Пятница, 19.10.2018, 16:55
Hush kelibsiz Mehmon | RSS

Ayb kimda? (hikoya). Abdulla Qahhor. - Giyos/FORUM

[ Yangi izohlar · Qatnashchilar · Forum qoidasi · Izlash · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Giyos/FORUM » ERKIN MAVZU » MUTOLAA (Mashxur va qiziqarlilari) » Ayb kimda? (hikoya). Abdulla Qahhor. (Hikoya)
Ayb kimda? (hikoya). Abdulla Qahhor.
GiyosДата: Среда, 09.10.2013, 10:50 | Сообщение # 1
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2491
Репутация: 45
Статус: Offline
Абдулла Қаҳҳор. Айб кимда? (ҳикоя)


Ҳамроев кечки овқатдан кейин бирпас чўзилмоқчи бўлган эди, тўғри келмади: нариги уй тўполон — болалар бир-би-рини ёстиқбилан уриб ўйнаётибди; соат саккиз яримда мажлисга бориш ҳам керак. Кеча Ҳамдам ота-оналар мажлиси бўлиши тўғрисида мактабидан қоғоз олиб келган.
Ҳамроев ҳеч қачон мажлисга борган эмас, аммо фурсати бўлганда бир тайёрланиб бормоқчи ва бола тарбиялашни бил-маган ёки бу ишга совуқ қараган ўқитувчиларни уялтирмоқчи эди. Бу ният унинг хотини Собирахонга жуда маъқул бўлди.
— Гапиринг, изза қилинг! Болалар мактабда ўқиб қайта бевош бўлиб кетяпти. Сиз уйда йўқ вақтларда Ҳамдамингизнинг дастидан менга кун йўқ. Илгарилар уриб енгар эдим, энди урай десам, қочиб томга чиқиб кетади, томда туриб менга тилини кўрсатади.
Ҳамроев қўйин дафтарига нималарнидир ёзди.
— Хўш, тағин нималар қилади?
— Тагин... урсам «барибир оғримайди» деб хир-хир кулади... Ҳа, айтганча, бир йилдан бери бирон марта «ая» дега-нини эшитганим йўқ, ҳамиша «Турондот» дейди.
Ҳамроев кулиб юборди. Бу лақабни Собирахонга ўтган йили байрамда бировникига меҳмон бўлиб боришганида ўзи қўйган ва шу билан ҳаммани кулдирган эди.
— «Турондот» дейдими-а? Лекин буни мажлисда гапириб бўлмайди, чунки... лекин бир томондан гапирилса ҳам бўлади, бола деган катталарнинг гапини гапирмаслиги керак.
— Албатта! Мактабда шунақа нарсаларни ўргатмаса нимани ўргатади? Қуруқ илм билан бола бола бўлар эканми?
Ҳамроев Собирахоннинг шикоятларини, газеталарда ўқиган, одамлардан эшитган тарбияга доир гапларни ёзиб қўйин дафтарини тўлдирди, кейин буларнинг ҳаммасидан хулоса чиқарди:
— Мен бирон қоғозга ўқимасдан қўл қўйсам, сен бирон кўйлакнинг ёқасини қийшиқ қадаб қўйсанг, ишга совуққонлик билан қараганимиз учун жавобгар бўламиз, нима учун бола тарбиясига совуққонлик билан қараган ўқитувчига қонун йўқ, қани, чақир бу ёққа Ҳамдамни!
Нариги уйдан, увадаси чиқиб кетган ёстиқни кўтариб, Ҳамдам чиқди.
— Ўтир, бу ёққа! Хўш, сен нима учун кўча болаларига ўхшаб ахлоқсизлик қиласан!
Ҳамдам ёстиқни курсига қўйиб устига ўтирди ва онасига қаради.
— Нима қилдим?
