло қилиб юрибди, деб ҳар хил баҳона билан жанжал чиқарарди.
Бу орада қиз яшайдиган уйнинг бўсағасини супурувчилар кўпайиб қолди.
Шоҳсанам совчилар ҳақида хабар берадиган онасига:
— Журъат акам совчи юбораркан, — дерди қисқа қилиб.
Шоҳсанамнинг рад жавоблари ота-онанинг ғашига тегди. Онаси қўнғироқ қилиб, Журъат тезда совчи юбормаса, отаси совчиларга розилик бериб юборишини айтди. Шоҳсанам Журъатга учрашиб, вазиятни тушунтирмоқчи бўлганди, йигитдан:
— Эрга тегиб кетавер. Ҳозир тўй қилишга ҳолимиз йўқ. Бунинг устига, шу йил ўқишга киришим керак, — деган гапни эшитди.
Шоҳсанамни фотиҳа қилишди.
Шундан буён унинг ичига чироқ ёқса ёришмайди. Журъат билан ярим йилча гаплашмади.
Сентябрдан Журъат ҳам талаба бўлиб, ўқишга борди. Энди у Шоҳсанам билан бир ётоқхонада турар, бироқ юзма-юз келиб қолишганда, лом-мим дейишмасди.
Қизнинг ота-онаси тўй тадориги билан овора. Ўзи эса бўлажак куёв билан икки-уч марта гаплашди, холос. Аммо куёвга кўнгли иймади.
Қиш кунларининг бирида телефони жиринглади. Шоҳсанам экрандаги рақамни кўриб, ҳанг-манг бўлиб қолди. Яшил тугмачани босди. Нариги томондан илтижоли товуш эшитилди:
— Ҳалиям мени яхши кўрасанми?
Шоҳсанамнинг кўзларига ёш қалқди. Айни дамда Журъатнинг қайтиши қандайин балоларни келтириб чиқариши унинг хаёлига ҳам келмасди.
— Сени ҳеч кимга бериб қўймайман! Сенга уйланаман! — деди йигит қизни боши берк кўчага бошлаётганини ўйлаб ўтирмай.
Эртаси куни улар учрашишди. Журъат қизникига борадиган, Шоҳсанам тўйни қайтарадиган бўлди.
Журъат ота-онасига шарт қўйди: “Уйлансам, фақат Шоҳсанамга уйланаман. Йўқса, тоқ ўтаман”. Улар Шоҳсанамнинг уйига совчиликка боришди.
Шоҳсанамнинг отаси ўйлаб ўтирмай, рад жавоб бериб юборди:
— Мен лафз қилганман.
Журъат ўйлай-ўйлай, “Бўлажак куёв билан гаплашиш керак!” деган қарорга келди.
Бўлажак куёвнинг ёши Журъатдан каттароқ, ўзи вазмин, сермулоҳаза экан. Севишганларнинг гапини жим туриб тинглагач, ўйлаб туриб жавоб қилди:
— Шоҳсанамнинг ўтмиши-ю, фикри мени қизиқтирмайди. Катталар нима деса, шу. Тўй қайтарилмайди. Сизлар севгингизни ўйлаяпсиз. Менинг шаънимни, оилам обрўйини ким ўйлайди? Умрбод “Бунинг фотиҳали қизи тўйини қайтарган”, деган иснод билан яшашни истамайман. Сизларга тўғриликча тушунтирдим. Ўйлаб иш қилинглар, йўқса, кўпчилик жабр кўради.
Сўнг секин, одоб билан Журъатни четга тортиб уқтирди:
— Оғайни, тинч ҳаётимни бузишга уринма. Ундан узоқроқ юр. Агар ўртамизда чувалашаверсанг, қаттиқ хафа қиламан.
Журъатнинг ҳам, Шоҳсанамнинг ҳам уринишлари зое кетди. Қуда томон роса тўполон кўтарди. Бўлаётган воқеаларни эшитиб, Шоҳсанамнинг бувиси қарор чиқарди: “Шоҳсанам фақат Журъатга тегади!”
Оқибатда фотиҳа бузилди. Кеч бўлса ҳам отини қамчилаган Журъат мақсадига эришди: унаштирув маросими бўлиб ўтди.
Мана, нон синдирилганига ҳам қарийб бир йилдан ошди. Лекин фотиҳа тўйи ўтганидан бери Журъат ўзгариб қолган, Шоҳсанамнинг босган қадамини ўлчайди, арзимас хатоси учун ҳам ҳафталаб танбеҳ беради, сўкади.
— Дугонам шўрлик дардга чалиниб қолди, — деди Шоҳиста ҳикояси ниҳоялаётганини билдириш учун менга маъноли қараб.
— Нега? — дея сўрадим.
— Бундан уч ойлар илгари Журъат ва Шоҳсанам учрашувга чиқишганди. Журъат уни ярим соатлар тергов қилгач, бехосдан юзига тарсаки тортиб юборди. Йигитдан ранжиган қиз машина йўлидан ўтаётганда, ҳалокатга учради. Докторлар “Боши қаттиқ шикастланган”, деб ташхис қўйишибди. Бироз асабий, хаёлпараст бўлиб қолди. Ҳозир даволаняпти, яқинда бирор янгилик бўлиб қолади, — деди Шоҳиста гапим тамом, дегандек менга термиларкан. — Лекин айни дақиқаларда ундан бахтли одам йўқ, — дея қўшиб қўйди.
Мен бир неча сония олдин берган саволимни такрорладим:
— Нега?
— Ҳали етти дона гулбарг ҳақида айтдим-ку. Журъат ўшанда Шоҳсанамга олти дона гулбарг берганди. Бугун еттинчисини юборибди, — деди Шоҳиста юзида табассум билан.
Орага жимлик чўкди. Мен эшитганларимни хаёлан таҳлил қилдим. Шоҳиста эса деразадан пастга қараб турарди.
Шу пайт ҳамшира укол олишимни эслатди ва мен палатамга кирдим. Хаёлим паришон. Буни хонадошларим сезибди, шекилли, кечки овқат пайтида отахон ҳазиллашиб:
— Болам, қиз ўртоғингдан айрилгинг келмаяптими, дейман-да, — деди кулимсираб.
Лўли ака ҳам:
— Ука мулло, севги деганларий бемаза бўладий, занғар, — дея тегишиб қўйди. Кейин отахонга қараб: — Бача бечораний аҳволий ямон. Кетмасун, — деди илжайиб.
Эрта тонгда туриб, палатадагилар билан хайрлашиб, залга чиқдим. Хаёлимда Шоҳиста айтиб берган ҳикоя чарх урарди.
Аммо отахоннинг айтганича бор — Шоҳистани ташлаб кетгим келмасди. Унга шу қадар ўрганиб қолибманки, бир неча дақиқадан кейин бутунлай кетишимни, у билан қайта кўришмаслигимни ўйлаб, юрагим орқага тортиб кетди. Кўнглимнинг ярми Шоҳиста билан касалхонада қолаётгандек туюларди.
Доктор билан қучоқлашиб хайрлашдим. Сумкамни қўлтиқлаб, зал бўйлаб бораяпман. Шоҳиста ётган палатанинг эшигини тақиллатиб, ичкарига бош суқдим. Шоҳиста ўрнидан туриб, қаршимга келди. Иккимиз бир-биримизга қараб жилмайдик. Зина томонга икки қадам ташладим-у, беихтиёр Шоҳистага юзландим:
— Кечирасиз, бир нарса сўрасам, майлими?
У ажабланиб, бош ирғади.
Мен дедим:
— Ҳикояни миридан-сиригача айтиб бердингиз. Энг майда нарсалар ҳам эътиборингиздан четда қолмабди. Шуни дугонангиз айтиб берганми?
Шоҳиста кўзларини олиб қочди. Кейин кўрсаткич бармоғи билан “бир дақиқа” ишорасини қилиб, палатага кириб, зум ўтмай, қўлида ён дафтар билан чиқди. Дафтарни қўлимга олаётиб, Шоҳсанамнинг кундалиги бўлса керак, деб ўйладим. Бироқ...
Бироқ уни варақлашим билан елимланган, нами қочиб, қуриб қолган олти дона гулбаргга кўзим тушди. Унинг орқа-олдини кўриб, ёзувларни товуш чиқариб ўқий бошладим:
— “Кимдан қўрқяпсан?”, “Ҳеч кимдан”. “Сен гапдан қўрқасан”, “Унда ростини сиз айтинг!”, “Одамлар рост гапдан қўрқишади”, “Бу жавоб эмас”, “Сени тушимда кўрдим”, “Гулбаргим етти дона. Охиргисини пайти келса бераман. Мени севсанг, буларни асра!”, “Сиз ҳам асранг. Еттинчисини кутаман!”
Ҳаммасини тушундим. Аммо дафтар қатидаги гулбарглар олтита эди. Шоҳистага қарадим:
— Еттинчиси...
У кундаликни қўлимдан олиб, икки энлик қоғоз узатди ва қаттиқ тайинлади:
— Етти кундан кейин кетаман. Илтимос, хатни мен кетгандан сўнг ўқинг. Еттинчи гулбаргнинг сирини шунда биласиз. Кўришгунча хайр!..
У палатага кириб кетди.
