Четверг, 28.03.2024, 17:54
Hush kelibsiz Mehmon | RSS

San'atkor (hikoya). Abdulla Qahhor - Giyos/FORUM

[ Yangi izohlar · Qatnashchilar · Forum qoidasi · Izlash · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Giyos/FORUM » ERKIN MAVZU » MUTOLAA (Mashxur va qiziqarlilari) » San'atkor (hikoya). Abdulla Qahhor (Hikoya)
San'atkor (hikoya). Abdulla Qahhor
GiyosДата: Среда, 09.10.2013, 10:40 | Сообщение # 1
Полковник
Группа: Administrator
Сообщений: 2492
Репутация: 45
Статус: Offline
Абдулла Қаҳҳор. Санъаткор (ҳикоя)


Концерт одатдагича «навбатдаги номерамизда... Келганларингга раҳмат, ўртоқлар» билан тамом бўлди. Номи чиққан ашулачи — санъаткордан бошқа ҳамма хурсанд бўлиб тарқалди. Санъаткор тажанг эди: танаффус вақгида залга чиққан эди, бир тракторчи уни саводсизликда айблади. Тракторчи танқид қилганига санъаткор асти чидай олмас эди: трактор қаёқдаю, масалан, «чорзарб» қаёқда, тракторчи қаёқдаю, ашулачи қаёқда!
Санъаткор уйига кетгани извошга ўтирганида яна тутақиб кетди: «Ҳеч бўлмаса айтадиган ашуланши ўрган, сўзларини тўғри айт» эмиш! Нимасини билмайман, нимаси тўғри эмас? Мени шу вақтгача мухбирлар, ёзувчилар ҳам танқид қилган эмас; формализм, натурализмлардан ўтдим — ҳеч ким отвод бергани йўқ. Отвод бериш қаёқда, ҳеч ким мени оғзига ҳам олмади. Энди бир тракторчи танқид қилар эмиш!..»
Санъаткор, извошчини ҳайрон қолдириб, ўзидан-ўзи ғўлдираб борар эди. Уйда хизматчи овқат қилиб қўйган экан, санъаткорнинг томоғидан ҳеч нарса ўтмади — икки пиёла чой ичди, холос. Унга туриб-туриб нашъа қилар эди: «Ашулани мехайлистик айтар эмишман! Товушим ёмон бўлса нега пластинкага олди? Танқид деганига энди бу кишининг ҳам танқид қилғулари келипти... Амали тракторчи... Оббо!..»
— Ўқишга бордингизми?— деди хизматчига, қовоғини солиб.
— Бордим...— Хизматчи икки ҳафтадан бери савод мактабида ўқир эди.
— Хизматчиси савод мактабида ўқиётган бир кишини тракторчи саводсиз, деса алам қилмайдими? - деди санъаткор ўзича бўғилиб, — «лабингдан бўлса олсам, э, шакарлаб», деганим у кишига ёқмапти, «бўлса» эмас, «бўса» эмиш! Ўзи билмайдию, менга ўргатганига куяман! Сенга ўхшаган саводсизлар «бўса, бўмаса» дейди. Артист културний одам— гапни адабий қилиб айтади — «бўлса, бўлмаса» дейди. Пожарни «гугуртни ерга ташламанг» деди, режиссёримиз эса «гугуртнинг ерга ташаманг» деди. Қандай чиройлик! Пожарними, пожарнингми? Шошма, нимаучун пожарни? Пожарни, албатта! Режиссёримиз жуда културний одам. Одам деган мана шундай бўлса, уришса ҳам хафа бўлмайди киши — икки гапнинг бирида «таъбир жойиз кўрилса» деб туради. Бу тракторчи менга шунча дашном бериб, кўнгил учун бир марта «таъбир жойиз кўрилса» демади.
Хизматчи дафтар-қалам келтириб, санъаткорнинг олдига қўйди.
— «Ж»нинг каттаси қандай ёзилар эди? Домламиз бир куни кўрсатган эди, эсимда қолмапти. Санъаткорнинг жаҳли чиқди:
— Энди «Ж»га келдингизми? Баржом деганда ёзилади.
Кечаги баржом оғзи очиқ қолипти, гази чиққандан кейин бир пулга қиммат. Сиз ҳам дунёга келиб културний бўлсангиз-чи!.. Бурнингиз терлади, артинг, таъбир жойиз кўрилса!
Санъаткор ўрнидан туриб ётоққа кириб кетди.
— Ётасизми?— деди хизматчи нариги уйдан.
— Нима эди?
— «Ж»нинг каттасини кўрсатиб бермадингиз, эртага домла сўрайдиган эдилар. Қанақа ёзилади?
— Кичигини ёзиб қаттиқроқ ўқинг!
Санъаткор ечиниб кўрпага кирди. Хизматчи чироқни ўчириб чикди. Санъаткор кўзини юмди, кўзига ғира-шира қоронғи залдаги сон-саноқсиз каллалар кўринди. Булар ичида энг каттаси тракторчининг калласи, у илжаяр эди.
— Афтинг қурсин!- деди санъаткор ва нариги ёнбошига ағдарилди.
Хаял ўтмай уйқуга кетиб, хуррак отди. Унинг хурраги ҳам нечукдир адабийроқ эди: «Плуқ-қум-прр... плуқ-қум-прр...»

1936
 
Giyos/FORUM » ERKIN MAVZU » MUTOLAA (Mashxur va qiziqarlilari) » San'atkor (hikoya). Abdulla Qahhor (Hikoya)
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск:
Flag Counter