— Мен сўраётибман, менга қара! Нима қилганингаи билмайсанми? Нима учун ойинг урганда... хайр, бу ҳам майли. Нима учун ойингни «ая» демай... йўқ, нима учун томда туриб, аянгга... умуман, томларда юрар эмишсан, ер кўтармайдими? Мактабда сенга шуни таълим берадими? Қани дафтарларинг?
Ҳамдам аясига қаради.
— Қачон мен томда юрибман?
— Йўқ, томни қўй, менга дафтарларингни кўрсат! Бу йил ўқиш бошлангандан бери нечта «аъло» баҳо олдинг?
— Битта ҳам... ёмон баҳо олганим йўқ. Мана...
Ҳамроев дафтарларини варақлай бошлади.
— Хўп, ҳозир кўрамиз... «яхши»... «ўрта»... «ўрта»... Қани «аъло»? Русчадан нима учун «яхши»?
— Аъло ўқисам ҳам ўқитувчимиз «яхши» қўяди, «аъло»дан «яхши» яхши дейди.
— Ҳа-ҳа! Ҳали сиз ёлғон гапиришни ҳам биласизми?! Қани, берироқ кел, кўзимга қара! «Яхши» яхши дейдими?
Ҳамдам ёлғон гапиришнинг бундай оқибатини умрида биринчи кўриши эди, йиғлаб юборди.
— Менга қара дейман! Ким ўргатди сенга ёлғон гапиришни? Қайси домланг?
Собирахон аралашди:
— Қўйинг энди, минбаъд ёлғон гапирмайди. Вой, тавба, русчадан нега «яхши», балодай гапиради шекилли-ку!
Ҳамроев Ҳамдамнинг қулоғидан чўзиб, ўзига қаратди.
— Тағин ёлғон гапирасанми? Бундан кейин ёлғон гапирадиган бўлсанг, билиб қўй, мен ойингга ўхшаб оғримайдиган қилиб урмайман-а!.. Шу ёлғон гапингдан кейин русчадан «яхши» олганингга ҳам ишонмайман. Қани, хўш, масалан, чойнакнинг қопқоғини русча нима дейди? Самоварнинг жўмрагини нима дейди?
Ҳамдам икковини ҳам билмади ва йиғлаганича нарига уйга кириб кетди. Ҳамроев қўйин дафтарини олиб нималарнидир ўчирди, яна нималарнидир ёзди.
— Йўқ,— деди дафтарини чўнтагига солиб,— бу ишга жиддий қараш керак. Шундай бўлгандан кейин мажлисга жиддий тайёргарлик кўриб борилмаса бўлмайди. Тарбияга доир китоб кўп.
— Соат саккиз бўлди,- деди Собирахон.
Ҳамроев ўйланиб қолди: борса, албатта гапириши керак, гапирмайдиган бўлса боришнинг кераги йўқ. Сўзга чиққанда гапни нимадан бошлайди, нима тўғрида гапиради ва қандай хулоса чиқаради.
—Йўқ, бу хилда боришдан фойда йўқ, Турондот,— деди,— бу сафарча сиз боринг. Мен янаги сафар жиддий тайёрлик кўриб бораман.
— Қўйсангиз-чи! Умримда бормаган жойимга қанақа қилиб бораман. Менинг боришимдан нима фойда?
— Фойда бўлмаса зиён ҳам йўқ-ку!
Эр-хотин фойда-зиён тўғрисида тортишиб соатни саккиз ярим қилишди. Ҳамдам чиқди.
— Нима қилиб ўтирибсизлар? Директор жуда тайинлаган эди, хатни топширмагандирсан деб эртага мени уришади.
— Ойинг бормайди, боришидан фойда ҳам йўқ, мен янаги сафар бораман.
— Мудир сўраса шунақа дейманми?
— Нега? Кап-катта бўлиб шунга ҳам важ тополмайсан-ми? Дадам ишдан кеч келди, ойим бетоб ётибди дегин!
Ҳамдам дадасига қараганича узоқтуриб қолди. У, эртага худди шундай дейди.

1940
 
Giyos/FORUM » ERKIN MAVZU » MUTOLAA (Mashxur va qiziqarlilari) » Ayb kimda? (hikoya). Abdulla Qahhor. (Hikoya)
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:
Flag Counter