Уйга келдим. Қўлим ишга бормайди. Куну тун Шоҳистанинг ўйи билан бандман. Уни жуда соғиндим. Боз устига, еттинчи гулбарг хаёлимдан кетмайди.
Шифохонадан чиққанимга ҳам беш кун бўлди. Сабрим чидамай, хатни очишга қарор қилдим. Очдим. Қоғоз қалин, икки қават қилиб елимланган. Ёзувларни ўқий бошладим:
“Сизга ҳикоямни айтган кунимдан бери жуда хурсанд. У еттинчи гулбаргни олди дегандим-а? Ҳа, ҳақиқатан, еттинчисини олганим рост. Лекин у гулбарг эмас. Журъат курсдошидан хат бериб юборибди. Хатида “Еттинчи гулбаргни ҳеч қачон юборолмайман, кутма”, дебди. Одатда, бу кўргилик учун қаттиқ хафа бўлишим керак. Негаки, иккинчи марта тўйим қайтди. Майли, бу мен ва мен орқали оиламга тааллуқли кўргилик, ҳаётнинг ўйини. Мен шунча пайт ардоқлаб келган киши қадримга етмади. Лекин хафамасман. Чунки бировдан ранжиган инсон, ўзини севувчи ўзга бир кишига кўнгил қўйишга қодир. Нима дедингиз?..”
Кейин елимни кўчириб, мактубнинг орасини очдим. Кўзларим оловдек қизил гулбаргга тушди. Қўлларим титраб, гулбаргни ушлаб, ёзувига кўз югиртирдим: “Сизни севишим мумкинлигидан мамнунман”.
Бошимдан сув қуйилгандек бўлди. Хурсанд бўлайми, хафа бўлайми, билолмасдим. Шошиб гулбаргнинг орқа томонига қарадим. У ерга бир жумла ёзилганди: “Сизни севаман!”
Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 12:32 | Сообщение # 16
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
ТАҚДИР ЎЙИНЛАРИ
(Ҳикоя)


Наргиза барча бўй етган қизлар каби кундузлари уй юмушлари билан банд, тунлари ширин хаёллар оғушида бўларди. Мабодо бирор важдан қишлоқ кўчаларини сайр этса, синфдош йигитлардан тортиб, ҳамқишлоқ йигитларгача зимдан назар ташлар, улар орасидан ўз шаҳзодасини изларди.
Кунларнинг бирида қишлоқдош дугонасининг тўйига борди. Базмдан қайтган қиз тўшагига кираркан, яна ишқ орзуларига берилди.
Эртаси куни тонгда ўчоқ бошида одатий юмушлар ила банд қизнинг қўл телефони жиринглади. «Дугоналарим бўлса керак», деган ўйда эринибгина чўнтагидан аппаратни олиб мониторига кўз ташлади. СМС келган экан. Очиб ўқиди. Унда шундай жумлалар бор эди: «Сизни яхши кўраман».
Наргиза бундай хабарларни, сўзларни телефон орқали кўп ўқиган, эшитган. Шу боис, бу ҳақида узоқ ўйлаб ўтирмади.
Эртасига яна худди ўша пайтда телефони садо чиқарди. Очиб ўқиди: «Сизни яхши кўраман». Кейин яна ва яна...
Ўтли муҳаббатга ташна қалб бир хил СМС хабарини бир неча ҳафта қайта-қайта олавергандан сўнг ўйга чўмди. «Ким у нотаниш рақам эгаси? Нега менга бундай хабар юборяпти?»...
Наргиза дугоналари билан учрашганда улардан «бирор йигитга менинг рақамимни бермадиларингми» деб сўради. Барчаси бирдек «йўқ» деб жавоб берди. «Ким у? Нега айнан менга?.. Қачон?.. Қаерда?..» кўнгил уммонидан томчилар каби саволлар қўйилди. Қизнинг сабри чидамади. Икки ой нари бери ўтган муддатда ҳар тонг бир вақт соат 700да «Сизни яхши кўраман» сўзини тинимсиз, бир кунгина бўлса-да канда қилмасдан юбориш... Наргиза ўзича ўйлади. «Демак чиндан яхши кўради! Демак мени яхши танийди, демак мени кузатган! Ҳа, ишончим комил У мени...»
Қиз энди ҳар тонг сирли йигитнинг хабарини кутарди. Баъзида ўзича ғурурли бўлиб: «Менга нима? Уни танимасам, нега унинг хабарларини кутишим керак» дерди. Шундай дерди-ю лекин узункун унинг, мавҳум рақам эгасини ўйларди. Холбуки, қисқагина уч чўздан иборат «Сизни яхши кўраман» мисралари уни тамоман ўзига ошуфта этганди.
Шу зайл орадан ярим йил ўтди. Наргиза ҳамон СМС хабарларини олар, ширин хаёлларга ғарқ бўлиб яшарди. Энди кутишдан кўра нотаниш кимсанинг нега қўнғироқ қилмаётганини ўйларди. Сабри тугаб борар, ҳар замон телефонини қўлига олиб ўзи қўнғироқ қилишга чоғланар, рақамларни терарди-да чақирув тугмасини босишга юраги бетламасди. Алҳол, ўзи қўнғироқ қилса қайта хабар келмай қўйишидан чўчирди.
Одатий кунларнинг бирида қуёш замин узра кўтариларкан яна ўша таниш хабар келди. Наргиза жавоб юборишга аҳд қилди. Ва шундай мисраларни ёзди: Салом. Ҳар тонг сиздан бундай хабар олишдан чарчадим. Кимсиз, сиз билан юзма-юз кўришмоқчиман! Қўнғироқ қилсангиз учрашув жойини келишиб олардик!.. Хайр...
Қиз жавоб кутди. Узоқ кутди. Бироқ, эртасига на ҳар кунги хабар ва на юборган СМСига жавоб келди.
Жума куни эди. Тонгда кутган СМС хабарининг ўрнига тушлик вақти қўнғироқ келди.
— Наргиз, қишлоқ боғчасининг олдида соат саккизда учрашамиз. Хайр, кўришгунча! Қиз бирон сўз дейишга улгурмади. Гўшак қўйилди. Шу лаҳзадан бошлаб у учрашувга ҳозирлик кўрди. Кеч бўлди. Уйдагиларга «дугонамнинг ёнига бориб келаман» деди-ю боғча томон ошиқди. Йигитни кўрган қизнинг ҳаяжондан юраги ҳапқирарди. Қўл олишиб саломлашган қиз ва йигит худди эски танишлардек суҳбатлашди.
— Сени яхши кўраман, — борлиққа сочилиб кетган овоз қизнинг яноқларини қизартирди. Наргиза ерга тикилди. — Совчи юборсам тегасанми?
Ҳар бир сўзни қатъият билан эътироф этаётган йигитнинг исми Азизбек эди. Қиз розилик билдиргандек бош ирғади. Илк учрашувнинг ўзиёқ барча масалани ҳал этган, орадаги муносабатга ойдинлик киритганди.
Азизбек қўшни қишлоқдан эди. Ўзига тўқ оиланинг кенжа фарзанди бўлган йигит анчайин шўх, чўрт кесар бўлиб улғайди. У Наргизани бир неча марта дўстларининг олдига келганда кўрган, телефон рақамини дўсти орқали қизнинг дугонасидан олганди.
Йигитнинг дадаси Султон ака ота касби боғбончилик билан шуғулланарди. Шунинг орқасидан қозон қайнатиб бировдан кам бўлмаганини фарзандларига доимо уқтирди. Шу сабаб болар ҳам ўқишга унчалик қизиқишмади. Катталарини уйли жойли қилган боғбон кенжа ўғлининг бошини икки қилишга интилаётганди.
Улар қизнинг уйига совчи бўлиб келишди. Наргизанинг отаси: Мени боғбонга берадиган қизим йўқ, — деди. Совчилар бошлари хам бўлиб қайтди. Боғбон ўғли учун бир неча марта келди. Сўнгги бор келганларида Султон ака ҳам бир оз қизишди: Аллоҳ сизга ҳамма нарса ато этибди-ю озгина меҳр бермабди, кўз ато этибди-ю, очиқ сўқир қилиб яратибди, — деди. — Ёшларнинг севгисини кўролмаган бундай кўзларнинг баҳридан ўтинг! Қизнинг отаси пинагини бузмади. Терс ўтириб деди: Тенг-тенги билан, энди сизларга рухсат. Меҳмонлар хонадонни тарк этишди.
Қизнинг отаси Собит ака қачонлардир синфдош дўстининг ўғлига Наргизани ушнаштиришни ният қилган экан. Ана шу кун келди. Дўсти ваъдага вафо қилиб ўғлига Наргизани сўради.
— Сен билан қуда бўлишдан мамнунман! — деди Собид ака.
Тез орада тўй бўлди. Келинни олиб кетишаркан қудаси Собит акага гап қотди: — Наргиза бизга келин эмас қиз бўлади.
Дастлабки ҳаёт анчайин яхши кечди. Келинчак қайнона-қайнотасининг паноҳида, куёвнинг ширинсўзлигидан Азизбекни унутгандек бўлди. Куёвнинг исми Икромжон бўлиб бизнес билан шуғулланарди. Аслини олганда олий ўқув юртини архитекторлик дипломи билан якунлаган.
Наргизанинг тўйини эшитган Азизбек ғамга ботди. Суюклисига етишолмагани уни чўктирди. Сўнг онасининг маслаҳати билан бор аламини ўқишдан олди ва Тиббийёт олий ўқув юртига ўқишга кирди. Шундан сўнг у ҳам ўқиш билан чалғиб кетди.
****
Шодлик қучоғида яшаётган келин-куёвнинг биринчи фарзандлари ўғил бўлди. Ундан сўнг кетма-кет икки қиз яна ўғил кўришди. Орадан яшин тезлигида йиллар ўтди. Холбуки бу йиллар Азизбекка Наргизани, Наргизага Азизбекни унутишга изн бермади. Улар инсонни қабрга қўйгандек севгиларини юракларидан қабр очиб дафн этди. Муҳаббатларининг хотираси билан яшади. Бири хабар ёзишни қўмсаса, иккинчиси «Сени яхши кўраман» жумлаларини ич-ичидан соғинарди.
Икромжон бизнес ишига шунчалик шўнғидики, унинг кетидан келаётган даромадни ўйламай совурди. Илло беришни билган Аллоҳ ўзи олишини асло ўйламади. Бахтли кунлари интиҳо топмайдигандек туюларди. Бойлик кишининг кўзини кўр қилади деб бежизга айтишмас экан. Давлат топиб ақл топмаган Икром ичкиликка, маишатпарастликка ружу қўйди. Қиммат ресторан, жонон қизлар ақлу ҳушини ўғирлади. Энди хотини уни қизиқтирмасди. Ҳар куни ичиб келиб, баҳона топиб Наргизани дўппослади. Жувон неча марта ота уйига кетиб қолди. Ҳар сафар «шу охиргиси» дея қасам ичиб олиб келди. Болалар катта бўлиб ақлини таниган, мактабда таҳсил оларди. Улар уйларидаги жанжалдан шу қадар безгандики, оқибатда уйга боргилари келмай, дўстлариникида, бобосиникида ётиб қоладиган одат чиқарди. Наргиза шўрлик бунинг учун ҳам калтакланди. Одатий жанжалларнинг бирида эри Наргизага ташланди:
— Сенинг жазманинг бор. Отанг мажбурлаб менга узатган. Ўйнашинг билан учрашиб турасан, мегажин, фоҳиша
— Аллоҳга солдим. Ким ҳақ ким ноҳақ худо ажр этсин.
— Сен ҳали мени худога солдингми. Худо фоҳишаларнинг қарғишини ижобат қилмайди, билдингми. Ўша куни Наргизани ўласи ҳолатда урди эри. Хотини суллайиб қолганидан сўнг ҳовуридан тушиб аллақаерга чиқиб кетди. Кечаси соат учлар атрофида, жувон болаларини уйғоти6: — Юринглар, бу ерлардан узоққа кетамиз. Болалар онасининг айтганларига итоаткорона бош ирғашди. Наргиза эрига икки энлик хат қолдирди: «Икром ака, болаларни олиб кетаяпман. Мени қидирманг. Барчаси жонимга тегди. Бу хўрликларга ортиқ бардош беролмайман. Бир кунимизни кўрамиз. Болалар катта бўлса ўзлари сизни топар. Аллоҳдан умр тилаб Наргиза».
Тошкент вокзалига келиб тушган Наргиза нима қилишни, қаерга боришни билмади. Фарзандлари ўтирган ҳолатда ухлаб ётганини, бу ерда ҳеч кими йўқлигини ўйлаб қилган ишидан афсусланди. Тонг ёришай деганда ёнидаги ўриндиққа нуроний отахон келиб ўтирди. Кўзлари ёшланган жувонни кўриб раҳми келди шекилли деди: Қизим қаерга кетаяпсан ёки келаяпсан. Кўзларинг ёшли нима бўлди. Аёл аввали индамади, отахон ўзини таништиргач балки ёрдам берар деб бўлган воқеани сўзлади. Узоқ ўйга толган қария уни уйига таклиф қилди. Йўл-йўлакай ёлғиз қизи борлигини, самарқандга узатиб юборганлигини айтди. Ҳозир уйда якка ўзи яшаркан. — Куёвим шифокор, яхши яшашади, — мақтанди отахон. — Кампирим ўн йил олдин қазо қилган, қизим отангдек бил, қанча хоҳласанг турайвер. — деди отахон.
Рўзимат бобо қизига хабар берди. Назира тезда отасиникига келиб Наргиза билан тинишиб кетди. — Отамдан хавотир олардим. Энди илинмайман опам бор экан, — деди хурсандлигини яширолмай.
*****
Йиллар елдек учди. Наргизанинг фарзандлари улғайди. Катта ўғли ва қизи талаба бўлди. Кичиклари коллежда таҳсил оларди. Янги йил арафасида Назира отасини меҳмонга чақирди. Рўзмат бобо Наргиза ҳамда болаларни олиб Самарқандга отланди. Улуғбек шоҳ бекатида меҳмонларни Назиранинг эри Азизбек кутиб олди. Бобо билан саломлашган куёви Наргизага қаради. Ҳайратдан ёқа ушлади иккиси ҳам. Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади. Тақдир деганлари шу бўлса керак, ўйлади улар. Наргиза келганига пушаймон эди. Ўша ондан бошлаб ўзини беҳузур ҳис этди. Уйда меҳмоннавозлик авжига чиқди. Қулай фурсатни пойлаган Азизбек кечги тамаддидан сўнг ташқарига чиққан Наргизанинг ёнига ошиқди.
- Қисмат роса устимиздан кулди-я Наргиз!
— Нимасини айтасиз! Сизни бу ерда кўриш хаёлимга ҳам келмаганди.
— Сени яхши кўрардим!
— Бу гапларни қўйинг! Энди фойдаси йўқ!
— Сенга-ку... майли, ҳеч бўлмаса фарзандларинг учун нимадир қилсам!
— Ёшликдаги гаплар орамизда қолсин. Тағин отанинг ҳам Назиранинг ҳам кўнглига шубҳа ораламасин. Рўзмат бобо бизга кўп яхшилик қилди. Мабодо хабар топса юзи қора бўламан. Сиздан илтимос барчасини унутинг. Сир сирлигича қолсин.
Азизбек хотиралари қаърига шўнғиди. Жувон ўрнидан қўзғалиб ичкарига илдамларкан, йигитнинг дудоқлари билинар-билинмас, эшитилар-эшитилмас пичирлади: Сени яхши кўраман. Сўнг ўзидаг ҳам уч сўздан ҳам нафратланиб кетди. Наргизанинг кўнглига ҳам йиллар халқасини парчалаган, нечоғлик соғинч берган уч сўз келди: Сени яхши кўраман.
Меҳмоннавозликдан тошкентга қайтган Наргизанинг хаёллари паришон эди. Қулоқлари остида Назиранинг «Яқинда пойтахтга кўчамиз. Дадаси ишини ўша ёққа олаяпти» деган сўзлари бонг урарди. Нималарнидир ўйлаб сиқиларди. Бобонинг қизи айтган иш бўлди. Улар тошкентга келди. Қўшни кўчадан уй олди. Модоми бу ҳол, икки хонадон вакилларининг деярли ҳар куни кўришишларига замин яратди. Азизбек катта ўғлига Назиранинг қизини сўради. Собиқ маҳбубасининг ўғлини эса шифохонага ишга олди. Оилалар қариндош бўлаётганидан боғоятда шод.
Одатий кунларнинг бирида Наргизанинг кичик ўғли Лазизжон харид қилиб қайтаётганда бозор дарвозаси ёнида тиланчилик қилаётган дарвешга кўзи тушди. У бир аҳволда эди. Усти юпун. Соч-соқоли ўсган, қўлида дарахт шохидан ясалган оддийгина асо. Ўтган кетганга мунгли кўзларини жавдиратиб, ҳассасига суянган кўйи садақа сўрарди. Йигитча девонага яқинлашди. Кафтлари орасига пул қистирди. У узоқ дуо қилди.
Лазизбек ўша кундан бошлаб дарвеш ҳақида ўйлайдиган бўлди. Унинг ғамдан адо бўлган жуссаси, нур йўқолган нигоҳлари йигитчанинг кўз ўнгида такрор намоён бўларди. Билъакс Лазизбек шундан сўнг ҳам кўп маротаба бозорга тушди. Дарвешни кўрди, садақа чиқарди. Одатий харидга келган бола бозордан чиқишда яна тиланчининг ёнига келди. Пул тутди. У рад этди. Қалтироқ қўллари ила йигитчанинг бошини силади. Хириллоқ овоз билан сўради:
— Отинг нима ўғлим?
— Лазизбек, — жавоб берди бола.
— Отангни исми нима? Дарвеш ҳассасига суяниб четга ўтирди. Лазизбекни ёнига чорлади. Йигитча унинг ёнига ўтираркан сўради: Нега тиланчилик қиласиз? Ишласангиз бўлмайдими?
— Ким учун ишлайман болам? На оиласи на бирор қариндоши йўқ инсонга иш нега керак?
— Ҳеч кимингиз йўқми? — деди бола. Суҳбатдоши йўқ дегандай бош қимирлатди. — Исмингиз нима амаки?
— Илгари Икром дейишарди, ҳозир дарвеш, тиланчи деб чақиришади, бир оз даллилигим сабаб девона деган лақаб орттирдим. У ўзига-ўзи захархандалик билан кулди. Лазизбек у билан хайрлашиб уйга равона бўлди.
Лазизбек ҳовлидаги кроват устида тикиш-бичиш билан машғул онасига дарвеш ҳақида анча гапирди. — Поччамга айтаман, Икром амакини ишга жойлаб қўяди. Ўғли ҳар сўзини ачиниш билан эътироф этаркан, Наргизанинг-да қалби титранди. — Яхши, — деди у қўлидаги игнани ёстиқнинг устига қадаркан. — Яхши, дея қайта таъкидлади. Бола онасининг «ҳай-ҳайлашига» беъэтибор шошиб дарвозага йўналди. Кўчанинг бошига чиқди. Соат тўрт яримлар. Азизбек сутдек оппоқ ласеттида боланинг олдида тўхтади. Йигитча бор гапни «почча»сига айтди. Дарвешни иш билан таъминлашини қаттиқ илтимос қилди. Инчинун, девонани танимаган шифокор ўнғайсиз вазиятда қолди. Йўқ деб жиянини ранжитгиси келмади. Сўнг худди онаси каби: — Яхши, — деди у ҳам. — Фақат олдин мени у билан таништирасан! Лазизбек болаларча қувноқликдан дўпписини осмонга улоқтиришга тайёр эди. Ўспириннинг шодлигидан доктор ўзгача лаззат туйди. Хаёлида: Фақир кишига кўмак берсам савоб бўлар, — деб ўйлади.
Якшанба куни тушликка яқин Лазиз дарвешни Азизбекникига етаклади. Хонадон соҳиби қаршисида дарвеш ҳижолат чекарди. Азизбек унга бошдан — оёқ разм солди. Сўнг хушмуомалалик билан деди: Сиз ҳаққингизда ҳаммасини билишим керак. Кимсиз, қаерликсиз, нега бу ҳолга тушдингиз, хуллас барчасини. Мен кимга кўмак бераётганимни билишим зарур. Тортинманг, бошидан гапиринг. Девона дастлабки ўн дақиқани чурқ этмасдан ўтказди. Ваҳолангки, у гапни нимадан бошлашни билолмай ҳалак. Охир суяксиз забон вазифасига киришди. Хотинининг ташлаб кетганидан бошлаб, бу ғамга чидолмай ота-онаси ҳам қайнота-қайнонаси ҳам вафот этганлигидан тортиб бугунги кунигача оқизмай-томизмай ҳикоя қилди. Азизбек сассиз тинглади. Унинг сукути девонага ҳам Лазизга ҳам асрлардек туюлди. Доктор кўп мушоҳада этиб уни ҳовлисига боғбонликка олди. — Кейинроқ балки шифохонадан ҳам бирор тузукроқ иш чиқиб қолар, — деди у дарвешнинг айтганларидан ҳалиям ўзига келолмай. Девона хонадон соҳиблари кўрсатган хонага жойлашди. Соч-соқоли олинди. Янги кийим бош беришди. Энди уни девона эмас Икром деб ўз исми билан чақиришади. Азизбекнинг унга шундай мурожаат этгани, уни яна инсонлар қаторига олиб кирди. Энди ундан хазар қилишмайди, энди ҳамма унга одамдек муносабатда бўлади.
Лазизбек деярли ҳар куни холасининг уйига қатнар, Икром амакисининг ёнидан жилмасди. Унга бошқача меҳр қўйди. Худди отасидек яхши кўрди, дўстидек ишонди, ардоқлади. Дарвеш ҳам Лазизбекни жон дилидан яхши кўрарди. Баъзида ўспириннинг қўлига пул бериб, боланинг рад этишига қарамасдан «Бу менинг тиланчилигимда йиққанларим, ўқишингга ишлатасан», — дея ҳазиллашарди. Алҳол дарвеш дўстим деб юрган одами ўз отаси эканлигини бола бечора қаердан билсин. Бироқ Икромжоннинг ҳаммасидан хабари бор эди. Одамлардан хотинининг қаердалигини эшитиб уларни излаб келди. Топди. Аммо юзма-юз келишга орланди. Дарвеш қиёфасига кириб фарзандлари келадиган бозорга жойлашди. Кўнгли фақат Наргизадан узр сўрашни истади. Афв дарди билан азобланди. Муддао — елкасидаги оғир юкдан, виждон азобидан халос бўлиш эди.
Тўй бўлиш арафасида. Наргиза қизига сеп тайёрлаш билан овора. Азизбек тўй ташвишлари билан банд. Ўғил уйлаб қиз чиқариш осонми. Ҳали у ҳали бу кам. Яхши кунга ҳозирлик кўрилмоқда. Ҳамманинг қувончи чексиз.
Ҳар доимгидай шифокорникига отланган Лазиз онасига бугун Икром амакисини уйга олиб келишини айтиб чиқиб кетди. Тўйдан олдин уйимизни бир кўриб кетсин, — ўйлади ўзича. Орадан икки соатлар ўтиб дарвоза очилди. Меҳмонга пешвоз чиқишга ошиққан Наргиза остонада чақин ургандай қотди. Икром-да хотинини кўриши билан нигоҳлари ер чизди. Ўспирин ҳовли томон одимларкан: Бобо меҳмон келди, дарвеш акам келди, — деб суюнарди. Беш дақиқа давом этган жимликни Икромнинг овози парчалаб юборди.
— Қалайсан Наргиза?
— Яхши, раҳмат!
— Мен, ҳалиги... Биласанми, болаларни соғиндим.
— Ўн уч йилдан кейин-а!
— Сизларни жуда узоқ қидирдим. Тополмайман деб чўчигандим, лекин Худога шукур дийдорларингни насиб қилган экан.
— Энди нима фойдаси бор. У сувлар оқиб кетди.
— Сендан кечирим сўраб келдим Наргиз, аслида бунга лойиқ эмасман, барибир, мени виждон азобидан қутқар. Мени кечир Наргиза, кечир! Аёл миқ этмади. Кўзларидан ёш сизди, ўтган турмуши, кўрган озорлари, барча-барчаси хаёлида чарх урди.
— Мен кетаман Наргиз, бир оғиз кечирдим десанг бас. Мени худо урди. Давлат кетидан қувиб шу аҳволга тушдим. Ота-онам, сеникилар ҳам қазо қилди. Акаларим уйдан ҳайдади. Шу-шу кўчама-кўча тентираб ризқ териб юраман. Унинг ҳам қорачиқлари ёшланди. Завжа-ю эрнинг нигоҳлари тўқнашди, бир-бирига термулди. Жисман яқин турган вужудларнинг қалблари орасидаги масофа минглаб километрларни ташкил этарди. Бутун ҳаёти мобайнида тортган изтироблари Наргизани вужудини титратиб юборди. Йиғидан қизараёзган нигоҳларини қатият билан эрига қадади: Кетинг, иложи бўлса бошқа келманг, фарзандларим сизни кўриб эзилишини истамайман.
— Демак кечирдинг-а Наргиза. Хўп, кетаман, мени кечирдинг а, мендан розисан-а! Ғалати оҳангда гапираётган Икром хотиним гуноҳимдан ўтди деб суюна бошлади.
— Кечиримни мендан эмас, тангридан сўранг, мени эмас Худони рози қилинг, — захархандалик билан жавоб қайтарди аёл. Эри кетишга чоғланиб орқасига қайрилган эди Лазизбекнинг йиғи аралаш овози эшитилди.
— Ойи!
Наргиза ўгирилиб қаради. Ортида ўғли ва Рўзмат бобо турарди. Орадаги суҳбатни эшитган, онасининг гапига кўра отам ўлган деб юрган болакайнинг ҳайратдан пиқ-пиқ этган нидоси ҳорғин ҳолда эшитилди.
— Ойи... дадам..., — Лазизнинг базўр айтган сўзлари садоси зўрға чиқди.
— Ҳа, болам, даданг! Қисмат деганлари ажойиб экан. Ўзи бахт бериб ўзи қайтиб оларкан. Тақдир деганлари жуда ўйинқароқ бўлади деб эшитгандим. Ҳақиқатан у биз билан ўйин ўйнади. Катта ўйин.
Хотинининг сўзларини эшитган Икром гапга қўшилди:
— Мени кечиринглар! Неки бўлган бўлса бари Тақдирнинг ҳазиллари сабаб эди. Мазур тутасизлар!
У шундай деди-ю дарвозадан кўча томон одимлади.
Лазизбек жавдираб, гоҳ онасига гоҳ дарвозадан чиқиб бораётган дадасига қараб қолди. Унинг мижжасида бир томчи ёш қотиб қолган, чопиб бориб дадасини қайтариб келгудек шашти бор, аммо бундай қилса, онасининг дили оғришидан қўрқиб, ўзини зўрға тутиб турарди.
Ўғлига қараб турган Наргизанинг юрак бағри ўртаниб кетди. У ўзини ўйламай қўйганига, фақат шу болаларни деб яшаётганига, уларнинг қувончини қувонч, андуҳини андуҳ деб қабул қилганига кўп бўлганди. У ўғлига бироз тикилиб турди-да, томоғига тиқилган йиғини базўр ютаркан, «борақол», дегандек бош ирғади.
Лазизбекнинг кўзларида ўт чақнади. Бундай ўтни фақат отасини топган болаларнинг кўзидагина учратиш мумкин эди. Болакай дадасининг ортидан кўчага отилди.
— Дада, шошманг, дада...
Она-боланинг сўзсиз келишувини кузатиб турган Рўзмат бобонинг киприклари намланди. Чўнтагидан дастрўмолча чиқарди, авайлабгина қорачиқларига олиб борди. Қалтироқ қўллари билан кўз ёшларини артаркан деди:
— Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Ўзи қовуштирган, ўзи ажр этган, ўзи бирлаштиргувчидир. Ўзингга шукур Парвардигор.

Шавкат ОДИЛЖОН.
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 12:33 | Сообщение # 17
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
СУДХЎР
(Ҳикоя)


Ҳайрат домла ўқимишли одам. Мана, ёши элликка чиқса ҳам, биров билан пачакилашганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Жуда шинаванда. Ҳамма билан тезда тил топишиб, қадрдонлашиб кетади. Шаҳарда яшайдиган курсдошлари ҳалигача у кишини тез-тез йўқлаб туради.
Домланинг уч нафар қизи бор. Иккитасини узатиб тинчиган, кенжа қизини ҳам сўровчилар кўп. Насиб қилса бу йил тўй қилиш керак. Шу боис домланинг пойтавасига қурт тушган. Ўртанча қизини узатганига икки йилдан ошди. Ўтган вақт мобайнида домла унча-мунча маблағ жамғариб, кенжасига сеп қилиб қўйди. Барибир қиз чиқариш осон эмас. Ҳали қанча ташвиш бор. Боз устига кенжаси пича инжиқ. “Тўйимга импортний гарнитур олиб берасиз, бўлмаса эрга тегмайман”, деб туриб олди. Онаси қизини йўлга солишга уриниб кўрди, лекин Ҳайрат аканинг унга меҳри бўлакча. «Майли, кенжамиз, олиб берамиз-да», — деди у киши.
Синглиси янгасига қўшилиб роса жавради: “Ўзингиз ўқитувчи бўлсангиз. Гарнитурни қайси пулингизга оласиз? У савилнинг импортнийси фалон сўм бўлса...». Домла уларнинг гапига эътироз билдиришга оғиз жуфтлаганди, дарвозадан катта қизи билан куёви кўринди. Домла ўрнидан қўзғалиб, уларга пешвоз чиқди. Неварасини бағрига босиб, соқолли юзини болакайнинг юзига ишқаркан, унинг “Бува шоколингиз ботяпти”, деб эркаланиши, айниқса, Ҳайрат акага завқ берди.
Аёли паловни сузиб келди. Тушлик қилиб бўлишганда, куёви гап бошлади:
— Дада, сиз бойсиз, — деди у кулимсираб.
Қўққисдан янграган гап, домлага ғалати туюлди. Куёвининг ҳушомадли гапи тагидаги асл мақсадни билгиси келди. “Пул сўраб келдимикан?” — деб тусмоллади. — “Йўғ-е, бундай эмасдир-ов”, деган ўй ҳам ўтди кўнглидан.
— Ҳақсиз ўғлим, сиздек куёви, ширин-шакар неваралари бўлган одам албатта бой бўлади-да, — жавоб қилди домла жилмайиб.
Гурунг қизигандан қизиди. Шомдан кейин меҳмонлар кузатилди.
Чиндан кўнгли сезган иш бўлди. Куёви пул сўраб келибди. Сўраганда ҳам оз эмас, кўп эмас, ботмондек — беш минг доллaр-а! Домланинг боши қотди. Берай деса, унча пули йўқ. Бермай деса, ўзи шу қудалари унчалик рўйхуш одамлармас. Ҳайрат ака аёлига маслаҳат солди:
— Нима қиламиз, хотин? Куёв қизимизнинг тарафини оламан деб, отаси билан жанжаллашиб қолибди. Энди қарашмасак бўлмайди. Ошналаримдан қарз кўтараман, шекилли. Уйдаги молларни сотсак, унча-мунча бўлади. Қолгани қарз-да. Шу қарз баҳона кенжангни анави матоҳлариниям олиб қўярмидик. Кейин секин-секин узаверамиз.
Хотини нимадир демоқчи эди, лекин эри гапга кирмас, ўз билганидан қолмаслигини билгани учун миқ этмади. Домла шаҳарга бориб, ошналаридан қарз сўрашни дилига тугиб қўйди.
Эртасига эрталаб шаҳарга отланган домла, тўппа-тўғри курсдоши Хайрибекникига борди. Қуюқ сўрашувдан кейин мақсадини айтиб, тайинли жавоб ололмади. У ердан чиқиб яна бир-икки ошна-оғайниларини ҳам йўқлади. Ҳеч натижа чиқмади. Энди “Уйга қайтаман”, дея бекат томонга одимлаганди, хаёлига ошнаси Турдибек тушди. “Кел, бориб кўрай, чиқмаган жондан умид, ахир, у ҳамиша менга ёрдам бериб келган. Танишлари кўп. Ўзида бўлмаса, бировдан топиб берар”, деди-ю, қош қорайганига қарамай ошнасиникига одимлади.
Турдибек билан оилавий борди-келдилари бор. Лекин негадир кейинги пайтларда камнамо бўлиб кетди. Балки, ишлари кўпдир. У ҳам жўжабирдай жон. Домла ўйлари билан манзилга етиб қўйганини билмай қолди. У баланд уй қаршисида тўхтаб, дарвозани оҳиста чертди. Йигирма ёшлардаги йигит дарвозани очиб, домлага кўзи тушиши билан қуюқ сўрашди. Дўсти билан чамаси ярим соатча у ёқ бу ёқдан гаплашиб, ниҳоят ниятини ошкор қилди.
— Менда бунча пул йўғ-у, лекин бир укам бор. Яқинда ўзим ўшандан уч минг кўкида қарз олдим. Борсак йўқ демас. Қолганини ўзинг келишасан, — деди ошнаси.
Ҳайрат домла севиниб кетди. Икковлон йўлга тушди. Улар аллақандай жин кўчалардан ўтиб, ўртамиёна уй олдида тўхташди.
— Мана шу уй, — деди ошнаси ва кичкинагина тахтали эшикни тақиллатди.
Ичкаридан хотин кишининг, “Ким у?”, деган овози эшитилди. Бироздан сўнг дарвоза очилиб, бўсағада ички кийимга ўхшаш либосдаги жувон кўринди.
— Жаноб Рашид уйдами? — сўради Турдибек юзида кулги ясашга тиришиб.
Аёл илтифот билан уларни ичкарига таклиф қилди. Рашид жаноблари оддий кўринса-да, ичкариси ғоят латиф уйнинг меҳмонхонасида, афтидан ўзига хуш ёқувчи тебранма креслосида ўтирарди.
— Яхши, — деди пулдор жаноб ўзига мўлтираб турган жуфт кўзларга тикилиб. — Жуда яхши, — таъкидлади у. — Сизни танимайман. Турдибек ака бошлаб келибди. Демак, сизга ишонади. Мен эса у кишига. Пул бераман. Лекин, арзимас муаммо бор. Турдибек аканинг ўзи катта қарз олган, — унинг гапи Турдибекка писанда қилгандек туюлди. Бироқ Рашид бунга эътибор қилмай гапида давом этди. — Шунинг учун сиз эртага, уйингизни «домавой»ини олиб келинг. Пулни кейин олиб кетаверасиз.
— Э, ахир, уйнинг хужжати... — безовталанди домла.
— Йўқ, сиз қўрқманг. Хужжатларингиз менда туриб туради. Пул топганингизда қайтариб олиб кетаверасиз. Нима қиламан қоғозни.
У беўхшов тиржайиб, “тўғрими”, дегандек Турдибекка маъноли қаради.
— Турдибек аканиям хужжатларини олмоқчи эдик. Бироқ уй отасининг номида экан. Сизники ўзингизни номингиздадир? — сўради Рашид домладан.
Сўнг жавобни кутмасдан:
— Ака, бу фақат ўртада ишонч бўлиши учун, расмиятчиликда, — деб қўшиб қўйди.
Жаноб Рашиднинг гапини ошнаси Турдибек ҳам тасдиқлагандан сўнг домла озгина енгил тин олиб, эртага келишини айтиб чиқиб кетди.
Ҳайрат ака бу гапларни хотинига айтиб ўтирмади. Минг қилса ҳам, аёл киши, “Уй ўзимизники, жон ўзимизники”, дейди-да.
Эртаси куни тушликда домла қийналиб бўлса ҳам пулдор жанобнинг уйини топиб, қўлига хужжатларни тутқазди. Жаноб Рашид унга оппоқ қоғозни бериб, имзо қўйишини сўради.
— Оппоқ қоғозга-я, — таажжубланди Ҳайрат ака.
— Менга ишонмаяпсизми? Одамни хафа қиляпсиз. Мен сизни танимасам ҳам Турдибек акани ҳурматига яхшилик қиламан, десам-у сиз бўлса... — домланинг саволидан ранжигандек бўлди Рашид.
Ҳайрат ака қўл қўйгач, жаноб Рашид унга пулни берди.
— Бу ерда сўраганингиз, саккиз минг доллар. Энди ака, шартларимизни айтай, — деди у салмоқ билан дона-дона сўзлаб. — Пул керак бўлишидан ўн кун олдин огоҳлантираман. Ўн кун ичида пулни топиб қўясиз. Ҳа, унутибман уйингизда оилавий тушган суратингиз борми?
— Ҳа, — деди домла ўткир кўзлари билан ўзига тикилиб турган жанобга. — Бор!
— Яхши, энди ҳар хил вазият бўлади.
— Суратни нима алоқаси бор? — сўради домла ажабланиб.
— Эътибор берманг, шунчаки... Қолганини кейин ўйлашиб кўраверамиз, — деди Рашид истеҳзоли жилмайиб.
Ҳайрат ака Рашиднинг ҳаракат-у, айтганларини унинг ишбилармонлигига йўйди. Лекин барибир бироз чўчиди.
Домланинг кўнглига ғулғула тушганига қарамасдан, ҳарқалай куёвига туман марказидан уй олишга кўмаклашиб юборди. Ўзи эса кенжа қизининг гарнитурини харид қилди. Совчиларнинг қадами узилмайди. Ниҳоят қишлоқ оқсоқолиникидан келган совчилар оилага мақул тушди. Оқсоқолнинг ўғли билан учрашган қизга ҳам йигит маъқул бўлди. Ёшлар ўзаро тил топишди чоғи, тўйга розилик беришди. Фотиҳага йўл очилди. Қудалар келишиб, катта тўйни ёзда қиладиган бўлишди.
Орадан икки ойдан ошиқроқ вақт ўтди.
Ҳаммага ўзини жаноб Рашид деб таништирган киши Ҳайрат домланинг уйи қаердалигини суриштирганда, ҳамқишлоқлари бу киши домла билан бирга ўқиганлардан бўлса керак, деб ўйлади. Қишлоқ аҳли одми эмасми, ташқаридан келганларнинг юриши, ўзини тутиши, гап-сўзи-ю, афт-ангори ҳақида сўз очиб, гапни-гапга улаб, гурунгни қизитишади. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Рашиднинг шаҳарлик эканини пайқаб, биттаси кўринишидан ўзбек экан деса, иккинчиси туркларга ўхшаркан, дерди.
Жаноб Рашид қишлоқ одамлари кўрсатган уйнинг олдига келиб, дарвозани тақиллатди. Ҳовлидаги сўри устида ором олаётган Ҳайрат ака дарвозани очаркан, бўсағада турган кишини кўриб:
— Жаноб, — деди ҳеч кутмаган одами келганидан ҳайрат оҳангида.
Меҳмон ҳовлига кирди. Жанобнинг авзойи яхши эмасди.
— Икки ойдан ошсаям қорангизни кўрсатмайсиз. Қарз олганингиз ёдингиздами, — ўдағайлай бошлади Рашид.
Кутилмаган муомaладан домла донг қотди.
— Домла, қирқ минг доллaр қарзсиз, — гапида давом этди Рашид. — Пул менга ҳозироқ керак. Жуда зарур.
Домланинг эси оғаёзди: “Қирқ минг доллaр?!” Шунча қарзи борми? Бунча пулни қачон олди?! Умрида бунча пулни кўрмаган одам...
— Саккиз минг денг ука, — деди домла ҳовлиқиб.
— Ия, қанақа саккиз минг?! Қирқ минг деяпман, қирқ минг!
— Ахир, сиздан саккиз минг олгандим-ку...
— Тўғри, бир ойда қайтариш шарти билан саккиз минг олувдингиз. Бир ойингиз ўттиз кун бўлади. Агар шу муддатда қайтармасам ҳар ойги устамаси икки баравар зиёдига кўпайишига розиман, деб тилхат ёзиб берувдингиз. Мана, имзонгиз. Шу имзо сизникими?.. — жаноб Рашид худди пўписа қилгандек гапириб, унга тилхатни кўрсатди.
Домла ўқиди. Ростдан шундай ёзилган. Ҳайрат ака ҳаммасига тушунди. Бу жирканч судхўр ўша куни оппоқ қоғозга имзо қўйдириб... Вой туллак, аблаҳ...
— Вақтим зиқ ака, эртадан кейин келаман, тайёрлаб қўйинг, — дея дағдаға қилиб, ўрнидан қўзғалди жаноб.
Ҳайрат ака карахт бўлиб қолди. Энди нима қилади. Кимга маслаҳат солади. Кимдан кўмак сўрайди. Ўйлай-ўйлай Турдибекникига йўл олди. Одатдагидек, эшикка ўғли чиқди. Дадаси бир ҳафтадан бери уйга келмаётганини айтди, аллақаерда сафарда эмиш. “Шу пайтда сафарда пишириб қўйибдими?”, ғўдранди домла ўзига-ўзи.
Икки кун ўтиб, жаноб Рашид яна келди. Бу сафар унинг овози таҳдидли эди.
— Сиздан оилавий сувратингиз борми, деб сўрагандим, эсингиздами? — сўради у домладан. — Қани?.
Домла уни катта хона томон бошлади. Рашид деворда осиғлиқ расмга узоқ тикилди. Ҳайрат ака, аёли, уч нафар қизи.
— Бу кенжангизми? — деди жаноб мийиғида жилмайиб.
— Ҳа, яқинда уни ҳам узатамиз, — жавоб қайтарди домла.
— Эҳтимол, — деди судхўр.
— Тушунмадим, — деди домла оёқларини титроқ босганини сездирмаслик учун домла.
Жаноб ойна томонга ишора қилди:
— Ҳовлига қаранг!
Дарвозадан кираверишда уч нафар барваста йигит турарди. Домла ҳеч нимани тушунмади. Жаноб Рашид гапида давом этди:
— Бу сизга берилаётган иккинчи имконият. Эртага уйингиз менинг номимга ўтади. Бу қарзингизни саккиз минг, майли ўн мингиниёқ ёпа қолсин. Уч кундан кейин қолганини тахт қилмасангиз... — у ўзига мутелар қаршисида туриб, минг маротаба такрорлайвериб ёд бўлиб кетган жумлаларни шунчаки, ҳиссиз эътироф этаркан, кастюми чўнтагидан ручка олиб, оилавий сувратдаги кенжа қизининг бошини айлана қилиб чизди. Сўнг устидан икс чизиқ тортиб, домлага совуқ кўзларини қадаб деди: — Тушунгандирсиз?! Халқимизда қичимаган жойингни қашлама, деган гап бор. Мендан хафа бўлманг, сиз қарз сўрадингиз, мен ҳожатингизни чиқардим. Беролмас экансиз...
У жимиб қолгандан кейин, домла ҳеч кимга эшиттирмай ғўлдиради:
— Ҳожат эмас, ҳаммасини бурнимдан чиқаряпсан!
Ҳайрат домла адойи тамом бўлди. Бунча пул кимдан чиқади. Ака-укалари кунда ўзи домладан пул сўрашса. Дўстлари бор-у, йўқдек. Биттасининг топиб берган таниши мана. Бўлаётган воқеаларни хотинига айтай, деса, юраги бетламайди. Сиқила-сиқила бир кунда чўпдек бўлиб қолди. Эртаси куни кечгача кутди, жаноб Рашид келмади. Домла юрак ҳовучлаб, яна бир куни тинч ўтганига шукр қилиб, тўшагига кираркан, дарвоза тақиллади. Чиқиб қаради. Бегона йигит.
— Жаноб Рашид бугун келолмади, эртага ўзингиз пулни тайёрлаб, олиб бораркансиз, бўлмаса, оқибати ёмон бўлади, деди хўжайин. Анави суврат турибдими, йўқми, деб сўради, нима дейин? — деди у итхўмрайиш билан.
Домла бош ирғади. Йигитча ҳаммасини тушуниб, тезда кўздан ғойиб бўлди.
Домланинг ҳаловати баттар бузилди. Эртаси куни пул топишнинг иложи бўлмади. Нима қиларини билмай, уйдан кўчага чиқмаётган домлани кенжа қизининг бўлажак бобо қайнотаси йўқлаб келди. У домланинг дардини эшитиб, мулоҳазали қилиб деди:
— Қуда, икки ўғлимни болалари чет элда ишлаяпти. Унча-мунча йиғиб қўйганлари бор. Бу, куёвингизни акаси ҳам четда. Ёрдам қиламиз, сиқилманг. Сатқаисар ўша пуллар, — деди Аҳмад бобо оппоқ соқолларини силиб.
Домланинг бўғзига нимадир тиқилди. Қани энди гўдакдек ҳўнграб йиғласа. Қани энди ер ёрилса-ю, ерга кирса. Бироқ осмон баланд, ер қаттиқ.
Домла қудасига миннатдорчилик билдирди. Жаноб Рашиднинг “Агар милицияга айтсангиз, сувратдаги кишиларнинг биттага камайишини тезлаштирган бўласиз”, деган гаплари у кишининг қулоғи тагида жаранглаб турарди.
Ўша куни кечқурун Аҳмад бобонинг ўзи пулларни келтириб берди. Эртасига бўлажак куёвнинг отаси билан бирга жаноб Рашидникига йўл олишди.
Унинг уйидан доимгидек, тунги кўйлак кийиб юрадиган жувон чиқди. У фаромуш кўринарди. Жувон меҳмонларни ичкарига бошлаб, олдиларига чой олиб келди. Аёл аввалига Рашидни сафарда, деб қаршисидаги одамларни чалғитмоқчи бўлди. Домла пул ҳақида гапиргандан кейин, “ҳозир”, дея ичкарига кириб кетди. Домла “Ҳозир Рашидни уйғотиб чиқади”, деган ўйда, ҳозир бўладиган ҳангомага тайёрлана бошлади. Бироздан кейин ичкаридан чиққан жувон, домланинг қўлига уйнинг хужжатлари билан тилхатни тутқазди. Сўнг домла билан қудасига Рашиднинг судхўр ва таъмагир эканини айтиб берди. Ўзи ҳам эрининг қилмишларидан чарчаганини гапириб, пича дийдиё қилиб, кўнглини бўшатиб олди. Гап орасида Рашиднинг милицияга тушгани, боз устига қотиллик устида, бир болани жувонмарг қилаётганда ҳибсга олинганини айтди. Айтишича, болакайнинг отаси ундан қарз олган экан. Бу муттаҳам бўлса, отаси олган пул учун ёшгина бир гўдакни жонига қасд қилишига бир баҳя қолибди. Яхшиям ички ишлар ходимлари вақтида бориб, унинг ҳаётини сақлаб қолишибди. Қочиб кетаётган Рашид, огоҳлантиришларга қарамай, милиционерларга қарата ўқ узибди. Кейин отишма бошланибди. Натижада, судхўр чап кўксидан яраланиб, шифохонада вафот этибди.
Бу воқеа уч кун олдин, яъни у домланикидан қайтаётганда юз берган. Жувон йиғи-сиғи қилиб бўлиб, аввалига пулни олишдан бош тортди. Лекин Ҳайрат ака саккиз минг доллaрни аёлга қайтиб берди. Улар ҳолидан чиққанда Ҳайрат домланинг кўнгли ёришиб, «Аллоҳ қўллагани шу-да», дея шивирларди ўзича. Бироқ домла судхўрнинг ўлганига уч кун бўлган бўлса, нега унинг хонадонида аза очилмаганига ҳайрон бўлди. Буни сўрашга эса кеч бўлганди. Чунки, улар аллақачон жувон билан хайрлашиб, ўз манзиллари томон илдамлаб борардилар.
“Бир ёвуз судхўр дунёдан кетса, олам ҳеч нарса йўқотмайди”, деб ўйлади у киши. Шундай ўйлашга уни ички ҳисси мажбур қилди. Аламзадаликда ўйлаган бу ўйи кетидан неча кунлар, ич-ичидан тавба қилди.
Баҳор келди.
Кенжа қизининг тўйига ҳафтача қолганда, домла Турдибек ошнасини тўйга айтгани борди. Ҳар галгидек, дарвозани чертаркан, ошнасининг ўғли эшик очишини кутиб турди. Лекин бундай бўлмади. Дарвозани ўртанча ўғил очди. Домла ичкарига кирди. Ҳовлида мотамсаро жимлик ҳукмрон эди. Ошнаси уйда ғамга ботиб ўтирар, кўзлари ташқарида-ю, хаёли аллақаерларнидир кезарди.
Салом-алик, ҳол аҳвол сўрашилди. Домла: “Менга қанақа судхўрни йўлатдинг”, — дея ошнасини койимоқчи бўлди. Гапни нимадан бошлашни билмай, нигоҳларини девор томонга қаратди-ю, беихтиёр катта оилавий портретга кузи тушиб, қорачиқлари каттариб кетди: Портретда оғайнисининг чапдан ўнгга қараб турган кенжа ўғлининг бош қисми доира қилиб чизиб, қирқиб олинганди... Домла суратдаги доирани кўриб нима бўлганини дарров фаҳмлади ва ошнасининг қайғуси юрак бағрини ўртаб юборди. Турдибек эса оиласидагиларга суратни алмаштиришга рухсат бермас, кенжа ўғлининг қирқиб олингани “Менга бир умр хатойимни эслатиб туради”, дерди у.
Домла эса миқ этмасди. У киши узоқ вақт жим ўтирди ва ниҳоят гапирди:
— Лаънати судхўр, — дея шивирлади домла қўллари мушт бўлиб тугилиб.

Шавкат ОДИЛЖОН
 
GiyosДата: Пятница, 16.05.2014, 12:33 | Сообщение # 18
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
НИҚОБЛИ ҚИЗ

Тошойна олдида сочларини тараётган Наргиза ўз аксига термилиб қолди. Оқ-сариқдан келган қизнинг эгнидаги пушти кўйлаги ўзига ярашган, қадди-қомати келишган эди. Кўзлардаги шўх кулги унинг шаддод ва ўйинқароқ эканини ошкор этарди. Гарчи дугоналари орасида шаддодликда унинг олдига тушадигани бўлмаса-да, Наргиза, ўрни келганда, сипо, ақлли ва сермулоҳаза қизга айланарди.
Юқори синфга ўтгандан бери қанча йигитлар хат ёзмади, дил изҳор қилишмади дейсиз? Лекин қиз буларнинг ҳеч бирига парво қилмади. Тенгқурлари уни «Ниқобли қиз» деб аташарди. Бунинг боиси қизнинг ҳаё либосига буркангани эди.
Мактабни тамомлаган бўлишларига қарамай, улар ҳалиям дугоналар билан йиғилиб туришарди. Учрашув кунлар иссиқ бўлса, қишлоқ боғида, совуқ турса, қизлардан бирортасининг уйида кечарди.
Кунларнинг бирида қизлар яна йиғилишди. Наргиза сал кечикиброқ борди. Дугоналари билан саломлашаркан, қақажон қизлардан бири Наргизага юзланиб, қўшнисиникига меҳмон келганини, у келишган йигит эканини эътироф этди. Қиз ўртоғининг гапларига тушунмади. Чунки қўшнисиникига келган меҳмондан унинг хабари йўқ эди. Қизлардан бири Наргиза ўзини гўлликка солаяпти, деб ўйлаб, унга пичинг қилди:
— Меҳмон йигит ниқобли экан.
Шундан сўнг қизлар бири олиб, бири қўйиб, Наргизанинг қўшнисиникига келган йигит ҳақида гапира кетишди. Дугоналари билан хайрлашгач, Наргиза йўл бўйи уларнинг гапларини ўйлаб келди. Ён қўшнисиникига келган меҳмон юзига қора матодан ниқоб тортиб юрармиш. Фақат кўзлари очиқ экан. Буниси ҳолва, агар сигарет ёки писта учун дўкончага боришини ҳисобга олмасанг, умуман кўчага чиқмасмиш. «Тавба, бунинг менга нима қизиғи бор?» деб ўйлади Наргиза уйига кираркан.
Йигит ҳақида ўйламасликка қанчалик тиришмасин, аммо уни кўриш истаги қизга тинчлик бермай қўйди. У ҳар куни эрталаб ва кечки пайт кўчаларга уйларининг ёнидан ўтган ариқчадан сув олиб сепарди. Оқшом тушай деб қолганига қарамай, у ҳануз атрофга сув сепар ва онда-сонда қўшнининг эшигига қараб қўярди. Қўшни хонадон соҳиби дарвозасидан чиққанини кўриб, унга салом берди. Азбаройи қизиққанидан ниқобли йигит ҳақида сўрамоқчи бўлди-ю, уялиб фикридан қайтди. Шу пайт келишган бир йигит қўшнисининг олдига чиқиб, нималарнидир сўраб, тағин ичкари кириб кетди. Наргиза ҳарчанд унинг юзини кўришга уринмасин, ғира-шира қоронғида кўролмади. Қўшнисининг оиласида бундай бўй-бастли одам йўқлигини ҳисобга олиб, аниқ ташхис қўйди: бу ўша — дугоналарини икки соат жаврашга мажбур қилган ниқобли йигит.
* * *
Дугоналари билан қишлоқ четидаги эски чорбоғда кўришишга келишган Наргиза ойисини огоҳлантириб, йўлга тушди. У кўчага чиқиб, боғ йўлига бурилган маҳали ариқ бўйида эгилиб, қўлларини юваётган нотаниш кимсани кўрди. У юзини қора мато билан ёпиб олган, кўзлари ва пешонаси очиқ эди. Қизнинг оёқларидан мадор кетди. Юраги гупиллаб уриб, аъзойи бадани музлади.
— Яхшимисиз? — деди ҳалиги йигит.
Наргизанинг кўзлари унинг кўзлари билан тўқнаш келди.
— Ниқобли йигит, — шивирлади қизнинг лаблари. Гарчи ўзи истамаса ҳам, дудоқларидан майин оҳангда, аммо эшитиларли даражада яна бир сўз учди: — Яхшимисиз?
Йигитнинг кўзида ним кулги ифодаси аксланди.
Қиз эса манзил сари илдамлади.
Қизлар уни бесабрлик билан кутишаётган экан.
— Намунча, оёғингга хина қўйганмидинг? — пичинг қилди Нилуфар исмли дугонаси.
Бирпасда дугоналарнинг гапига гап уланди. Ҳангома борган сари қизирди. Янги модадаги либослар-у йигитлар ҳам назардан четда қолмади. Кейин... гап ниқобли меҳмонга тақалди.
— У анчадан бери қишлоғимизда юрибди, — деди қизлардан бири.
— Яхши йигитга ўхшайди, — деб пичирлади ниқобли қиз нигоҳларини ердан узмай ва айни лаҳзаларда ҳалигина йигит билан кўришганини ўйлаб, гапида давом этди: — Хушмуомала экан.
Қизлар ўзаро кўз уриштириб, мийиғида кулишди.
— Войбўй, ширинсўз экан, де, — деди Нилуфар қизларга қараб. — Сенга ёқиб қолдими дейман?
— Бу нима деганинг? — асабийлашди ниқобли қиз.
— Мени бир нарса жудаям қизиқтираяпти. Неча ёшда экан-а? — деб сўради Нилуфар дугоналаридан.
— Мени бўлса, юзига нега мато тортиб олгани қизиқтираяпти, — деди Наргиза.
Қизлар баҳсга киришиб кетишди. Бири “Юзини шунчаки яшириб юраркан”, деса, бошқаси “Жароҳати бордир-да”, дерди.
Наргиза кун бўйи яна ўша йигит ҳақида ўйлади. Қош қорая бошлаганда, қўлида челак билан кўчага чиқди. Қўшни болакай унинг қўлига икки энлик хат тутқазиб, қизнинг ҳай-ҳайлашига қарамасдан, уйига кириб кетди. Унинг бу ишини ўзича тусмоллаган ниқобли қиз ариқ бўйига ўтириб, қоғозни очди-ю, ҳеч нарса ёзилмаган, оппоқ эканлигидан ҳайрон бўлди.
— Устимдан кулаяптими? — тўнғиллади Наргиза киприкларини пирпиратиб.
Эртаси куни ҳам шомдан кейин шу ҳолат такрорланди. Қизнинг ариқ лабида қош чимириб турганини панадан кузатаётган ниқобли йигит олдинига жилмайиб, сўнг жиддий тортди. “Менинг кўнглим шу қоғоздек оппоқ”, хаёлидан ўтказди у. “Наргиза! Сени севаман! Ишон, заррача бўлсин ғайирлигим йўқ. Сенга қалбимни тутқазяпман. Токи ўзинг буни тушунмас экансан, ҳар куни оппоқ қоғоз юборавераман», дерди дилидагини тилига чиқаролмаётган йигит шўрлик.
Ошиқнинг кўнглидан ушбу ўйлар кечаётган бир маҳалда учинчи бор қўлига қоғоз келиб тушган Наргиза жаҳл билан болакайнинг ортидан эргашди. Хаёлида “Ҳозир мендан кўради”, деган қатъият бор эди. Қўшнининг бўсағасига етганда, “Ҳорманг!” деган овоздан чўчиб тушди.
— Янгам уйдами? — ғазабини яширолмай сўради қиз.
— Аслида, менда гапингиз бор-ку, янгани нима қиласиз? — жавоб қайтарди йигит.
— Яхши! Ҳа, сизда гапим бор! — деди қиз тутилиб. — Буларни сиз юборяпсизми? Нима, мени майна қиляпсизми?
— Очиб ўқинг! Кейин гаплашамиз, — вазминлик билан, аммо эътирозга ўрин қолдирмай сўзлади ниқобли Раҳимжон.
— Барибир, оппоқ қоғоз...
Қиз қўлидаги хатни очди, ундаги жумлаларга кўзи тушиб, кўнглидаги гапни тугатолмай, тилини тишлади. Нима дейишини билмай, ортига тисарилди. Икки одим юриб, Раҳимжонга ер остидан қараб, аста пичирлади:
— Кечирасиз!
Уйига киргунча негадир юрагини ҳаяжон қамради. Пиёладаги совуқ чойдан ҳўплаб, қақраб кетган лабларини намлади. Мактубни очиб ўқиди: “Наргиза, лозим топсангиз, сиз билан холироқ жойда суҳбатлашмоқчи эдим. Ҳурмат билан Раҳимжон”.
“Мен билан учрашармиш, — деб ўйлади қиз лабини буриб. — Тушини сувга айтсин”. Аммо кўнглида уйғонган ғалати ҳиссиётлар унга сира тинчлик бермас, ичида бир овоз: «Борсанг, гаплашсанг, нима қилибди?» дегандек бўларди. Наргиза узоқ ўйлади, ўзи билан ўзи олишди: «Бораман... Йўғ-э, бормайман... Борсаммикан?..»
Ниҳоят, қўлига ручка ва қоғоз олиб, ёза бошлади: «Эртага шомда қишлоқ четидаги боғда...»
* * *
Шом... Икки ниқобли учрашишди. Суҳбат узоқ давом этди. Илк учрашувнинг ўзиёқ кўп нарсаларни ойдинлаштирди. Шу оқшом икки инсоннинг қалбини жунбишга келтирган бир туйғу уйғонди. Улар бу туйғуни “муҳаббат” деб аташди.
Раҳимжон Наргизага юзини кўрсатди. Қиз сесканиб кетди, ваҳмдан тош қотди. Йигитнинг юзида кучли куйиш натижасида чандиқ ва доғлар пайдо бўлганди. Йигитнинг айтишича, яхшилаб даволанса, тўрт-беш йил ичида юзи аслига қайтаркан.
Йигитнинг ўзини тутиши, гап-сўзлари Наргизага ёқиб қолганди. Юзидаги чандиқлар эса уни умуман қизиқтирмасди. Қизнинг қалбига муҳаббат ҳукмронлик қиларди. Наргиза анчагина ўзгарди. У Раҳимжон билан учрашувга ошиқадиган, йигит билан дийдорлашмаса, ўзини қўйишга жой тополмайдиган бўлиб қолди. Бу учрашувлар чоғида йигит-қиз туйғуларга бутунлай эрк беришди...
— Раҳимжон ака, тўйни тезлатайлик, йўқса, шарманда бўламиз. Бола билан тўй қилишга тўғри келади, — деди бир куни Наргиза ўзини қучиб турган бақувват қўлларни силаб.
— Албатта, жоним, озгина сабр қил, — қизнинг сочларини силаб, эркалаш оҳангида жавоб берди йигит.
Йигит билан қизнинг муносабатлари яшин тезлигида бутун қишлоққа шов-шув бўлди. Чунки Наргиза анча ўзгарган, ундаги ўзгаришни ота-онаси ҳам, дугоналари ҳам аллақачон пайқашганди. Қиз ўзини жуда бахтиёр ҳис этарди. Қувонишга арзирли сабабларидан бири вужудида кун сайин улғайиб келаётган митти одамчани Раҳимжондан бўлак ҳали ҳеч кимнинг билмаслигида эди.
«Яхшиям, уйдагилар ҳомиладорлигимдан бехабар, — деб ўйларди қиз. — Йўқса, ўлдиришади. Тириклайин кўмишади». Унинг юрагида алланечук ваҳима туриб, «Барибир, бир куни ҳаммаси ошкор бўлади, барибир, тириклай кўмишади», деган ўй вужудида титроқ уйғотарди. Дугоналари уни писмиқлиқда айблаб, ҳоли-жонига қўйишмасди. Қиз нима қилишини билмас, гоҳида сиқилганидан ўзини қўйишга жой тополмай қоларди. Фақат ниқобли йигитнинг ёнида бўлган вақтидагина ўзини хотиржам ҳис этар, йигит уни юпатиб, тасалли берарди. Йигитнинг унга ошуфта эканлиги қизни барча азоблардан халос қиларди. У Раҳимжон билан бахтли эди гўё.
Одатий кунларнинг бирида дийдорлашув жойига, боққа борган Наргизага пода боқиб юрган нотаниш болакай хат тутқазди. Қиз илк марта бўлгандаги эҳтирос билан мактубни очди. Овоз чиқариб ўқиди: «Сени севаман, Наргиза. Аммо уйланиш учун пулим йўқ. Ҳозирча сени ташлаб кетаяпман, мени кечир... Лекин кут, тез орада қайтаман. Албатта, қайтаман. Сени соғиниб, Раҳимжон».
Наргизанинг бошидан бир челак муздай сув қуйилгандек бўлди. Боши айланиб, ўтириб қолди. Унинг кўзларидаги шўх кулги бир зумда аллақандай мунгга айланди. Қизнинг орияти синган эди. Унинг ориятини топтаб кетишганди... Қиз боғдаги дарахтларнинг бирига ўзини осмоқчи ҳам бўлди. Бироқ вужудидаги иккинчи инсоннинг ҳаётини поймол қилишга ҳақи йўқлигини ҳис этиб, фикридан қайтди. Ҳар қанча дашном-у балоларга чидаб, Раҳимжонни кутишга аҳд қилди. Ўша куни тунда уйига бориб юм-юм йиғлади, ҳасратини болишларга тўкди.
Орадан ойлар ўтди.
Ўтган фурсат ичида одамлар бир пайтлар ҳаё пардасига бурканиб, «ниқобли» деган номни олган қизнинг ҳомиладор эканлигини пайқашганди.
Энди Наргизани «Ниқобли қиз», дейиш қишлоқдошлари учун ғалати эшитиларди.

Шавкат ОДИЛЖОН
 
Giyos/FORUM » ASOSIY » HIKOYA VA MONOLOGLAR » Shavkat ODILJON hikoyalari (Yangi hikoyalari)
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:
Flag Counter